Ўтган мавсумда у қадар яхши ўйин кўрсата олмаган ва ҳатто якунда халқаро мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлган «Манчестер Юнайтед» бу сафар турнирга жиддий киришган кўринади. Чунки кўплаб мутахассислар таъкидлаётганидек, «МЮ» бу галги трансферлар учун рекорд даражада маблағ сарфлади ва қатор футболчиларни сотиб олди. Ана шундай футболчилардан бири Маркос Роходир. Бугунги саҳифамизда ана шу футболчидан олинган интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
— «Манчестер Юнайтед»га хуш келибсиз. Клуб билан шартнома имзолагандингиз, айни дамда нимани ҳис қиляпсиз?
— Ташаккур. Мен бахтлиман, чунки бу менинг карьерамда жуда катта қадам бўлди. Бу ажойиб ҳолат — мен дунёнинг энг катта клубларидан бирининг аъзосига айландим.
— Клуб тарихи, футболчилари ҳақида биласизми?
— Ҳа. Клуб ҳақида кўп нарса биламан, чунки доим Премьер-лига ўйинларини томоша қиламан. Қолаверса, доим «МЮ»га мухлислик қилганман, боиси, у Англиянинг энг таниқли клубларидан. Хуан Себастьян Верон «Юнайтед»да ўйнаган. У яхши таассурот қолдирадиган ўйинчи, мен ҳар доим унинг ўйинларини кўрардим, умуман олганда, «Юнайтед» доим севимли клубим бўлган.
— Трансферингиз ҳақида жуда кўп гапирилди. Охирги кунда нималарни ҳис қилдингиз?
— Сўнгги кун энг ҳаяжонлиси ва қийини бўлди. Англияга ўтишим баъзида сўроқ остида қолди, баъзида вазият ижобий томонга ўзгарди. Айрим вазиятлар трансфер амалга ошмай қоладими деб қўрққандим. Аммо якун мен учун ижобий бўлди, мен ҳозир «МЮ»даман.
— Луи ван Гал сизни ўз командасида кўрмоқчи эканлигини эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
— Буни таърифлашга сўз ожиз. Биз жаҳон чемпионатида унинг жамоасига қарши ўйнагандик. Мен ван Галнинг таклифини олганимда, унинг хоҳишини эшитганимда жуда хурсанд бўлдим, қувончим ичимга сиғмай кетди, ҳеч қачон бунчалик қувонмагандим.
— Футболчилик қобилиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
— Мен ҳар доим юқори темпда ўйнашга ҳаракат қиламан ва охиригача курашаман. Мен ҳар доим «Бу сўнгги ўйиним бўлиши мумкин» деган ўй билан майдонга тушаман. Албатта, бу менга ижобий таъсир қилади, сабаби, бор кучимни ишга солишга руҳан интиламан.
— «МЮ»га ўтганингизга асосий сабаб нима бўлди — бу шахсий қарорми ёки?..
— Асосий сабаб — фаолиятимни профессионал даражада давом эттириш. Мен бор кучимни бериб ҳаракат қиламан, ахир менга сарфланган маблағни оқлашим керак. Қолаверса, мен оддий клубда ўйнамаяпман, ҳар битта рақибни мағлуб этишимиз шарт.
Интернет материаллари асосида Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.