Кириш Регистрация

Гинтарас Стауче: "Қани менинг медалларим?"

Баҳо:
+ | -

Бир пайтлар «Спартак» (Москва) клуби шарафини ҳимоя қилган литвалик дарвозабон Гинтарас Стауче Европани кеза-кеза яна Россияга қайтди. Аниқроқ айтсак, у апрель ойидан бери «Динамо» мураббийлар штабида ишлаяпти, яъни дарвозабонларни шуғуллантиряпти. 24 декабрь куни 45 ёшга тўлган собиқ футболчи турли мамлакатларда ўйнаб, кўплаб тарихий шахслар билан танишган. Шундай экан, унинг фаолияти билан танишиш кўпчиликни қизиқтирса, ажабмас.

Габулов

- Кўпчиликнинг таъкидлашича, сизнинг машғулотларингиз ўта қизиқирли экан. Ҳатто кўпни кўрган Роман Березовский ҳам лол қолибди. Уларни ўзингиз ўйлаб топасизми?

- Менинг фалсафам бўйича дарвозабон ўйин пайти юзага келадиган ҳар қандай вазиятга тайёр туриши шарт. Қўйиб юборилган ҳар бир гол мен учун сабоқ вазифасини ўтайди, хатони бартараф этиш йўлларини излашга ундайди. Чунки майдондаги вазият тез-тез такрорланиб туради. Мақсадим, кимларнидир лол қолдириш эмас. Муҳими, учрашув арафасида дарвозабонга фақат мукаммал даражада бажарадиган машқларни топшириш керак. Акс ҳолда, ўзига нисбатан ишончини йўқотиб қўяди ва бу ўйинига салбий таъсир қилади.

- Виктор Чанов Киевда ўйин арафасида Шовковскийга алоҳида топшириқ беришни одат қилибди. Сизчи?

- Менимча, дарвозабонларнинг охирги паллада бошқа футболчилар билан бирга ишлашлари маъқул.

- Голкипер асосий таркибда майдонга тушиш-тушмаслигини қачон аниқ билади?

- Ўйинни бошладими, демак, у - асосий посбон.

- Биринчи хатогача-ми?

- Йўқ. Битта хатодан кейин дарвозабонни дарров алмаштириш - энг катта бемаънигарчилик! «Дуйсбург»да миямга шундай ақидани сингдиришганди: «Хато қилишга ҳаққинг бор. Лекин қаторасига 2та ўйинда эмас...».

- «Динамо»да бу тушунчага риоя қиляпсизларми?

- Аввало, хатодан кейин дарвозабон ўзини қандай ҳис этаётганига эътибор берамиз. Агар тушкун кайфиятда бўлса, захирага оламиз.

- Габуловнинг жорий мавсумдаги асосий муаммоси нима?

- Руҳияти.

- Яъни?

- Бир пайтлар хоккей бўйича собиқ иттифоқ терма жамоасига руҳшунос келганди. Марҳум Тихонов унга энг босиқ хоккейчи - Третьякни рўпара қилибди: «Шу йигит билан ишла». Чунки у машғулотларда ҳар қандай мураккаб зарбаларни бартараф этарди. Лекин ўйин пайти оддий ҳолатларда хатога йўл қўярди.

- Габулов олдига ҳам бирор мутахассис келдими?

- Йўқ. Унинг камчилиги шунчаки, биринчи қаватдан бирдагина бешинчи қаватга кўтарилишни истайди: «Бу йил бутун фикру-зикримни ўйинга қаратганман. Худди пружинадекман! Барчасига улгуришим керак - ЕЛ, чемпионат, кубок баҳслари, терма жамоага қайтиш...».

- Бунинг нимаси ёмон?

- Мен унга яхшилаб тушунтирдим: «Володя, шошма! Аввал биринчи учрашувни ўтказиб ол. 2015 йил ҳақида ўйлашнинг нима кераги бор?» Майдонга тушгач, гол қўйиб юборди. Натижада кайфияти тушиб кетди. Кейин яна гол... Фақат қисқа танаффусдан сўнггина ўзига келди.

- Россия академиясида «А» лицензиясига эга бўлиш 230000 рублга тушади. Германиядачи?

- 2 баравар арзонроқ. У ерда «А» ҳамда «В» тоифадаги лицензиялар учун ўқидим. Таҳсил жараёни ўта жиддий. Кун бўйи машғулотлар билан банд бўласан, тунда мустақил шуғулланасан. Оғзаки ва ёзма имтиҳонлардан ўтгач, ўқув доскаси ва майдонда қайта синовдан ўтасан.

- Айтишларича, 5 хил тилни билар экансиз...

- Литва, рус ва немис тилларида бемалол гаплашаман. Серб тилини мукаммал даражага етказолмадим, турк тилини ўрганиш эса осон кечди. Лекин фикр-мулоҳаза юритиш учун она тилим қулай, барибир.

- 2009 йили «Спартак» сиз билан ўртадаги битим муддатини узайтиришни хоҳламади. Сабабини биласизми?

- Йўқ. Нима учун шундай бўлганини ҳали-ҳануз тушонолмайман. Лекин воқеалар ривожининг бундай кўринишини аввалдан кўнглим сезганди.

- Червиченко ёш Сослан Жанаев хатоларини изоҳлаб, шундай деганди: «Бу унинг эмас, дарвозабонлар мураббийининг камчилиги».

- У ҳақ. Чиндан ҳам, мен айбдорман. Чунки Жанаев нотўғри йўлдан кетаётганини унга вақтида айтолмаганман.

- Дарвозабон сифатида нотўғри йўлда эканлигиними?

- Йўқ, инсон сифатида.

- Яъни у юлдузлик касалига чалинган...

- Йўқ. Карпин футболчиларни ўзи билан тенг кўрарди. Доимо ресторанлар, яна қандайдир жойларга бирга олиб борарди. Натижада Сос­лан жангчи эканлигини унутиб қўйди. Уни ўз вақтида огоҳлантиришим керак эди: «Тўхта! Эс-ҳушингни йиғиб ол, эътиборингни машғулотларга қарат».

- Сиз келган пайт Карпин футболчи эди. Кейин мураббий, бош директорга айланди. Шу давр ичида анча ўзгаргандир...

- Заррача ўзгаргани йўқ. Қандай эҳтиросли, жиззаки бўлса, шундайлигича қолди.

Бесков

- «Спартак»ка сизни Бесков таклиф қилганми?

- Ҳа. 1988 йилнинг февралида ўсмирлар терма жамоаси билан Болгариядан учиб келгандим. Аэропортда «Спартак» селекционери қарши олди. Унинг таклифини рад этдим: «Қанақа «Спартак», қанақа Москва?» Ахир ўшанда 17 ёшли йигитча эдим, рус тилида унча сўзлашолмасдим. Фақат ҳурмат юзасидан унинг телефон рақамларини ёзиб олдим. Кетар чоғи эса, менга шундай маслаҳат берди: «Қизишма, хотиржам ўйлаб кўр. Бесков тезда жавоб беришга мажбур этмайди...». Вильнюсга борсам, «Жальгирис»нинг 2та таркиби ҳам хориж йиғинига кетибди. Машғулот ўтказишнинг иложи йўқ. Бир неча кундан сўнг эса, терма жамоа сафида яна муҳим учрашувда майдонга тушишим керак. Хуллас, спорт формамни сақлаб туриш мақсадида Спартак»ка йўл олдим.

- У ерда қанча шуғулландингиз?

- 2 ҳафта. Машғулотлар оғир эди, улар тугагач, оёқларимни аранг кўтарардим, қўлларимни сезмай қолардим. Ҳайронман, Бесковга қайси фазилатим ёқиб қолган экан? У «Қоласан, сендан иккинчи Яшинни тарбиялайман!»-деганида ҳайратдан қотиб қолгандим.

- Литвада бунга қандай муносабатда бўлишди?

- «Жальгирис» жон-жаҳди билан қаршилик қилди. Ҳаттоки, ота-онамни қўрқитишган ҳам: «Агар ўғлинг қайтиб келмаса, уни ҳарбий хизмат учун афғонга жўнатиб юборамиз!». Бироқ бу шунчаки, дўқ-пўписа эди. Май ойида иттифоқ қўшинлари Афғонистондан қайтарила бошланди.

- Умуман олганда, «Жальгирис» дарвозабонлар масаласида муаммоларга дуч келмаган. Сиздан ташқари, Юркус, Калинаускас ва Мартинкенас каби моҳир посбонлар тайёр туришганди. Ҳозирги кунда улардан фақат охиргиси ҳаёт эмас, тўғрими?

- Ҳа. Юркус ёшлар терма жамоасида дарвозабонларга устозлик қилмоқда. Калинаускас футболни тарк этди. Мартинкенас бундан 10 йил муқаддам Словенияда вафот этди. У ерга Эстониянинг «Флора»си билан борганди. Дарёда чўмилаётган пайт сувга шўнғибдию, қайтиб чиқмабди. Айтишларича, боши билан тошга урилган. Унинг Алитусдаги дафн маросимида иштирок этгандим.

- Таажжубки, жажжигина шаҳарча футбол оламига 3 нафар моҳир дарвозабон - сиз, Мартинкенас ва Карчемарскасни тортиқ этганди.

- Карчемарскаснинг уйи қаерда эканлигини билмайман. Вальдас ва менинг уйимни эса бор-йўғи 20 метр ажратиб турарди. Бир жойда улға-йиб, бир-биримизга устозлик қилганмиз.

- 1994 йил. Тольятти. «Спартак» 5:1 ҳисобида ғалабага эришган, аммо сиз кийиниш хонасида йиғлагансиз. Ўшанда нима бўлганди ўзи?

- Ўша мавсум ҳисобимизда 2:1, 3:1, 4:1 кўринишидаги ғалабалар бор эди. «Лада»га қарши учрашувнинг сўнгги дақиқаларида ҳам 5:0 ҳисоби сақланиб турганди. 90-дақиқада пенальтини тўсдим. Лекин сўнгги сонияларда кутилмаган зарба... Тўпни қайтардим, иккинчи зарбани ҳам бартараф этдим. Лекин учинчисига улгурмадим. Шу сабабли, ўзимни тутолмадим. Ўшанда Романцевнинг ўзи мени овутишга уринганди.

 

Дасаев

- Дасаевнинг машғулотлар чоғидаги ҳаракатларидан қайсиларини эслаб қолгансиз?

- Юксак техника ва пластикликни. Тўп ундан ҳеч қачон қочиб кетолмасди. Чунки Ринат у билан доимо ўта эҳтиёткорлик, мулойимлик билан муо-мала қиларди.

- Черчесовчи?

- У ҳам. Доимо тўғри позиция танлагани боис, ҳар қандай зарбани тўсарди.

- Турли мамлакатларда чамаси 10та клуб шарафини ҳимоя қилгансиз. Айтингчи, бирор жамоада сиз билан саломлашмайдиган рақобатчига дуч келганмисиз?

- Йўқ. Лекин бундеслигада аниқроғи, Билефельдда қайсидир дарвозабон ўз рақобатчиси қўлқопларига елим қуйиб қўйганини эшитганман. Бу нохуш воқеа машғулотлар пайти юз берган бўлсада, ўша шўрликни жамоадан четлатишган экан.

- Собиқ иттифоқ даврида сифатли қўлқоплар «анқонинг уруғи» бўлгани ростми?

- Бир жуфт қўлқоп хазинага тенг эди. «Спартак»да Adidas фирмасининг қўлқопларини беришсада, сифати жуда паст бўларди. Улардан фойдаланишдан кўра, қўлқопсиз ўйнаш яхши эди. Дасаев эса немислар фирмаси билан шахсий шарт­нома тузганди. Унинг кафтларини ўлчаб олган ҳолда, махсус қўлқоплар тикиб беришарди. Бир марта кийиб кўрганман - фантастика!

- Дасаев лоақал эски қўлқопларини бериб тургандир...

- Йўқ. Лекин Черчесов ўз қўлқопларини мендан аямасди. Ўсмирлар терма жамоаси билан Европа чемпионати бронза медалини қўлга киритганимизда, мукофот пули - 100 ёки 200 долларни тўлалигича қўл-қопларга сарфлаганман.

- Эътиборлиси, айнан ўша турнирда ГДР терма жамоаси дарвозасига ҳал қилувчи голни сиз ургансиз...

- Тўғри. Ўзим 3-пенальтини тўсишга муваффақ бўлдим. Жамоадошларим эса «лотерея»ни давом эттиришга ошиқишмади. Кейинчалик маълум бўлишича, беларуслик футболчи 11 метрлик зарбани амалга оширишга журъат этолмаган экан. Мен эса, зарбани хотиржам амалга оширдим ва ғалабани нишонлаш учун  трибуналар сари чопиб кетдим.

 

Романцев

- Романцевнинг қандай кўрсатмалари ёдингизда қолган?

- У 1989 йили жамоани қабул қилиб олгач, мени ҳузурига чорлади: «Гинтарас, «Жальгирис» сени қайтариб олмоқчи. Ихтиёр ўзингда. Лекин менга кераксан». Мураббийга шундай жавоб қайтардим: «Иванич, сизга керак эканман, саволга ўрин йўқ!» Кейинчалик «Галатасарой» мени ҳам, «Спартак»ни ҳам кўндирди.

- Катта маош таклиф қилган бўлса керак-да...

- «Спартак»дагидан 50 баравар кўп! Лекин келишувни менсиз ҳал қилиб қўйишганди.

- 1994 йили «Спартак» чемпионатда ғолиб чиққанида, сиз ҳам олтин медаль олганмисиз?

- Йўқ. Ўшанда ҳам, ундан аввал ҳам бирорта соврин олган эмасман. Жамоа бошлиғидан «Менинг медалларим қани?» - деб сўрасам, у елка қисишдан нарига ўтмади. Балки менга етмай қолгандир, балки унутишгандир...

- Алам қиладиган вазият.

- Ҳе йўқ. Кўникиб қолганман. Муҳими, «Спартак» муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшганим!

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 18:18, 07.01.2015.
Ўқилди: 3716 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.