Кириш Регистрация
02/05 00:00 Боруссия Д 1-0 ПСЖ
02/05 20:30 Ироқ 2-1 Индонезия
02/05 23:30 Челси 2-0 Тоттенхэм
03/05 20:30 Япония 1-0 Ўзбекистон
03/05 22:00 Тулуза - Монпелье
03/05 23:45 Торино - Болонья
04/05 00:00 Лутон - Эвертон
04/05 00:00 Ланс - Лорьян
04/05 00:00 Хетафе - Атлетик Бильбао
04/05 16:30 Арсенал - Борнмут
04/05 17:00 Реал Сосьедад - Лас-Пальмас
04/05 18:00 Гавр - Страсбур
04/05 19:00 Бёрнли - Ньюкасл
04/05 19:00 Шеффилд Юнайтед - Ноттингем Форест
04/05 19:00 Брентфорд - Фулхэм
04/05 19:15 Реал Мадрид - Кадис
04/05 20:00 Монако - Клермон
04/05 21:00 Монца - Лацио
04/05 21:30 Манчестер Сити - Вулверхэмптон
04/05 21:30 Жирона - Барселона
04/05 22:00 Метц - Ренн
04/05 23:45 Сассуоло - Интер
05/05 00:00 Брест - Нант
05/05 00:00 Мальорка - Атлетико

Зидан ва Бекхэм яна ишда ёки туғилмадан "юлдуз" бўлганлар ҳақида

Баҳо:
+ | -

Охирги йилларда футбол мактаблари, ҳаттоки, Европанинг топ-клублари таркибида ўтмишнинг таниқли ўйинчилари фарзандларини кўриш одат тусига айланди. Демак, «ССФ» маълумотлари асосида яна бир марта янги авлоднинг энг ёрқин вакилларига эътибор қаратамиз. Аниқроғи, юлдуз оталари изидан боришга бел боғлашган ва энди-энди катта доирага қўшилаётган 20 ёшдан кичик жарангдор фамилия эгаларига назар соламиз.

1. Энцо Зидан (19 ёш)

Клуби: «Реал»

Амплуаси: марказий ярим ҳимоячи

Отаси: Зайниддин Зидан

Энцо худди отаси каби «Ювентус» ва «Реал» клубларида футбол билан шуғулланди, тўғри, ҳозирча фақат ёшлар тоифасида. Зизу айни пайт «бланкос»нинг иккинчи жамоаси - «Кастильо»ни бошқаряпти ва моҳиятан олганда, ўғлига ҳам мураббийлик қилмоқда. Энцо бир йил олдин Франция ёшлар термаси учун ўйнай бошлади, бироқ катталар тоифасида қайси юрт шарафини ҳимоя этиш бобида ҳали бир тўхтамга келганича йўқ. Унга испанлар ва жазоирликлар ҳам кўз тикиб туришибди. Шу ўринда Энцонинг укалари - Лука, Тео ва Элиас ҳам «Реал» академиясида таҳсил олишаётганини таъкидлаш жоиз.

 

2. Бруклин Бекхэм (15 ёш)

Клуби: «Арсенал»

Амплуаси: қанот ярим ҳимоячиси

Отаси: Дэвид Бекхэм

Бекснинг тўнғич ўғли ижтимоий тармоқларда ниҳоятда фаол, шунингдек, мода кўргазмалари ва шоуларда иштирок этади. Шунинг баробарида «канонирлар» академиясида футболнинг сир-асрорларини ўзлаштирмоқда. Тўғри, яқинда «Арсенал» Бруклиннинг келажагига унча умид боғламаётгани ва ёзда ярим ҳимоячи билан хайрлашмоқчи эканлиги хусусида хабарлар тарқалди. Бруклиннинг укалари - 17 ёшли Ромео ва 10 ёшли Круз эса Лондон клуби академиясида таҳсилни давом эттиришса керак.

 

3. Жо ван дер Сар (16 ёш)

Клуби: «Аякс»

Амплуаси: дарвозабон

Отаси: Эдвин ван дер Сар

Жо илк марта Евро-2004 чорак финали (Голландия-Швеция)дан сўнг намоён бўлганди. Тўғрироғи, пенальтилар серияси қаҳрамонига айланган Эдвин ўғлини кўтариб олганча камераларга бахтиёр нигоҳ ташлаганди. Кичик ван дер Сар ҳозирча ҳаётидаги энг муҳим ўйинни «Аякс» болалар жамоаси (13 ёшлилар тоифаси) таркибида «МЮ»даги тенгдошларига қарши ўтказди. Бу учрашув 2011 йилнинг августида катта ван дер Сарнинг хайрлашув ўйини доирасида ташкил этилган ва Амстердамдаги аренада чинакам «аншлаг» кузатилганди.

 

4. Лука Захович (19 ёш)

Клуби: «Марибор»

Амплуаси: ҳужумчи

Отаси: Златко Захович

Лука футбол оламига «Бенфика»да қадам қўйди. Ўшанда отаси шу клуб шарафини ҳимоя қиларди. 2007 йили эса «Марибор» ихтиёрига ўтди. Эътиборлиси, кичик Захович ўтган йилнинг 17 сентябрь куни ЧЛда дебют қилди ва ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда «Спортинг» дарвозасини ишғол қилиб, клубини мағлубиятдан қутқариб қолди - 1:1. Бу билан Заховичлар ЧЛнинг янги тарихида катта из қолдиришди. Зеро, уларгача турнирда ҳам ота, ҳам ўғилнинг гол уриши атиги бир марта кузатилганди Хуллас, улар Абеди Пеле ва Андре Айюдан сўнг иккинчи бўлиб, шундай натижага эришишди. Йил якунида Луканинг номзоди Golden Boy (Европанинг энг яхши ёш футболчиси) совринига кўрсатилганини ҳам айтиш ўринли.

 

5. Найл Киоун (19 ёш)

Клуби: «Рединг»

Амплуаси: марказий ҳимоячи

Отаси: Мартин Киоун

Павел Погребнякнинг клубдоши ҳозирча ёшлар жамоасидаги ўйинлар билан чекланмоқда. «Мен ўғлимни фақат мақтайман. Чунончи, ота-оналар фарзандлари билан муносабатда ўз ўринларини билишлари шарт. Ёшлигимда 1та ўйинда 5та гол урсам, отам аслида 6та уришга қодир эканлигимни айтиб, руҳимни кўтарарди»,-дейди «Арсенал» клуби ва Англия терма жамоаси собиқ ҳимоячиси Мартин Киоун. Айтганча, унинг яна бир ўғли спорт журналисти сифатида фаолият юритмоқда.

 

6. Жастин Клюйверт (15 ёш)

Клуби: «Аякс»

Амплуаси: марказий ҳужумчи

Отаси: Патрик Клюйверт

Кичик Клюйверт ҳам худди Жо ван дер Сар каби «Аякс» ёшлар жамоасида ўйнамоқда. У ўтган йилнинг ноябрь ойида шахсий реклама шартномаси туздики, бу кўп нарсадан далолат беради. Патрик шунингдек, кенжа ўғли - 7 ёшли Шейнга ҳам катта умид боғламоқда. Айтишларича, кичик Клюйверт жарима зарбаларини тепишга уста экан. Отаси Шейнни яқинда «Барселона» кийиниш хонасига олиб кирди ва у кимсан Лео Месси билан бирга суратга тушди.

 

7. Деванте Коул (19 ёш)

Клуби: «МК Донс»

Амплуаси: ҳужумчи

Отаси: Энди Коул

Деванте 7 ёшидан «Манчестер Сити» мактабида шуғулланди, ўтган йилнинг августида эса уни ижара келишуви асосида «Барнсли»га жўнатишди. Қишда «МК Донс»га ўтган кичик Коул бу клубда 3та гол уришга ҳам улгурди. 10 ёшидан бошлаб, Англия ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларида ўйнаётган ёш ҳужумчини инглиз футболининг яқин келажакдаги умиди сифатида эътироф этишмоқда.

8.Жордан Ларссон (18 ёш)

Клуби: «Хельсингборг»

Амплуаси: ҳужумчи

Отаси: Хенрик Ларссон

Кичик Ларссон Швеция клубидаги расмий дебютини ўтган йилнинг июлида нишонлади. Тўғри, бунгача, яъни 2013 йили «Тенхультом»га қарши кечган ва клуб тарихида алоҳида ўрин тутган учрашувда ҳам майдонга тушганди. Ўшанда Хенрик Ларссон ўғли билан бирга ўйнаш мақсадидагина бир кунга бутсаларини михдан олганди. Ҳозир собиқ ҳужумчи айнан «Хельсингборг»ни бошқаряпти, Жордан эса мамлакатнинг ўсмирлар жамоасида ўйнаш даражасига чиқди. Хабарларга қараганда, у ёзда «Фейеноорд»га ўтади.

 

9. Маттеус ОлиВейра

(20 ёш)

Клуби: «Эшторил»

Амплуаси: ҳужумкор ярим ҳимоячи

Отаси: Бебето

Машҳур Бебето машҳур голни нишонлаш усулини айнан шу ўғлининг дунёга келиши муносабати билан кўрсатганди. Яъни ЖЧ-94 чорак финалида шериклари билан «чақалоқни тебратиш» саҳнасини намойиш этганди. Қолаверса, ўғлига Германия термасининг афсонавий сардори Лотар Маттеус шарафига исм танлаган. У аслида «Фламенго»га тегишли. Қизиғи, Маттеус Оливейра билан шартнома тузаётган пайт клубдагилар унинг машҳур ҳужумчи зурриёти эканлигини билишмаган экан (Бебето шундай бўлишини истаган). Кейинчалик «Фла» Оливейрани «Эшторил»га ижара асосида берди. Айтганча, Маттеус 2012 йили Бразилия ёшлар термаси таркибида Жанубий Америка чемпиони бўлди.

 

10.Кристиан Мальдини (19 ёш)

Клуби: «Милан»

Амплуаси: чап қанот ҳимоячиси

Отаси: Паоло Мальдини

Мальдинилар оиласининг учинчи авлоди вакили (буваси Чезаре ва отаси Паолодан сўнг) ҳам «Милан» бағрида камол топяпти. Тўғри, у ижара асосида «Брешиа»да ўйнаб қайтишга ҳам улгурди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида эса «россонерлар»нинг ёшлар жамоасида дебют қилиб, илк ўйинидаёқ гол урди. Кичик Мальдинининг имкониятлари «Милан» устози Филиппо Инзагига яхши маълум. Зеро, «Пиппо-пол» бунгача «россонерлар»нинг ёшлар жамоасини шуғуллантирганди.

 

11. Диего Пойет (19 ёш)

Клуби: «Вест Хэм»

Амплуаси: қанот ярим ҳимоячиси

Отаси: Густаво Пойет

Диего ўтган мавсум якунларига кўра, «Чарльтон»нинг энг яхши футболчиси, деб топилди. «Ўғлимни шахсан ўзим шуғуллантиришни хоҳлардим, бироқ бу унчалик адолатли бўлмайди. Захирада ўтирганча ўғлимни майдонга тушираверишим одамларга ёқади, деб ўйлайсизми?» Густаво Пойет 2013 йили Диегони «Сандерленд»га олиб ўтишни хоҳламаганини шундай изоҳлаганди. Қарангки, трансферни амалга ошмай қолгани ёш футболчининг фойдасига ишлади. Зеро, у жорий мавсум «Вест Хэм»нинг асосий таркибида премьер-лигадаги дебютини нишонлади.

 

12. Ривалдиньо (19 ёш)

Клуби: «Можи Мирим»

Амплуаси: ҳужумчи

Отаси: Ривалдо

Европанинг 1999 йилги энг яхши футболчиси ўтган мавсум, аниқроғи, март ойида фаолиятини тугатганини эълон қилди. Ривалдо ҳозирда Бразилиянинг камтарингина клуби - «Можи Мирим»да президент ҳисобланади. Ўғли Ривал- диньо айнан шу жамоада тўп суряпти. Ота-ўғил ҳаттоки, штат биринчилиги даражасидаги битта ўйинда бирга ўйнаб ҳам кўришди. Эътиборлиси, ўша учрашув Ривалдонинг отаси - Ромильдо Феррейра (шаҳар мэриясида ишлаган) шарафига аталган стадионда бўлиб ўтди.

 

13. Ромариньо (20 ёш)

Клуби: «Бразильенсе»

Амплуаси: ҳужумчи

Отаси: Ромарио

Кичик Ромарио Каталонияда туғилган ва «Васко да Гама» клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. Бироқ охирги 2та мавсумни Бразилия 4-дивизионида иштирок этувчи «Бразильенсе»да ўтказди. «Васко» йил бошида уни ортга қайтарди, бироқ келажагига унча ишонмаяпти, чоғи.

14.Жованни Симеоне (19 ёш)

Клуби: «Ривер Плейт»

Амплуаси: ҳужумчи

Отаси: Диего Симеоне

Кичик Симеоне - ёшлар ўртасидаги Америка кубоги-2015нинг энг яхши тўпурари (10та ўйинда 9та гол урди). 2013 йилдан буён «Ривер Плейт» шарафини ҳимоя қилаётган Жованни фаолиятини отаси каби марказий ярим ҳимоячи сифатида бошлаганди. Аммо кейинчалик ҳужумга сурилди. «Олдинга ўтишим ва кўпроқ гол уришимни отам тайинлади»,-дейди аргентиналик иқтидор. Гап-сўзларга кўра, уни «А» сериясидаги топ-клубларнинг ярми ўз таркибида кўришни орзу қилаётган экан. Яъни «Лацио»дан тортиб, «Милан»гача - барчанинг эътибори кичик Симеонега қаратилган.

 

15. Янис Хаджи (16 ёш)

Клуби: «Виторул»

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Отаси: Георги Хаджи

Янис худди отаси каби чап оёғида кучли зарба йўллайди, стандарт вазиятларни маромига етказиб ижро этади. Шунингдек, Руминия ўсмирлар термасида сардорлик қиляпти. У Георги Хаджи томонидан 2009 йили очилган шахсий мактабнинг илк тарбияланувчиларидан биридир. Орада Яниснинг «Шахтёр» таркибига қўшилиши хусусида хабарлар чиқди, аммо Донецк клуби буни инкор этди. Ҳозирда руминиялик иқтидор эгасига «Интер» алоҳида қизиқиш билан қараяпти.

 

16. Лукас Шолль (18 ёш)

Клуби: «Бавария»

Амплуаси: ярим ҳимоячи

Отаси: Меҳмет Шолль

Вақтида «Бавария» ўйинларидан бирида Франк Рибери фахрий Меҳмет Шолль ўрнига майдонга тушганди. Мана, орадан йиллар ўтди ва тегирмон айланиб, ўша тарихни эслатди. Яъни Лукас Меҳмет ўғли Шолль айнан Рибери ўрнини эгаллади. 18 ёшли ярим ҳимоячи мавсумолди турнирида Менхенгладбах «Боруссия»сига қарши ўйинда майдонга тушиб, «Альянц Арена» олқишига сазовор бўлди. Умуман, унга «Бавария» таркибидаги энг салоҳиятли йигитлардан бири сифатида қаралмоқда.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 18:16, 30.03.2015.
Ўқилди: 4821 марта.
Фикрлар: 9 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.