Якунланган йил немис футболи тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилганига заррача шубҳа йўқ - Германия миллий жамоаси узоқ йиллик танаффусдан сўнг ниҳоят, жаҳон кубогини қўлга киритди! Бразилияда чемпионлик сони бўйича «пентакампеонлар»га максимал даражада яқинлашган ва Италия билан тенглашган бендесманншафтнинг барча аъзолари йил давомида фантастик шижоатни намойиш этишди. Шунингдек, немис заминида фаолият юритаётган бир қатор легионерларнинг фидойиликлари ҳам таҳсинга лойиқ. Марҳамат, Германия футболининг 2014 йилдаги энг ёрқин персонажлари билан танишинг.
Йоахим Лёв (Германия терма жамоаси бош мураббийи)
Июнь ойига қадар Германияда кўпчилик мутахассислар терма жамоа Лёв билан ҳеч қачон чемпион бўлолмаслигига амин эдилар. Унинг малакали мураббий эканлигини айтиш баробарида ўта кўнчилчан, ёқимтой, лекин пардоз андозлару олифта либосларга ҳаддан ташқари ўчлиги, гўё, термадаги вазифасини унутиб қўйганини таъкидлашди. Мундиал доирасида Жазоирга қарши кечган нимчорак финал баҳси тахминларни тасдиқлагандек бўлди - ҳимояда кўплаб хатоларга йўл қўйган жамоа сўнгги дақиқаларда оёқда зўрға турарди. Лекин шундан кейин минглаб мухлислар тамоман ўзга Лёв - қаттиққўл ва дадил мураббийни кўришди. У тезкор ва ўта чаққон француз «мушкатёрлар»ига қарши чорак финал баҳсида моҳир қўмондонларга хос дадиллик билан етакчилардан бири - Мертезакерни захирада қолдирди, ҳимоя марказини Боатенгга топширди. Сардор - Ламни эса у учун ноқулай ҳисобланган ўнг қанотга жойлаштирди, Хаведесни жиддий танқидларга қарамай, сўл қанотда қолдирди. Қарангки, Лёвнинг адашмагани саноқли кунлар ичида ойдинлашди: мустаҳкам ҳимоя қўрғонини ҳосил қилган бўлажак чемпион ҳал қилувчи 3та учрашув - французлар, бразилияликлар ва аргентиналиклар билан ўйинларда бор-йўғи 1та гол қўйиб юборди! Уни ҳам мусобақа мезбонларини 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратаётиб, яъни тақдири ҳал этилган ўйинда. Германия жаҳон кубоги билан қайтган қаҳрамонларни шоду-хуррамлик билан қарши олган пайт табиийки, Лёвнинг барча салбий жиҳатлари унутилди. У қудратли ва жасур қўмондон сифатида шон-шуҳратга кўмилди. Кимдир Лёвнинг 2003 йили Килиманжаро чўққиси (5895 метр)ни забт этганини ҳайрат билан эслади, бошқа биров унинг самолёт учувчиси гувоҳномасига эга бўлиш йўлидаги уринишларига тасаннолар айтди. Асосийси, Лёвнинг Евро-2016да ҳам бундестимга устозлик қилишга розилик бергани немисларни янада қувонтирди.
Сўз
- Ҳозирча терма жамоага устозлик қилишни давом эттириб, ўйинчилар маҳоратини янада мукаммал даражага етказган ҳолда, Франциядаги турнирда қатнашишдан кўра, ёқимлироқ юмуш кўрмаяпман. Қисқаси, айни пайт худди терма жамоага келган илк кунимдаги каби кучли иштиёқ оғушидаман.
Филипп Лам (Германия терма жамоаси собиқ сардори, «Бавария» клуби сардори)
2014 йилнинг 18 июли - германиялик мухлислар учун «қора кун»: терма жамоа таркибида 113 марта майдонга тушган, у билан 3та жаҳон (2006, 2010, 2014) ва шунча Европа (2004, 2008, 2012) чемпионатида иштирок этган Филипп Лам халқаро фаолиятини тўхтатди. 30 ёшли сардорнинг қарорини бутун Германия муҳокама қилди. Айримлар бундестим ўта ақлли, метин иродали, юксак савияли етакчи ўйинчисидан айрилганини афсус билан тилга олди. Бошқа тоифадаги мухлислар эса, футболчининг вақтида қабул қилган мардона қароридан қойил қолишди. Бу борада ҳатто Германия канцлери Ангела Меркель ҳам четда турмади. Мамлакатнинг биринчи хоними сардорнинг терма жамоа муваффақиятларидаги улушига юксак баҳо берди. Табиийки, немис футболининг казо-казолари ҳам ўз муносабатларини билдиришди. Айтайлик, «Боруссия» Д. бош мураббийи Юрген Клопп жуссаси кичик футболчини алоҳида олқишлади: «Филипп Ламга энг юксак ҳурматимни йўллайман! Унинг терма жамоа сафидаги ўйинлари сонигина эмас, балки юксак савияни намойиш этгани ҳам ҳайратланарли. Фантастика!». Ламнинг терма жамоадаги дебютини таъминлаган мураббий - Руди Фёллер эса уни шундай таърифлади: «Филипп ўйин савияси ва жисмоний ҳолатига кўра, кейинги ЖЧда ҳам муносиб тўп суришга қодир эди». Ламнинг қарори ҳатто ФИФА президенти Зепп Блаттерни ҳам бефарқ қолдирмади. Футболчининг «Бавария» билан тузган шартномаси 2018 йили ниҳоясига етади. Хосеп Гвардиола бундай жонкуяр инсон билан ишлашдан ғоят бахтиёр эканлигини таъкидлаб, уни ўзи устозлик қилган барча ўйинчилар орасида энг зеҳнлиси сифатида мақтади.
Сўз
-Бугун намойиш этганимиз фантастика! 120 дақиқа тер тўкдик. Ўйинчиларимизнинг нечоғли кучли эканликлари унчалик муҳим эмас. Асосийси, биз энг яхши жамоа аъзоларимиз! Турнир давомида борган сари кучлироқ ўйин кўрсатдик, бизни чалғитишларига имкон бермадик. Ниҳоят, орзиқиб кутилган чўққига кўтарилдик. Таърифлашга тил ожиз ҳиссиёт! (ЖЧ-2014 финалидан кейин).
Мирослав Клозе (Германия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси, «Лацио» клуби аъзоси)
Энди навбат рекордчилар рекордчисига. Иккинчи минг йилликнинг бошларида вақти келиб шу камтарин, тортинчоқ йигит афсонавий Герд Мюллер ва Роналдодан ўзиб кетишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз? Мундиал арафасида Миро Арманистон миллий жамоаси дарвозасини ишғол этиш орқали терма таркибидаги голлари сонини 69тага етказиб олди ва «миллат тўпурари» - Герд Мюллер рекордини «қулатди». Бразилияда эса 2та аниқ зарба ҳисобига ЖЧлар финал босқичида урган голлари сонини 16тага етказди. Яъни Роналдони ҳам «тахт»дан туширди.
Сўз
- Ўйинда бор-йўғи 2та спринтерча тезлик намойиш этасану, кейин кислород ёстиқчасини излаб қоласан. (Юқори ҳаво ҳарорати остида кечган Ганага қарши ўйинда захирадан майдонга тушган Клозе ҳисобни 2:2 кўринишига келтирганди).
Кристоф Крамер (Германия терма жамоаси ва «Боруссия» М. клуби ярим ҳимоячиси)
Мундиалга қадар бу футболчи фақат 2013|2014 йиллар мавсумида бош-қа касбдошларидан кўпроқ югурганлиги билан танилганди. Лёв эса уни саломатлиги талаб даражасида бўлмаган Швайнштайгер ва Хедира ўрнига кафолат сифатида жамоа сафига қўшиб олди. Ана шу «захира жангчиси» Бразилиядан юлдуз бўлиб қайтди. Қизиғи, фақат чемпионлик унвонини ютгани учун эмас - Кристофнинг финалда ўйнаши унга тайёргарлик кўраётган Хедиранинг жароҳатланганидан кейин маълум бўлди. Крамер учрашувни ўта хотиржам ҳолда, гўё, ЖЧнинг ҳал қилувчи баҳсида кимсан Мессининг жамоаси эмас, қандайдир «Аугсбург» каби ўртамиёна клубга қарши ўйнаётгандек совуққонлик билан бошлади. Бироқ 17-дақиқада Гарай билан тўқнашув оқибатида бошидан жароҳатланди. Шундан кейин Кристоф бош ҳакам - Риццолини 2 марта сўроққа тутиб, чиндан ҳам, финалда тўп сураётганлиги ҳақида сўради. Италиялик рефери футболчининг мияси қаттиқ чайқалганини дарров сезди ва алмаштиришларини сўради. Хуллас, 32-дақиқада Крамер ўрнига Шюррле туширилди. Кейинчалик Кристоф финалдаги ярим соатлик иштирокини умуман эслолмаётганини айтди. «Томи силжиб қолган» жамоадошларининг бу ҳолатидан бир қатор футболчилар унумли фойдаланиб, уни ҳазилларга кўмиб ташлашди. Масалан, Лам жиддий қиёфада интервью бериб, Кристоф ундан сардорлик боғичини тортиб олиш ва ҳакам билан либос алмаштиришга уринганини маълум қилди.
Сўз
- Финалдаги иштирокимни ҳеч қачон эслай олмаслигимга шифокорларнинг ишончлари комил...
Арьен Роббен (Голландия терма жамоаси ва «Бавария» клуби ярим ҳимоячиси)
Alleinikov - мухлислар майдондаги худбинлиги билан Сергей Алейниковни эслатадиган Роббенни бундан бир неча йил аввал шундай аташарди. Дарҳақиқат, ўша пайт Арьен кўпроқ ўзини ўйларди. Ҳозир эса фақат жамоани ўйлайди, шерикларига ажойиб тўп узатишларни амалга оширади. Албатта, ўзини ҳам унутмаган ҳолда - яқинда «Фрайбург» дарвозасини забт этиб, «Бавария»даги голлари сонини 100тага етказиб қўйди. «Лоларанглар» термасини эса Бразилияда совриндорлар сафига олиб чиқди. У бежиз Голландияда йилнинг энг яхши спортчиси сифатида эътироф этилмади. Шу пайтга қадар футболчилардан фақат Ленстра, Кройфф ва Гуллит бу мақомга эга бўлишганди.
Сўз
- Кўришгунча! (Тиришқоқ журналистнинг «Немис тилида бирор нарса денг?» деган илтимосига жавоб).
Марио Гётце (Германия терма жамоаси ва «Бавария» клуби ярим ҳимоячиси)
Марио Аргентина билан финал баҳсининг 113-дақиқасида абадийликка эришди. У Шюррле томонидан узатилган тўпни кўкси билан тўхтатиб, ерга туширмаган ҳолда, дарвозага йўллади. Шу зарба «олтин гол»ни ҳадя этди. Ваҳоланки, мундиал ҳам бошқа турнирлар каби Гётце учун анча мураккаб кечаётганди: Лёв финалнинг 88-дақиқасида Клозе ўрнини эгаллаган футболчи қулоғига шивирлади: «Миссидан яхшироқ эканлигингни бутун дунёга кўрсатиб қўй». Мураббийнинг бу сўзлари ҳужумчи учун ҳал қилувчи далда вазифасини ўтагандир, балки.
Сўз
- Эй Худоим, унинг гол уришига йўл қўйма! (Гётценинг сўнгги дақиқаларда Месси жарима зарбасини бажараётган пайт қилган илтижоси).
Хосеп Гвардиола («Бавария» бош мураббийи)
Испаниялик мутахассиснинг «Бава-рия»ни муваффақиятни бошқаришига кўпчилик шубҳа билан қараганди. Амалда аввалги тажрибалар Гвардиолага қўл келди. Қолаверса, унинг тактика борасидаги кашфиётчилик иқтидори эвазига «Бавария» Хаби Алонсо ва Бернатт ҳисобига янада кудратлироқ жамоага айланди. Лекин мураббий хотиржамликка берилаётгани йўқ. Гвардиолани тушуниш қийин эмас: у баҳорда жамоасини шармандали (0:4) мағлубиятга учратган «Реал»дан аламини олмагунча тинчимайди...
Сўз
- Бу ўйин менинг мураббийлик фаолиятимдаги энг сифатсизи бўлиб қолади (ЧЛ ярим финалида «Реал»дан қабул қилинган мағлубият ҳақида).
Томас Мюллер (Германия терма жамоаси ва «Бавария» клуби ҳужумчиси)
Германия термаси тарихида шу пайтга қадар нақ 17 нафар Мюллер тўп сурган ва шулардан фақат Герд билан Томасга жаҳон чемпиони унвони насиб қилган. Қизиғи, ўз вақтида Томас «Бавария»нинг ўсмирлар жамоасида айнан Герддан сабоқ олган. Катта Мюллер иқтидорли фамилиядошига жумладан, тезкорликни ўргатганди: «Тезроқ, янада тезроқ. Агар майдонда ўй сурадиган бўлсанг, билгинки, кеч қоласан». Терма жамоада устозининг рақами - «13» остида ҳаракатланадиган Томас ЖАР ва Бразилиядаги турнирларда ҳисобига 10та голни ёзиб қўйди. Тез орада устози ва Клозени ҳам ортда қолдирса, ажабмас.
Сўз
- Мушаклар йўқ жойда оғриқ сезилмайди. Суякларимга зарба бериш осон эмас. Чунки улар шу қадар ингичкаки, деярли кўринмайди. (Ўз гавдаси ҳақида).
Ули Хёнесс («Бавария» клубининг собиқ президенти)
1979 йили менежер сифатида иш бошлаган Хёнесс кейинчалик клуб президенти лавозимигача кўтарилиб, «Бавария»ни энг машҳур брендга айлантирди. Ҳозирда клубнинг йиллик айланмаси ярим миллиард еврога етди. Айтайлик, у Гвардиолани «Бавария»га олиб келиш учун Нью-Йоркка боришга ҳам эринмаганди. Шундай мутахассис ҳозир қамоқ жазосини ўтамоқда. У яқин орада фақат тунаш учун кечқурун камерага қайтади. Кундузи эса «Бавария»нинг ўсмирлар жамоаси билан ишлайди. 3 йилдан кейин эса, яъни қамоқ жазоси тугаса, яна президентликка қайтса, ажабмас. Ахир у «ўлмас Кашей» тоифасидан: 1982 йилги авиаҳалокатда фақат ўзи тирик қолганди!
Сўз
- Шахсий биография дейсизми? Ҳеч қачон! Агар бор ҳақиқатни ёзадиган бўлсам, 10та бобга ҳам сиғмайди. Бундан ташқари, уни чоп этгандан кейин Австралияга қочиб кетишимга тўғри келади!
Мануэль Нойер (Германия терма жамоаси ва «Бавария» клуби дарвозабони)
Яқинда Берлиндаги Тюссо хоним музейида моҳир дарвозабоннинг қомати қад ростлайди. Агарда Нойер «Олтин тўп» сўровида Роналду ва Мессини ортда қолдиришни уддасидан чиқса, Германияда қандай тантаналар уюштирилишини тасаввур қилиш қийин. Зеро, у ҳозирнинг ўзида чинакам даҳога айланган. Ахир Мануэль нафақат моҳир посбон, балки тенги йўқ либеро ҳам. Айтайлик, ЖЧда 244та аниқ тўп узатишни амалга ошириб, Мессидан 2 баравар яхшироқ натижа қайд этди.
Сўз
- Биз бирданига финалдан бошлаймиз. Кейин барча беллашувларга шундай муносабатда бўламиз. (ЖЧ-2014да Португалияга қарши кечган илк учрашув арафасида билдирилган фикр).