Бразилияда ўтаётган Жаҳон чемпионатининг Голландия ва Коста-Рика терма жамоалари ўртасидаги чорак финал баҳсига тайинланган Равшан Эрматов ўзига хос рекорд соҳибига айланди.
Бу Эрматовнинг Мундиаллардаги 9-ўйини бўлади. Бунгача ҳали ҳеч бир ҳакамга ЖЧнинг финал босқичида 9та ўйинни бошқариш насиб қилмаган. Уч нафар ҳакам ҳисобида 8тадан ўйин бор. Франциялик Жоэль Кинью 3та ЖЧда (1986-1994) 8та ўйинда ишлаган бўлса, мексикалик Бенито Арчундия (2006-2010) ва уругвайлик Хорхе Ларионда (2006-2010) шундай натижа қайд этиши учун 2та Мундиал етарли бўлган. Ҳамюртимиз ўзининг иккинчи ЖЧда рекордни янгилашга муваффақ бўлди.
Шунингдек, Эрматов Арчундия ва Орасио Элисондо (Аргентина) билан биргаликда битта ЖЧда энг кўп ўйин бошқарган ҳакам ҳисобланади - 5та ўйин.
Бразилия-2014да эса икки нафар ҳакам ҳисобидаги ўйинлар сони 4тага етди. Булар Нестор Питана (Аргентина) ва Равшан Эрматов (Ўзбекистон).
Қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров барча 9та ўйинда Равшан Эрматовга ёрдам бериб келаётган бўлса, ЖАР-2010даги 5та ўйинда Рафаэль Ильясов ассистент вазифасини бажарганди. Ушбу ЖЧда эса биринчи ассистентликни Абдуҳамидулло Расулов бажариб келмоқда.