Италиялик афсонавий футбол мутахассиси Марчелло Липпи мураббийлик фаолиятини якунлади. Football Italia’нинг хабар беришича, 2 ноябрь куни унинг қўл остидаги «Гуангчжоу Эвергранд» жамоаси кетма-кет тўртинчи бор Хитой чемпионига айланди.
«Мен ортиқ мураббийлик қилишни хоҳламайман, жуда қариб қолдим. Келаси мавсум «Гуангчжоу»да янги мураббий бўлади, мен эса клубда техник директор лавозимида қоламан», – деди 66 ёшли мутахассис.
Аввалроқ, Хитой клубини Италия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Фабио Каннаваро мураббий сифатида қабул қилиб олиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди.
Марчелло Липпи мураббий сифатида Европа Чемпионлар лигаси, Осиё Чемпионлар лигаси, Қитъалараро кубок, Европа Суперкубоги, Италия Кубоги, Италия Суперкубоги ва беш карра Италия чемпионлигини қўлга киритган.
2006 йили унинг қўл остидаги Италия терма жамоаси Германияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати баҳсларида ғолибликни қўлга киритган эди.