Бугун ЖЧнинг плей-офф баҳсларига старт берилади. Бразилия ва Чили ўртасидаги дастлабки нимчорак финал баҳсида Луис Фелипе Сколари жамоаси фаворит ҳисобланади. Сабаби тушунарли: улар ном жиҳатдан рақибларидан устун ва Мундиал айнан пентакампеонлар юртида бўлиб ўтмоқда. Бундан роппа-роса 4 йил аввал 2010 йилнинг 28 июнь куни бразилияликлар Чили билан плей-оффнинг ушбу босқичида тўқнаш келишган ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди.
Чили муддатидан аввал таслим бўладими? Асло! Испанияликлар Мундиалнинг қолган қисмини томошабин сифатида кузатишларига айнан Чили сабабчи. Хорхе Сампаоли томонидан амалдаги чемпионларга қарши қўлланилган тактика Бразилия билан ўйинда ҳам иш бериши мумкин. Марказий ҳимоячилар учлиги, ўткир қанотлар ва техник жиҳатдан кучли ва тезкор ҳужумчилар эвазига чилиликлар охиригача курашишади. Балки Меделсиз Чили ҳимоясида муаммолар юзага келиши мумкин, аммо Бразилия мудофаасида ҳам жиддий йўқотиш бор - бу Давид Луис.
Фикрлар
Хорхе Сампаоли, Чили терма жамоаси бош мураббийи: "Меделнинг характери эвазига бизда унинг ўйнашига умид бор. Гари бошқа футболчиларга нисбатан тезроқ соғаяди. Кеча унинг пайи чўзилди, кўрамиз, вазият қандай ривожланар экан. Артуро Видаль ўйнашга тайёр. У мавсум сўнгида "Ювентус" билан Европа лигасида ўйнади, ўшанда у 30%га тайёр эди. Ҳозир ҳам у оптимал ҳолатда эмас, аммо у ўйнаши керак".
Луис Фелипе Сколари, Бразилия терма жамоаси бош мураббийи: "Бу плей-офф ва хато қилишга ҳақимиз йўқ. Асабийлик ҳолати ошиб бормоқда. Қўрқув ҳиссидан қочиб қутулишнинг имкони йўқ. Ҳаттоки бу нарса Бразилияда ўйнаётганимиз билан боғлиқ эмас, бу шунчаки жаҳон чемпионати. Чилининг қанчалар жиддий жамоа эканини биламан. Балки кимдир бу жамоани осонлик билан мағлуб этишимизни кутаётгандир, аммо бу яхши тайёрланган ва жипслашган рақиб. Плей-оффда рақиб танлаш имкониятига эга бўлганимда, бошқа жамоани танлаган бўлардим".
Маурисио Пинилья, Чили ҳужумчиси: "Бизни қийин ўйин кутиб турибди. Биз барча фаворит деб ҳисоблаётган жамоа билан ўйнаймиз. Лекин бундай фожиа ясамаслик керак. Тўғрисини айтсам, биз Бразилиядан заррача қўрқмаймиз".
Фред, Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси: "Ҳозирги Чили анча кучли жамоа. У тезкор футбол ўйнайди. Бундан ташқари, уларнинг кўп футболчилари Европанинг кучли лигаларида ўйнашади. Уларнинг тажрибаси катта. Умуман олганда, Чили - ажойиб жамоа".
Рақамлар
— ЖЧ доирасида терма жамоалар тўртинчи маротаба тўқнаш келишмоқда. Аввалги 3та ўйинда "Селасио" ғалаба қозонган.
— Бразилия ва Чили ўзаро жами 68 маротаба баҳс олиб боришган. Пентакампеонлар бор-йўғи 7 марта мағлуб бўлишган, 48та ўйинда ғалаба қозониб, 13та ўйинда дуранг ўйнашган. Тўплар нисбати 159-58, Бразилия фойдасига.
— Сўнгги маротаба улар 2013 йилнинг 20 ноябрь куни Торонто шаҳрида ўртоқлик учрашуви доирасида баҳс олиб боришган. Бразилияликлар Халк ва Робиньонинг голлари эвазига 2:1 ҳисобида зафар қучишган. Чилининг ягона голига Эдуардо Варгас муаллифлик қилган.
— Чили терма жамоаси 14 йилдан бери Бразилияни мағлуб эта олмай келмоқда. Сўнгги марта улар ЖЧ-2002 саралаш босқичи доирасида бразилияликлардан 3 очко тортиб олишганди (3:0).
— Қизиқ ҳолат: Бразилия ЖЧлари финалида 6 марта ўйнаган бўлса, Чили ЖЧларининг плей-офф босқичида беш марта ўйнаган.
Ҳакамлар
Бугунги ўйинни Ховард Уэбб бошчилигидаги ҳакамлар (Англия) бошқариб боришади. Қанотларда Майк Мьюлларки ва Даррен Канн ишлашади. Захира ҳаками — германиялик Феликс Брих.
Тахминий таркиблар