Кириш Регистрация
23/11 01:00 Хетафе 2-0 Вальядолид
23/11 15:00 Олимпик 0-1 Бунёдкор
23/11 17:15 Андижон 3-0 Динамо
23/11 17:30 Лестер 1-2 Челси
23/11 18:00 Валенсия 4-2 Бетис
23/11 19:00 Верона 0-5 Интер
23/11 20:00 Борнмут 1-2 Брайтон
23/11 20:00 Арсенал 3-0 Ноттингем Форест
23/11 20:00 Астон Вилла 2-2 Кристал Пэлас
23/11 20:00 Эвертон 0-0 Брентфорд
23/11 20:00 Фулхэм 1-4 Вулверхэмптон
23/11 20:15 Атлетико 2-1 Алавес
23/11 22:00 Милан 0-0 Ювентус
23/11 22:30 Манчестер Сити 0-4 Тоттенхэм
23/11 22:30 Лас-Пальмас 2-3 Мальорка
23/11 22:30 Жирона 4-1 Эспаньол
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург - Сурхон
24/11 16:30 Женоа - Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна - Локомотив
24/11 18:00 Осасуна - Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон - Ливерпуль
24/11 19:00 Торино - Монца
24/11 19:00 Комо - Фиорентина
24/11 20:15 Севилья - Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич - Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи - Рома
24/11 22:30 Леганес - Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио - Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао - Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе

Эксклюзив: "Пахтакор" ФК - «А»дан «Я»гача

Баҳо:
+ | -

Бугунга қадар жорий йилги мамлакат чемпиони тўғрисида кўп гап айтилди. Улар номига қанча яхши гаплар айтилса, шунча оз, улар шунга яраша ўйин кўрсатдилар. Бизни "Пахтакор" клубининг бутун тузилмаси яхлит ҳолича, яъни секцияларга энг кичкинтойларни танлаб олишдан бошлаб, жамоанинг асосий таркибига қадар бўлган тизими қизиқтириб қолди.

Шу мақсадда мен клубнинг спорт директори билан олдиндан қўнғироқлашиб олгач, клубга етиб келдим. Уни алоҳида таништиришга ҳожат бўлмаса керак: Григорий Семёнович Цейтлин футболимизнинг ҳурматли ва машҳур шахсларидан бири ҳисобланади.

Биз учрашиб, Григорий Семёновичнинг ишчи хонасида жойлашиб олганимиздан сўнг, мен унинг клубдаги лавозими қанчалик серташвиш эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим. Турли масалалар юзасидан унинг олдига кириб чиқаётган ходимлар туфайли суҳбатни анча пайтгача бошлай олмадик. Улар орасида мураббийлар, маъмурият ходимлари, ҳатто футболчилар ҳам бор эди.

Ниҳоят, биз суҳбатга киришдик ва менинг берган дастлабки саволим...

Хуллас, келинг, бу мақоламиз Цейтлиннинг фақат баъзан менинг саволларим билан бўлиниб турадиган, клуб тўғрисидаги ҳикоясидан иборат бўлақолсин.

"Пахтакор" клуби нимадан бошланади..."

- Биринчи навбатда, фурсатдан фойдаланиб клубнинг барча ишқибозларига, спортчиларга муваффақият, уларнинг яқинларига эса аъло кайфият ва мустаҳкам соғлиқ тилаган ҳолда уларни ўтган чемпионатдаги ғалаба билан табрикламоқчиман! Аммо ғалабаларга шунчаки эришилмайди. Биз дебочасидан, айтмоқчиманки, яъни "Пахтакор" клуби нимадан бошланади...

- Биз бугунги кунда болаларни 6-7 ёшидан бошлаб танлаб оляпмиз. Айтиш лозимки, биз бунда ҳеч кимни, сабабидан қатъи назар, ҳатто жисмоний имкониятларига кўра ҳам “йўқ” демаймиз. Уларнинг бари биз учун бир хил номзод ҳисобланади.

Ўрта ҳисобда шу ёшдаги болалардан 70-80 нафарини, баъзан эса кўпроғини кўрикдан ўтказамиз. Бир ўринга талабгорлар сони уч кишига чиқиб кетади. Етарли миқдорда болаларни йиғиб олганимиздан сўнг улар мураббийлар раҳбарлигида дастлабки футбол сабоқларини ўргана бошлайдилар.

Бизда барча болаларни ёшига қараб ўргатиш бўйича махсус ишлаб чиқилган дастур амал қилади. У кейинчалик барча ёш футболчилар гуруҳлари Олий лиганинг "Пахтакор" жамоаси асосий таркиби иш принципларига яқин бўлган техник ва тактик схема бўйича ўқитилишига мувофиқ қилиб тузилган. Болаларнинг ўзи ҳам бизнинг оиламиз десак бўлади: асосий таркибимиз нима кийса, болакайларни ҳам худди шундай кийдирамиз, ана шу каби эътиборга хос икир-чикирлар болалар ва уларнинг ота-оналари кўнглида “тоғ чўққисига”га яқинлик ҳиссини пайдо қилади.

Маълум вақт ўтганидан сўнг кўрик мақсадида олинган болалардан энг яхшиларини танлаб оламиз. Академия БЎСМдан унга энг яхши номзодлар тушиши билан фарқланади. Бунда 20-22 футболчидан иборат бўлган асосий таркиб сараланиб қолади. Шунингдек, биз улардан кейингилар, яъни иккинчи таркибни ҳам назардан четда қолдирмасликка ҳаракат қиламиз. Баъзи болалар кечроқ “очилиб”, асосий таркиб ўйинчиларига етиб олиши, ҳатто жадал тараққий этиб, улардан ўтиб кетиши ҳам мумкин. Биз бундай ўйинчиларни асосий жамоага ўтказамиз. Ана шу иккинчи таркиб билан худди асосий таркиб билан бўлгани каби иш олиб борилиб, улар бир хил дастур бўйича ишлайдилар.

Академия

- Узоқ йиллар улар бизда таълим олиб, ўн олти ёшга тўлганларида Олий лига жамоаси ёшлар таркибида ўйнашга яроқли ёки яроқли эмаслигини жиддий синовдан ўтказамиз. Бу ёшга келиб ёшлар ҳали яна бир йил Тошкент шаҳри чемпионатида қатнашиши лозим бўлса ҳам, биз уларни ана шу даражада текширувдан ўтказамиз.

Ўз-ўзидан маълумки, болаларнинг кўпчилиги ҳатто иккинчи таркибдан ҳам жой ололмайдилар. Биз уларни ҳам эътибордан қочирмасликка ҳаракат қиламиз. Бундай болалар бир поғона пастроқ даражада ўйнайдиган клубларга ўтказилиши мумкин. Шунингдек II лигада ана шундай ўйинчилар ўйнайдиган иккита жамоамиз бор. Ахир барча ёш футболчилар ҳам охир-оқибатда профессионал футболчи бўлмайди-ку. Уларнинг кўпчилиги учун футбол хоббига айланиб, кўпчилиги ишқибозлар ўйнайдиган II лига даражасида ўйнашни давом эттирадилар.

Ўзига хос методика

- Биз ёш футболчиларимизни тарбиялаш, уларга таълим бериш учун мўлжалланган, "Очиқ дарслар" деб ном олган амалиётни амалга оширамиз.

Бундай дарсларда биз барча ёшдаги мураббийларни жалб этамиз ва бирон-бир гуруҳ мисолида футболдаги мавжуд исталган йўналишлар бўйича кўргазмали мисоллар ва машқларни намойиш этамиз. Керак бўлса, Олий лига асосий таркиби мураббийларини ҳам жалб этамиз: бу болаларнинг қарашларида улар мавқеини кўтариб, ўз устида янада яхшироқ ишлаши учун муҳит яратиб беради.

Хусусан, "Чилонзор" стадионида шу йили хорижлик тренеримиз Дражен Дукич ана шундай машғулотлар ўтказди. Болалар, аёллар жамоаларимиз мураббийлари йиғилди, шунингдек, бошқа жамоаларнинг истаган мураббийлари келиб мураббийимиз ишини кузатишди. Биз ҳеч кимдан ва ҳеч нарсани яширмаймиз, ишдаги ютуқларимиз билан эса бемалол ўртоқлашамиз.

Бу каби машғулотларда одамлар исталган, шу жумладан 6-7 ёшли болалардан то 17 ёшдаги футбол академияси битирувчиларига қадар футболчиларнинг организмига меъёрланган ҳолда юклама туширишни ўргандилар.

Иш жараёнида ҳар бир футболчи синчиклаб кузатилиб, унинг профессионал фазилатлари, маҳорат жиҳатидан ўсиши мониторинг қилиб борилади. 

Маълумки, академиямизнинг кўплаб вакиллари мамлакатимизнинг 14-15-ёшдан бошлаб миллий терма жамоасига қадар турли термалари сафига жалб этиладилар.

"Шифокорни чақирганмидингиз?"

- Мени мазкур савол қизиқтириб қолди. Клубга қабул қилишга номзод болалар тиббиёт нуқтаи назаридан танлаб олинадими, ҳеч бўлмаса, улар тиббий кўрикдан ўтказиладими? Айтмоқчи бўлганим, уларнинг айнан футбол билан шуғулланишга мойиллиги илмий услублар ёрдамида ҳисоблаб тасдиқланадими? Улар антропометрияси, скелети ҳолати, ЦНС кабилари ҳисобга олинадими?..

- Бу каби тиббий муолажалар мажмуи мажбурий тарзда ҳар бир ўйинчига нисбатан амалга оширилади. Биз ҳатто шифокорлардан боланинг келажакдаги ривожланиш истиқболлари тўғрисидаги маълумотни ҳам олишимиз мумкин. Замонавий футболда бўйдор, гавдали ўйинчилар анчагина, бироқ шу билан бирга футболни Хусаинов, Рейнгольд каби “сеҳргар”ларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Замонавий футболда ҳам бўйи пастлар анчагина. Москванинг "Динамо"сида, масалан, Матьё Вальбуэна бетакрор ўйин соҳиби, бизнинг Қосимов, Жепаровларни ҳам бу маънода бўйдор деб айтиш қийин, аммо футбол майдонида улар қандай ўйин намойиш этгани, этаётгани асло сир эмас.

Асосий жамоанинг бугунги таркибида “кичкинтой”лардан Жамшид Искандаров ўзини кўрсатаётган бўлса, шу билан бирга бўйдор ўйинчилар ҳам анчагина: Сергеев, Кримец... Яъни ўйин услуби, гавдаси, жисмоний имкониятлари, тезлигига кўра турлича футболчилардан ташкил топган жамоа шаклланади. Охир-оқибатда барча умумий иш билан шуғулланади.

Айтиш лозимки, биз асосий эътиборни боланинг жисмоний кўрсаткичларига эмас, балки у асосий таркиб, кейинчалик эса Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиси даражасига кўтарилиш-кўтарилмаслигига қаратишимиз лозим.

"Отаси ҳамма нарсадан хабардор!"

- Бу савол ёш футболчиларнинг деярли барча ота-оналарига тегишли бўлиб, мен уни Григорий Семёновичдан сўрамасликнинг иложини топа олмадим. Мен учун бу масала кундек аён эканлигига қарамай, уни ана шу ота-оналар учун беришга қарор қилдим. Ёш футболчиларга неча ёшдан тактика кўникмаларини, уларнинг ўйин пайтида майдондаги ўрнини белгилаб бериш ва унинг эътиборини муайян позицияга жалб қилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайсиз?

- Олдимга келган ота-оналарга шундай деб жавоб бераман: "Ҳар қандай ота-она учун ўз фарзанди - энг зўр футболчи".

Бу қоида яққол ва ҳамиша амал қилади. Аммо бизда ўйинчиларни тайёрлаш бўйича муайян дастуримиз мавжуд бўлиб, у ижобий натижалар келтиргани сабабли, унга асло оғишмай мунтазам амал қилиб келамиз. Вақт ўтиши билан ҳар бир ўйинчининг майдондаги у ёки бу позицияга мойиллигини намоён бўлади. Бу ҳаммада ҳар хил вақтда юз бериши мумкин. Мураббийлар буни ҳар қандай ота ёки онадан яхшироқ кўра оладилар, чунки бари бунинг уқувини олган, ўзлари профессионал жамоаларда тўп тепганлар. Сенга буларни тушунтиришнинг ҳожати йўқ, сенинг ўзинг бу “чиғириқ”дан ўтгансан. Аммо ота-оналар учун мисол келтирмоқчиман.

Мен кўп йиллардан бери Италияда ўтказиладиган "Коппа Карневале" турнирига бораман. У ерда маҳаллий мактаб ва академияларнинг иш услубини кузатаман.

Қуйидаги вазиятни кўз олдингга келтир: стадион атрофи ўраб олинган, биронта ҳам ота ёки она машғулот жараёнига аралашиши мумкин эмас.

Бизда эса ота-оналар машғулот жараёнини кузатиш билан чекланмай, мураббийларга ақл ўргатишга киришадилар: "Менинг ўғлим ҳужумда анови найновдан кўра яхшироқ ўйнайди! Унинг ҳовлида гол урганини кўп кўрганман!.."

Ота-оналар тренернинг иш жараёнига аралашмасликлари керак! Ахир мураббий уларнинг иш жойига бориб, атрофдагиларга қандай ишлаш кераклигини ўргатмайдику. Ўғлингиз ёки қизингизни шу гуруҳга, тренер қўлига ишониб топширдингизми, уни мутахассис сифатида ҳурмат қилинг ва сиздан кўра яхшироқ билган ишига аралашмасликка интилинг.

- Бугунги кунда бундай манзарани "Бунёдкор" академиясида кузатиш мумкин...

- Албатта! Бу тўғри йўл. Ота-оналардан ҳеч нимани яширмаслигимиз, улар доим ишларимиздан, фарзандининг клубдаги ҳолатидан хабардорлиги бошқа гап. Юқорида айтиб ўтилган очиқ дарслар ҳам бизда ҳамма нарса демократияга асосланганлигидан далолат беради.

Бироқ биз муддатидан аввал бу тактик схемалар билан болаларнинг бошини қотирмаймиз. Ҳозирча уларга бу нарсалар ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Болаларни кўпроқ ўйин билан банд қиламиз. Кейинчалик уларнинг ўзи у ёки бу позицияга мойиллигини, имкониятларини намойиш этади. Каттароқ ёшида эса умумий шаблонлардан кенгроқ фикрлаб, ижодий фикрлайдилар ва кўпинча мураббий кўрсатмалари доирасидан ташқарига чиқа бошлайдилар. Бу ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди, шу сабабли футболчи майдонда ўзига хос тарзда фикрлаш ва ғайри оддий ғоялар ўйлаб топишга қодир экан, буни фақат қадрлаш ва қўллаб-қувватлаш лозим.

- Асосий жамоа ёшлар таркибида синовдан ўтишга яқин келган 16-17 ёшли йигитчалар ҳақида бир оғиз айтсангиз. Уларни Олий лига ёшлар таркибига қабул қилиш мезонлари қанақа?

- Ўсмирлар жамоаларидан бошлаб, биз жамоаларнинг ҳозирги реал етакчилари тўғрисида ҳамма нарсадан хабардормиз ва уларни диққат билан кузатиб борамиз. Сиз айтган ўша битирув ёшидан анча илгари кимлар яқин келажакда Олий лига ёшлар таркибини тўлдира олишини аниқлаб, уларни яхшироқ кузатамиз. Бу билан муаммо йўқ, улар доим бизнинг назаримизда, ҳеч ким ёшлар таркибида ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди.

Бунга қадар улар кўпгина болалар ва ўсмирлар мусобақаларида иштирок этиб, у ерда етакчилар ва уларнинг кўрсаткичлари кўзгудаги каби намоён бўлади. Ҳа, айтмоқчи, сезган бўлсангиз, ана шундай турнирларда биз фақат биринчи ўрин учун кураш олиб борамиз.

- Аксарият ҳолларда уларни ютиб ҳам оласизлар. Буни анча аввал сезганман. Хўш, навбатдаги саволим: шаҳар ичида ва республика миқёсидаги мусобақаларда асосий рақибингиз ким?

- Асосий рақибимиз - "Бунёдкор". Улар бу йили бизга жиддий рақобат кўрсатишди. Аммо бу билан улар бизни янада яхшироқ ишлашга рағбатлантириб, бунинг учун шарт-шароит яратадилар. Истаймизми, йўқми, футболда ишлашдан асосий мақсад - якуний натижа кўрсатиш. Шу сабабли биз ҳам ишни сифатли бажариш билан бирга ижобий натижа кўрсатишга интиламиз. Чунки "Пахтакор" клубининг мақсади фақат ягона бўлган - ҳамиша ва ҳар ерда биринчи бўлиш.

Мана энди бевосита ёшлар таркиби ҳақида сўзлашишимиз мумкин.

Эътибор берсангиз, аксарият клубларнинг ёшлар таркиби 20-22 ёшли йигитлардан ташкил топганлигини кўрасиз. Бизда эса улар 17-18 ёшли йигитчалар бўлиб, улар ана шу ёшидаёқ ўзидан анча катталар “имтиҳонидан” ўтадилар. Бу ёшда бир йил фарқ натижага жуда катта таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ биз якуний натижага зарар қилиб бўлса ҳам, мақсадимиздан келиб чиқиб, ёшлар чемпионатида ана шу ёшдагилардан иборат таркибни қўйдик. Улар ана шу жасорат ва маҳорат мактабидан ўтдилар деб бемалол айта оламан.

- Шу сабабли улар йигирма ёшига келиб асосий таркибнинг тўлақонли ўйинчиси бўлиб, бу ҳолни биз "Пахтакор"да бир неча мавсумдан бери кузатиб келяпмиз. Ҳатто бундан ёшроқ футболчилар ҳам Сизда "18 таркибига" киритиладилар ва кўпинча олий лига ўйинларида бошқалар ўрнига ўйинга чиқиб турадилар.

- Буни тўғри айтдингиз. Шунингдек, Қибрайдаги базамизда уларнинг машғулотларини кўп кузатган бўлсангиз керак. Улар ёнида асосий таркиб шуғулланади ва ёшларда, катталардан ўрнак олиб, тезроқ улар орасига қўшилиш истаги янада кучаяди. Бу ўзига хос рағбат ва ёшлар жамоасида соғлом рақобатни кучайтиради. Шу билан бирга бу футболчилар ўзларининг ортида уларнинг ўрнига яна ҳам ёшроқ номзод ўйинчилар сафланиб турганини яхши биладилар. Бу ҳол уларни бўшашмасликка ундаб, эътиборларини бир ерга жамлашларига кўмаклашади.

Албатта, ҳатто ёшлар таркиби (дубл)га ҳам киролмаган ўйинчилар бор. Биз уларни республиканинг турли клубларига ижарага берамиз, бироқ диққатимиздан четда қолдирмаймиз. Бундай футболчилар ижарада доимий ўйин амалиётига эга бўлиб, ҳатто маълум вақт ўтганидан сўнг асосий таркиб ўйинчиси сифатида яна сафимизга қайтишлари мумкин. Бунга мисоллар анчагина. Бу каби амалиёт бутун илғор футбол оламида қўлланади.

- Шунингдек, 1-лигада ҳам жамоангиз бор. Унинг олдига қандай мақсадлар қўйилган?

- Бу ўша, юқорида тилга олинган, ҳозирча Олий лига дублидан ўз ўрнини топа олмаган футболчилар. Уни академия ёшларининг ўша дублга ўтишидаги сўнгги босқич деб айтиш мумкин. Ҳамма ҳам бор қобилиятини бир ёшда намойиш эта олмайди, кимдир йигирма ёшигача биринчи лигада ўйнаб, сўнг йиғилган база асосида ўйинини кескин кучайтириши мумкин. Жаҳон амалиётида бундай ҳолатлар тўлиб ётибди. I лига жамоасининг вазифаси ана шу - дублёрлар ва асосий таркиб учун футболчи тайёрлаш.

 

- Хўш, аста-секин асосий таркиб масаласига ҳам етиб келдик шекилли...

- Ҳа, бу тўғрида узоқ ва қизиқарли суҳбатлашиш мумкин. Клуб пирамидасининг ўзига хос чўққиси - Олий лига жамоасининг асосий таркиби. Клубдаги барча ишлар асосий таркибни сифатли, яхши ўйинчилар билан тўлдириб боришга қаратилган. Асосий таркиб олдидаги вазифа ҳамиша бир хил - ютиш мумкин бўлган барча мусобақаларда ғолиб чиқиш. Ҳозирга келиб ОФК Чемпионлар лигасида муваффақиятли қатнашиш дастури тузилган. Клуб қаршисида жуда катта вазифалар қўйилган, ундаги муҳит ҳам шу қадар дўстона, ижобийки, биз жамоадан ўйинчиларнинг кетиб қолиши хусусида у қадар қайғурмаяпмиз.

Ҳатто йигитлар жиддий хорижий клублардан таклиф оладиган бўлсалар ҳам (бундай таклифлар бор), кимдир бизни ўзи тарк этишидан қўрқмаймиз. Формамизни кийган барча ўйинчилар жамоага шу қадар содиқки, биз бу учун хавотирланмаймиз ҳам.

- Республика минтақаларида селекция ишлари қай тарзда олиб борилади? Бошқа вилоятлардаги ёш футболчилар мониторинги амалга ошириладими?

- Сўзсиз, бусиз мумкин эмас. Биз ҳатто бундан ҳам узоқроққа қараб, яқинда Термизда "Пахтакор"нинг тайёргарлик гуруҳини, шунингдек Қувасойда (Фарғона вилояти) 1-сонли мактаб асосида ўз бўлинмамизни очдик. Барча минтақалардаги истиқболли футболчиларни кўриб чиқамиз ва айта оламанки, жамоамиз эшиклари ҳар қандай қобилиятли ўйинчилар учун очиқ. Академиямиз шу йўсинда шу ерда, Тошкентда ҳам ўз сафларини тўлдириб туради.

- Бир йўла уч турнирда: ОФК ЧЛ, Ўзбекистон чемпионати ва мамлакат кубогида қатнашиш борасида икки оғиз сўз. Футболчиларга бундай юклама оғирлик қилмайдими?

- Айнан шу нарса бизда муаммо эмас. Биз фақат шу йилигина чемпионлар лигасида иштирок этмадик, авваллари эса ҳар йили бу турнирларда бирга қатнашардик. Айтмоқчиманки, кулбнинг барча ишчи-хизматчилари, ходимлари шундай мусобақалар тажрибасига эга. Ўйинчиларнинг ўзи эса бунинг нима эканлигини, унга қай йўсинда тайёргарлик кўришни жуда яхши биладилар. Энди аста клубнинг ўз фаолияти тўғрисида бир неча сўз.

Клуб маромида, тартиб билан ишламас экан, футбол жамоасининг яшаб қолишига умид йўқ. Мен республика жамоаларида узоқ йиллар ишлаганман, бу ерда ҳам кўпдан бери фаолият кўрсатяпман. Аммо айтиш жоизки, бирор ерда бу каби маслакдошлар жамоасини учратмаганман.

Самвел Бабаян тўғрисида кўп гаплар айтилган, аммо мен шунга қўшимча қилмоқчиман.

Бу йили у клубнинг бош менежери лавозимида қолиб, илк маротаба бош мураббий сифатида жамоа раҳбарлигини қўзлига олди.

Унинг ҳеч қачон рўёбга ошмайдиган бир орзуси бор - бир суткада 24 эмас, ундан ҳам кўпроқ соат бўлсин! У ҳамма нарсага улгуришга ҳаракат қилади, клуб, жамоа учун барчасини амалга оширишга интилади, унга вақт камлик қилади, вақт. У футбол ҳақида биронта ҳам янги илмий адабиётни ўтказиб юбормайди, илғор чет эл тажрибасини ўрганиб, уни ўзимизда жорий этади. Бу йили машғулотлар жуда қизиқарли бўлиб, буларнинг бари Самвел Бабаяннинг тинимсиз меҳнати, унинг ўзи устида ишлаши, жамоа фойдфойдаси учун қилган ҳаракати туфайли бўлди.

- Кўплаб ишқибозларни қуйидаги савол ҳам қизиқтиради. Самвел Бабаян Олий лиганинг муайян ўйинларида қарорни бошқалар билан маслаҳатлашиб қабул қиладими ёки ...? Ё у барча нарса, яъни жамоа таркиби, кимни алмаштириш, ўйин тактикаси ва стратегияси масалаларини фақат бир ўзи ҳал қиладими?

- Бунинг жавоби жуда оддий. Бизда ҳар бир мураббий, ҳам ўйин пайтида, ҳам машғулотлар жараёнида ўз фикрини, қарашларини бемалол баён этиши мумкин. Коллегиаллик, бирга қарор қабул қилиш деганда мен шуни тушунаман. Клуб тузилмасига оид масалалар бўйича ҳам худди шундай. Аммо узил-кесил қарор, албатта, унинг томонидан қабул қилинади. Ўйинда ҳам шунақа: мураббий ўриндиғидан жамоани бор-йўғи 90 дақиқа бошқаришга тўғри келса, бундан аввалги тайёргарлик кўриш жараёни - бутун бошли штаб ҳаракатларининг маҳсули. 

Муайян учрашувга тайёрланиш, рақибларнинг бошқа жамоалар билан ўйинини ўрганиш - ҳаммаси ўта жиддий тарзда ҳисобга олинади. Вакилларимиз рақиблар ўйинларига бориб, улар тўғрисида ҳар томонлама маълумот йиғадилар. Бу билан фақат асосий жамоа шуғулланмайди, ҳатто болалар мураббийлари ҳам шундай ишлайдилар. Худди шундай бирлашиб ишлайдиган стадион ишчи-хизматчиларини ҳам тилга олиб ўтиш лозим. "Пахтакор" стадионининг инфратузилмасида ҳеч қачон биронта муаммо бўлмайди, бунга ўзинг ҳам кўп марта ишонч ҳосил қилгансиз.

Асосий жамоа ишининг яна шундай хусусиятини қайд этишни истардим. Бутун фаолият ҳафталик цикллар бўйича бўлинган ва улар сўнгги услубиётлар ва футбол фани талабларини ҳисобга олган ҳолда тузилади. Буларнинг барига сўзсиз риоя қилиниб келинади. Ўйинчиларнинг жисмоний тайёргарлигига ҳам жуда катта эътибор қаратилади: барча машқлар ўйин пайтидаги юкламага жуда яқинлаштирилган, баъзан унинг параметрлари ўйинчилар ўта мураккаб ўйинда оладиган юкламалар билан мос келарди. Бу ҳам профессионаллар билан ишлашнинг сўнгги, энг янги услубиётларидан бири.

- Мени ўйиндан кейинги ўйин таҳлили масаласи қизиқтиради. Сиз буни қай тарзда ўтказасиз ва у қанчалик оғир, меҳнатталаб жараён?

- Жуда қизиқ савол, унинг жавоби ҳам шунга яраша бўлади.

Билишимча, кўпгина клубларда ўзининг ёки рақибининг ўйинларини кўздан кечириш бир-бир ярми соат вақт олиб, бу каби тадбирлар пайти ўйинчилар баъзан ухлаб ҳам қоладилар. Яъни бу чоранинг фойдали иш коэффициенти деярли нолга тенг.

Бизда эса бундай кўздан кечиришлар бор-йўғи 15-20 дақиқа вақт олади. Ўйиннинг футболчилар ўзлаштириши керак бўлган “мағзи”, асосий ўринлари кесиб, монтаж қилинади. Бундай ишда қатнашиш уларнинг ўзи учун қизиқ. Ана шу 15-20 дақиқа ичида улар рақиб тўғрисида асосий тафсилотларни билиб оладилар ёки ўз ўйинларини кўриб, ундан маълум хулосалар қиладилар. Буларнинг бари замонавий методикалардан жой олган.

Яна Самвел Бабаянга қайтиб, айтишим мумкинки, унинг ўзи янги билимларга интилувчан шахс эканлиги шак-шубҳасиз. Юқорида у футбол бўйича барча янги адабиётлар ва услубиётни синчиклаб ўрганишини айтиб ўтган эдим. Шу билан бирга Самвел академия ишининг барча икир-чикирлари ва тафсилотларига қадар тушуниб, ҳатто ҳамма ёш футболчиларни исмларигача билади. Унинг бу хусусияти мени яхши маънода ҳайрон қолдиради.

— Демак, Самвел Бабаян ҳар томонлама универсал раҳбар бўлиб чиқяпти?!

— Ўзингиз истаганча қандай десангиз, шундай ҳисоблашингиз мумкин. Ана шу хусусиятларнинг бари Самвел Бабаянда мужассам.

Ишқибозларимиз клубини ҳам тилга олиб ўтишни истардим. Уларнинг бутун мавсум давомида, йўғе, кўп йиллардан бери ишқибозлик қилганини кўрсангиз эди! "Локомотив" ва "Бунёдкор"да нима бўлганини сизга изоҳлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ, бунга ўзингиз гувоҳ бўлдингиз. Улар орасида ҳам жиддий маърифат ишлари олиб борилиб, ишонтириб айтаманки, ишқибозлар ичида эътиқод жиҳатидан бегоналари йўқ. Шу билан бирга улар интизом борасида қатъий талабларга сўзсиз риоя қиладилар, биз улардан шуни талаб қиламиз.

— Шу тарзда биз "Клуб фахрийлари" бандига келиб қолдик...

— Бу одамлар ҳамиша, ҳар ерда клубимиз номидан муносиб, уни юқори кўтарган ҳолда иштирок этиб келмоқда. Унинг асоси ҳамиша бир хил. Уларни "Пахтакор"нинг "Динамо" Тбилиси фахрийлари билан 22 ноябр куни стадионимизда бўлиб ўтадиган ўйинга таклиф этилган фахрий футболчилари рўйхатида кўришингиз мумкин.

(Муаллифдан. Бу ҳодиса Тбилиси "Динамо"сининг 1964 йилги СССР Кубогидаги ғалабасининг 50-йиллигига бағишланади: кубок учун финал ўйини Тошкентдаги "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган: "Динамо" (Тбилиси) - "Торпедо" (Москва) - 3:1. Таклиф этилган фахрий ўйинчиларимиз рўйхати қуйида келтирилди.

Дарвозабонлар: Анвар Рашидов, Алексей Рошин;

Ўйинчилар: Мурод Алиев, Улуғбек Рўзимов, Бахтиёр Ашурматов, Сергей Ковшов, Фарҳод Магометов, Андрей Микляев, Ёрқин Назаров, Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Равшан Бозоров, Миржалол Қосимов, Собир Ходиев, Геннадий Денисов, Азамат Абдураимов, Рустам Дўрмонов, Жаъфар Ирисметов, Ойбек Усмонхўжаев, Игорь Шквирин, Шуҳрат Мақсудов, Жамшид Абдураимов, Мухтор Қурбонов, Бахтиёр Қамбаралиев.

Бош мураббий - Григорий Цейтлин.

Маъмур - Даврон Саидов.

Суҳбатимиз сўнггида Григорий Семёнович эътиборни шу рўйхатга қаратди.

— Барча бу ўйинда иштирок этишга розилик берган ва шу сабабли рўйхат тахминий эмас. Ҳамма соғ-саломат бўлса, шу ўйинда қатнаша олади, деб умид қиламиз. Бу ўйин мамлакатимиздаги футболнинг барча ҳақиқий ишқибозлари учун футбол байрамига айланиб кетади деб ўйлайман. Фахрий ўйинчиларнинг ёшлик пайтида кўрган, билганлар учун эса уларни яна бир бор майдонда кузатиш ёшлик даврини эслатади. Айтиш лозимки, Грузия жамоаси билан бизни кўп йиллик дўстлик ришталари боғлаб турибди.

Яқинда Бокуда бўлганимизда бутун стадион жамоамизни оёқда туриб, олқишлар билан қарши олишди. Ёзда эса "Қайрат" меҳмонимиз бўлди, хуллас дўстлик алоқалари сақланиб келмоқда. Барчамиз айнан футбол туфайли дўстлашдик. Ана шу ўйин бизни бирлаштиради!

"Пахтакор" клубининг спорт директори Григорий Цейтлин билан суҳбатимиз ана шундай кечди.

Дмитрий Попов

Манба: www.sports.uz, www.sports.uz
Киритилди: 20:29, 20.11.2014.
Ўқилди: 5759 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.