Анъанамизга содиқ қолган ҳолда якунига етган куннинг энг муҳим 5 та воқеаси ҳақида тўхталиб ўтамиз.
"Олтин тўп"ни Блаттер оладими?
Грециянинг "Олимпиакос" клуби бош мураббийи Мичел роса "приколчик" чиқиб қолди. Нима эмиш унга қолса "Олтин тўп"ни Ёзеф Блаттерга берармиш! Бу ФИФА президентига мулозаматми ёки танқид? Майли, ҳазилни йиғиштирамиз. Бу аслида танқид эди. Мичел бу ҳақда қуйидагича гапларни гапириб ўтди: Ўзимга қолса, "Олтин тўп"ни Блаттерга берган бўлардим. Унинг "шарофати" билан бу соврин шоуга айланиб кетди". Ҳақиқатдан унинг фикрларига тўлиқ қўшилиш мумкин. Биринчидан "Олтин тўп" соврин эгасини аниқлаш учун қўйилган тизимни ўзгартириш керак. Шунда кўплаб баҳс-мунозаралар сал бўлсаям камаярмиди? Нима дедингиз?
Риберининг ақли заиф эмас ёхуд у "Олтин тўп"ни Роналду олишини билган экан!
Мюнхеннинг "Бавария" клуби ярим ҳимоячиси Франк Рибери 2013-йилги "Олтин тўп" ноҳақлик туфайли Криштиану Роналдуга берилганини таъкидлаб ўтди. Футболчи қуйидагича фикрларни билдирди: "Мен "Бавария" таркибида 5 та жамоавий ва 3 та шахсий совринларни қўлга киритдим. Шунга қарамай ўтган йили мени "Олтин тўп"га лойиқ кўрмадилар. ФИФА президенти Зепп Блаттер тақдирлаш маросими бошланиши олдидан ҳаяжон билан Роналдуни олқишлаётганини кўргандим. Буни тасдиқловчи кўплаб суратлар бор. мен ақли заиф эмасман ва ўша ондаёқ Роналду ғолиб чиқишини билганман". Қизиқ Франк бу гапларни нега энди ўша пайтда эмас, орадан сал кам 1 йил вақт ўтганидан сўнг айтаяпти экан? Ҳа, унга совринни беришмагани ёмон алам қилган бўлса керак. Ахир француз футболчисининг хотини олтиндан ясалган жой учун уйида махсус жой ажратиб қўйгандида. Нима бўлган тақдирда ҳам, Рибери "Олтин тўп"сиз ҳам буюк футболчилар қаторидан жой олиши аниқ.
Платини "Олтин тўп"ни немислар олишини хоҳламоқда
Мишел Платини ҳам "Олтин тўп" ҳақида ўз фикрларини билдириб ўйтди: "Олтин тўп"ни олишга бир нечта футболчи ҳақли. Аммо мен ушбу совринни Жаҳон чемпиони олиши керак, деган фикрдаман. Ҳудди шу гапни 4 йил олдин ҳам айтганман. Ўшанда ҳам испан футболчиси олиши керак эди". Очиғи УЕФА президентининг бундай чиқиш қилиши бироз ғалати. Бундай катта ташкилотнинг раҳбари бўла туриб, "Олтин тўп"ни ким олиши ҳақида очиқчасига фикр билдириш, кўплаб норозиликларга сабаб бўлиши мумкин! Бир тарафдан унинг гапида жон бор! Бироқ жаҳон чемпиони бўлган терма жамоа сафида яққол ажралиб турган футболчининг ўзи бўлмаганини ҳам айтиб ўтиш керак. Mайли, бу алоҳида мавзу!
Мостовой масхарабознинг шогирди бўлган экан!
Кейинги пайтда футболчилар масхаравозларни роса безовта қилишмоқда. Яқиндагина Подолски "Мен масхаравоз" эмасман деб чиққан бўлса, энди Мостовой "масхаравознинг шогирди бўлганман" деб турибди. Бу кетишда футбол циркка айланиб қоладиёв. Хуллас гапни индаллосига ўтсак. Россиялик собиқ футболчи Александр Мостовой "Бенфика"да ўйнаган пайтлари ва ўша пайтдаги устози Томислав Ивични роса "мақтаб" ўтди: "У миясидан ўқ еган эди. У футболдан йироқ одам, футболни тушунмас, унинг қандай мураббий эканлигини тушунмаганман. Футбол қаёқдаю, у қаёқда! У қичқириши, бақириши ва ўпиши мумкин эди. Қандайдир мултфилм қаҳрамони эди. У мен учун масхаравоз эди.". Саша бу гапларни одамларни кулдириш учун айтганмикан ёки ўша мураббий ростанам шунақамикан? Лекин у сўзлардан фойдаланишни ўз ўрнига қўйибди. Қойил қизиқчи Масатвоой!
Неста ҳам "Боливудда"!
Италия терма жамоасининг афсонавий ҳимоячиси Алессандро Неста футболни қумсаб қолган кўринади. 38 ёшли футболчи фаолиятини аллақачон якунлаган эди. Бироқ у ҳам дел Перо ва Матерацциларга ўхшаб "Болливуд фильмларида" суратга тушишни, йўғ-э, Ҳиндистон чемпионатида майдонга тушишни ният қилиб қолди. Неста 5-декабрда Ҳиндистон Суперлигасида иштирок этаётган "Ченнай" таркибида майдонга тушиши мумкин экан. Ҳа, Неста футболсиз яшай олмайди. Кўрамиз унинг ҳинд диёридаги саргузасжтлари қандай кечаркан?
Фурқат Юсупов