Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Қутлов. Баҳром Ҳакимов 60 ёшда!

Баҳо:
+ | -

Тарихий Қўқон шаҳрига турлича таъриф берилади: “Кичик Бразилия”, “Қўқон ўзбек футболи ватани” ва ҳаказо. Дарҳақиқат, Қўқон замини ўзбек футболига жуда кўплаб истеъдод эгаларини етказиб берган. Бу борада жуда кўп ва хўп гапирилган. Яна шуни қўшимча қилиш лозимки, водийнинг гўзал шаҳри нафақат ўзининг ноёб иқтидор соҳиблари билан, балки таниқли ва кучли мутахассислари билан ҳам ном қозонган. Баҳром Ҳакимов ана шундай инсонлардан биридир. Кеча Баҳром ака 60 ёшга тўлди.

Баҳром ака 1955 йилнинг 25 февраль куни Мамажон ака ва Мўътабар опа оиласида туғилган. Оиладаги олти фарзанднинг энг кенжаси. Шаҳардаги 2-интернатда таҳсил олди. 1970 йили таниқли болалар мураббийи Исоқ Тошмуҳаммедов ўсмирлар ўртасида кечадиган мусобақани кузатиш мақсадида Қўқон шаҳрига ташриф буюради. Турнирда иштирок этган футболчилар орасида ёш Баҳромнинг ҳаракатлари маъқул келади ва у киши қаҳрамонимизни Тошкент шаҳридаги республика олимпия захиралари коллежига ўқишга таклиф этади. Бу ерда Баҳром ака устозлари Исоқ Тошмуҳаммедов ва Вадим Ятченколардан миллионлар ўйинининг сир-асрорларини ўрганади. Спорт масканида у Рустам Мирсодиқов, марҳум Олим Ашировлар билан бир синфда ўқийди. Яна бир “Пахтакор-79” аъзоси Владимир Фёдоров эса параллел синфда таҳсил олганди. 1972 йили спорт коллежини тамомлагач, ЎзДЖТИ талабасига айланади. Футболчилик фаолияти давомида асосан республика биринчиликларида тўп сурди. Шунингдек, Қўқон шаҳридаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида маҳаллий ёшларга футбол дарсидан сабоқ бериб келди. Кўпчилик билмаса керак, ўша кезларда (1985-1986 йиллари-муаллиф) собиқ Иттифоқ ўсмирлари ўртасида ўтадиган “чарм тўп” мусобақаларида Баҳром Ҳакимов жамоаси икки бор иштирок этган.

1992 йили миллий чемпионатимизга асос солингач, «Темирйўлчи» жамоаси бошқарувини ўз қўлига олади. Мураббийлик фаолияти давомида “Темирйўлчи”дан ташқари, МҲСК, “Андижон”, “Насаф”, “Динамо”, “Тўпаланг”, “Шўртан”, “Хоразм” жамоаларига устозлик қилди. Мураббийлик соҳасида эришган ютуқлари ҳам чакки эмас. 2000 йилги мавсумда Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи, деб тан олиниши ҳам юқоридаги фикримизни тасдиқлайди. Унинг раҳбарлигида қўқонликлар 1992 йили илк бор ўтказилган Ўзбекистон Кубоги финалига қадар етиб етиб боришди. Афсуски, ҳал қилувчи учрашувда Баҳром Ҳакимов шогирдлари пенальтилар борасида “Навбаҳор” жамоасига 5:6 ҳисобида имкониятни бой беришди. Қаршилик “аждар”лар унинг раҳбарлигида юксак натижаларни қайд этишди. Масалан, “Насаф” - Баҳром Ҳакимов билан уч бор Ўзбекистон чемпионатининг бронза медалларини қўлга киритди. Шунингдек, тажрибали мутахассис мазкур клубни Осиё Чемпионлари (2001 йили-муаллиф) Кубоги финалига олиб чиқди. 2005 йили олий лигага бериладиган йўлланма учун ташкиллаштирилган “ўтиш учрашуви”да унинг йигитлари (“Динамо” Самарқанд) “Андижон”ни 1:0 ҳисобида доғда қолдириб, кучлилар сафида ўз ўринларини сақлаб қолишди. 2008 йили эса “Шўртан” (Ғузор) жамоаси унинг бошчилигида ЎзПФЛ Кубогини қўлга киритди.

Юқорида Баҳром Ҳакимов жуда кўплаб истидор соҳибларига устозлик қилгани ҳақида тўхталиб ўтдик. Бахтиёр Ашурматов, Мухтор Қурбонов, Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Степан Атоян сингари футболчилар ўз вақтида Ўзбекистон миллий терма жамоаси шаънини ҳимоя қилишган. Айни пайтда Баҳром ака турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандни вояга етказишмоқда. У киши уч нафар набиранинг севимли бобоси саналади.

Кези келганда бир воқеа ёдга тушади: Миллий терма жамоамизнинг собиқ ярим ҳимоячиси Степан Атоян ўз устози ҳақида қуйидаги фикрларни билдирганди: - Катта футболда ўз ўрнимни топишимда, футболчи бўлиб шаклланишимда Баҳром акадан бир умрга миннатдорман. Йигитлик бурчимни Қўқон шаҳрида ўтаганман. Кунларнинг бирида Баҳром ака билан учрашиб қолдик. Ўшанда устоз ўйинларимни кузатиб, ўз жамоасига таклиф этганди. Шундай самимий ва очиқкўнгил инсонлар сони кўпайиб бораверсин...

Фурсатдан фойдаланиб, тажрибали мутахассис, футбол билимдони Баҳром ака Ҳакимовни таваллуд айёми билан самимий қутлаб, узоқ умр, сиҳат саломатлик, оилавий тинчлик хотиржамлик, келгуси фаолиятларига омадлар тилаб қоламиз.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 15:22, 02.03.2015.
Ўқилди: 4645 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.