Бир неча дақиқа аввал Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилаётган Осиё ўйинларида бокс бўйича баҳсларга старт берилди.
Эътиборлиси, бокс бўйича ўтказиладиган мусобақаларнинг илк жангида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев хитойлик Жиа Вей Жанг қарши рингга кўтарилди. Ушбу жангда ҳамюртимизни бевосита спорт аренасидан туриб қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз делегациясининг аксарият аъзолари мусобақа бўладиган “Seonhak Gymnasium” спорт мажмуасига етиб келишди. Бундан ташқари зални тўлдириб ўтирган мухлислар орасида спортнинг ушбу турида Осиёда етакчилардан бири бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзосига мухлислик қилувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этди.
Учрашув кутилганидек ўта жанговор руҳда бошланди. Биринчи раунд айтиш мумкинки ҳамюртимизнинг устунлигида ўтди. Учинчи раундда ҳам Муроджоннинг зарбалари рақибиникига қараганда аниқроқ бўлди. Хатто биз билан ёнма-ён ўтирган хорижлик спортчилар ҳам боксчингиз ғалаба қозонди дея, биз қутлай бошлашди. Лекин бу терма жамоамиз аъзолари ва аксарият муҳлиcларнинг фикри эди. Афсуски, жангни бошқариб борган ҳакамларнинг бошқача фикрда бўлишди.
Яъни жангда хитойлик спортчининг қўли баланд келганлигини эълон қилишди. Нима ҳам деймиз, мусобақа ғолибини учрашувни бевосита кузатиб турган мухлислар ёки ОАВ ходимлари эмас, балки ҳакамлар аниқлайдилар.
Жангдан сўнг Олимпия шаҳарчасига қайтар эканмиз, Ўзбекистон терма жамоасининг бош мураббийси Марс Қўчқоров алам билан “бундай ҳакамлик боксни ўлдириши мумкин” дея ўз фикрларини ифода эта бошлади.
“Очиғи нима дейишга ҳам хайронман. Ҳакамлар ҳам одам, улар ҳам хато қилишлари мумкин. Бироқ, бу даражада эмас-да”.
Ҳа, биринчи жангдаёқ бундай ҳолатга тушиб қолишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Афсуски, учрашув якунлангандан сўнг ҳакамлар билан матбуот анжуманлари ўтказилмайди. Шундай бўлганда, ҳакамларнинг қарорига ойдинлик киритиш мумкин бўлармиди.
“Бизнинг ўз олдимизга қўйган мақсадимиз бор ва ана шу мақсад сари дадил одимлашда давом этаверамиз. Учрашувни қай тарзда бошқариб бориш эса ҳакамларнинг виждонига ҳавола. Биз эндиликда ўз устимизда янада кўпроқ ишлашимиз ва қитъада энг кучли терма жамоалардан бири эканлигимизни рингда исботлашимиз лозим. Асосийси, шогирдларим бунга қодирлар ва мен уларга ишонаман”, - дейди М.Қўчқоров.
Эслатиб ўтамиз, бугун кечки дастурда яна бир боскчимиз Элнур Абдураимов (-60 кг) рингга кўтарилади. Ҳамюртимизнинг биринчи рақиби филиппинлик Чарли Суарес бўлади.
Бугун, шунингдек, вазни 69 кг.гача бўлган боксчилар ўртасида ҳам дастлабки баҳслар ўтказилади. Ушбу вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қиладиган Исроил Мадримов 1/8 финал босқичдан иштирокини бошлайди. 27 cентябрь куни ўтказиладиган дастлабки жангда Исроил непаллик Дипеш Лама билан куч синашади.
Шавкат Жалилов
Инчеон шаҳридан тайёрланди