Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Баҳодир Давлатов: «Қосимов ОК-2015да ёшларга ишонч билдириш керак эди»

Баҳо:
+ | -

Сирдарёлик мутахассис Баҳодир Давлатовни кўпчилик яхши танийди ва уни етарли салоҳиятга эга мураббий, деб билади. Олий лигада «Машъал»ни маълум муддат бошқарган Баҳодир ака кейинчалик «Янгиер»ни оёққа турғазишда катта роль ўйнади. Бу клуб тарқалиб кетгани оқибатида Баҳодир Бойжоновичнинг ҳозир мажбурий таътил ўтказишига тўғри келмоқда. Лекин у футболдан четланиб кетмади. Айтайлик, футболимиз атрофидаги воқеаларни ҳамон диққат билан кузатиб боряпти. Баҳодир ака билан суҳбат жараёнида миллий жамоамизнинг Осиё кубоги-2015даги иштирокига ҳам тўхталдик. Яъни аввало, суҳбатдошимизнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик.

Осиё кубоги беллашувларини катта қизиқиш билан кузатдим,-дея гап бошлади Давлатов. - Табиийки, миллий жамоамиз иштирокидаги ўйинларни қолдирганим йўқ. Шундан сўнг барчасини таҳлил қилиб чиқдим ҳам. Ҳа, ҳозир мураббий сифатида бирор жамоада фаолият юритмаяпман. Лекин ҳалигача билимларимни ишга солиб, вазиятларни таҳлил этиб бораман. Минг афсуски, мусобақа терма жамоамиз учун омадсиз якунланди. Демоқчиманки, жамоамиз чорак финалдан ўтишга қодир эди.

Умуман олганда, терма жамоа­миздан қандай натижа кутгандингиз?

Албатта, чемпионликни, лоақал финалга чиқишини. Тўғри, Австралиядаги мусобақа Қатар-2011дан анча фарқланиши тайин эди. Зеро, Осиёда футбол тобора ривожланмоқда ва шунга яраша кучли терма жамоалар сафи кенгаймоқда. Кутилганидек, ОК-2015 бир қатор «сюр­приз»ларни тақдим этди. Шундай бўлсада, вакилларимиздан каттароқ натижа кутгандим.

Жамоамизнинг гуруҳ босқичидаги ўйинларига қандай баҳо берасиз?

Менимча, гуруҳ баҳсларини яхши ўтказдик. Лекин Хитой термаси билан учрашувда очиқчасига хато қилдик. Ғалати ҳолат, йигитларимиз гол уришганидан сўнг ташаббусни рақибга шунчаки, бериб қўйишди. Хитойликлар кучига тўғри баҳо берилмади, чоғи... Ҳар­қалай, футболчиларимизда умуман иштиёқ сезилмади. Хайриятки, йигитларимиз Саудия Арабистони термасига қарши кечган баҳс­да мутлақо ўзгаришди. Футболчиларимиз шу қадар фаол бўлишдики, рақиб довдираб қолди. Ж.Кореяликлар билан учрашувда ҳам худди шундай ҳаракат кутгандим. Лекин тан олиш ўринли, бу учрашувда вакилларимиз борларини бериб, тўп суришди.

Мутахассис сифатида бу мағлубиятни қандай изоҳлайсиз?

Қайтараман, чорак финалда жа­моамиз ёмон ўйин кўрсатгани йўқ. Яъни кореяликларга муносиб қаршилик кўрсатилди. Буни ўйин 4та бўлимга чўзилганидан ҳам билса бўлади. Қисқаси, Миржалол Қосимов шогирдлари ўйин бобида рақибдан қолишганлари йўқ, фақат вазиятлардан унумли фойдаланмаслик панд берди. Эҳ, ярим финалга чиқиш учун яхшигина имконият бор эди, фақат омад етишмаслиги натижасида ютқазиб қўйдик. Умуман, Жанубий Корея термасига қарши кечган ўйиндан кўнглим тўлди. Менимча, мухлислар ҳам шундай фикр­да бўлсалар керак.

Кўпчилик «Қосимов асосан ёшларга таяниши керак эди», деган хулосага келди. Бунга муносабатингиз қандай?

Ҳа, ёшларга ишониш керак. Чўчимасдан имконият берилаверса, вақти келиб самараси кўринади. Осиё кубогида бошқа терма жамоалар ўйинларини ҳам диққат билан кузатиб, шунга амин бўлдимки, иқтидорли ёшлар гуруҳи етишиб чиқмоқда. Мисол учун, БАА термасини олайлик. Бош мураббий ёшларни бир неча йил давомида тарбиялаб келди. Қаранг, Амирликлар энди қандай ўйин кўрсатишмоқда. Жамоа сафида фахрийлардан кўра, ёшлар кўп. Миржалол Қосимов ҳам ёшларга ишонаверса, албатта, натижа чиқади. Шахсан мен шундай фикрдаман. Албатта, ҳамманинг ўзига яраша қараши бор. Балки менинг фикрларим бошқаларга маъқул келмас, аммо тан олиш жоиз, футболимиз келажаги айнан ёшларга боғлиқ.

Осиё кубогида ёрқин ўйин кўрсатган футболчилар сифатида кимларни тилга оласиз?

Бир қатор ёшлар яхши ўйнашди. Ўз жамоамиздан Сардор Рашидов яхши таассурот қолдирди. У айниқса, Саудия Арабистони термаси билан учрашувда ўзини ҳар томонлама кўрсатди. Бу йигитчада сезиларли ўсиш бор ва шу тариқа давом этса, келажакда нафақат терма жамоамиз, балки бутун футболимизнинг бош юлдузига айланиши мумкин. БАА термаси вакили Умар Абдулраҳмон ҳам мақтовга лойиқ. Унинг техникаси ҳайратга солди. Кореялик Сон Хён Мин эса барчага таниш. Гарчи у бор маҳоратини кўрсатолмаган бўлсада, барибир, ажралиб турди.

Энди мавзуни ўзгартирайлик: яқинда бир қатор шогирдларингизни тўплаб, Қозоғистоннинг «Мақтаорал» клуби билан назорат учрашуви ташкил қилибсиз. Ўйин ғояси қандай туғилди?

Қозоқлар таклиф билан чиқишди. Шундан кейин айрим собиқ шогирдларимни тўплаб, жамоа туздик. Тўғрироғи, Янгиер ва гулистонлик футболчиларни чақириб, Қозоғистонга бордик. Айтганча, «Мақтаорал» клубидагилар билан аввалдан яхши танишман.

Ўйин қандай ўтди?

Атиги 3 кун Янгиердаги сунъий қопламали стадионда тайёргарлик кўрдик. 16 нафар футболчини тўплагандик. Лекин йўлда 5 нафар футболчимизни чегарадан ўтказишмади. Ҳужжатларида муаммо бор экан. Натижада 11 киши билан бордик. Айтиш керакки, рақибимиз 2,5 ойдан буён чемпионатга тайёргарлик кўрмоқда. Шунга қарамай, ўйинда тенгма-тенг курашдик. Тўғри, 3:0 ҳисобида ютқаздик. Биринчи голни 27-дақиқада қўйиб юбордик. Лекин шу вақтга қадар рақибдан қолишмасликка уриндик. Йигитларимиз ҳеч бир жамоада югураётганлари йўқ ва футбол ўйнашга чанқоқ эканликлари қўл келди. Бу шунчаки, ўртоқлик учрашуви эди. Шунга монанд футбол кўрсатдик.

Сирдарё вилоятида фақатгина сизда PRO лицензияси бор. Шунга қарамай, ҳеч бир жамоада ишламаяпсиз. Наҳотки, таклифлар йўқ бўлса?

Яшириб нима қиламан, таклиф тушмади, ҳисоб. Бирор жамоага чақиришмаса, ўзим қандай бораман? Бир кун келиб, ишимизни қадрлаб чақиришар балки. Бу қачон рўй беришини очиғи, билмайман. Лекин умид бор.

Олий лигада бир мавсум ишлагансиз. Бироқ «Машъал»да сизга етарли имконият беришмади...

Ҳа, нима ҳам дейман, ўшанда яхши жамоа шакллантиришга эътибор қаратгандим. Лекин 7-турдан сўнг ишдан бўшатишди. Балки натижалар раҳбарият ёки бошқаларни қониқтирмаган ва шунинг учун лавозимимдан олишгандир. Буёғи менга қорон­ғу.

Ўшанда жамоа 7-ўринда эди. Ёмон кўрсаткич эмас, тўғрими?

Бош мураббийликни қўлга олганимдан сўнг чемпио­натнинг дастлабки ўйинини сафарда «Навбаҳор»га қарши ўтказгандик. Биласизми, ўйин­ни кузатгани 50 минг томошабин ташриф буюрганди. Рақиб жамоани Виктор Жалилов бошқарарди - ўз устозим. Негаки, Жалилов «Маш­ъал»да фаолият кўрсатганида, унга ёрдамчилик қилганман ва иш услубини яхши биламан. Намангандаги ўйинда ҳисоб очилмади - 0:0. Кейин сафарда яна 3та ўйин ўтказдик ва 2тасида мағлубиятга учраб, бирида дуранг ўйнадик. Аниқроқ айтсам, «Пахтакор» ва «Нефтчи»дан очко ололмадик. Уйда эса 3та ўйин ўтказиб, «Андижон»ни мағлуб этдик, «Олмалиқ» ва «Хоразм» билан муроса кўчасини танладик. Хуллас, 7та турдан кейин жамоамиз ҳисобида айнан шунча очко бор эди. Қолаверса, жадвалда 7-ўринда эдик. Футболда кўпчилик «7» рақамини танлайди. Гўёки, бу омад келтиради. Лекин бу рақам менга омадсизлик олиб келганди (кулади).

Аслида шунчалик тез истеъфога чиқишни ҳаттоки, ўйламагандирсиз...?

Бўлмасамчи! Лекин тан олишим керак, жамоамизда дуранглар сони ошиб кетганди. Бу нарса ўзимга ҳам ёқмаганди. Ўрнимга тайинланган қозоғистонлик Фомичёвнинг натижалари бунданда ёмон кўриниш олди. Лекин раҳбарият унга ишониб, имконият берди. Менга ҳам озгина вақт беришганида, балки натижаларни яхшилармидим? Бироқ ҳозир бу гапларнинг айтишдан маъно йўқ.

Эшитимизча, истеъфога чиққанингиздан сўнг жамоа ишқибозлари сизни клубда қолдиришни сўраб, раҳбариятга мурожаат қилмоқчи бўлишган экан...

Клубдан кетишим маълум бўлганидан сўнг раҳбарият қолишимни ва ёшлар жамоасида ишлашим мумкинлигини айтди. Лекин бу нарса ўзимга ёқмади. Негаки, ёшлар жамоасида ўз мураббийи бор эди ва унинг жойини эгаллашни эп кўрмадим. Шундай пайт жамоа фан-клуби вакиллари олдимга келишди ва истеъфога чиққанимни билишгач, клуб президентига мурожаат қилмоқчи бўлишди. Бироқ бунга қарши чиқдим. Зеро, ғишт қолипдан кўчиб бўлганди. Умуман, Муборакда 12 йил ишладим. Клуб иккинчи уйимга айланиб қолганди. Кейинчалик ҳам мухлислар анча вақт қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб туришди.

Айни пайт ҳам «Машъал» ишқибозлари телефон қилишадими?

2 йилдирки, алоқамиз узилиб қолди. Балки унутиб юборишгандир (кулади). Шунга қарамай, улардан миннатдорман.

Анчадан буён мажбурий таътилдасиз. Зарур лицензияга эга бўлишингизга қарамай, ҳеч бир жамоадан таклиф тушмаётганидан руҳингиз чўкмаяптими?

Энди баъзида ўйлаб қоламан: «Нега таклиф тушмаяпти?» Билмадим, балки яхши тоифадаги мураббий эмасдирман. Эҳтимол, иш услубим бошқаларга мос келмас... Аммо шуни айта оламанки, шу кунгача ҳалол ишлашга одатланганман. Ҳеч қачон футболчилар ёки бошқаларга адоват сақламаганман. Қайси жамоага таклиф қилишса, фақат меҳнатларимга яраша ҳақ олишга ўрганганман. Энг ёмони, таклиф тушиш-тушмаслиги менга боғлиқ эмас. Қизиқи шундаки, баъзи мураббийлар жамоани олий лигадан тушириб юборсалар ҳам, уларга ишонишади. Яъни яна имконият берилади. Агар менга ҳам имконият тақдим этилса, ўйлайманки, ўзимни кўрсатишга қодирман.

«Янгиер» қайта ташкил этилган пайт суҳбатлашганимизда, бақувват ҳомий топилса, клубни бир кун келиб, албатта, олий лигага олиб чиқишингизни айтгандингиз. Лекин ўхшамади...

Ҳа, бу гапларим ёдимда турибди. Ўшанда жамоани яхши ниятлар билан шакллантирдик. Яхшироқ ҳомий чиқса, таркибни кучайтирган ҳолда, олий лигага чиқишни мақсад қилгандим. Афсуски, вилоятимизда катта ташкилотлар йўқлиги панд бериб, бу ниятимизга эришолмадик. Аслида жамоамиз биринчи лигада ёмон қатнашмади. Маҳаллий ёшларни тўплаб, иштиёқли таркиб тузгандим. Умуман, ёшлар яхши ўйин кўрсатиб, олий лигага чиқиш учун даъвогарлик қила олишларини исботлашганди.

Ҳозир сизга шундай имконият берилган тақдирда, бундан қандай фойдаланган бўлардингиз?

Айтадиган гапларим балки кимларгадир мақтанишдек туюлар. Мабодо, яна бир имконият ҳосил қилсам, максимал даражада самара чиқариш учун бор билимимни сарфлайман ва бунинг уддасидан чиқаман, дея оламан. Доимо ўз олдимга катта мақсадларни қўйганман. Ҳеч қачон таслим бўлишни истамайман. «Янгиер» тикланиб, яхшироқ шароитлар яратилса, олий лигада ўртамиёна даражадан ҳам юқорироқ турадиган жамоа шакллантира оламан. Ўзим ҳеч қачон раҳбариятга катта талаб қўймасдим. Фақат, ҳар бир чизиқни кучайтириш учун 3 нафар яхши ўйинчи олиб беришини айтардим. Яъни асосан ўзимизнинг йигитлар кучига таяниб, жамоа тузардим. Биласизми, шаҳримизда сунъий қопламали стадионлар кўп. Ҳар бир маҳаллада шундай стадионлар барпо этилмоқда. Уларда югураётган футболчиларни кўриб, ҳавасим келади. Қачон ўзаро кўришиб-суҳбатлашсак, улар вилоятимизда бирорта жамоа бўлиши ва ҳаттоки, ойлик олмасдан тўп суришга рози эканликларини айтадилар. Демоқчиманки, бизда фидоий футболчилар кўп. Озгина эътибор берилса, бас.

Тўнғич ўғлингиз Нодир Давлатов вақтида яхши савиядаги ҳужумчи эди. Бироқ жароҳатлар сабаб, ҳозир ҳеч қайси жамоада ўйнаётгани йўқ. У нима билан банд?

Ҳамон футболга қайтишдан умидвор. Ҳозирда якка тартибда шуғулланмоқда. Жиддий жароҳат фаолиятига кучли таъсир қилди. Ҳаммаси яхши кечса, яна тўп суриши мумкин. Бордию, оғриқлар қолмайдиган бўлса, ўзини бошқа соҳада синаб кўради.

Ундан яхшироқ футболчи чиқишига ишонасизми?

Таъкидлаганимдек, жароҳатлар безовта қилмаса, Нодир яна 5-6 йил катта футболда тўп сура олади. Унга ишонаман. Фақат жароҳатлар қийнамаса, бас. Қолгани ўзига боғлиқ.

«Рубин» клубига борганингизда «Интер» фахрийси - Хавьер Занетти билан кўришган экансиз. У қандай таассурот қолдирганди?

Занетти катта тажрибага эга, бутун дунёга машҳур. Унинг камтарлигини кўриб, тўғриси, ҳайрон қолдим. Яъни ажойиб инсонлигини майдон четида ҳам кўрсатиб қўйганди. Қозон шаҳридаги стадионга келган аргентиналик футболчини роса илиқ кутиб олишди. У ҳам мухлисларга ҳурмат юзасидан қўлларини кўтариб, қуюқ саломлашганди. 

Акангиз Баҳром Давлатов ўзбек футболида катта ҳурматга лойиқ инсон ҳисобланади. Айни пайт Баҳром Бойжонович нима билан шуғулланмоқда?

Акам ҳозир футболдан бироз четда. Соғлиғида баъзи муаммоларга дуч келгани боис, даволаниш билан овора. Лекин вақти келиб, яна футболга қайтади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 20:40, 11.02.2015.
Ўқилди: 6590 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.