Эрматов қаерга кетаяпти?
Баҳо: |
+1; -0
|
Эрматов ва унинг бригадаси Саудия Арабистони - Япония учрашуви (Осиё Кубоги-2011) олдидан © Getty Images
Ўзбекистон ифтихори Равшан Эрматов бутун бригадаси билан 8 февраль куни бўлиб ўтадиган Миср дербисини бошқариши ҳақида хабар берилди.
Эрматов ва унинг бригадасига ой бориб, омон қайтишни тилаб қоламиз. Чунки улар «жаҳондаги энг ваҳший дерби»ни бошқаргани кетишаяпти. Айтмоқчи, у бу дербини бошқарувчи биринчи хорижлик эмас.
2010 йилнинг бошида жаҳон дербилари ҳақидаги мақолалар серияси айнан Мисрдаги қарама-қаршилик билан бошланганди. Давоми архивдан. ;)
Ёқимли мутолаа.
***
ДУНЁДАГИ ЭНГ ВАҲШИЙ ДЕРБИ
15 январь куни ЎФФ биносида бўлиб ўтган қуръа ташлаш маросими натижаларига кўра, ҳисоб бўйича ХIХ миллий чемпионатимиз сўнгги уч йилликнинг энг муҳим ва энг шиддатли қарама-қаршилиги ҳисобланган «Бунёдкор» ҳамда «Пахтакор» клублари ўртасидаги Тошкент дербиси билан бошланадиган бўлди. Баҳорнинг 13-куни тунукачилар кўчасидаги «Бунёдкор»нинг уй стадионида бўлиб ўтадиган навбатдаги дербигача ҳали саккиз ҳафта вақт бор. Биз ушбу саккиз ҳафта давомида Сиз ўқувчиларга дунё майдонларидаги энг шиддатли дербилар ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилдик. Тўққизинчи ҳикоя, насиб қилса, Тошкент дербиси ҳақида бўлади...
Ҳозирдан шуни маълум қилиб қўйишимиз мумкинки, сафаримиз Европадан бошланмайди ва Европада тугамайди. Тўққизинчи ҳикоя Тошкент дербиси ҳақида бўлганидан кейин Европада тугамаслиги аниқ, аммо ундан аввалги ҳикоя ҳам Европадаги дербига оид бўлмайди... Саёҳатни Африкадан бошлаймиз…
Африка Футбол Конфедерацияси уларни Африканинг ХХ асрдаги биринчи ва иккинчи рақамли клублари деб топган эди. Улар биргаликда Африка Чемпионлар Лигасида энг кўп ғолиб чиққан клублар ҳисобланишади. ФИФА ушбу икки клуб ўртасидаги тўқнашувни «Жаҳон футболидаги энг шиддатли тўқнашувлардан бири» сифатида қайд этиб ўтган. Улар бир-бирига қарши майдонга тушган кун Қоҳира бўшаб қолади... Гап «Ал Аҳли» ва «Замалек» ўртасидаги Миср Класикоси ҳақида кетмоқда.
Бу кунда сиёсатчилар ўзларининг барча учрашувлар ва йиғилишларини бекор қилишади. Дўконлар эрталабдан ёпиқ бўлади. Кўчаларда биронта тирик жон қолмайди. Қоҳира аҳолисининг бир қисми уйларига яшириниб олса, энг ваҳший каллакесарлар стадион томон оқишни бошлашади. Дерби бўладиган ҳар бир кун шундай бўлади. «Ал Аҳли» ва «Замалек» ўртасидаги Буюк Қоҳира Дербиси бўладиган ҳар бир кун...
«БААдаги Шаржа аэропортида мисрлик таксичи пул узатарканман, у менга хавотирли ва ачинишга тўла нигоҳи билан қараб қолди. Мен унинг она шаҳри, Қоҳирага кетаётган эдим», — деб ёзади «« нашри мухбири Жэймс Монтога. — Аэропортгача бўлган йўл давомида бизнинг суҳбатимиз футболга бориб тақалди ва бу оддий ҳол: Яқин Шарқда бусиз иложи йўқ. «Албатта, «Ал Аҳли» тарафдориман», дея Мисрнинг энг совриндор жамоасига нисбатан муҳаббатини эътироф этди ҳайдовчи. Мен эса ишқибозлар билан тўлган 110 минг кишилик стадионда бўлиб ўтадиган, Африканинг энг асосий учрашуви ва футбол тарихидаги энг қаттиқ ҳам ваҳший тўқнашувларидан бири ҳисобланган «Ал Аҳли» ҳамда «Замалек» ўртасидаги Қоҳира дербисини бевосита кузатиш учун Мисрга йўл олгандим. Бир муддат қувноқлик билан суҳбатлашиб кетаётган таксичи бирдан ғамгинлашиб қолди ва қайтимни узатаркан, шундай деб қолди: «У ерга бормаслигингиз керак. Сизни у ерда шунчаки ўлдиришади».
Нафақат Миср, балки бутун Африканинг энг асосий қарама-қаршилиги тарихи Қоҳира кўчалари Британия империяси аскарлари билан тўлиб-тошган даврларга бориб тақалади. Британия Тожи остида экспорт қилинган маҳсулотлар орасида энг оммавийси футбол бўлса-да, Мисрдаги бу борадаги вазият андак ўзгачароқ эди. Ушбу ўзгача ҳолат 1907 йилгача, маҳаллий ишбилармонлар ташаббуси билан мамлакатдаги биринчи клуб — «Ал Аҳли» ташкил этилгунига қадар давом этди. Ўзбек тилига таржима қилинганда «Миллий» деган номни берадиган клуб либослари мустамлакачиларга бўлган қизил байроқ рангида эди. «Ал Аҳли» халқ жамоасига айланган эди. Миллий ғоя остида бирлашган оддий одамлар учун ва ниҳоят биргаликда йиғилиш имконияти пайдо бўлганди.
«Ал Аҳли» 4 ёшга тўлган вақтда «дунёга келган» оқ футболкалардаги «Замалек» эса оддий халқ томонидан хорижликлар жамоаси ва аутсайдер деб ҳисобланарди. Ҳаммасига қўшимча тарзда, жамоа 30-йилларда халқ суймаган қирол Фарукнинг жамоасига айланган ва Миср инқилобига қадар, жамоа номи «Замалек»ка ўзгартирилгунига қадар расман қирол номи билан аталган. «Замалек»ка одатда британияликлар, уларнинг тарафдорлари ва ёзувчи, шоир, зиёли ва шунга ўхшашлар ишқибозлик қиларди.
Шундай қилиб, қизил бурчакда мағрур камбағаллар, оқ бурчакда эса либераллар ва буржуазия ўрта қатлами ўрин олганди. Бундай бўлиниш ҳозирга қадар сақланиб қолган.
Ўтган асрнинг катта бир қисми давомида «Ал Аҳли» ҳамда «Замалек» ўртасидаги қарама-қаршилик майдон ичида ва майдон ташқарисида давом этиб, қурбонлар, вайронагарчиликар олиб келган. Ҳатто, 1970-йилларнинг бошида Қоҳира дербисидан кейин жароҳат олганлар ва ҳалок бўлганлар сони ҳаддан зиёд кўпайиб кетгани сабаб бутун бир чемпионати тўхтатилган эди. Охири йўқ хунрезлик охир-оқибат пойтахт дербисини бетараф майдонда ўтказиш ҳақида мамлакат ҳукумати даражасида қарор қабул қилинишига олиб келди. Сўнгги 20 йилдан бери жамоалардан биронтаси ўз рақибини ўз уй стадионида қабул қила олмайди…
Ўтган йили «Пахтакор» ва «Бунёдкор» ўртасидаги учта учрашувнинг иккитасидан кейин «Бунёдкор»нинг бразилиялик устози Луиз Фелипе Сколари ўйинни бошқариб борган ўзбекистонлик ҳакамларнинг ҳаракатларидан норозилигини билдирганди. Қоҳира дербисида эса бош ҳакамнинг рақиб жамоа фойдасига чиқарган ҳар бир шубҳали қарори ҳакамнинг рақиб томонидан сотиб олинган деб қарор қабул қилиниши учун мухлисларга етарли бўлади. Аҳваол шу даражага бориб етдики, дербини бошқариш учун хориждан ҳакамлар таклиф этишга тўғри келди. 2001 йилда Европанинг олтита миллий футбол уюшмаси Миср Класикоси учун ҳакам жўнатишдан бош тортди. Ва фақат шотландиялик Кенни Кларк, ўша вақтгача «Селтик» ва «Рейжерс» ўртасидаги тўртта Глазго дербисини бошқарган ҳакам «Ал Аҳли» ва «Замалек» ўйинини бошқаришга рози бўлди...
«Агар мен стадионга борадиган бўлсам, машинамни уйда қолдираман, чунки «Ал Аҳли» ишқибозлари ҳамма нарсани олди-орқасига қарамай вайрон қилиб кетаверишади», — дейди «Замалек» ва Миср терма жамоаси собиқ юлдузи Айман Юнус. У томонларнинг кескин муносабатига бевосита ўзи гувоҳ бўлган. 80-90-йиллардаги Қоҳира дербисида «Аҳли» дарвозасига гол уриш асосий машғулотларидан бири бўлган Юнусни ҳанузгача таъқиблар тарк этганича йўқ.
«Футболчилик давримда «Аҳли» ишқибозлари билан боғлиқ бир дунё муаммоларим бор эди. 1990 йилда улар менинг «BMW»имни ёнламачасига ағдариб, «Аҳли ишқибозлари» деган имзо қолдириб кетишган. Тасаввур қиляпсизми, бу «Ал Аҳли» 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган ўйиндан кейин бўлаётган иш. Бироқ ўша мавсумда, ушбу ғалабадан бир муддат аввал уларнинг жамоаси дарвозасига гол урганимни эсдан чиқаришмаган эди». Юнуснинг айтишича, энг қўрқинчлиси бу эмасди.
«Бундан кейин, бир марта улар менга ўз уйимда ҳужум қилишганди. «Ал Аҳли»нинг беш мингта ишқибози мен яшайдиган кўчага келиб, мени, аёлимни ва болаларимни ҳақорат қилиб, дуч келган нарсани биз томонга отишганди. Полицияни чақиришга тўғри келганди».
Шунча таҳдидлар ҳам Айман Юнуснинг ўз қарашларини қайта кўриб чиқишига сабаб бўла олмаган. Айман учун «Замалек» ва унинг ишқибозларига бўлган муҳаббат унинг бутун ҳаётининг ҳамма соҳаси, ҳатто динигача кириб борган. «Замалек» ишқибозидан сўраб кўрингчи, у ўз динини ўзгартирармикин? Бу саволингизга у жим туради. Лекин, агар сиз «Замалек»ка хиёнат қила оласанми, деб сўрасангиз, шу заҳоти рад жавобини оласиз. Ҳатто полициячи сизнинг мусулмон ёки насроний эканлигингизни билмаслиги мумкин, лекин албатта: «Ал Аҳли»гамисан ёки «Замалек»ка?», деб сўрайди. Бунинг турган-битгани ҳақиқат».
Қисқа муддат Грецияда фаолият олиб борган «Замалек»нинг энг яхши ўйинчиси Маҳмуд Абдулраззоқнинг айтишича, футболчилар бугунги кунда ҳам ўзгаришмаган: «Мен «Замалек»да болалигимдан бери ўйнаганим учун қайтиб келдим. Бу ер менинг уйим. Дерби эса ўзича алоҳида бир чемпионати. Сен унда ғалаба қозониб, Миср футболида мавжуд бўлган якка-ю ягона соврин эгасига айланасан».
«Ал-Аҳли» ишқибозлари «ижоди»дан © al-ahly.theoffside.com
Яна «The Guardian» нашри мухбири Жэймс Монтоганинг сўзларидан иқтибос келтирамиз: «Қоҳирадаги Халқаро стадионга етиб келган вақтимда, ҳукумат таваккал қилмоқчи эмаслиги маълум бўлди. Стадионга қараб оқаётган ҳалойиқ қора кийимдаги махсус ва одатий либосдаги полиция кучлари билан назорат қилинар, улар жонли оқимдан ишқибозларни чиқариб олиб, текширишарди. Бунга қараб туриб, қандайдир ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудда тургандек ҳис қиласан ўзингни. Стадионда эса «Ал Аҳли»нинг «ултрас»лари қўшиқ айтишарди...».
«Ал Аҳли» Миср чемпионатининг сўнгги бештасида кетма-кет ғолиб бўлди (умумҳисобда эса 34 та ғалаба), Африка Чемпионлар Кубогининг сўнгги тўрттасидан иккитасида чемпионга айланди ва шу билан бирга сўнгги йиллардаги «Замалек»ка нисбатан катта устунлиги билан фахрланса арзийди.
«Аҳли» юз фоизга мисрликлардан ташкил топган Мисрнинг биринчи клуби, шунинг учун ҳам биз миллий ғояларни куйлаймиз. «Замалек» эса неча марта ўз номини ўзгартирган. Шунинг учун ҳам биз шундай куйлаймиз: «Сизларнинг ярмингиз британияликлар эди, сизлар чиқиндисизлар!», — дея берилиб тушунтиради «Ал Аҳли» ишқибозлар ҳаракати етакчиси Асад. — Мисрдаги энг катта иккита сиёсий партия бу — «Аҳли» ва «Замалек»дир. Лекин бу сиёсатдан ҳам каттароқ нарса. Бу кўпроқ ҳақиқатдан қочишга ўхшайди. «Аҳли» ўртача ишқибозини тасаввур қилинг. Икки хонали квартирада хотини, қайнонаси ва бешта боласи билан яшаётган одамни тасаввур қилинг. Унга энг кам ойлик иш ҳақини тўлашади, унинг ҳаёти эса — даҳшатнинг ўзгинаси. Жума куни икки соат, стадионга бориб, «Аҳли»га ишқибозлик қилиш — унинг учун ёлғиз юпанч, у шундай қилиб кўнглини бўшатади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш — жамоамиз учун қарз, чунки унинг ҳар бир ғалабаси одамларни бахтиёр қилади. «Ал Аҳли» ишқибозлари ҳар бир ўйинда ғалаба ва фақат ғалаба талаб қиладиган дунёдаги ягона клуб бўлса керак».
Шу кунгача жамоалар Миср Лигаси, Миср Кубоги, Миср Суперкубоги, Африка Чемпионлар Лигаси, Африка Супер Кубоги баҳсларида ўзаро 132 та учрашув ўтказган бўлиб, уларнинг 54 тасида «Ал Аҳли», 33 тасида эса «Замалек» ғалаба қозонган. 46 учрашувда эса дуранг натижа қайд этилган. Ўзаро учрашувларда «Аҳли» футболчилари рақиб дарвозасини 173 марта аниқ нишонга олишган бўлса, 135 марта «Замалек» футболчиларидан тўп ўтказиб юборишган. Қизиқ бир факт шуки, айни вақтда «Оқ рицарлар»га устозлик қилаётган Ҳоссам Ҳасан «Ал Аҳли» таркибида «Замалек» дарвозасига бешта, кейинчалик эса «Замалек» таркибида «Ал Аҳли» дарвозасига 4 та гол уриб, Миср Класикоси тўпурарлари рўйхатида «Ал Аҳли» ва Миср терма жамоасининг бугунги кундаги етакчиси Муҳаммад Абутрика билан биргаликда биринчи бўлиб турибди.
1942/43 йилги Миср Кубоги финалида «Замалек» «Ал Аҳли»ни 6:0 ҳисобида мағлуб этган ва бу ҳозирча дерби тарихида қайд этилган энг йирик ҳисоб сифатида сақланиб турибди. Орадан салкам 60 йил ўтиб, 2001/02 йилги мавсумда, чемпионат ўйинлари доирасида «Ал Аҳли» азалий рақиби устидан 6:1 ҳисобида ғалаба қозониб, аламдан чиққандек бўлди...
2009 йилда, ЖЧ-2010 саралаш баҳслари доирасида Миср ва Жазоир ўртасида бўлиб ўтган Араб-Африка дербиси вақтида мисрлик ишқибозлар ўзларининг Шарқий Европадаги хулиганлар ёки Англиядаги безорилардан қолишмасликларини намойиш этишган эди. Лекин «Ал Аҳли» ва «Замалек» ўртасидаги дербини кузата туриб, бу нарса мисрлик футбол ишқибозларининг қон-қонига сингиб, урф-одат даражасига чиқиб қолганига гувоҳи бўлиш мумкин...
Қоҳира дербиси Африка ва Яқин Шарқдаги энг шиддатли қарама-қаршиликлардан бири дея ҳисобланмасин, ўтган асрнинг етмишинчи йилларидан бошлаб бутун араб дунёсида катта қизиқиш билан томоша қилинмасин, дерби вақтида майдон ичи ва ташидаги воқеалар қанчалик ваҳший кўриниш олмасин, ундан битта ўрнак олишга арзигулик факт бор.
2008 йилги Африка Миллатлар Кубоги финалида Муҳаммад Абутрика Камерун терма жамоаси дарвозасига ўйиндаги ягона голни урганида камдан-кам учрайдиган ҳодиса — «Замалек» ишқибозлари ҳам «Ал Аҳли» ҳужумчисининг муваффақиятидан хурсанд бўлишганди, тантана қилишганди. Тўғри, ўйиннинг эртасигаёқ ҳамма ушбу натижани эсдан чиқарган бўлиши мумкин, оқлар оқ бурчак, қизиллар яна ўша қизил бурчакларига бориб туриб олган бўлишлари мумкин. Аммо Ватан шарафи олдида бирлаша олганлар...
2010 йил, 17 январь куни
«Чемпион» газетаси учун ёзилган
Фикр билдиринг
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН УТИШ КЕРАК!
Билдирилган фикрлар:
UZBEK |
Сана: 04.03.2012 16:39. UZBEKга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
RAULMADRID |
Сана: 07.02.2012 16:07. RAULMADRIDга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
ALKORBE |
Сана: 03.02.2012 08:10. ALKORBEга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
SHAHRIXON |
Сана: 02.02.2012 21:21. SHAHRIXONга ёзиш |
+1; -0
|
0
|
PIRLO |
Сана: 02.02.2012 00:22. PIRLOга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
BEKXXX |
Сана: 01.02.2012 21:26. BEKXXXга ёзиш |
+0; -0
|
0
|
МУАЛЛИФНИНГ БОШҚА МАҚОЛАЛАРИ
- Эрматов қаерга кетаяпти?
- Иқтидорига шубҳа йўқ «терма жамоасиз» тўпурар ҳимоячи
- Ўзбекистон Суперкубоги ҳақида (архивдан)
- Ўзбек тилида йўқ "ы" ҳарфи ҳақида
БЛОГГЕРЛАР
-
Ўзингни англа -
Саёз фикрлар... -
Futbol olami -
Интервьюлар олами ва таҳлилий мақолалар -
Tanganing ikkinchi tomoni -
Футбол — спорт қироли! -
InterFutbol газетаси блоги -
UzA.uz — спорт хабарлари блоги -
Футбол шарҳи -
FCB.UZ блоги -
Mazmun.uz блоги -
Ла Лига бўйича эксперт -
Келажак футболи -
Maydon.uz блоги -
Ҳакамлик ва ўйин қоидалари -
25-кадр -
Спортга оид мақолалар ва маслаҳатлар -
Мундиал яқин! -
Мухлис минбари -
Forza Inter! «Интер Милан» клуби ҳақида таҳлилий-субъектив блог -
Ўзбекистон футболи жаҳонда! -
Ўзганинг ҳақи буюрмас, ноҳалол ғалаба татимас -
FC – "НАВБАҲОР" -
Карикатура ва ҳажвия -
"Қизил Манчестер" -
MES QUE UN CLUB -
Викториналар, танловлар -
I love this Game -
Эркин зарба! -
Футбол: қизиқарли фактлар, рақамлар... -
Бир чимдим кулгу -
Керагидан ортиғи керакмас! -
Hala Madrid! -
А серия сарҳадлари -
Хўжа Насриддин бурчаги -
«Офсайд» -
ФУТБОЛ КЛУБИ БЛОГИ -
«Катта»лар ичидаги «кичик» -
One love, One United! -
Сайт ва газета блоги