Kirish Ro'yxatdan o'tish
26/12 17:30 Manchester Siti - Everton
26/12 20:00 Bornmut - Kristal Pelas
26/12 20:00 Chelsi - Fulhem
26/12 20:00 Nyukasl - Aston Villa
26/12 20:00 Nottingem Forest - Tottenhem
26/12 20:00 Sautgempton - Vest Xem
26/12 22:30 Vulverhempton - Man. Yunayted
27/12 01:00 Liverpul - Lester

Blog

Intervyular olami va tahliliy maqolalar

Санжар Турсунов: «Агар терма жамоага керак бўлсам, доим тайёрман»

Баҳо:
+0; -0

Ўзбек футболида шундай номлар борки, аввалига у футболчидан кўп нарсалар кутилади, бироқ якунда мухлислар ўйлаганчалик бўлиб чиқмайди. Базида жароҳатлар бунга ҳалақит берса, баъзан футболчиларнинг ўзлари дангасалик қилиб қўйишади. Бугунги суҳбатдошимиздан ҳам энди порлаб чиқаётган вақтида кўп нарсалар кутилган. Ҳа, тўғри қаҳрамонимиз 16 йил легионер мақомида ҳаракат қилди, лекин ундан бунданда юқори натижалар кутилган эди. Ҳар холда 2012 йил Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси деб топилган. Менимча, сиз суҳбатдошимиз ким эканлигини пайқадингиз, ҳа, бу ўз вақтида “ўзбек футболининг келажаги”,  дея қаралган Санжар Турсунов.    

– Ассалому алайкум, Санжар ака янги жамоага ўтганингиз билан табриклайман. "АГМК"га келишингиз қандай рўй берди. Айнан Қосимовнинг ўзи сизни таклиф қилдими?

– Ва алайкум ассалом! Раҳмат каттакон! Ҳа, Миржалол Қосимовнинг шахсан ўзи мени таклиф қилди, шу сабабли олмалиқликлар сафига келиб қўшилдим. АГМК билан бир йиллик шартнома имзоладим. Янги мавсумда қўлдан келганча жамоанинг ғалабаларига ўз ҳиссамни қўшаман.

– Янги мавсумда ҳам сизга омад тилаймиз. Бугунги саволларимиз АГМК билан боғлиқ эмас. Асосан саволларимиз “Бунёдкор”, терма жамоа, қолаверса, фаолиятингизга доир. "Бунёдкор" клуби иккинчи даврани бироз омадсиз бошлади, лекин сўнгги турларда анча ўзгарди ва мақсадга эришди буни нима билан ифодалайсиз?

– Мен ўзим ҳам жамоага иккинчи даврада келиб қўшилдим. Ҳа, тўғри “Бунёдкор” иккинчи даврани бироз омадсиз бошлади, лекин ўзимизга керакли натижага эришдик ва ОЧЛ йўлланмасини қўлга киридик.

 – “Бунёдкор” нима учун етакчиларини сақлаб қолмаяпти. Аввалига Гадоев, энди сиз... ёки жамоада хали ҳам молиявий муаммолар борми?

– Ҳамма жамоа ўз имкониятларига қараб, футболчиларни сақлаб қолади ва кеткизади. Шунингдек, ҳар бир футболичнинг ўзини мақсади ва ўз йўли бор. “Бунёдкор” ҳам қўлдан келганча ўзига керакли бўлган футболчиларини олиб қолишга ҳаракат қилади. Жамоада ҳеч қандай молиявий муаммолар йўқ.

– “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Бунёдкор” жамоаларимизнинг ОЧЛдаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

– Юртимиз шарафини ҳалқаро майдонларда ҳимоя қилувчи барча жамоаларга омад тилайман. Барчаси тайёргарликка боғлиқ. Биласиз, қайсидир жамоа тактик ёки индивидуал футболчилар борасида кучли бўлиши мумкин, лекин ўйинга тайёр бўлмаслиги мумкин, шунинг учун ҳозир бу саволга тўлиқ жавоб бера олмайман.

– Купер келганда дастлабки йиғинга чақирилдингиз ва Эрон билан ўйинда майдонга тушдиз сўнгра яна миллий термадан узоқлашдингиз. Санжарни яна мамлакатимиз бош жамоасида кўрамизми?

- Купер келганда терма жамоага чақиришган, Эрон билан ўйинда иккинчи бўлимда тушганман. У ўйинда фақат ҳимояда ўйнаганмиз, жуда қийин ўйин бўлган. Менимча, ўзимни кўрсатолмаганман, шунинг учун кейинчалик чақиришмаган деб ўйлайман.

– Нима деб ўйлайсиз терма жамоамиз Абрамов бошчилигида азалий орзуси ЖЧга чиқа оладими?

– Миллий терма жамоага омад тилайман. Жаҳон чемпионатига чиқишини хоҳлайман. Ўзбекистонда туғилиб-ўсган ҳар бир инсон ватани учун мухлислик қилади, шу қаторда мен ҳам. Агар Ўзбекистон терма жамоасига керак бўлсам, ҳар доим тайёрман.

– Вадим Абрамов ўз услубини ўзгартирмайди, ҳар доим ҳужумкор услубда ўйинни олиб боради, сизнингча, ҳар қандай жамоага қарши ҳужумкор ўйин олиб бориш қанчалик тўғри?

- Вадим Абрамовда ҳар доим тўп билан кўпроқ ишлаш ва ҳужум қилиш, шунинг учун унинг тактикаси натижа бергандан кейин ўша тактика қолаверади.

– Футболчи ўзини доимо юқори формада ушлаб туриши қийин ишми? Нимага кўп футболчилар ярқ этиб порлайдию, кейин кўздан ғойиб бўлишади?

– Футболчи ҳар доим бир режимда бўлиши керак, ўзига қараши керак, чунки режимдан чиқса, ўйинига таъсир қилади. Шунинг учун футболчи ҳар доим ўзига қараб профессионал бўлиши керак. Футболчини ўзини тарбиялаши жуда катта аҳамиятга эга.

– Сиз қанот вингерисиз, ўз қанотингиздан жаҳондаги қайси футболчиларни ёқтирасиз?

– Жаҳонда кўп футболчилар ёқади: қанотда , ўртада. Аниқ кимнидир айтолмайман, чунки кўп футболчиларнинг ўйинларни ёқтираман. Ҳар хил услублар, тактик услублари жуда ёқади.

– Футболчининг майдонда кўнгилдагидек тўп суриши учун: ўйин тактикаси ва футболчининг психологик ҳолати, шу иккита омилдан қайси бири кўпроқ аҳамиятга эга деб ўйлайсиз?

– Футболчи майдонда кўнгилдагидек ўйнаши учун ҳаммаси муҳим. Масалан:  жисмоний ҳолати,  тактик жиҳатдан тайёр бўлиши керак. Буларни қайсидир бири бўлмаса футболчи майдонда ўзини яхши ҳис қилолмайди.

– Сизни “Ворскла” жамоасидаги ўйинингиз орқали кўплаб мухлислар танийди. “Ворскла” даражасига етиш учун биздаги клубларни қайси камчиликларини тўлдириш керак, таркиб, тартиб-интизом, майдон..?

– Украина футболи биздан кучлироқ,шунинг учун биз Украинага қараб ўйнаймиз, улар Европа. "Ворскла" даражасига етиш учун эса биринчи навбатда чемпионатимизни кўтаришимиз керак, кейин ўша даражага эриш учун ҳаракат қилиш керак.

Фақат футболчимас, ҳар бир инсон ҳар доим ўзига мақсад қўяди. Европага яқинлашиш учун эса биз юқори маққсадларни қўйишимиз керак ва бу ўлда астойдил ҳаракат қилиш лозим.

– Мана 16 йил четда ўйнадингиз, маҳаллий футболчи бўлиш билан легионер бўлишнинг фарқи ҳақида гапириб берсангиз?

– Тўғри 16 йил легионер мақомида ҳаракат қилдим. Барибир, биз Россияга, Европага қараб ўйнаймиз, шунинг учун у ерда жуда бошқача футбол. Фақат футболмас, ташкилий, молиявий тарафлари ҳам бор, буни фақат футбол билан айтиб бўлмайди.

– Олдинги интервьюларингиздан бирида "Ўзбек футболини кўргим келди" деган экансиз, бунга қачондир афсус қиламан деб ўйламайсизми?

- Тўғрисини айтсам ўзбек футболини кўргим келди, бундан афсусдамасман. Чунки ҳамма нарсани вақти бўлади. АГМКга ўтганимдан жуда хурсандман ва у ерда фаолиятимдаги янги саҳифа очишга ҳаракат қиламан.

Киритилган сана: 19.01.2020 15:27. Ўкилди: 5708 марта.

Фикр билдиринг

ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!

МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ

 

БЛОГГЕРЛАР


Asosiy saxifa
© STADION.UZ
Guvohnoma №0917. Berilgan sanasi: 02.12.2013. Muassis: «OSIYO KABEL» MCHJ. Bosh muharrir: Bo‘ronov Olimxo‘ja Azimxo‘ja o‘g‘li. Tahririyat manzili: 100057, Toshkent shahri, Usta Shirin 125. E-mail: admin@stadion.uz
Barcha huquqlar himoyalangan. Sayt materiallaridan to‘liq yoki qisman foydalanilganda veb-sayt manzili ko‘rsatilishi shart.
Blogdagi materiallar uchun blog egasi, xabarlar ostidagi fikrlar uchun foydalanuvchining o‘zi javobgar.