Кириш Регистрация
28/06 03:00 Панама 2-1 АҚШ
28/06 06:00 Уругвай 5-0 Боливия
28/06 20:00 Сўғдиёна 4-2 Динамо
28/06 20:00 Қизилқум 1-0 ОКМК
29/06 03:00 Колумбия 3-0 Коста-Рика
29/06 06:00 Парагвай 1-4 Бразилия
29/06 21:00 Швейцария - Италия
30/06 00:00 Германия - Дания
30/06 05:00 Канада - Чили
30/06 05:00 Аргентина - Перу
30/06 21:00 Англия - Словакия
01/07 00:00 Испания - Грузия

Битта камчилигим борда…

Баҳо:
+1 | -

Хориж сафарига бориб қолган футболнинг ашаддий мухлисидан футболимизга таъриф беришини сўрашибди.

«Хурматли футбол мухлислари бизнинг терма жамоа Осиёда энг кўзга кўринган жамоалар сирасига киради. Терма жамоалар марказида ўз ишининг усталаридан тортиб профессорларгача иш олиб боришади. 

Бизда битта мураббийнинг иккита жамоада ишлашига асло йўл қўйилмайди. Бунақа воқеалар фақат Европада кузатилади. Масалан терма жамоа ёки Олимпия термасига мураббий бўлганлар клубларда ишламай, бор диққат эътиборларини фақат термага қаратишади. Терма жамоадаги мураббийларнинг барчаси профессионал. Ўз ишининг устаси. Бунақа мураббийларни бутун дунёда ҳам кундузи чироқ ёқиб топа омайсиз. Ҳатто Моуриньо билан Фергюссонга «дам» бериб қўйишади улар. Шу боис ҳам футболимиз йилдан-йилга ривожланмоқда. Лекин менинг битта камчилигим бор. 

Терма жамоамиз доимо кучли рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказади. Бошқа термаларга ўхшаб клублар билан ўйнаш деган тушунчанинг ўзи биз учун йироқ. Европа, Жанубий Американинг ўртамиёна термалари уёқда турсин, ҳаттоки энг кучли термалари ҳам биз билан ўйнашга ҳайиқишади. Йилига 45-50 та федрациялардан ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида таклифлар келиб тушади. Афсуски менга кўп ҳолларда бир камчилигим панд бериб қўяди.

Терма жамоамиз олдига жаҳон чемпионатига чиқиш вазифасини қўймаймиз. Нима қиламиз мундиалга бориб? КХДРга ўхшаб 7 талаб гол ўтказиб қайтгандан кўра, бормаган маъқул ўша чемпионатга. Жаҳон кубогига чиқмасак ҳам ФИФА рейтингида Осиё бўйича 6-ўриндамиз. Мана буни авторитет деса бўлади. Ҳали Қосимов билан ЖЧ-2018, ЖЧ-2022 борингки ЖЧ-2030 ларда ҳам мундиал саралаш баҳсларида «фаол» иштирок этамиз. Қосимов кетсин деганлар футболнинг «Ф» ҳарфига ҳам тушунишмайди. Олдин Миржалолдай бўлиб ол, кейин гапир. Тўғрими? Олимпия термамизга ҳам Олимпиадага бориш вазифасини қўймаймиз. Шунчаки Осиё чемпионати саралаш босқичида «фаол» қатнашсак бўлди. Шуни ўзи етади. Шу ерда анови камчилигим яна эсимга тушиб кетди.

Футболчиларимиз тезлиги ҳам юқори даражада. Термамиз тактика борасида ҳам хилма-хил ўйин намойиш этади. Кўплаб жамоаларга ўхшаб фақатгина қанотлардан тўп узатиб бериш билан чекланишмайди. Марказдан ёриб кириш, турли хил комбинациялар орқали ҳужум ташкил қилиш… Хуллас ҳар тарафлама ранг-баранглик. Бояги камчилигим шу ерда ҳам панд бермоқда.

Бизда ҳар бир чизиқда кучли рақобат мавжуд. Айниқса ҳужум чизиғида. Мураббийларимиз ҳар бир ўйиндан олдин қайси ҳужумчини майдонга тушириш ҳақида иккилланишади. Ахир ҳар бир форвард яримта вазиятдан гол уриб кетаверади. Наилож ҳамма ҳужумчини ҳам бирдан майдонга туширишнинг иложи йўқ. 

2015 йил “Кексаларни эъзозлаш” йили деб аталди. Терма жамоада кексаларни роса эъзозлаймиз. Улардан айрилгимиз келмайди. 25 ёшли ўйинчилар биз учун «келажаги порлоқ» саналади. Лекин юқорида таъкидлаганимдек, битта камчилигим бор.

Трансферлар ҳақида сўраяпсизми? Бизда ҳаммаси ошкора. Қайси футболчи қайси жамоага қанчага трансфер қилингани ҳақида маълумот берилади. Футболчиларнинг қанча ойлик олишлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бунинг устига футболчилар ярим йиллик ёки бир йиллик шартнома тузиб ўтиришмайди. Улар “оптом” қилиб 4 ёки 5 йиллик шартномаларга имзо чекишади. Таасуфки битта камчилигим борда.

Биринчи лига? Эээ биринчи лигамиздаги шиддат Олий лиганикидан асло қолишмайди. Бизда юқори лигага чиқиш учун кураш олиб борувчи жамоалар шу қадар кўпки, уларни иккига бўлиб қўйибмиз. Шарқ ва Ғарб минтақасига. Ҳар йили ўнга яқин клуб Олий лига учун кураш олиб боришади ва улардан иккитаси йўлланмаларга эга чиқишади. 

Яқин кунлар ичида Ўзбекистонда келишилган ўйинлар ҳақидаги гап сўзлар жуда ҳам кўпайиб кетди. Хайронман қайердан келди бу гаплар. Одамларга ҳам хайронсан, биров нима деса дарров ишониб кетаверишади-эй. Тотализаторларни Ўзбекистон чемпионати қизиқтирар эканми? Энсамни қотирманг! Бизда келишилган ўйинлар йўқ, гап тамом вассалом. Гапимга ишонмайсизми? Бизда келишилган ўйинларга қарши курашиш бўлими бор. Яқинда эшитдим телвизордан. Улар эрталабдан кечгача жамоаларнинг ўзаро келишмасликлари учун курашиб ётишибди экан. ПФЛда ҳақиқий профессионал кишилар ишлашади ахир. Улар ўз вазифаларини сидқидилдан адо этишади. Бунақа «майда-чуйда» муаммолар аллақачон ҳал этилган бизни мамлакатда. Менга ишонаверинг. Агар шунақа бўлмаганида ФИФА бизга «Халол ўйин» соврини топширган бўлармиди? Шунга қарамай менда битта муаммо бор. Майли бу ҳақда кейинроқ.

Тақвим ҳақида нолийдиганларни ҳечам тушунмайман. Чемпионатимизнинг тақвими аниқ ўйлаб кейин тузилади. Биз терма жамоа манфаатини ҳамма нарсадан устун қўямиз. Бунинг учун тақвим бўялса бўялибди-да. Ҳозир ХХI аср бўлса, эски тақвимни бўяш ҳам шарт эмас, шундоққина принтердан янгисини чиқариб оламиз. Зато, терма жамоага фойда. Қолдирилган ўйинлар қайерда йўқ дейсиз, ҳатто Испания ва Англияда ҳам топилади. Демак, биз улар билан бир хил қадам ташлаяпмиз. Лекин битта камчилигим борда.

«Спорт» телеканалида Олий лигадаги ўйинлар мунтазам тарзда жонли эфирда бериб борилади. Ҳеч қачон учрашувлар тунги 00:00 дан кейин ёзиб берилган ҳолда намойиш этилмайди. Тўғри қилишади-да. Ахир ҳисобни билгандан кейин ким ҳам туни билан ёзиб олинган учрашувни кўриб ўтиришни истайди. 2 йил олдин футбол ўйинларини интернет сайтлари орқали матнли трансляциясини ўқиб ўтирардик. Ҳозир эса “любой” ўйинни кўриш имкониятимиз бор. Чемпионлар лигаси дейсизми, Испания чемпионитими ёки Англия премьер лигаси, ҳаттоки “Эл Классико”ларниям тўғридан-тўғри эфир орқали кузатамиз. Шунга қарамай битта камчилигимни ўйлаб сиқилиб кетаман.

Негадир журналистлар кейинги пайтларда бизда футбол ривожланмаяпти деб жар солишмоқда. Чучварани хом санабди улар. Мана ҳар йили янгидан янги стадионлар солинмоқда, ўсмирлар ва ёшларимиз жаҳон чемпионатларининг чорак финалларига чиқишмоқда, ҳакамимиз жаҳон чемпионати рекордчиси бўлмоқда! Мана ривожланиш! Буларнинг барчаси аниқ тизим йўлга қўйилганидан далолат. Фақат менга ишонинг. Лекин шунга қарамай битта камчилигим борда.

Термамиз ўйнаганда стадионимиз доим тўлиб тошади. Ўйинга чипталарни бемалол олишимиз мумкин. Ҳеч ким қаршилик ҳам қилмайди. Чипта ҳам арзон ва энг асосийси олиб сотарлар қўлига ўтиб кетмайди. Ҳеч ким дубулға билан урмайди ҳам. Дарвоқеа бояги камчилигмни шу эрда айтмасам бўлмайди. Балки бу унчалик ҳам катта нуқсон эмасдир. Гап шундаки бир ёлғон гапирсам, ўзимни сира тўхтата олмайман-да… »

Фурқат Юсупов
Манба: www.Furkat.uz

Манба: keyn1.jpg
Киритилди: 18:25, 02.04.2015.
Ўқилди: 4735 марта.
Фикрлар: 23 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.