Бугун ёки эртага “Реал”нинг афсонага айланган ҳужумчиси Раулга тегишли бўлган рекорд – Чемпионлар лигаси тўпурарлари қаторидаги ҳозирча энг зўр бўлиб турган натижа 71 гол забт этилиши мумкин. Ҳозирда бу рекордга икки ҳужумчи Лионель Месси ва Криштиану Роналду жуда яқин келиб қолган.
Агар бир томондан эътибор берадиган бўлсак, аргентиналик ва португалиялик ҳужумчилар аллақачон испанияликни ортда қолдириб бўлди. Раул 71та гол уриш учун 142та ўйин ўтказган бўлса, Роналду ўзининг 70-голини 106та ўйинда киритган, Месси бу борада ҳар иккисидан ўтиб тушган натижага эга – 89та ўйинда 69та гол.
Лекин, рекорд барибир рекорд, испан ҳужумчиси ҳали ҳам тахт эгаси. Бироқ, эрта-индин бу тожни кимдир эгаллаши тайин гап.
Бир вақтлар ҳеч ким ета олмайди дейилган Раулнинг натижасига унинг жамоадоши – Криштиану Роналду жуда яқин келган. КР7 мавсум бошида ажойиб спорт формаси кириб, турли мусобақалардаги 15та ўйинда 22та гол киритиб бўлди! У охирги ўтказган 12та ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти.
Балки, бугун кеч тунда бўлиб ўтадиган “Ливерпул”га қарши ўйинда бу воқеа содир бўлар... Эсингизда бўлса, “Ливерпуль” икки ҳафта аввал “Энфилд”да Қироллик клуби томонидан тор-мор этилиб учта тўп ўтказган эди. Голлардан бирини португалиялик футболчи ургани ҳам эътиборга молик ҳол.
Месси эса, бу йил бироз - камтарроқ голеадор. Унинг ҳисобида – 13та ўйинда 10та гол бор. Аммо, аргентиналикнинг тўрт йил давомида чемпионлар Лигасининг энг зўр тўпурари бўлганини унутмаслик лозим. Бундан ташқари Месси бир ўйин давомида энг кўп гол уриб рекорд қўйгани ҳам ёдимизда( 2012-йил 7 март “Байер” дарвозасига 5та гол). Яна турнирнинг плей-офф босқичида эришилган биринчи хет-трик( 2010-йил 6 апрел “Арсенал” билан бўлган матч). Демак Мессидан ҳам ижобий натижа кутиш жуда ўринли.
Луис Энрике бошчилигидаги “Барселона” ҳали ўз ўйинини топиб олгани йўқ. Жонажон клуби қатори Мессида ҳам нимадир етишмаётгани бор гап. Унинг ўйини анча ўзгариб, Лионель энди кўпроқ жамоа учун ҳаракат қиляпти.
Эътибор беринг - унинг ҳисобида ўнта голли узатма мавжуд бўлиб, керак бўлса у ҳимояга қайтиб ҳам ўйнаяпти. Тўғриси менга мавсум давомида 80та гол киритиб, ҳар икки ўйинда хет-трик қиладиган голеадор-Месси кўпроқ ёқади.
Каталониялик ҳужумчининг бу ҳафтада Раул рекордини забт этишига ишонч катта эмас, сабаби “Барса”ни жиддий рақиб кутиб турибди. “Аякс” анча вақтдан буён Европа грандлари қаторида бўлмасада, “Ноу Камп”даги ўйинда ишончли ўйин кўрсатди(1:3). Месси ўз уйида голландияликларга гол кирита олди.
Бир томондан жонажон стадионида тушунарсиз тарзда “Сельта”дан мағлубиятга учраши “Барса”ни навбатдаги матчга маъсулият билан ёндошишга ундайди. Футбол жамоатчилиги Энрике шогирдларидан мағлубиятдан тегишли хулоса чиқаришини кутиб турибди. Биз аргентиналик футболчини хақиқий жангчи сифатида биламиз. Бироқ, тажрибали “Аякс” ўз дарвозасига Месси томонидан дубль қайд этилишига йўл қўярмикан...
Менимча, Мессини Амстердамда иккита гол киритишидан кўра, Роналдуни “Ливерпуль”га битта гол киритиши эҳтимоли яқинроқ. Букмекерлик идоралари ҳам мана шу жиҳатга эътибор бераётган бўлса керак.
Қани, кўрамиз!..
Элмурод ЭРМАТОВ тайёрлади