Кириш Регистрация
28/11 01:00 Монако 2-3 Бенфика
28/11 01:00 Астон Вилла 0-0 Ювентус
28/11 01:00 Болонья 1-2 Лилль
28/11 01:00 Селтик 0-0 Брюгге
28/11 01:00 Динамо Загреб 0-3 Боруссия Д
28/11 01:00 Ливерпуль 2-0 Реал Мадрид
28/11 01:00 ПСВ 3-2 Шахтёр
28/11 15:00 Истерн 1-4 Сидней
28/11 15:00 Чонбук Моторс 4-0 Себу
28/11 17:00 Кая-Илоило 1-1 Санфречче Хиросима
28/11 17:00 Жечжианг 4-2 Лион Сити Сэйлорс
28/11 17:00 Селангор 1-2 Муангтонг Юнайтед
28/11 19:00 Порт 2-2 Персиб
30/11 00:45 Кальяри - Верона
30/11 01:00 Брайтон - Саутгемптон
30/11 01:00 Мальорка - Валенсия
30/11 18:00 Барселона - Лас-Пальмас
30/11 19:00 Комо - Монца
30/11 20:00 Брентфорд - Лестер
30/11 20:00 Кристал Пэлас - Ньюкасл
30/11 20:00 Ноттингем Форест - Ипсвич
30/11 20:00 Вулверхэмптон - Борнмут
30/11 20:15 Алавес - Леганес
30/11 22:00 Милан - Эмполи
30/11 22:30 Вест Хэм - Арсенал
30/11 22:30 Эспаньол - Сельта

Скаут-муҳокама: Ҳаммаси тўғри

Баҳо:
+ | -

Football.ua сайти 2009 йилнинг май ойида «Скаут» рукни остида илк мақолани эълон қилганди. Бунда сайт ходимлари ёш иқтидор соҳибларининг ўйинларини эътироф этиш баробарида уларнинг келажакларини тахмин қилишади (бундай мақолалардан бир нечтасини газетамиз орқали ҳукмингизга ҳавола этганмиз). Хуллас, орадан 5 йил кўпроқ вақт ўтди. Хўш, тахминлар ўзини оқладими? Марҳамат, баъзи иқтидор соҳибларининг шу давр ичидаги фаолиятлари билан танишинг ва башоратчи-сайт малакасига баҳо беринг.

Марио Гётце
Туғилган санаси: 03.06.1992 (22 ёш)
Миллати: немис
Позицияси: ҳужумкор ярим ҳимоячи
Клублари: «Боруссия» Д., «Бавария»
Терма жамоадаги фаолияти: 37та ўйин, 12та гол
Тахмин қилинган баҳоси: 40 млн. евро
Ҳозирги баҳоси: 48 млн. евро
Ўзини оқлаган тахминлар ҳақидаги ҳикояни чинакам «жавоҳир»дан бошлаш айни муддао ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмаса керак. 2009 йили 16 ёшли Марио ҳақида мақола тайёрлашган касбдошларимиз «Боруссия» ёшлар жамоаси аъзоси маҳоратига юксак баҳо бериб, уни 40 млн. евролик юлдузга айланишини башорат қилишганди. Ортда қолган вақт сайтнинг 100 фоиз ҳақ эканлиги, фақат трансфер баҳоси борасида озгина янглишганини кўрсатиб берди. Лекин шуни ҳам тан олиш жоизки, Гётце тобора самаралироқ тўп суришда давом этмоқда. Унинг 22 ёшда эришган натижаларини кўплаб футболчилар бутун фаолиятлари давомида ҳам қайд этолмайдилар. Демак, бу ноёб иқтидор соҳиби учун 48 млн. сўнгги чегара эмас.

Марио юксак маҳоратини ёшлик чоғидан намойиш этиб келмоқда. Масалан, 16 ёшида Германиянинг U-17 терма жамоаси етакчиларидан бири сифатида Европа чемпионатида иштирок этди. Ўша вақт «Боруссия»да 19 ёшлилар жамоасида тўп сурарди. Дортмундликлар бош мураббийи Юрген Клопп ёш иқтидорни 2009|2010 йиллар мавсумидан асосий жамоага жалб эта бошлади. Тўғри, ўшанда Марио атиги 5 марта захирадан майдонга туширилди. Аммо кейинги мавсум йигитча жамоанинг ҳақиқий аъзосига айланиб, чемпионлик мақомига эришди. Барча ўйинларда тўлиқ тўп сурмаган бўлсада, 33та учрашувда 6та гол уриш уддасидан чиқди. Қўшимчасига ЕЛ беллашувларида иштирок этиб, халқаро тажриба тўплади.

Бош мураббий ёш иқтидор соҳибига оталарча ғамхўрлик кўрсатиб, асосий таркибда ўйнаш имконини берди. Шогирд эса сермазмун ва сермаҳсул ўйинлари билан жавоб қайтарди. «Боруссия» қаторасига 2 марта «Кумуш товоқ»ни қўлга киритгач, бундеслигадаги шиддатни бироз сусайтириб бўлсада, ЧЛда ўта муваффақиятли тўп сурди. Бунда Марионинг жонбозлиги ҳам муҳим аҳамият касб этди. Табиийки, Гётце ўзининг ажойиб ўйинлари билан Европа грандлари эътиборини тортди. Кўпчилик футболчининг Англия ёки Испанияга йўл олишини тахмин қилиб турганида, Марио кутилмаганда, «Бавария»га розилик билдирди. Мюнхенликлар «Борус­сия»га нақ 37 млн. евро санаб беришди. Натижада дортмунд­ликлар ёқимтойи бўлган Марио ашаддий душманга айланиб қолди. Тақдир тақозосига кўра, клуб футболининг бош соврини «Боруссия» ва «Бавария» ўртасидаги баҳсда ҳал этилиши ойдинлашгач, Гётценинг бўлажак жамоасига қарши майдонга тушиш-тушмаслиги долзарб мавзуга айланди. Якунда ярим ҳимоячи финалдан четда қолди... Мюнхенда Марио айрим қийинчиликлар билан бўлсада, Пеп Гвардиола штаби ишончини қозона олди. Яъни жароҳат туфайли мавсумга кўнгилдагидек тайёрланолмаганига қарамай, чемпионат давомида спорт формасини тиклади. Шу тариқа мавсумни 27та ўйин, 10та гол билан якунлади. ЕЧЛда эса гоҳ дастлабки дақиқалар, баъзан захирадан майдонга тушиб, 11та учрашувда 3та гол урди.

Ҳозирда Гётце - «Бавария»нинг етакчи футболчиларидан бири. Футболчининг терма жамоадаги фаолияти ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. 2010 йили Швецияга қарши ўртоқлик учрашувининг сўнгги 12 дақиқасида тўп сурган Марио 4 йилдан кейин жаҳон тожи масаласини ҳал этган ғалаба тўпига муаллифлик қилди. У Бразилия мундиалининг Аргентинага қарши кечган финал баҳсида «овер-тайм»да майдонга тушиб, Андре Шюррле узатган тўпни голга айлантирди! Гётценинг фаолияти шу тариқа давом этса, у ўз мухлисларига ҳали кўп лаззатли дақиқаларни ҳадя этишига шубҳа йўқ.

Грегори ван дер Виль
Туғилган санаси: 03.02.1988 (26 ёш)
Миллати: голланд
Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси
Клублари: «Аякс», «ПСЖ»
Терма жамоадаги фаолияти: 38та ўйин
Тахмин қилинган баҳоси: 20-25 млн. евро
Ҳозирги баҳоси: 8,5 млн. евро
Григорининг футболчилик фаолияти анча мураккаб кечмоқда. Ўсмирлик чоғидан бошлаб, доимо ўз иқтидорини исботлашга мажбур бўлмоқда: клублар ундан воз кечишади ёки ижарага беришади, кейин қайтариб олишади. Грегори одатда ўзига берилган имкониятлардан иккинчи уринишда фойдаланади. Масалан, «Хаарлем»даги «сургун»дан сўнг эс-ҳушини йиғиб олди. Маълум муддат Хейтинганинг соясида қолиб кетди, кейин эса юксак савиясини намойиш этган ҳолда, «Аякс» етакчиларидан бирига айланди.

Ван дер Виль - чинакам қанот ҳимоячиси, куч-қувватини ҳимоя ва ҳужумга ақл билан тақсимлай олади. У Голландия эредивизионида ғоят барқарорлиги билан танилди. Кейинчалик еврокубок мусобақаларида ҳам ишончли тўп сура бошлади. Натижада 20 ёшли ҳимоячига бир қатор грандлар навбатда туришди. Харидорлар орасида «Бавария», «Челси», «Валенсия» клублари бор эди. Футболчининг ўзи эса «Реал» сафида тўп суришни орзу қиларди. Охир-оқибат, у бадавлат «ПСЖ» таркибидан жой олди. Таъкидлаш жоизки, Грегорининг амалдаги шартномаси якунланиб қолгани боис, «Аякс» уни арзон-гаровга сотишдан ўзга чора тополмади: Париж суперклуби атиги 6 млн. евро эвазига ҳимоячини ўз сафига қўшиб олди. Келишув трансфер мавсумининг сўнгги соатларида амалга оширилди.

Табиийки, голланд йигити янги жамоада жиддий рақобатга дуч келди. Асосий таркибдан жой олиш учун Кристоф Жалленинг қаршилигини синдириши талаб этиларди. Аввалига бу вазифани уддалай олмади, лекин тақдирга тан беришни истамади ва бошқа жамоалар таклифларини қатъиян рад этди. Шу тариқа ҳимоячи дастлабки мавсум 22, кейингисида 25 марта майдонга тушди. Жалле «Лион»га ўтиб кетгач, Грегори Париж клубида асосий ўнг қанот ҳимоячисига айланди. Лекин яқинда янги рақобатчи Серж Орье пайдо бўлди. Қисқаси, бош мураббий Лоран Бланда ротация учун қўшимча имконият юзага келди. Тўғри, у ҳозирда Грегорига кўпроқ ишонч билдирмоқда.

Тан олиш керак, ван дер Виль «янги Дани Алвеш» мақомига чиқолмади. Лекин ҳозирда нафақат Франция, балки қитъа футболи грандлари қаторидан жой олган «ПСЖ»да мунтазам майдонга тушаётганлигининг ўзиёқ унинг чинакам профессионал эканлигини кўрсатиб турибди. Қолаверса, 26 ёшли ҳимоячининг асосий фаолияти ҳали олдинда.

Балаж Жужак
Туғилган санаси: 23.12.1986 (27 ёш)
Миллати: венгр
Позицияси: чап|ўнг қанот ярим ҳимоячиси, ҳужумчи
Клублари: «Дебрецен», ПСВ, «Анжи», «Динамо» М.
Терма жамоадаги фаолияти: 58та ўйин, 15та гол
Тахмин қилинган баҳоси: 15-18 млн. евро
Ҳозирги баҳоси: 10 млн. евро
Бу футболчини ўз маҳоратини усталик билан пулга айлантирадиган ўйинчилар сирасига киритиш мумкин. Юртидаги камтарин «Дебрецен»да ўйнай бошлаган ёш Жужак қисқа вақт ичида Голландия грандларидан бирининг эътиборини қозонди. ПСВнинг етакчи ижрочисига айланиш учун ҳам кўп вақт сарфламади. Шу тариқа бошқа жамоаларни ўзига қарата бошлади. Эредивизиондаги 3,5 йиллик барқарор фаолияти давомида ўз натижаларини тобора яхшилаб борди - 11, 14 ва 16та гол. Футболчи асосан ярим ҳимоя чизиғида тўп сурарди. Лекин қанотлар бўйича жойини тез-тез алмаштириб туришни хуш кўрарди. Венгриялик йигитда тезлик ҳам, аниқ тўп узатиш ва зарба ҳам рисоладагидек. Демак, ҳужумчи учун лозим барча фазилатларга эга. Қолаверса, у ўта меҳнатсевар ва тиришқоқ ўйинчи. Бундай футболчилар истаган жамоа билан тил топишиб оладилар. Дарҳақиқат, тез орада Жужакнинг ПСВда узоқ қолиб кетмаслиги ҳақида гап-сўзлар урчиди. Харидор сифатида Англия, Италия ва Испаниянинг номдор клублари тилга олинди. Бироқ 2011|2012 йиллар мавсуми бошланиши арафасида Балажнинг 14 млн. евро эвазига «Анжи»га ўтганлиги эълон қилинди. Ўшанда улкан лойиҳага қўл урган Сулаймон Керимов венгр йигитидан ташқари, Самуэль Это~О, Юрий Жирков, Владимир Габулов ва Меҳди-Карсела Гонсалесни Доғистонга олиб келганди. Аммо Балаж у ерда ўз ўйинини тополмади, тез-тез жароҳатланиб, спорт формасини тиклолмади. Оқибатда футболчи 19 млн. эвазига Москва «Динамо»сига ўтиб кетди. Кейинчалик кўпчилик футболчилар унинг ортидан Москвага йўл олишди. 27 ёшли венгр ҳамон шу жамоа шарафини ҳимоя қилмоқда. Унинг амалдаги шартномаси яна бир йилдан кейин ниҳоясига етади, янги келишувдан ҳозирча дарак йўқ.

Кайл Уокер
Туғилган санаси: 28.05.1990 (24 ёш)
Миллати: инглиз
Позицияси: ўнг қанот ҳимоячиси
Клублари: «Шеффилд Юнайтед», «Нортхэмптон» (ижара), «Тоттенхэм», «КПР» (ижара), «Астон Вилла» (ижара)
Терма жамоадаги фаолияти: 10та ўйин
Тахмин қилинган баҳоси: 10 млн. евро
Ҳозирги баҳоси: 17 млн. евро
- Уокер АПЛда муваффақият қозониш ва миллий терма жамоа аъзосига айланиш учун барча фазилатларга эга - таҳририят аъзолари бундан 5 йил аввал умидли футболчига айнан шундай таъриф беришганди. Ўшанда Кайл эндигина «Шеффилд»дан «Тоттенхэм»га ўтганди. Ҳозир тахмин ўзини оқлаганини эътироф этиш мумкин. Уокер маълум муддат «тақачилар» сафида асосий ижрочига айланди, терма жамоа­га ҳам мунтазам жалб этилмоқда. Тўғри, Англия термасида аввало, Глен Жонсонга ишонч билдирилади. Лекин зарур пайт Кайл унинг ўрнини бемалол боса олади. Ҳа, «шпорлар» сафида бош мураббий ишончини қозониши ҳам осон бўлмади. Харри Реднапп ўнг қанот ҳимоя чизиғига Ведран Чорлукани муносиброқ, деб ҳисоблади. Лондондаги илк мавсумда Уокер бор-йўғи 2 марта майдонга туширилди. Ёш иқтидор соҳибининг ўйин амалиётига муҳтож эканлигини англаган мураббийлар штаби уни ижара шарти билан сафарга жўнатди. Шу тариқа Кайл 2010|2011 йиллар мавсумининг ярмини «КПР» билан чемпионшипда ўтказди. Ана шу ярим йил ичида 18та ўйинда тўп сурди. Кейин «Астон Вилла»га ўтиб, АПЛ шиддатини синаб кўрди. Тан олиш керакки, элитада ҳам муносиб иштирок этди. Бирмингемликлар бош мураббийи унга 15та учрашувда ишонч билдирди. Шундан кейингина Реднапп ҳимоячинининг «Тоттенхэм»­да ўйнашга тайёрлигини ҳис қилди ва уни ортга қайтарди. Натижада футболчи Реднапп даврида ҳам, ундан кейин Андре Виллаш-Боаш ва Шервуд қўл остида ҳам ўнг қанот ҳимоячиси позициясини ўзида сақлаб қолди. Тўғри, Маурисио Почеттино устозлик қилаётган жорий мавсумда Уокерга омад кулиб боқмаяпти. ЖЧ арафасида жароҳатланган ҳимоячи мундиалдан четда қолди. Бу ҳам етмагандек, мавсумолди тайёргарлик жараёнида яна сафдан чиқди. Жарроҳлик муолажасини бошдан кечирган футболчи ҳозирча майдонга тушгани йўқ. Лекин жароҳатлардан тўла фориғ бўлгач, яна мазмунли ўйин кўрсатишига умид қилиш мумкин. Чунки Уокер энди 24 ёшда. Муҳими, у қунт билан изланиш, юксак марралар сари дадил интилишдан чарчамаса, бас.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 22:40, 20.11.2014.
Ўқилди: 3142 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.