Бу ҳафта футбол мухлисларини бир қатор қизиқарли учрашувлар кутмоқда. Уларнинг айримларига тўхталиб ўтамиз.
1. “Сельта” – “Барселона”.
Якшанба куни соат 00:00 да. НТВ-Плюс Футбол 1 канали орқали намойиш этилади.
“Барселона” охирги 19 учрашувда фақат 1 марта мағлубиятга учради. Унинг бу давр ичида қўлга киритган энг ёрқин ғалабалари “Манчестер Сити”нинг Чемпионлар Лигасидан чиқиб кетишига ва “Реал”нинг эл-класикода мағлубиятга учрашига олиб келди. Шу билан бирга, каталонияликлар ўтган даврада “Сельта”дан мағлубиятга учраганини унутиб улгурганича йўқ. Испания гранди галисияликлардан ўч олишни исташи табиий, лекин “Сельта” ҳанузгача хавфли рақиблигича қолмоқда: улар, “Барселона”дан ташқари, “Атлетико” устидан ҳам ишончли ғалабага эришди.
2. “Сандерленд” – “Ньюкасл”.
Якшанба куни соат 20:00 да. НТВ-Плюс Футбол 2 канали орқали намойиш этилади.
Тайн-Уир дербиси бир неча сабабларга кўра мухлисларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Авваламбор, “Сандерленд” бош мураббийи сифатидаги биринчи учрашувида мағлубиятга учраган Дик Адвокатдан мухлислар ҳам, жамоа мутасаддилари ҳам бирдай ғалаба талаб қилмоқда. Аммо “Ньюкасл” охирги 4та дербида мағлубият аламини тортганини эътиборга олсак, бу ишни амалга ошириш осон бўлмайди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Адвокатнинг ихтиёрида Дефо, Родуэлл, Адам Жонсон сингари бир қатор “кумуш” юлдузлар борлиги унинг мушкулини осонлаштириши мумкин.
3. “Рома” – “Наполи”.
Шанба куни соат 15:30 да. НТВ-Плюс Футбол 2 канали орқали намойиш этилади.
“Рома” охирги учрашувларда кетма-кет енгилганига қарамай, турнир жадвалида 2-ўринда бормоқда. Ундан 6 очкога ортда қолаётган “Наполи” эса римликларни қувиб етишга, ҳеч бўлмаса Чемпионлар Лигасида иштирок этишни кафолатлайдиган 3-ўринга чиқиб олишга ҳаракат қилмоқда. Ютуқли ўринларга даъво қилаётган бу икки жамоа ўртасидаги баҳс нима билан якун топишидан қатъий назар, мухлислар ўз жамоаларидан чиройли ўйин ва кескин кураш кутишлари мумкин.
4. “Марсель” – “ПСЖ”.
Якшанба куни соат 00:00 да. Спорт 1 канали орқали намойиш этилади.
Франциянинг икки топ клуби ўртасидаги баҳс муросасиз кечиши кутилмоқда. Жамоаларнинг охирги 6 тўқнашувида 1 марта дуранг қайд этилган, 5 марта марселликлар мағлубият аламини тотиб кўрган. Шу боис бу сафар улар пойтахтликлардан илгариги мағлубиятлар учун қасос олишга бор кучларини қаратишади. Бундан ташқари, учрашув натижаси турнир жадвалини кескин ўзгартириб юбориши мумкин: жамоаларнинг натижалари ўртасидаги фарқ 2 очкони ташкил қилади, агар “Марсель” ғалаба қозонса, “ПСЖ”дан 1-ўринни тортиб олиши мумкин.
5. “Зенит” – “ЦСКА”.
Якшанба куни соат 15:30 да. НТВ, Спорт Плюс, Наш Футбол 1 каналлари орқали намойиш этилади.
Чемпионатда биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб турган бу икки жамоа ўртасидаги учрашув бу ҳафта Россия футболидаги энг муҳим воқеа бўлади. “ЦСКА”дан 5 очкога олдинда кетаётган “Зенит” ғалаба қозонса фарқни янада катталаштириб, чемпионлик сари яна бир қадам қўяди. “ЦСКА” ғалаба қозонга тақдирда эса очколардаги фарқ қисқариб, чемпионлик баҳси янада тус олади.
6. “Арсенал” – “Ливерпуль”.
Шанба куни соат 16:45 да. НТВ-Плюс Футбол 1 канали орқали намойиш этилади.
“Арсенал” охирги 6 учрашувнинг барчасида ғалабани қўлга киритишга муваффақ бўлган. “Ливерпуль” эса 5 марта ютуққа эришиб, фақат 1 марта, “Манчестер Юнайтед”га қарши кечган баҳсда имкониятни бой берди. Шундай қилиб, футбол мухлисларини Англия Премьер-Лигасининг охирги натижаларига кўра иккита энг кучли жамоаси ўртасида кечадиган муросасиз баҳс кутмоқда.
7. “Боруссия Д” – “Бавария”.
Шанба куни соат 21:30 да. Eurosport, НТВ-Плюс Футбол 3 каналлари орқали намойиш этилади.
Боруссияликлар биринчи даврадаги муваффақиятсизликлари туфайли бу мавсум юқори ўринларга даъво қилмаяпти. Шундай бўлса-да, футболчилар мухлисларнинг ишончини ва меҳрини оқлаш учун бавариялик азалий рақибларига қарши муросасиз кураш олиб боришлари кутилмоқда. Бу ўйин турнир жадвалига жиддий таъсир кўрсатмаслигига қарамай, экспертлар томонидан бундеслиганинг бу ҳафта якунидаги энг қизиқарли учрашуви бўлиши айтилмоқда.