Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе 2-2 Торино
29/12 19:00 Наполи 1-0 Венеция
29/12 19:30 Лестер 0-2 Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм 2-2 Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас 2-1 Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон 0-2 Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм 2-2 Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Алишер Шоғуломов: «Гейнрих билан бир жамоада ўйнаш – катта бахт»

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсум якунларига кўра, ниҳоят, ОЧЛ-2015 гуруҳ босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган «Локомотив» илк хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Тошкент - Шаржа авиа рейси орқали БААга жўнаб кетди. Ўзбекистон кубоги соҳиблари икки ҳафта мобайнида Амирликларда шуғулланишади. Табиийки, йиғин доирасида бир нечта назорат учрашувлари ҳам ўтказилади. Маълумки, 2014 йили «Локомотив» мамлакат кубогидан ташқари, Ўзбекистон вице-чемпионлигини ҳам қўлга киритди. Албатта, бу ютуқларга жамоанинг ҳар бир футболчиси ўзига яраша ҳисса қўшди. Ана шундай футболчилардан бири - Алишер Шоғуломов. Истеъдодли ҳужумчи Вадим Абрамов томонидан Ўзбекистон олимпия терма жамоасига таклиф этилган пайтда кўпчилик эътиборини ўзига қаратганди. Ўшанда 1-лигада ўйнаётган Шоғуломовнинг терма жамоага чақирилгани мухлису мутахассислар ҳайратига сабаб бўлганди. Биз «Локомотив» делегацияси БААга жўнаб кетиши олдидан Алишер билан бафуржа суҳбатлашдик.

- Алишер, жамоангиз мавсумни юқори нотада якунлади. Ўзбекистон кубоги финалидаги ғалаба «Локомотив»га ОЧЛ эшикларини очди. Келинг, суҳбатимиз аввалида Олмалиқда кечган ўша учрашув ҳақида гаплашсак...

- Авваламбор, ҳамюртларимиз, футбол ишқибозлари ва «Локомотив» мухлисларини янги 2015 йил билан чин қалбимдан табриклайман. Бу йилги футбол мавсуми барча жамоаларимиз учун омадли келсин. Шу ҳафта Ўзбекистон миллий жамоаси Австралияда старт оладиган Осиё кубогида ўз иштирокини бошлайди. Бу мусобақада ҳам жамоамизга ғалабалар ёр бўлсин. Албатта, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритганимиздан ғоят хурсандмиз. Фақат кубокни ютиш билангина ишқибозларимизни хушнуд этишимиз, Ўзбекистон чемпионатидаги кичик омадсизликни эсдан чиқаришимиз мумкин эди. Ўйлайманки, йил давомида қилган меҳнатларимиз ўз самарасини берди.

- Одатда финал ўйинларида кўп гол кўрмаймиз. Ўзбекистон кубоги ҳал қилувчи ўйинида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Биргина гол учрашув тақдирини ҳал қилди. Ҳар икки жамоанинг эҳтиёткорона ҳаракатлангани финал ўйинининг кўримлилигини пасайтирди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Тўғри, бутун ўйинни олиб қарасак, шиддатли ҳужумлар у даражада кўп бўлмади. Зеро, биргина хато қимматга тушиши мумкин эди. Шу боис, иккала жамоа ҳам очиқ футболдан тийилди. Лекин биз «Бунёдкор»га нисбатан яхшироқ ўйин намойиш этдик. Тўп билан муомалада бўлиш, ҳужумлар ташкил этишда ҳам устунлик қилдик. Кейин жисмоний тайёргарлик бўйича устунлик ҳам биз томонда бўлди. Иккинчи бўлимда тезликни оширдик ва бу қўшимча бўлимлар якунланиб бораётганида ўз самарасини берди. Менимча, ўртага ОЧЛ чиптасининг қўйилганлиги ҳам жамоаларнинг эҳтиёткорликни биринчи ўринга чиқаришганига сабабдир. Босим жуда кучли эди. Клуб раҳбарияти чемпион бўлолмаганимиздан кейин олдимизга кубокни қўлга киритиш вазифасини қўйганди. Оддий айтганда, ғалаба қозонишимиз шарт эди ва буни уддаладик.

- Ниҳоят, энди ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этасизлар. Бундан аввал «плей-офф»даги уринишлар бесамар кетганди. ОЧЛ-2015 қуръаси эса «Локомотив»га анча жиддий рақибларни рўбарў қилди. Гуруҳдан чиқишга ишоняпсизларми?

- Шубҳасиз, квартетнинг энг кучли жамоаси - «Ал-Ҳилол». Саудия Арабистони клуби ОЧЛ-2014да финалга чиқди ва вице-чемпионга айланди. Таркибида кучли легионерлар бор. Кейин Эроннинг «Фулад» жамоаси ҳам кучли. Тан олиш керак, рақибларимиз ОЧЛда иштирок этиш бўйича катта тажрибага эгалар. Ўзи ОЧЛ гуруҳ босқичида кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Шунга яраша, тайёргарлик кўрамиз. «Локомотив» таркибида ҳам ОЧЛ ўйинларида майдонга тушишган, миллий жамоа либосида катта тажриба тўплашган ўйинчилар бор. Шундай экан, руҳимизни туширмаслигимиз керак.

- Рақиб жамоалар таркибида машҳур футболчилар борлигини инкор этмаймиз. Лекин исм-шарифлари жарангдор легионерлар ҳамиша ҳам жамоа муваффақияти омили бўлавермайдилар. Шундай эмасми?

- Фикрингизга қўшиламан. Футбол жамоавий ўйин. Бир-икки футболчи ўйин тақдирини ҳал қилолмайди. Жамоавий ўйин яхши йўлга қўйилса, кўзланган мақсадга эришиш осонлашади. Насиб қилса, гуруҳдан чиқишни уддалаймиз. Мана, БААга жўнаб кетяпмиз. У ерда кучли жамоалар билан назорат ўйинлари ўтказилади. Шу учрашувлар орқали «Ал-Ҳилол»га қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз.

- Сиз «Локомотив» сафига ўтган мавсум қўшилдингиз. Футболимизда 1-лига клубидан элитанинг етакчи жамоаси сафига ўтиб, асосий таркибдан жой олган футболчилар бармоқ билан санарли. Янги муҳитга мослашиш қандай кечди?

- Ўзи аслида мавсумни «Бунёдкор»­да бошлашим керак эди. Шартнома ҳам имзолагандим. Лекин баъзи сабабларга кўра, клубдан кетишимга тўғри келди. Спорт формамни сақлаб туриш учун «Оқ-тепа» таркибида ўйнаб турдим. Давралар оралиғида эса, Вадим Абрамовнинг таклифига асосан «Локо» сафига қўшилдим. Бу мен учун катта чақирув эди. Янги муҳитга мослашиб кетишим қийин кечмаганидан хурсандман. Иккинчи даврада 5та гол урдим - бу дебютант учун ёмон кўрсаткич эмас, менимча.

- «Локомотив» билан шартнома имзолаётганда, иккиланмадингизми? Чунки «Оқ-тепа»да муқим жойга эга эдингиз, мунтазам гол ҳам ураётгандингиз. Чемпионлик учун курашаётган жамоа ҳужум чизиғида эса, Гейнрих, Нагаев, Тожиев каби номдор амплуадошларингиз ҳаракатланишарди. Бу сизни хавотирга солмадими? Захирада ўтириб қолишдан чўчимадингизми?

- Рақобат бор жойда ҳамиша ўсиш бўлади. Ўзимни шунга тайёрлаб келдим. Машҳур ҳужумчилар ёнида ўйнаш аксинча, фойдамга хизмат қилди. Александр Гейнрих «Локомотив»га мен билан бир вақтда ўтди. Ёшлигимда бу ҳужумчининг ўйинларини кўриб, унга ҳавас қилардим. Бу футболчи билан битта жамоада ўйнаш мен учун катта бахт. Қолаверса, Тожиев, Нагаев, Бикмаев каби ҳужумчилардан ниманидир ўрганишим мумкинлигини билардим. Шартнома имзолашимда бу омиллар асосий роль ўйнади. Мана, катта тажриба тўпладим. Нагаевда тезлик, Гейнрихда бетакрор алдамчи ҳаракатлар бор, ахир.

- Яна бир муҳим жиҳати шундаки, дебют ўйинингиздаёқ гол урдингиз...

- Ҳа, мен учун муҳим гол. Ўзи ўша ўйинда майдонга тушишимни кутмагандим. Вадим Карленович бир йўла 3 нафар ҳужумчини бошланғич таркибга киритганди. Илк учрашувда гол уриб, жамоамиз муваффақиятига озми-кўп ҳисса қўшганимдан бениҳоя ғурурландим ва ишончим ўз-ўзидан мустаҳкамланди.

- Майдонга тушаётганинизда ҳаяжон, оёқларнинг қалтираш ҳолати сезилдими?

- Оёқларим унчалик қалтирамадию, лекин ҳаяжон бор эди. Гейнрих олдимга яқинлашиб, далда берди: «Ҳаяжонланма, ҳаммаси яхши бўлади. Бугун албатта, гол урасан». Саша айтганидек, рақиб дарвозасини ишғол қилдим.

- Одатда пенальти ҳамда хавфли жарима зарбаларини тепиш катта масъулият талаб этади. Ҳамма ҳам нуқтага яқинлашавермайди. «Локомотив»да доимий пенальтичи ёки жарима зарбаларини тепадиган футболчи борми?

- Пенальти белгиланган вазиятларда мураббийимиз ким ўзига кўпроқ ишонса, ўша тепишини айтади. Умуман, чемпионат давомида бор-йўғи 2та пенальти тепишимизга тўғри келди. Биринчиси - «Нефтчи» дарвозаси томон. Зарбани мен амалга оширдим ва гол урдим. Иккинчиси Бухорода бўлди, лекин Гейнрих уни аниқ амалга оширолмади.

- Фарғонадаги ўйинда пенальтини тепишингизни Абрамов айтдими?

- Йўқ, ўзи Ислом Тўхтахўжаев тепишга шайланаётганди. Шунда ундан тепиш ҳуқуқини менга беришини сўрадим.

- Ислом Тўхтахўжаев жамоа сардори ҳисобланади. У қаршилик билдирмадими? Айтайлик, «Бу муҳим ўйин, сен бошқа учрашувларда тепаверасан», демадими?

- Йўқ. «Агар ҳақиқатан ҳам, ўзинга ишонаётган бўлсанг, тепа қол», деди. Ахир вазифам гол уриш, шунинг учун бунга монеълик қилмади, деб ўйлайман.

- Олий ва биринчи лига савиясидаги тафовут жуда катта эканлигини сездингизми?

- 2013 йили «Гулистон» таркибида олий лигада ўйнагандим. Шу боис, мен учун элита янгилик эмас. Лекин йилдан-йилга ўзгариш бор. Биринчи лигада тенг кучли жамоалар кам. Фикрлаш, тезлик, тажриба бобида олий лига футболчилари яққол устунлар. Яна бир фарқ - биринчи лиганинг аксар жамоалари стадионлари жуда ёмон ҳолатда, оддий талабларга ҳам жавоб бермайди.

- Шуҳрат Мақсудов сизни Ўзбекистон олимпия термасига таклиф этди...

- Чақирув олишимдан умид қилгандим. Терма жамоанинг Дубай шаҳрида ўтказган йиғинига таклиф қилишди. Албания билан ўйинда майдонга тушдим ва биз 2:0 ҳисобида ғалаба қозондик. Афсуски, пенальтидан гол уролмадим. Ўша ўйинда асосий таркиб футболчиларидан Владимир Козак, Игорь Сергеев, Жамшид Искандеров ва Бобур Йўлдошев ўйнамагандилар.

- Бугунги даражага етишингизда Абрамовнинг ҳиссаси катта. Умуман, Вадим Карленович қандай мураббий? Ҳаётда қандай инсон?

- Албатта, Вадим Карленовичдан миннатдорман. 16 ёшимда Ўзбекистон олимпия жамоасига чақирганди. Ўшанда «NBU-Осиё» клубида ўйнардим. Абрамов ўйинларимизни тез-тез кузатарди. Ўшанда кўпчилик буни ҳазм қилолмаганди. Вьетнамдаги халқаро турнирда иштирок этгандим. Футболчининг ўсиши ва фаолиятида янги босқичнинг бошланишида шундай кутилмаган чорловларнинг ўрни катта. Абрамовни мураббий сифатида ҳам ҳурмат қиламан. Машғулотларни кўтаринки кайфиятда олиб боради. Ҳар бир футболчининг феъл-атворига қараб гапиради. Ҳаётда ҳам ажойиб инсон. У ҳеч қачон футболчининг паспортига қарамайди. Шунинг ўзиёқ қандай мураббий эканлигини кўрсатиб турибди. Ҳа, бугунги даражага чиқишимда Вадим Абрамов ва Александр Мочиновнинг хизматлари катта. Ҳар икки мураббийнинг ўйин услублари бир-бирига ўхшайди. Улар қисқа узатмалар ва тўп назоратига урғу беришади. Асосийси, ҳужумкор футбол тарафдори ҳисобланишади.

- 2015 йил Ўзбекистон олимпия термаси учун ҳам ўта масъулиятли. Зеро, Рио Олимпиадаси лицензиялари ўйналади. Март ойида саралашнинг илк босқичи бўлиб ўтади...

- Табиийки, асосий таркиб футболчилари сафидан жой олиш учун астойдил интиламан. Рақобат кучли. Лекин чақириламанми-йўқ, буни билмайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ҳамиша юқори спорт формасида тайёр туришга ҳаракат қиламан. Февраль ойида хорижда ўқув-машғулотлар йиғини ташкил этилади. Март ойида адашмасам, Бангладешда саралашнинг гуруҳ босқич учрашувлари ўтказилади. Бундан аввалги олимпия ўйинлари саралашида озгина омад етмаганди. Йигитларимиз БААга аламли тарзда имкониятни бой бериб, Лондонга бора олишмаганди. Бу сафарги таркиб ҳам кучли. Ўйлайманки, 2016 йили Бразилияга спортчиларимиз билан бирга футбол терма жамоамиз ҳам боради.

- Алишер, энди бироз ёшлигингизга қайтсак. Футбол билан ошно тутинишингизга ким сабабчи бўлган?

- Дадам. Ўзлари ҳам ёмон ўйнамаганлар. Лекин маълум сабабларга кўра, профессионал тарзда охиригача шуғулланмаганлар. Шунда орзуларини мен орқали амалга ошириш мақсадида ўзлари қўлимдан етаклаб, футбол мактабига олиб борганлар.

- Демак, биринчи мухлисингиз отангиз...

- Шундай. Ҳар бир ўйиндан кейин ҳаракатларимни бирга муҳокама қиламиз. Койиб ҳам турадилар. Буни тўғри қабул қиламан. Отамни биринчи мураббий сифатида тилга олсам ҳам бўлаверади. Футболнинг илк сир-асрорларини «Оқ-тепа» ёшлар таркибида мураббийлар - Дониёр Нортожиев ва Фарҳод Абдурасуловдан ўргана бошлаганман. Ўша пайт 7 ёшда эдим. Профессионал фаолиятимдаги биринчи мураббийим - Александр Мочинов. Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимга миннатдорчилик билдириш баробарида уларни янги йил билан табриклайман.

- Одатда ҳужумчилар 7, 9, 10 ва 11-рақамли футболкаларни танлашади. Сиз эса айни пайт 70-рақам остида ҳаракатланяпсиз. Умуман, рақамнинг алоҳида аҳамияти борми?

- Ёшлигимдан Криштиану Роналду ва Алессандро Дель Пьеронинг ўйинларига ҳавасим баланд. Аслида ўзимга 7-рақам ёқади. Лекин «Локомотив»да 7, 17, 27, 77-рақамлар банд эди. Шу боис, «70»ни олдим. Кимга қандай билмадиму, лекин мен учун рақамнинг аҳамияти бор. Машинамнинг рақами 117, телефон рақамимдаги сонлардан 4таси ҳам айнан 7...

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 11:01, 11.01.2015.
Ўқилди: 4647 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.