Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида 48 та терма жамоа билан майдонга тушган. Furkat.uz сайти термамизнинг энг ноқулай 7 та рақибини тузиб чиқди.
7. Эрон. 5 ўйин, 1 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият. Тўплар нисбати: 2-7
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Эрон термаси билан 5 марта рақиб бўлган. Илк беллашув 1998-йилги Осиё ўйинларига тўғри келган эди. Ўшанда ҳамюртларимиз чорак финалда форслардан 0:4 ҳисобидаги қақшатқич мағлубиятни қабул қилиб олишади. Иккинчи ўйин 2007-йилги Осиё кубогининг гуруҳ баҳсига тўғри келади. Ҳамюртларимиз бу сафар 1:2 ҳисобида таслим бўлишади. Навбатдаги икки ўйин Тошкентда бўлади. 2009-йилда ўртоқлик ўйинида илк марта Эрон билан дуранг ўйнаган бўлсак, 2012-йили ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида сўннги сонияларда форслар ғалабани илиб кетишган эди. Ушбу ўйин Абрамовнинг истефосига ҳам сабаб бўлганди. Ва ниҳоят энг охирги ўйинда ҳамюртларимиз Бақоевнинг ягона голи эвазига «Озоди»дан ғалаба билан қайтишади. Барибир Эрон термаси биз учун ҳалигача ноқулай рақиб ҳисобланади.
6. Уммон. 5 ўйин, 1 ғалаба, 4 мағлубият. Тўплар нисбати: 7-8
Уммон Осиёнинг ўртамиёна термаси бўлса ҳам, биз учун энг ноқулай рақиблардан биридир. Ушбу терма билан бўлган илк ўйинда ҳамюртларимиз йирик 5:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Бироқ ундан кейинги 4 беллашув ҳам рақибларимиз фойдасига ҳал бўлган. 2001-йилда мундиал саралаш ўйинида Маскатда 2:4 ҳисобида, 2008-йилда ўртоқлик ўйинида 0;2 ҳисобида имкониятни бой берган термамиз, ушбу йили 2 марта ўз уйида 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрайди. Уммоннинг энг қулай рақиби Ўзбекистон бўлса ажаб эмас.
5. Баҳрайн. 9 ўйин, 3 ғалаба, 4 дуранг, 2 мағлубият. Тўплар нсибати: 11-8
Баҳрайн биз учун ноқулай рақиб бўлса ҳам, ўзаро ўйинлардаги устунлик терма жамоамиз тарафида. Дастлабки ўйинда термамиз Мердека кубогининг ярим финалида 2:0 ҳисобида ғалаба қониб, финалга йўл олган эди. Кейинги ўйинлар эса ҳамюртларимиз учун омадсиз кечган. Осиё кубоги-2004 чорак финалида Баҳрайн пеналтилар сериясига кўра ютуққа эришиб, ярим финалга йўлланмани қўлга киритади. Биз учун энг аламли ўйинлар эса 2005-йилда рўй берди. Мундиал саралашининг плей-оффида Баҳрайн Тошкентда минимал ҳисобда таслим этилди. Япониялик ҳакам Йошиданинг кутилмаган қарорлари натижасида ўйин бекор қилинади. Натижада ўйин такроран ўтказилади. Афсуски икки ўйин натижасига кўра рақибларимиз кейинги босқичга чиқишади. 2010-йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсида Баҳрайн билан бир гуруҳга тушган термамиз ҳар иккала ўйинда ҳам минимал ҳисобда имкониятни бой беради. Терма жамоамиз 2010-йилда 2 та ўртоқлик ўйини ўтказиб, ғалаба ва дурангга эришади. Вакилларимиз ушбу термани ўртоқлик ўйинларида осонликча ютишган. Бироқ расмий ўйинларнинг бирортасида вазият биз учун ҳал бўлмаган.
4. БАА. 14 ўйин. 2 ғалаба, 4 дуранг, 8 мағлубият. Тўплар нисбати: 13-23
Терма жамоамиз билан энг кўп ўйин ўтказган терма жамоа бу БААдир. Ушбу юрт вакиллари билан жаҳон чемпионати ва Осиё кубоги саралаш башларида жуда ҳам кўп рўбаро бўлганмиз. Дастлабки икки ўйин ўртоқлик баҳслари бўлиб, ҳар иккаласида рақибимиз ғалаба қозонган. БАА устидан қўлга киритилган ҳар иккала ғалаба ҳам сафар ўйинларига тўғри келади. Термамиз ўз майдонида кечган 4 та ўйинда фақатгина 1 очко ишлаб олган холос.
3. Япония. 9 ўйин. 1 ғалаба, 3 дуранг, 5 мағлубият. Тўплар нисбати: 8-23
Кунчиқар юрт вакиллари термамизни энг йирик ҳисобда мағлуб этган жамоадир. Ҳамюртларимиз Японларга 3 марта йирик ҳисобда имкониятни бой берган. Термамиз 1996-йилги Осиё кубоги гуруҳ баҳсида 0:4, ЖЧ-1998 саралаш баҳсларида 3:6, Осиё кубоги-2000да эса 1:8 ҳисобида мағлубият аламини татиб кўришган. Ушу юрт вакиллари устидан 2012-йилда Нагояда раҳматли Шадриннинг ягона голи эвазига ҳозиргача ягона бўлиб турган ютуққа эришганмиз. Эътиборлиси ҳамюртларимиз Японияга сўнгги 2 ўйинда мағлуб бўлмаган.
2. Австралия. 3 ўйин. 3 мағлубият. Тўплар нисбати: 0-9
Австралия терма жамоаси билан Ўзбекистон термаси 3 марта рақиб бўлган. Ҳар уччала ўйинда ҳам кенгрулар юрти вакиллари ютуққа эришишган. Эътиборлиси ҳамюртларимиз ана шу ўйинларда бирор марта ҳам тўп киритишмаган. Дастлабки ўйин 2008-йилда ЖЧ саралаш баҳслари доирасидаги беллашувга тўғри келганди. Ўшанда Чипперфилднинг ягона голи Австралиянинг ғалабаси ва термамиз устози Инилиевнинг истеъфоси билан якунига етган эди. Сиднейдаги жавоб баҳсида ҳам юртдошларимиз мағлуб бўлишган. Охирги ўйин эса 2011-йилги Осиё кубогининг ярим финалида рўй берди. Термамиз беллашувда 0:6 ҳисобида имкониятни бой беради. Австралия биз учун ҳалигача забт этилмади. Умид қиламизки, бу узоқ вақтга чўзилмайди.
1. Жанубий Корея. 11 ўйин. 1 ғалаба, 2 дуранг, 8 мағлубият. Тўплар нисбати: 12-25
Термамиз Жанубий Корея термаси билан бўлган 11 ўйинда фақатгина 1 та ғалабага эришган. Эътирборлиси ягона ғалаба Осиё ўйинларининг ярим финалида қўлга киритилган эди. Корейслар билан ўз майдонимизда 2 бора дурангга эришган бўлсак, қолган 8 та баҳсда мағлубият аламини чекиб кўрганмиз. Энг аламли мағлубият ўтган йили мундиал саралаш баҳсида рўй беради. Ўша беллашувда термамиз Шораҳмедовнинг автоголи туфайли мағлуб бўлиб, жаҳон чемпионатига чиқишдан маҳрум бўлган эди.
Юсупов Фурқат