Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Футбол кўрмаган куёв (ҳажвия)

Баҳо:
+1 | -

— Менга қара, бўлажак қайнотанг сен билан гаплашмоқчи экан, тушундингми? У футбол жинниси. Унга кўпроқ футбол ҳақида гапир.
— Хўп.
— У «Реал»га ишқибоз, шуниям унутма.
Шоқосим ака эшикдан чиқиб кетаётган ўғлининг ортидан бақириб қолди:
— Яқинда «Барселона»га ютқазди, бу ҳақдаям қистириб ўт, қизиқишингни билсин. Гапиришига имкон берма, уни бир ҳайрон қолдир.

Эргаш кўчага чиқди-ю, боши қотди. Шу пайтгача футбол кўриш тугул, копток ҳам тепиб кўрмаган. Китобдан бош кўтармаган. Энди бу ташвиш тушиб турибди бошига. Бўлажак куёв то бўлажак қайнотасининг ишхонасига етгунга қадар ўйланиб борди. Хаёл сура-сура кўпқаватли бино олдига етиб келганини ҳам сезмай қолди. Ишхонага киришдан олдин у ёқ-бу ёғини тўғрилаган бўлди-да, учинчи қаватга кўтарилди. Отаси айтган эшик олдига келди-ю, тақиллатди.

— Киринг, — деган овоз эшитилди ичкаридан.
Йигит секин эшикни очди-да, ичкарига қадам босди.
— Ассалому алайкум, мумкинми?
Тўрдаги креслода савлат тўкиб ўтирган киши унга бошдан-оёқ разм солди-да:
— Ваалайкум, келинг, марҳамат, — деди бироз димоғдорлик билан. — Сиз, ҳалиги Эргашсиз, шундайми?
Эргаш тасдиқ маъносида бош ирғади-да, атайлаб шапалоқдай келадиган телефонини чўнтагидан чиқариб, стол устига қўйди. Кейин бўлажак қайнотаси кўрсатган стулга ўтирди.
Шариф аканинг икки кўзи телефон экранидаги Роналдунинг расмида эди.
— Футболга қизиқасизми дейман? — деди у қаршисидаги йигитга қараб.
— Йўқ, қизиқмайман, ғирт жиннисиман, — Эргаш ўзида қатъият топди. — Футболсиз бир кунимни ҳам тасаввур қила олмайман.
— Шунақа денг, яхши. Мана бу ўғил боланинг гапи бўлди.
Ҳалигина ғўддайиб ўтирган Шариф ака энди йигит томонга бироз эгилиб, қўлини иягига тираб олди.
— Қайси жамоага қизиқасиз?
— Энг зўр жамоага...
— Хўш-хўш?
— Мен сизга қойил қолмадим лекин, — Эргаш янада дадиллашди. — Энг зўр жамоа деганимдан кейин ҳам илғаб ололмадингиз-а. Бу «Реал»-да, албатта!
— Э, яшанг, — беихтиёр юзига табассум югурди Шариф аканинг. — Аммо шу охирги «Эл-классико»да қовун туширди-да, палакат.
— Нимасини айтасиз? «Барселона»гаям ютқазадими, а?!

Эргаш ўзини худди «Реал»нинг ўйинини кўрадигандек тутар, аммо «Ишқилиб, ўйинчилар ҳақида оғиз очиб қолмасин-да», дея юрак ҳовучларди.
— Мен ҳам шуни айтаман-да, — қизишиб кетди Шариф ака. — Икер роса қовун туширди лекин...
«Дадам ҳужумчилар гол уролмаганди, деганди, Икер ҳужумчи бўлса керак», дея ўйлади Шариф.
— Тўғри айтасиз, вей, ҳужумчимисан, қойиллатиб тепмайсанми? Шунақаям қийшиқ тепадими?!
Шариф ака анграйиб қолди.
— Нима?! Икер дарвозабон-ку!
— Мен ҳам шуни айтаман-да, — дея унинг анграйганини қойил қолганига йўйган Эргаш гапни илиб кетди. — Икерни ўзи дарвозага қўйиш керак. Ҳужумга умуман ярамайди. Бунга ҳужумда нима бор, ҳайронман?! Ўзи-чи, ҳужумда... Ҳужумда... — Эргаш бироз ўйланиб қолди. Отаси айтган исмларни эслашга уринди. — Анави Пепе дегани бор-ку, ўшаям қовун туширди!
Шариф ака бақрайиб қолди.
— Пепе?! У ҳужумчимас, ҳимоячи...
— Ие, нима демоқчилигимни олдиндан биласиз-эй, мен ҳам худди шундай демоқчи эдим. Пепе ўзи ҳимояда ўйнаши лозим. Ҳужумда пишириб қўйибдими унга?! Мен ўзи Гвардиолага ҳайрон қоламан, — деди у яна бир исмни бир амаллаб эсларкан. — Туширмайсанми бундай гол уришни эплайдиганларни!

Шариф аканинг асабийлиги энди пешонасида ҳосил бўлган чуқур чизиқларда ўз аксини топаётганди.
— Гвардиола дейсизми?! — деди у чуқур нафас оларкан.
— Ҳа-да...
— У ҳозир «Бавария»...
Шу топда Эргашнинг миясига отасининг «Реал» «Бавария»ни йирик ҳисобда ютган, шуниям қистириб ўт», дегани тушди. Бу ёғига эса калласини ишлатди.
— Буни қаранг, — тағин бўлажак қайнотасига қойил қолгандек бош силкиди йигит, — яна ичимдагиларни ўқидингиз-а. Мен ҳам айтдим «Ўв, Гвардиола, бу сенга «Барселона», «Бавария» эмас, тузукроқ ўйнат йигитларни», деб. Йўқ, у жингалак соч ўз қароридан қайтмади, барибир.
— Қанақа жингалак соч, у кал...
Шариф ака яна гапини тугата олмади. Эргаш гапини илиб кетди:
— Сизга қойил қоляпман лекин, мен ҳам худди шуни ўйлаб тургандим. Унга жингалак соч умуман ярашмайди, сочини калга олдириши керак. Зора миясига шамол тегиб, калласи ишлаб кетса, нима дедингиз?
— Футбол кўришниям жа-а қалпоқ қилиб юборибсиз-ку, йигит, — зўрға ўзига келиб, чуқур-чуқур нафас олди Шариф ака. — Бу дарвозабонни ҳужумчи, ҳужумчини дарвозабонга чиқардингиз. Кал одамга жингалак сочдан парик кийдириб қўйдингиз. Умуман олганда, футболнинг «ф» ҳарфиниям тушунмас экансиз. Хуллас, сизга рухсат.
— Лекин...
— Кетишингиз мумкин, — қатъий оҳангда гапирди Шариф ака, — кейинги сафар яхшилаб кўриб келинг футболни, хўпми?

Эргаш тарвузи қўлтиғидан тушганча уйига келди. Уни интизорлик билан кутиб ўтирган Шоқосим ака ўғли кириб келгани заҳоти уни сўроққа тутди:
— Хўш, футболни қалпоқ қилиб ташладингми?
— Қалпоғам гапми, — хўрсинганча ўзини диванга ташлади Эргаш, — телпак бўлиб кетди бу футболингиз.
— Ростданми? Қойил қолгандир.
— Ҳа. Ахир Касильясни, Пепени ҳужумчи қилганимдан кейин қойил қолади-да.
Шоқосим аканинг юзидаги қувонч ифодаси бир ҳафтадан бери оч юрган шерни кўрган кийикдек тезда йўқолди. Ўрнини жаҳл эгаллади.

— Нима?! Расво қилибсан-ку! Неча бор айтаман, бир марта бўлсаям футбол кўргин, деб. Мана, мен, шу пайтгача футбол кўриб, кам бўлганим йўқ. Сени қара-ю... Келиб-келиб Пепени ҳужумчи дейсанми, каллаварам?
— Ким у бўлмаса?
— Мураббий-ку, аҳмоқ, мураббий.
— Ҳа, — ҳимоячини биратўла мураббийга айлантирган дадасининг гапига қойил қолди ўғил, — мен энди билмасам.
— Бу ёғи қандоқ бўлади, нима қиламиз энди?
— Ҳеч нима. Мен, барибир, футбол кўрмайман.

***

Эшик олдида турган Эргашни кўрди-ю, Шариф аканинг пешонаси тиришди. Кўз олдига ҳужумда жавлон уриб юрган Касильясу жингалак сочини тараётган Гвардиола келди.
— Келинг, — деди у ўрнида бир қўзғалиб олиб, — футбол кўрдингизми?
— Йўқ, — деди Эргаш.
— Нега?
— Биласизми, мен футболга умуман қизиқмайман. Қолаверса, мени қандоқ бўлсам, шундоқлигимча қабул қилишингизни истайман. Мен илм одамиман, агар футбол кўрмаганим учун мени рад этсангиз, начора, қайтиб кетавераман.

Шариф ака бир муддат ўйланиб турди. Сўнг:
— Розиман, — деди мийиғида кулимсираб, — майли, футбол кўрмаган йигитни куёв қилсам, қила қолай.

Низомжон ИСЛОМОВ

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 17:22, 22.04.2015.
Ўқилди: 7542 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.