ФИФА дунё терма жамоаларининг навбатдаги рейтинг жадвалини эълон қилди.
Уммонга қарши ўтказилган 2та ўртоқлик учрашувида мағлубиятга учраган Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 поғона пастга тушди ва 59-ўринга жойлашди. Аввалги ой рейтингига нисбатан 39 очко йўқотган терма жамоамиз ҳисобидаги очколар сони 539 баллни ташкил қилмоқда.
Жанубий Корея терма жамоаси ҳам янги рейтингда очко йўқотганига ва умумий рейтингда 2 поғона пасайганига қарамай, Осиёнинг 3-жамоасига айланди. Ўзбекистон эса қитъада 4-поғонага тушди.
Эрон терма жамоаси 74 очко йўқотган бўлса-да, Осиёнинг энг яхши жамоаси бўлиб турибди. Форслар 641 очко билан 43-ўринни эгаллашган. Улардан 3та ўрин пастда эса Япония миллий терма жамоаси бормоқда. Японлар битта ўрин юқорига кўтарилишди.
Тошкентдан 2та ғалаба билан қайтган Уммон жадвалда 3та ўрин юқорига кўтарилди. Осиё кубогидаги гуруҳдошларимиздан Саудия бирданига 15та ўрин пастга тушиб кетди ва 90-ўринни банд этди. Хитой ва КХДР термалари ҳам мос равишда 7 ва 9 ўриндан пастлашди (103 ва 146-ўринлар). Дарвоқе, ОФК Чақирув кубогида ғолиб чиқиб, Осиё кубоги-2015 йўлланмасини қўлга киритган Фаластин терма жамоаси бирваракайига 71 поғона "сакради" ҳамда 94-ўринга чиқиб олди.
ЖЧ-2014 бошланиши олдидан Испания терма жамоаси катта фарқ билан жадвални бошқармоқда. Германия ҳам 2-ўринни банд этиб турибди. Бразилия эса Португалия билан ўрин алмашди ва 3-ўринга чиқиб турибди. Кучли бешликка эса Аргентина кўтарилиб олди.
Рейтингнинг тўлиқ кўриниши билан ФИФА сайтида танишиб олшингиз мумкин.