Москвада ЖЧ-2018 Кузатув кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди ва уни илк марта РФ президенти Владимир Путин олиб борди. ФИФА президенти Йозеф Блаттер мамлакат раҳбари ва бошқа йиғилганлар гувоҳлигида анча жарангдор баёнот берди. Хусусан, қатъий оҳангда таъкидлади: «Россиядаги жаҳон чемпионатига «бойкот» эълон қилиш мумкин эмас». Хўш, Блаттер сафар чоғи яна қандай масалалар хусусида тўхталди?
ЖЧ-2018нинг расмий рамзи ҳақида
- Рамз - бу Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатининг ташриф қоғозчаси. Унинг ёрдамида турнир бутун дунёга тарғиб этилади. Танланган рамз менга ёқдими? Ҳа. Бу рамз мамлакатнинг шунчаки, қалби эмас, бутун борлиғини ифода этади. У Россия маданиятининг бир бўлаги.
ФИФАнинг Россияда ЖЧни ташкиллашга нисбатан муносабати ҳақида
- Россия - ер юзидаги энг катта мамлакат. Футбол мамлакатни нафақат жипслаштиради, балки яна бутун жаҳонга унинг ҳар қандай зиддият ёки турли норозилик ҳаракатларидан кучли эканлигини кўрсатади. «Бойкот» ҳеч қачон ижобий эффект бермайди. ФИФА Россия мундиалини шубҳасиз, қўллаб-қувватлайди. Биз мамлакат ва унинг ҳукуматига тўла ишонамиз. Бу борада ОАВ вакиллари турнирни талаб даражасида тарғиб қилиб, бизга ёрдам беришлари керак. Сочи мезбонлик қилган Олимпиада-2014 арафасида ҳам шунга ўхшаш ҳолат юзага келганди. Якунда на Олимпиада чоғи, на у якунлангач, ҳеч ким Россия ҳақида салбий фикр билдирди. Ҳа, Бразилияда ижтимоий тармоқлар орқали турли норозиликлар уюштирилди. Журналистлар эса шуни ушлаб олиб, матбуотда бўлажак чемпионат ҳақида кўп салбий нарсаларни ёзишди. Танқидлар асосан стадионлар қурилишининг чўзилиб кетгани ва мамлакатдаги ижтимоий ҳолат билан боғлиқ эди. Бироқ Бразилияда азалдан футбол маданияти мавжуд. Кўрдикки, турнир старт олгани билан барча танқидлар тўхтади.
Россиянинг мундиалга тайёргарлик ишлари хусусида
- Яқинда янги қурилаётган ва фойдаланишга топширилган стадионларга ташриф буюрган махсус қўмита ҳисоботига таяниб, шуни айтишим мумкинки, ЖЧ-2014га 4 йил қолган вақтда Бразилияда бўлган ҳолат билан таққослаганда, Россия графикдан анча илгарилаб кетган. Яъни ишлар жиддий ва жадал суръатларда олиб борилмоқда.
ЖЧ-2018гача қабул қилиниши эҳтимоли бор техник янгиликлар ҳақида
- Бизнинг ўйинимиз шуниси билан оммавийки, у вақт ўтгани сайин унчалик ўзгармайди, барқарор ҳолатда туради. Бироқ техник тараққиётни тан олиш ҳам мантиқан тўғри. Мана, жорий йилги ЖЧда голни аниқлайдиган тизимни муваффақиятли тарзда синаб кўрдик. Эҳтимолки, мундиал-2018да мураббийлар ўйиннинг баҳсли вазиятлари чоғи видеотакрорлар талаб қилиш имкониятига эга бўлишар. Агар бу амалга татбиқ этилса, унда бўлажак ЖЧнинг асосий чизгисига айланади.
ЖЧда «бронза» ўйинини бекор қилиш ғояси ҳақида
- Жаҳон биринчилигида 3-ўрин, яъни бронза медали учун ўтказиладиган ўйин бекор қилинмайди. Зеро, у керак ва муҳим аҳамиятга эга. Эътибор қаратсак, бундай ўйинлар доимо қизғин ва курашларга бой тарзда ўтади. Ўйлайманки, бу ташаббусни УЕФА ҳам қўллаб-қувватламайди. Ахир Мишель Платинининг ўзи ЖЧ-86да бронза медалини қўлга киритган.
Россия ва Украина термаларининг жаҳон биринчилиги-2018да битта гуруҳга тушиш-тушмасликлари ҳақида
- Ишончингиз комил бўлсинки, жаҳон чемпионатига қуръа ташлаш жараёнида Россия ва Украина термаларининг бошқа-бошқа гуруҳга тушишлари таъминланади.
Лионель Мессини ЖЧ-2014нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этган экспертлар гуруҳи қарори ҳақида
- Ҳа, бу масала билан шуғулланган қўмитанинг қароридан хабар топгач, мен ҳам бироз ҳайрон қолдим. Тўғрисини айтсам, бу нотўғри қарор эди, деб ҳисоблайман. Экспертларнинг менга айтишларича, улар фақат финал ўйинида қатнашган 10 нафар футболчини даъвогар сифатида олишган, холос.
Мухлисларнинг ножўя ҳаракатлари туфайли клубларни жазолаш чоралари ҳақида
- Шахсан мен ўйинни мухлисларсиз ўтишига мутлақо қаршиман. Менимча, бу ноўрин санкция. Ахир бунинг ортидан тўполон чиқарган мухлислар эмас, клуб азият чекади. Албатта, бундай ҳолатларда жамоаларни жазолаш керак. Бироқ моддий жарималар билан эмас, балки еврокубокларда очкодан маҳрум этиш орқали. Янада қатъийроқ жазо - бу клубни ЧЛдан четлатиш. Шунда трибуналарда тартибсизликлар такрорланмайди. Афсуски, ҳозирда бу масалада ўз нуқтаи назаримни амалга татбиқ этиш учун ёлғизман...
2014 йил якуни бўйича «Олтин тўп» даъвогарлари ҳақида
- Германия терма жамоаси ва «Бавария» клуби дарвозабони Мануэль Нойерни жорий йилнинг энг яхши футболчиси, деб ҳисоблайман. Умуман, «Олтин тўп»га даъвогар бўлиб турган 23 нафар футболчини алоҳида, бирма-бир табриклайман.