Кириш Регистрация
24/11 00:45 Парма 1-3 Аталанта
24/11 01:00 Сельта 2-2 Барселона
24/11 15:00 Металлург 1-0 Сурхон
24/11 16:30 Женоа 2-2 Кальяри
24/11 17:15 Сўғдиёна 2-0 Локомотив
24/11 18:00 Осасуна 2-2 Вильярреал
24/11 19:00 Саутгемптон 2-3 Ливерпуль
24/11 19:00 Торино 1-1 Монца
24/11 19:00 Комо 0-2 Фиорентина
24/11 20:15 Севилья 1-0 Райо Вальекано
24/11 21:30 Ипсвич 1-1 Ман. Юнайтед
24/11 22:00 Наполи 1-0 Рома
24/11 22:30 Леганес 0-3 Реал Мадрид
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 22:30 Эмполи - Удинезе
26/11 00:45 Венеция - Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл - Вест Хэм

Умид Исоқов: «Вақти келиб футболга яна қайтарман»

Баҳо:
+ | -

Сир эмас, миллий чемпионатимизда иштирок этаётган клубларда маҳоратли ҳужумчиларга эҳтиёж сезилмоқда. Рақиб дарвозаси олдида яратилган хавфли вазиятларни голга айлантирадиган футболчилар сони тобора камайиб боряпти. Авваллари чемпионатимизда Дилшод Ўрмонов, Шуҳрат Мақсудов, Жаъфар Ирисметов, Умид Исоқов, Бахтиёр Ҳамидуллаев, Зафар Холмуродов сингари тажрибали футболчилар ҳар чемпионатда тўпурарлик бобида етакчилик қилишарди. Номлари тилга олинган ҳужумчилар мавсум давомида рақиблар дарвозасини 25тадан 30тагача, ундан ҳам кўпроқ голлари билан нишонга ола билишарди. Ҳозирчи, шуларга ўхшаган истеъдод эгалари бармоқ билан санарли бўлиб қолаётгани ачинарли ҳол, албатта. Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси таркибида мамлакат чемпиони, Ўзбекистон Кубоги соҳиби, тажрибали ҳужумчи Умид Исоқов рақиб ҳимоячиларига етарлича ташвиш туғдирганини мухлисларимиз ҳали унутишганича йўқ.

Мамлакатимизда чоп этиладиган футбол нашрларида Умид Исоқов борасида камдан-кам ҳолатларда маълумотлар берилади. Айни пайтда унинг нима иш билан банд эканлиги эса кўпчиликни қизиқтириши табиий. Шуларни ҳисобга олиб, мухбиримиз Умид Исоқов билан суҳбатлашди.

— Аввалом бор, бугунги таваллуд айёмингиз билан самимий қутлаб, сизга ва оилангизга сиҳат саломатлик, тинчлик хотиржамлик тилаб қоламиз. (Ўзбек футболи ва миллий чемпионатимизнинг энг ёрқин ҳужумчиларидан бири Умид Исоқов, бугун 36 ёшини қарши олди – муал.).
— Табрик учун катта раҳмат.

— Ҳақиқатдан ҳам айни пайтда нима ишлар билан шуғулланяпсиз?
— 2010 йили катта футбол билан хайрлашгач, маълум муддат дам олиб, соғлигимни тикладим. Ҳозир эса савдо соҳасида ишлаяпман. Тирикчилик.

— 32 ёшингизда, ҳали яна тўп тепиш имконингиз бўла туриб футболчилик фаолиятингизни якунладингиз.
— Шундай бўлиб қолди. Футбол ўйнаб юрган кезларим бошим тез-тез оғриб турарди. Аксарият ҳолатларда уколлар орқали майдонга тушардим. Охир-оқибат, шу касаллик туфайли катта футболдан барвақт кетишимга мажбур бўлдим.

— Ҳозирчи, аҳволингиз яхшими?
— Анча вақт даволандим. Шукрки, барча муаммолар ортда қолди, ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.

— Футбол-чи? Мураббийлик соҳасида ўзингизни синаб кўриш истагингиз йўқми?
— Бундай ниятим ҳам йўқ эмас.

— Хабарингиз бордир, биринчи клубингиз «Қўқон-1912» олий лига йўлланмасини қўлга киритди.
— Жуда хурсандман. Жамоамиз аъзолари қўқонлик футбол ихлосмандларига қувончли онларни туҳфа этишди. Фурсатдан фойдаланиб, барча мухлисларни, жамоа аъзоларини мазкур муваффақият билан самимий қутлайман.

— Жамоанинг ўйинларини кузатиб бордингизми?
— Баъзи-баъзида.

— Наҳотки доимий кузатишнинг имкони бўлмади?
— Яширмайман, вақт масаласида бемалол эмасман. Иш билан бўлиб телевизордаги ўйинларни ҳам кам кўраман. Мана энди қўқонликлар кучлилар сафига қўшилишди. Насиб қилса, келаси мавсумдан жамоанинг ашаддий ишқибозига айланаман.

— Охирги марта қайси учрашувни томоша қилдингиз?
— Шимолий Корея ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоалари ўртасида кечган баҳсни. Афсуски, укаларимиз йирик ҳисобда ютқазиб қўйишди. Энг алам қилгани, шу ўйинда ёшларимиз рақиб дарвозаси олдида жуда кўплаб хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Аммо гол урадигани топилмади. Кореяликлар эса юзага келган ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишди. Тўғри, ёшларимиз «Мундиал»га йўл олиб бўлишганди. Аммо қайд этилган натижа ўзбек футболига ярашмайди, деб ўйлайман. Шимолий Кореяга қарши кечган баҳс термамизнинг ҳимоя чизиғидаги камчиликларини кўрсатиб берди. Ҳар ҳолда жаҳон чемпионатида юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишлари талаб этилади.

— Эътибор беряпсизми, футболимизда гол уриш самарадорлиги пасайиб кетяпти?
— Менимча, футболчиларнинг «юлдузлик» касалига тез чалинишаётгани футболимизнинг асосий муаммо бўлиб қоляпти. Нафақат асосий таркиб, балки ёшлар лигасида ҳаракат қиладиган «йигитчалар» беш-олтита гол уриб, бирданига «юлдузчалар»га айланиб қолишаётгандек, озгина танилиб қолгач, ўз устиларида ишламай қўйишаётгандек. Айтингчи, бу тоифадагилар терма жамоаларимиз манфаатига хизмат қила олишадими, халқаро майдонларда чин дилдан ўзбек футболи шаънини муносиб ҳимоя этишларига ким кафолат беради?! Яна бир гап. Аҳён-аҳёнда футболчиларимизнинг ёшлари кичиклаштирилгани қулоққа чалиниб туради. Айрим мураббийлар шу йўллар орқали бирор-бир мусобақада ижобий натижа қайд этган ҳолда ўз раҳбарига яхши кўринишни истайди. Ваҳоланки, «улар» ўзбек футболининг келажагини алдашяпти. Демоқчиманки, «ўқланган» футболчиларга қарши кураш фурсати келди. Мазкур нуқсондан тезда ҳоли бўлмасак, ўзбек футболининг халқаро миқёсидаги обрўсига путур етиши ҳеч гап эмас.

— Яна юқоридаги саволга қайтсак — гол урадиган футболчилар сони камайиб боряпти. Сизнингча, ҳимоячилар ишончли ўйнашяптими ёки ҳужумчилар ўзларини кўрсата олишмаяптими?
— Ўша пайтларда «Пахтакор», «Дўстлик», «Навбаҳор» сингари жамоалар таркибида асосан мамлакат миллий терма жамоасига номзод кучли ҳимоячилар ҳаракат қилишарди. Шунга қарамасдан рақиб дарвозасини ишғол этишга ҳаракат қилардик. Аслида, ҳужумчининг вазифаси гол уриш-ку. Магометов, Ашурматов, Гочкулиев каби тажрибали ҳимоячиларга қарши тўп суриш анча мушкул эди. Ҳозирчи? Тошкентлик банкирлар либосида майдонга тушаётган ҳимоячи Абдумажид Тоировни олайлик. Мажид ака 40 ёшдан ошган бўлса-да, ҳамон сафда. Демоқчиманки, 20 ёшли умидли футболчи у кишидан ўтиб кета олмаяпти. Тиббиётдан маълумки, инсоннинг ёши ўтган сари унинг танаси ҳам «қариб» боради. Шу боис олдинги жисмоний ва функционал ҳолати бироз сусаяди. Хуллас, ҳар бир ҳужумчи машғулотлар чоғида гол урадиган вазиятлар борасида тинимсиз ишлаши лозим. Негаки, ҳужумчи гол урса мухлис мамнун бўлади, жамоангиз ғалаба қозонади.

— «Нефтчи»нинг ўйинларини ҳам кузатиб боряпсизми?
— Баъзида у ердаги баъзи йигитлар билан телефон орқали боғланиб тураман. Жамоанинг ғалабаларига улкан ҳисса қўшган тажрибали мутахассис Юрий Саркисяннинг ўз вазифасидан бўшатилгандан бери, менинг қадрдон клубим ҳали ўзига кела олмаяпти. Гўёки, Вазгенич «Нефтчи»нинг баракасини олиб кетгандек. Оддий мисол, Сэр Алекс Фергюсон МЮ билан хайрлашгач, манчестерликлардан омад юз ўгирди. Ўтган йили Девид Мойес бошчилигидаги «Манчестер Юнайтед»нинг 6-ўринни эгаллаб, Европа чемпионлар лигасига чиқа олмагани ҳам юқоридаги фикримни исботлайди. Юрий Саркисян «Нефтчи»ни обрў топишига ва узоқ йиллар давомида пешқадамлар сафида юришига бор билим ва тажрибасини сарфлаганди. Мен ҳам ундан умрбод миннатдорман. Вақти келиб футболга яна қайтарман, ким билади, балки ҳали у билан яна бир сафда ишлаш насиб қилиб ҳам қолар.

Неъматжон АҲМЕДОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 22:40, 22.12.2014.
Ўқилди: 5005 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.