Кириш Регистрация
27/11 01:00 Байер 5-0 Зальцбург
27/11 01:00 Бавария 1-0 ПСЖ
27/11 01:00 Янг Бойз 1-6 Аталанта
27/11 01:00 Барселона 3-0 Брест
27/11 01:00 Интер 1-0 РБ Лейпциг
27/11 01:00 Манчестер Сити 3-3 Фейеноорд
27/11 01:00 Спортинг 1-5 Арсенал
27/11 15:00 Квангжу 1-0 Шангхай Шенхуа
27/11 15:00 Йокогама Маринос 2-0 Поханг Стилерс
27/11 17:00 Теп Хань Нам Динь 3-0 Ли Ман
27/11 17:00 Тампинес Роверс 1-0 Бангкок Юнайтед
27/11 19:00 Олтин аср 0-2 Ал-Қува ал-Жавия
27/11 19:00 Насаф 1-2 Кувайт СК
27/11 21:00 Трактор 3-3 Ал-Вакра
27/11 21:00 Ал-Ҳуссайн 2-3 Шабаб ал-Аҳли
27/11 22:45 Црвена Звезда 5-1 Штутгарт
27/11 22:45 Штурм 1-0 Жирона
27/11 23:00 Ат-Таъвун - Холидия
28/11 01:00 Монако 2-3 Бенфика
28/11 01:00 Астон Вилла 0-0 Ювентус
28/11 01:00 Болонья 1-2 Лилль
28/11 01:00 Селтик 0-0 Брюгге
28/11 01:00 Динамо Загреб 0-3 Боруссия Д
28/11 01:00 Ливерпуль 2-0 Реал Мадрид
28/11 01:00 ПСВ 3-2 Шахтёр

Леннокс Льюис: Ўзбекистондан иқтидорли чемпион чиқаришга ёрдам беришим мумкин

Баҳо:
+ | -

Sports.Uz портали буюк спортчи, машҳур англиялик профессионал боксчи Леннокс Льюис билан бўлган интервьюни ниҳоят мухлислар эътиборига ҳавола этмоқда. Мазкур интервью узоқ музокаралар ва айрим техник муаммолар туфайли кутилган вақтдан кечроқ тақдим этилмоқда. Муҳими, муаммолар ортда қолди.

Профессионал бокс тарихида чуқур из қолдирган боксчи илк бор ўзбекистонлик мухлислар учун интервью берди. Жаноб Льюис бир қадам бўлса-да, ўзбек бокс шинавандаларига яқинлашди... Қолганини катта чемпиондан эшитинг!

– Жаноб Льюис, ўзбекистонлик бокс мухлислари ва порталимиз ўқувчилари учун вақт ажратиб, интервьюга рози бўлганингиз учун катта раҳмат. Мазкур интервью интернет орқали амалга оширилаётган бўлса-да, ўзимизни сиз билан яқиндан туриб суҳбат қураётган инсондек ҳис қилишга ҳаракат қиламиз. Кўпчиликни қизиқтираётган савол, бу машҳур профессионал боксчи ўз фаолиятини тугатгач, нима билан машғул эканини билишдир. Шундай экан, чемпион Леннокс Льюис қандай юмушлар билан банд, режалари қандай, шу ҳақида бафуржа тўхталсангиз?
– Сўз аввалида Сиз билан режалаштирган суҳбатимиз Твиттер орқали келишганимиздек ўз вақтида чиқмагани учун ранжимаслигингизни сўраган бўлардим. Агентимнинг вақти ва менинг иш режаларим бирдан ўзгариб, айрим хорижий сафарларни уюштиришга тўғри келди. Шу сабаб, интервью учун хотиржам имкон топа олмадим. Ўзбекистонда мухлисларим бор деб ҳеч ҳам ўйламагандим, эшитиб жуда ҳурсанд бўлдим. Мени ҳамон эслаб қўллаб-қувватлаганингиз учун катта раҳмат. Саволингизга тўхталсак... Биласизми, бу савол ўзимни ҳам узоқ йиллар қийнаган. Эртага нима қиламан, қаерга бораман, қандай қилиб бокссиз вақт ўтказаман?.. Катта рингдан кетганимга бу йил роппа-роса 10 йил бўлди. 2004 йил фаолиятимни якунлашга қарор қилгандим. Айни дамда ўзимни бутунлай оиламга бағишлаганман, бизнес соҳасида бир неча лойиҳаларим бор (қозон қайнаб туриши учун), бундан ташқари филантропистман, яъни спортдаги ёш талантларни қўллаб, уларни тўғри ривожланишлари учун баҳоли қудрат ёрдам бериб тураман.
– Яқинда ижтимоий тармоқларда Сиз томондан берилган эълонга кўзимиз тушди. Бутун дунёдан ёш бокс иқтидорларини излаётган экансиз. Бу сиз айтиб ўтган филантропик машғулотми, қандай лойиҳа ўзи? Ўзбекистонлик иқтидорли боксчилар иштирок этса бўладими?
– Тўғри топдингиз, бу янги лойиҳа ёш бокс иқтидорларини излаб, дунёга танитишга қаратилган. Унинг номи “Чемпионни излаб” (In Search of Champions), дея аталади. Ҳозирги кунга қадар, шахсан ўзим 10 дан зиёд ёш боксчиларни кўздан кечирдим, орасида катта умид бағишлайдиганлари талайгина. Ўзбекистонлик бокс иқтидорлари ҳам ушбу лойиҳа иштирокчилари бўлиши мумкин. Сайтингиз орқали буни тарғиб қилсангиз ўйлайманки, фойдадан ҳоли бўлмайди. Исталган бокс устаси мана бу http://insearchofchampions.com/ интернет саҳифасига кириб, шартлар билан танишиб рўйхатдан ўтади, сўнг кичик форматда машғулотидан ва “спарринг”идан олинган видео лавҳаларни юклаб, бизга жўнатиши лозим. Ўзбекистонлик ёш иқтидор бизнинг талабларимизга тўғри келса, унинг чемпионга айланиши учун шахсан ўзим ёрдам беришим мумкин.
Lewis_Klichko_2.jpg
– “Супер Оғир Вазн” (Super Heavy Weight). Сиз узоқ йил рингда айнан шу вазн категориясида кураш олиб боргансиз. Сизнинг давр ва ҳозирги вақтни солиштирсак, бу вазн тоифасида қандай ўзгаришлар вужудга келди, фикрингиз қандай?
– Биласизми, ҳозирги кунда “Супер Оғир Вазн” категориясининг энг катта муаммоси бу мутлақ, енгилмас чемпионнинг йўқлигидир. Менинг давримда “Ринг Қироли” деган тушунча мавжуд эди, шулардан бири мен эдим. Мақтаниш эмас, бироқ шундай бўлиши учун биз қаттиқ меҳнат қилардик, юксакликка интилардик. Бироқ мендан сўнг бу вазнда ака-ука Кличколар давр суришди ва “катта ўйинлар” туфайли мутлақ чемпион бўлиш ваъжи ҳеч кимда қолмади. Виталий боксдан кетиб, сиёсатга берилди, укасининг салоҳияти илгаригидек эмас. Айтиш мумкинки, айнан ҳозир мутлақ чемпион чиқиши учун жуда яхши имконият яратилган. Ринг ўз “Қиролига” эга бўлиши шарт ва шу фурсат етди.
– Боксдаги муаммолар ҳақида биринчи бўлиб сўз очганингиз яхши бўлди... Ҳозирги кунда профессионал боксда Сизни безовта қилаётган муаммолар нималардан иборат, холисона баҳо беринг?
– Ҳар бир инсоннинг ва нарсанинг ўз вақти ва замони бор. Менинг рингдаги замоним ўтди. Шундай экан, четдан туриб профессионал бокс муаммолари ҳақида ваъзхонлик қилишим ноўрин бўларди. Ўйлайманки, яқин орада “ҳақиқий чемпионлар” чиқиб, барча муаммолар ва ножўя “кирдикорларга” чек қўйишади. Бокс ҳақиқий, ҳақпарвар инсонлар спорти ва шундай бўлиб қолади ҳам.
– Сиз учун мураккаб бўлган рақиб ким эканини айта оласизми? Унга қандай таъриф берган бўлардингиз?
– Айнан бир рақиб исмини айта олмайман... Ҳар бир жанг мен учун мураккаб кечган. Ҳар бир боксчи менга қарши рингга чиққанида ғалаба қозониши учун жуда яхши имкониятга эга бўлган. Бироқ, жанг сўнггида мен уларга нисбатан бироз яхшироқ бўлиб чиқардим (табассум билан гапиради)...
– Кўпчилик ўзбекистонлик бокс шинавандаларини қизиқтираётган савол: “Ким Владимир Кличкони мағлуб эта олади?”. Сиз ундан ҳам кучлироқ чарм қўлқоп устаси исмини айта оласизми ёки Сиз ҳам Кличко ҳозирда тенги йўқ боксчи, деган фикрдамисиз?
– Влад, шубҳасиз кучли боксчи. У чемпион ва бир неча камарлар соҳиби. Бироқ бокс оламида шундай спортчилар етишиб чиқмоқдаки, уларни таърифлаб ўтиш лозим деб биламан. Масалан, WBC йўналишида янги чемпион Бермэйн Стиверн (Bermane Stiverne), Дионтай Вайлдер (Deontay Wilder), Дерек Чисора (Derek Chisora), Тайсон Фьюри (Tyson Fury) ва бошқалар. Уларнинг барчаси истаса Кличкога чап бериши ва уни мағлуб эта олиши мумкин. Аммо юқорида айтганимдек, мутлақ чемпион пайдо бўлиб барча камарларни қўлга киритмас экан, ринг тахти қиролсиз қолаверади... кутиш лозим.
– Рингда тугатмай қолиб кетган ишингиз борми?
– Йўқ, миссиям аллақачон тугаган. Айтишадику: “кўрдим, урдим, тугатдим”...
– Тақдир зайли билан боксчи эмас, бошқа касбни танлаш лозим бўлганида, ким бўлардингиз?
Анестезиолог (SportsUz: операциядан олдин беморларга наркоз берувчи тиббиёт ходими).
– Мозийга назар ташласак. Кўпчилик мухлисларингиз 2002 йилда ўтказган жангингизни яхши эслайди. Шунда Сиз, бокснинг тирик афсонаси номини олган “Темир Майк”ни мағлуб этгандингиз. Бироқ мухлислар 1984 йилда бўлиб ўтган жангни эслай олмаса керак. Шунда ҳам сиз Майк Тайсонга қарши рингга чиққанcиз. Бу қандай жанг бўлган, хотираларингиз билан ўртоқлашсангиз...
– Оҳҳҳ... 30 йил бўлиб қолибдику, бу воқеага ҳам. Ўша даврда мураббийим Арни Боэм (Arnie Boehm) эди. У мени малакамни ошириш учун, афсонавий Кас Д’Амато (Cas D'Amato's – SportsUz: Майк Тайсоннинг устози ва тутинган отаси бўлган) мактабига олиб келди. Шунда мураббийлар келишиб, бизни Майк билан “спарринг”да синаб кўришди. Икковимиз жон-жаҳдимиз билан урушардик, бироқ ғолиб аниқланмаганди (SportsUz: спарринг одатда машғулотга ўхшаб ўтказилади). Шунда Кас икковимизни ҳам чақириб, “келажакда чемпион бўласизлар ва вақти келиб катта рингда куч синашасиз”, дея башорат қилиб айтганди. У ҳақ бўлиб чиқди, орадан 14 йил ўтгач, Майк билан яна бир бор тўқнаш келдик...
– Биламизки, боксдан ташқари Сиз футболга ҳам қизиқасиз. Бу йил Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатида қайси жамоа учун мухлислик қилдингиз?
– Айни бир жамоа учун мухлислик қила олмайман. Сабаби, бокс карьерам давомида мен уч мамлакат шарафини ҳимоя қилганман. Канада, Буюк Британия ва Ямайка. Шундай экан мен ҳеч ким хафа бўлмаслиги учун, футбол жамоам – БриЯмАда (BriJamAda), деб айтишим мумкин. Англия чемпионатида севимли жамоам “Вест Хэм Юнайтед”.
– Жаноб Льюис, матбуотда Сиз хақингизда кўплаб илиқ сўзлар ёзилади. Сизни намунали ота ва оила бошлиғи, дея таърифлашади. Шундай экан, оилангизни ғойибона бўлсада, ўзбекистонлик мухлисларингиз билан таништирсангиз?
– Мен ўзимни бахтли оила бошлиғи, деб биламан. Бироқ оилам ҳақида матбуотда кўп гапиришни истамайман. Бир ўғлим (Ландон) ва уч қизим (Линг, Лея ва Ливая ) бор. Бўш вақтимни улар билан бирга ўтказишни яхши кўраман. Фарзандларим барча дунё болаларига ўхшаб янги нарсаларга, спортга ва турган гапки, дадасига эркаланишга қизиқишади. Рафиқам Виолет (Violet Chang - SportsUz: Мисс Ямайка танлови финалчиси, иккинчи ўрин соҳибаси) билан болаларимизга яхши тарбия бериб, келажакда улар меҳр қўйиб, севиб қиладиган иш билан машғул бўлишларини истаймиз.
– Жаноб Льюис бизга ажратган вақтингиз учун катта рахмат. Келажакда ўйлаган барча ниятларингиз рўёбга чиқишини тилаб қоламиз.
– Сизга ҳам раҳмат. Sports.Uz сайти кўплаб мухлислар орттиришига тилакдошман.

Шу ўринда мухлислар учун Леннокс Льюис ҳақида қисқача маълумот. Тўлиқ исми Леннокс Клаудиус Льюис, рингдаги лақаби: Шер (Арслон). Канада ҳамда Буюк Британия фуқароси. 1965 йил 2 сентябрда (49 ёш), Англиянинг Лондон шаҳрида, Вест Хэм туманида дунёга келган. Бўйи 1 метр 96 см, 213 сантиметр баландликка зарб бера олади.
Профессионал рингда 44 та жанг ўтказиб, 41 тасида ғалаба қозонган (32 таси нокаут билан якун топган), икки марта мағлуб бўлган ва бир бора дуранг натижани қайд этган(SportsUz: Эвандер Холлифилд билан). Ҳаваскор боксда ўта оғир вазнда Олимпия чемпиони унвонига эга (1988 йил, Сеул Олимпиадаси). Профессионал боксда супер оғир вазнда “Мутлақ енгилмас чемпион” унвонини шу кунгача ушлаб турган ягона боксчи.

Манба: sports.uz
Киритилди: 17:04, 13.10.2014.
Ўқилди: 10148 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.