Кириш Регистрация
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер
29/12 00:45 Лацио - Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль

Артур Геворкян: “Менинг қандайлигимни мураббийимдан сўранг”

Баҳо:
+ | -

Замонавий футбол шундай кўриниш олганки, ўзбекистонлик футбол мухлислари ўзимизнинг футболчилардан кўра Европада тўп сурадиганларни яхшироқ танийди. Айтайлик, яқинда “класико” ўйини бўлиб ўтди. 80 фоиз мухлис ўша ўйинда қайси таркиб тушишини олдиндан айта оларди. Аммо Олий лигада тўп сурадиган футболчиларни ҳам ёддан биладиганлар кўп топилмаса керак. Фақат саноқли ўйинчиларгина шундай бахтга мушарраф бўла олади ва Артур ГЕВОРКЯН ҳам улар сирасига киради. Туркманистонлик легионерни танимаган мухлис бўлмаса керак.

Геворкян ўтган мавсум “Интерфутбол” нашри томонидан “мавсумнинг энг фойдали футболчиси”, деб топилган эди. Яқинда ярим ҳимоячига мана шу соврин топширилди. Артур билан қилган суҳбатимиз соврин билан бошланиб, ўзбек футболидаги турли мавзулар билан давом этди.

ЭЪТИРОФ ВА ЖАРОҲАТ

— Артур, сиз “Мавсумнинг энг фойдали футболчиси”, деб топилдингиз. Бу эътироф сиз учун янгилик бўлдими ёки йил давомидаги ўйинингиздан келиб чиқиб шундай соврин берилишини кутганмидингиз?
— Тўғрисини айтганда, бирор эътирофга муносиб футболчиман, деган хаёлга ҳеч қачон бормаганман. Умуман, мен қилаётган иш қандайдир муҳим аҳамиятга молик, деб ҳам ҳисобламайман. Шунчаки, ҳамма қатори жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиладиган футболчиман, холос. Агар “Интерфутбол” нашри мени шу совринга муносиб кўрган бўлса ҳам, бу эътироф бутун жамоаники, деб ҳисоблайман. Ҳеч бир футболчи якка ўзи ғалабага эриша олмайди. Ўтган мавсум Олий лигада энг кўп гол киритган бўлсам, бу ишни жамоасиз уддалай олмас эдим. Шундай экан, аввало жамоадошларимга раҳмат айтишни истайман. Шунингдек “Интерфутбол” газетасидан ҳам соврин учун миннатдорман.

— “Ал Аҳли”га қарши кечган учрашувда оёғингиздан жароҳат олган эдингиз. Ҳозирги ҳолатингиз ҳақида маълумот бера оласизми? Қачон майдонга қайтишингиз мумкинлигини айта оласизми?
— (Кулади) Ҳамма шу ҳақида сўрамоқда. Нима деб жавоб беришни ҳам билмайсан.

— Демак, ҳаммани шу савол қизиқтиради.
— Ҳа, шундай шекилли. Аммо бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Яхшиси кутган маъқул. Жароҳатим у қадар оғир эмас. Насиб қилса тикланиш машқларини яхшилаб ўтаб олсам, майдонга қайтишим осон бўлади.

АЛАМЛИ МАҒЛУБИЯТ

— Сиз майдонга туша олмаган учрашувда жамоангиз “Олмалиқ”дан мағлубиятга учради. Алам қилдими?
— Албатта, алам қилганда қандоқ. Ўйинни томоша қиларканман, майдонга туша олмаслигимдан жаҳлим чиқди. Учрашувда иштирок этиш, вазиятни ўнглаш учун бор куч билан ҳаракат қилиш бошқа, трибунада ўтирганча, қўлингдан ҳеч нарса келмаслигини ўйлаш бошқача бўларкан. Ўша куни ўзимни қўярга жой топа олмадим. Майдонда курашиб ўрганган одам учун шунчаки футбол томоша қилишдан оғири бўлмаса керак.

— Яқинда Олий лигада иштирок этадиган футболчилардан бири билан гаплашгандим. Унинг айтишича, сиз сафга қайтмай туриб “Насаф” билан ўйнаб олган маъқул экан. Бундай гапларни эшитаркансиз, қандай ҳолатга тушасиз? Сиздан чўчишаётганидан ғурурланасизми ёки майдонга туша олмасликдан жаҳлингиз чиқадими?
— Алам қилади. Мавсум бошидаги муҳим ўйинлардан четда қолаётганимдан жаҳлим чиқади. Аммо “Насаф”да кучли футболчилар кўп. Мен йўқлигимни билдирмайдиган футболчилар етарли. Ишонаманки “Насаф” келгуси ўйинларда албатта ғалабага эришади. Мен биланми ёки менсиз, аммо барибир бу вазифа уддаланишига ишончим комил.

— “Олмалиқ”қа қарши кечган учрашувда бундай бўлмади...
— “Олмалиқ” – бир неча йиллардан буён барқарор тўп суриб келаётган жуда кучли жамоа. Бу клуб шунчаки тасодифан ғалабага эришгани йўқ. Боз устига мавсум бошида кучли футболчиларни таркибига жалб қилган. “Олмалиқ”да анча вақтдан буён катта ҳажмда иш олиб борилмоқда. Биз эса тўхтовсиз сафарлар ва узоқ масофага самолётда парвоз қилишдан анча толиққан эдик. Бундай ҳолатда жамоа тикланиб олиши учун уч-тўрт кун камлик қилади. Олий лигадан ташқари Чемпионлар лигасида ҳам иштирок этадиган жамоага ҳеч қачон осон бўлмайди. “Олмалиқ”қа қарши кечган ўйиндаги мағлубият сабаблари мана шу. Албатта бу баҳона бўла олмайди. Жамоамиз кейинги ўйинларда хатони тўғрилаб, вазиятни ўнглай олади.

ЛЕГИОНЕРЛАР ҲАҚИДА

— Ўзбекистон чемпионатида ҳар йили кўплаб легионерлар тўп суришади. Аммо ҳаммаси ҳам ёдда қолавермайди. Айтингчи, нима учун Олий лигада яхши савиядаги футболчилар кам? Сиз ва “Пахтакор”даги Кахи Махарадзени инобатга олмаганда, кўпчилик легионерлар ўйини қониқарли даражада эмас...
— Ўзбекистон чемпионатида кучли легионерлар ҳар доим бўлган. Биргина Ривалдони эсласангиз ҳам кўп нарса ойдинлашади. Ҳозир ҳам Олий лигада кучли легионерлар етарли. Кахи Махарадзедан ташқари ўтган йиллар давомида Боян Миладинович ҳам ёмон ўйин намойиш қилгани йўқ. Қолган легионерлар ҳақида ҳам бирдан хулоса чиқариб қўйишни истамасдим. Тўғри, кўпчилик футболчилар бир жамоада узоқ вақт ўйнай олмайдилар. Кимдир жамоа ўйин услубига мос келмаса, бошқасида молиявий ёки бошқа муаммолар юзага келади. Аммо етакчи клублар – “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” ва “Насаф”да ҳар доим яхши легионерлар кўп бўлган. Насиб қилса мавсум давомида уларнинг кучига яна кўп гувоҳ бўламиз. Чемпионат энди бошланмоқда ва бизни олдинда кўп ўйинлар кутиб турибди.

— “Насаф” бу йил икки нафар легионер билан шартнома имзолади, булар – Рой Рок ва Олександр Коблаш. Улар ҳақида қандай фикрдасиз?
— Иккиси ҳам жуда яхши футболчилар. Улар жамоамиз олдига қўйилган вазифаларни уддалашда ёрдам бера оладилар, деб ўйлайман. Рой Рок ва Коблаш ҳозирданоқ яхши ўйин намойиш қилмоқда. Мавсум давомида янада яхшироқ формага кира олишларига ишонаман.

— Сиз ўз вақтида “Пахтакор”да ҳам тўп сургансиз. Аммо пойтахтда кўп қола олмадингиз. Ўзбек футболидаги мутахассислардан биридан шу ҳақида сўраганимизда: “Геворкян ҳужумда ажойиб ўйин кўрсатади, аммо ҳимояга кам ёрдам беради. Шунинг учун “Пахтакор”да ўйнаб кета олмаган”, деб айтди. Бу ҳақида нима дея оласиз?
— Билмадим. Мен бундай деб ўйламайман. “Пахтакор”да имкониятим даражасидан келиб чиқиб, бор куч билан ўйнаганман. Агар ўша мутахассис мен ҳақимда шундай фикр билдирган бўлса, балки ҳақдир. Мен фақат бир нарсани аниқ биламан – қайси жамоада бўлмай, ҳар доим бор кучим билан ўйнаганман ва “Пахтакор” ҳам бундан истисно эмас.

— “Насаф”даги ўйинингиз ҳақида нима дея оласиз? У ерда сизни ҳимояга ёрдам бермасликда айбламайдиларми?
— Бу ҳақида “Насаф” бош мураббийи Рўзиқул Бердиевдан сўраганингиз маъқул. Мен эса унинг кўрсатмаларини имкон қадар бажаришга ҳаракат қиламан холос. Менга баҳони Рўзиқул Бердиев беради.

— Ҳар бир ўйинда асосий таркибда майдонга тушганингизни инобатга олсак, демак мураббий сиздан рози?
— Агар шундай бўлса, мен фақат хурсанд бўламан. Яна бир бор такрорлайман –мен ҳар доим бор куч билан ўйнайман.

“НАСАФ” ҲАҚИДА

— Сиз ўз вақтида “Насаф” билан ОФК Кубогида ғолиб чиққансиз. Аммо Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида муваффақиятга эриша олмадингиз. Ҳар бир футболчининг ўз орзу мақсадлари бўлади. Мана шу мақсадга “Насаф” билан эриша олишга кўзингиз етадими?
— Шундай бўлишини жуда истайман. “Насаф”да узоқ йиллар тўп сурдим ва шу клуб билан ғалабали онларни нишонлашни орзу қиламан. ОФК Кубогидаги ғалаба мен учун энг ёрқин хотиралардан бири бўлиб қолган. Ўзбекистон чемпионати ва Кубогида ҳам ғалаба қозониш насиб қилса ажойиб иш бўлар эди. “Насаф” жуда ва жуда фидойи мухлисларга эга. Мана шу мухлислар учун ҳам ғалабага эришишимиз шарт. Шахсан ўзим бунинг учун қўлимдан келган барча ишни қиламан.


— Ўзбекистон чемпионатидаги кўплаб клублар сиз билан бажонидил шартнома имзолаган бўларди. Агарда етакчи клублардан таклиф тушса қабул қилармидингиз?
— Жуда нозик савол бердингиз. Бу саволга нима деб жавоб беришни ҳам билмайман. Менинг “Насаф” билан шартномам бор ва уни охирига қадар адо этишни ўз бурчим деб биламан. Бу ерда мени ҳамма нарса қаноатлантиради ва “Насаф” таркибида тўп сураётганимдан хурсандман. Бу саволга бошқача жавоб беришни истамайман.

Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди

Манба: fcnasaf.uz
Киритилди: 09:35, 31.03.2015.
Ўқилди: 5072 марта.
Фикрлар: 13 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.