Кириш Регистрация
03/07 00:00 Австрия 1-2 Туркия
03/07 06:00 Бразилия 1-1 Колумбия
03/07 06:00 Коста-Рика 2-1 Парагвай
05/07 06:00 Аргентина - Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция

«Обод» ва «Оқ-тепа» олий лигада қатнашишга тайёр! ПФЛ нима дейди?

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафта ПФЛ расмий сайти 2015 йилги мавсумда олий лигада 16та жамоа иштирок этишини маълум қилди. Гарчи расмий сайтда “Андижон” ва “Сўғдиёна”нинг олий лигада қолганлиги ҳақида маълумот берилмаган бўлса-да, ЎФФ президенти, сенатор Мираброр Усмонов Андижонга қилган сафари давомида бу ҳақида айтиб ўтди. Айнан шу гап жиззахлик футбол мухлисларини ҳам байрам қилишларига замин яратди. Сабаби, мавсумни 14-поғонада якунлаган “Андижон” олий лигада қолган бўлса, “Сўғдиёна” ҳам кучлилар сафидаги ўрнини сақлаб қолиши аниқ.

Иштирокчилар сони кўпайтирилди, нима ўзгаради?

Фикримча ҳеч нарса, яъни олий лигада иштирокчилар сони кўпайиб қолгани билан футболчиларимиз савияли бўлиб қолмайди. Ёки клубларимизнинг молиявий муаммолари ҳал бўлмайди. Дарвоқе, келишилган учрашувлар сони ҳам камайишига ишониш қийин. Аксинча, кўпайиши мумкин. Чунки энди жамоалар 30тадан учрашувда майдонга тушишади. Табиийки, бутун мавсум давомида режалар ҳам, вазиятлар ҳам ўзгариши мумкин. Майли, бу ёғи бошқа масала.

ОАВни қизиқтирган масала шуки, нега олий лига иштирокчилари сони кўпайтирилди? Бунинг замирида нималар ётибди? Хўп, ОФК биздан чемпионатда ўйинлар сонини кўпайтиришни талаб қилаётган экан, мусоқа тизимини ўзгартириш ҳақида бош қотирсак бўлмасмиди? Иштирокчилар сонини камайтириш орқали ҳам ўйинлар сонини ошириш мумкинлигини эндигина футболни тушунадиган бола ҳам билади. Нега ПФЛ шундай ўзгаришлар ҳақида бош қотиришни истамайди? Нега осон йўлни танлаб қўя қолади? Ўзгаришлар ҳақида сўрасангиз сиздан фикр сўрайди. ПФЛда принцип деган нарса борми ўзи? “Андижон” билан “Сўғдиёна” олий лигада қолгани билан чемпионатимизнинг савияси ошиб кетмайдику! Бу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатлигини барча билади. “Андижон” 50 йиллик юбилейи муносабати билан клубга совға тариқасида олий лигада қолдирилган бўлса, ҳар йили қайсидир шаҳримиз ўз юбилейини нишонлайди. Келинглар, уларга ҳам имконият берайлик ва олий лиганинг номини “юбилиярлар лигаси” деб белгилаб қўяйлик. Агар олий лига иштирокчилар сонининг оширилиши чемпионатимиз савиясининг ошишига ҳеч бўлмаса 10 фоиз хизмат қилганида ПФЛнинг қарорига ҳеч қандай эътироз билдирмасдим. Лекин ундай эмаслиги барчага аён. Назаримда ПФЛнинг ўзи ҳам буни билади. Аммо...

Албатта олий лига иштирокчилари сонини оширилиши биргина инсоннинг сўзи билан ҳал бўлмагандир, қайсидир йиғилишларда муҳокамага қўйилгандир. Шу ерда ОАВнинг ҳам фикри инобатга олинганида мақсадга мувофиқ бўлармиди? ПФЛ танқид қилинишини ёмон кўрар экан, нега унда ОАВ билан ҳисоблашишни маъқул кўрмайди? Ўзгаришлар ҳақида сўрасангиз таклифингизни сўрайдиган бу ташкилот, нега шундай муҳим паллада ОАВга мурожаат қилмади, нега жим турди? Ўйлашимча, футбол соҳасида қалам тебратаётган деярли барча журналистлар олий лигада иштирокчилар сонини 16тага етказилишига ижобий жавоб қайтармасди.

Тўғри, ПФЛ расман “Сўғдиёна” билан “Андижон”ни олий лигада қолганини тасдиқламади, аммо бу катта давраларда ҳал бўлган кўринади. Биласизми кимларга ачинаман? Биринчи навбатда мухлисларга, кейин клубларга бириктирилган ҳокимият ва уларнинг расмийларига. Ундан сўнг пулларини ололмай, вақтини машғулотларга эмас, пулга сўрашга сарфлаб юборадиган футболчиларга. Клубларимиз ҳокимиятнинг қўлида экан, шундай бўлаверади. Ҳокимиятга қарашли яна 4та жамоани олий лигага қўшиб, иштирокчилар сонини 20тага етказилмайдими, ҳеч нарса ўзгармайди. Бечора ҳокимликлар шунча иши қолиб, савиясиз футболчиларга ҳам катта суммадаги пулларни ҳам топиб беришга мажбур. Албатта, ҳукуматимиз томонидан бириктирилганидан кейин бу уларнинг вазифаси ҳисобланади, аммо футболчилар мазмунли ўйин намойиш қилиб, мухлисларни стадионга келишларига мажбур қила олишганида, бундан ҳам чарчоқ чиқарди ҳам чипталардан қанчадир пул ишланарди. Бизда на униси ва на буниси бор. Шунинг учун ҳам ҳоким буваларимизга ачинаман! Уларнинг бош-оғриқлари яна биттага кўпаядиган бўлди.

ПФЛ олий лига иштирокчилари сонини 16тага етказгани етмаганидек, спорт принципларига (бу ерда регламент назарда тутилаётгани йўқ) амал қилмасдан олий лигадан тушиб кетган икки клубни осонлик билан лигада олиб қоляпти. Ваҳоланки, ОАВ “Сўғдиёна” ва “Андижон”ни биринчи лига вакиллари “Обод” ҳамда “Оқ-тепа” билан ўтиш ўйинларида майдонга тушишини кутганди. Агар ПФЛ ўзини ҳурмат қилишимизни истаса шундай қилиши керак. Майли, Жиззах ва Андижонга катта футбол керакдир, аммо ўтиш ўйинларини ўтказиш шарт эди. Кўпчилик биринчи лига жамоаларини олий лигага чиқишга тайёр эмас, деб ўйлаётгандир. Лекин ундай эмас. Мен ўтган ҳафта ҳар иккала клуб раҳбарлари билан бу борада гаплашдим, уларнинг ҳар иккиси ҳам жамоа тайёрлигини алоҳида таъкидлади. 

Ҳозир гап ПФЛ нега ўтиш ўйинлари ташкил қилмагани ҳақида кетмоқда. Қизиқ, олий лигада ҳеч ким тушиб кетмаса! Аҳамиятлиси, катта эҳтимол билан келаси йили биринчи лигада олий лигага даъвогар жамоанинг ўзи бўлмаслиги мумкин. Унда нима кераги бор чемпионат ўтказишни? Биттасидан тушадиган клуб йўқ, иккинчисидан чиқадигани! Йиғлашни ҳам, кулишни ҳам билмайсан киши. Нега ПФЛ шу оддий жиҳатга ҳам эътибор қаратмагани кишини ажаблантиради. Юқорида таъкидлаганимиздек, Андижон ва Жиззахга катта футбол керакдир, шундай бўлса ҳам спорт принципларига амал қилган ҳолда ўтиш ўйинлари ўтказиш зарур эди. Балки биринчи лига клублари матонат кўрсатармиди? Мабодо матонат кўрсатмаса ҳам “Сўғдиёна” билан “Андижон” тайёр совғани чўнтагига солмасдан бироз бўлса-да, меҳнат қилармиди?

Таъкидлаганимиздек, ПФЛ ҳали расман олий лига иштирокчилари сонини маълум қилгани йўқ. Шундай экан, ўтиш ўйинлари ҳақида бош қотириб кўрса бўларди. Мазкур кичик турнирда 4тагина ўйин бўлади. Агар тўртта кўплик қиладиган бўлса, 2тагина ўйин билан ҳам барча масалага ойдинлик киритиб, ҳар хил шубҳа-ю, гумонлар ва танқидларга чек қўйиш мумкин. Шунинг учун ПФЛ якуний қарорни қабул қилишдан аввал бироз ўйлаб кўришини сўраб қолардик!

Фурқатбек НИШОНОВ

Манба: www.arena.uz
Киритилди: 14:50, 26.11.2014.
Ўқилди: 4330 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.