Саудия Арабистони Про-лигаси «Ан-Наср»нинг «Ал-Файсалий»га қарши ўйинидаги (3:1) баҳсли голни расман Криштиану Роналду ҳисобига ёзди.
49-дақиқада Жоау Феликснинг жарима зарбасидан узатган тўпи дарвозага кирган. Бироқ Opta бу вазиятни Андре Жироттонинг автоголи сифатида баҳолаган. Такрорий лавҳаларда Роналду тўпга боши билан текканини аниқ ажратиш қийин.
Саудия лигаси вакилига кўра, гол муаллифини аниқлашда Opta эмас, ҳакамнинг расмий қайдномаси асос қилиб олинади.
Учрашув бош ҳаками Абдалла ал-Увайдан голни Роналду номига расмийлаштирган. Шу тариқа, баҳсли тўп португалиялик футболчининг ҳисобига қўшилди.













