ФИФА президенти Зепп Блаттер Африка мамлакатларини ЖЧ-2026 мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритиш учун уриниб кўришга даъват этди. Халқаро футбол уюшмаси раҳбари Мисрнинг Nile Sport телеканалида чиқиш қилар экан, жумладан, шундай деди: «Африка мамлакатлари олимпия қўмиталари раҳбарлари билан учрашув чоғи 2026 йилги футбол бўйича жаҳон биринчилигини қитъада ўтказиш зарурати борлигига эътибор қаратдим. Чунончи, Африка 2010 йили ЖАРда ташкил этилган ЖЧ билан чекланиб қолмаслиги керак. Хуллас, қитъадаги давлатлар мезбонлик ҳуқуқини олиш учун курашга киришишлари, яъни ўз номзодларини илгари суришлари зарур».
Бу қатъий ваъда эмас, гарчи Африкадаги айрим ОАВ вакиллари ўз ўқувчиларини хурсанд қилишга шошилган бўлсаларда (гуёки, Блаттер Африкага кафолат бергандек). Лекин шамолнинг қайси томонга эсаётгани аниқ-равшан. ФИФА президенти ўз чиқишида Африка футболи савиясини мақташни ҳам унутмади. У хусусан, Жазоир термасининг Бразилиядаги ЖЧ-2014 1|8 финалида бўлажак чемпион - Германия миллий жамоасини анча қийнаб қўйганига урғу қаратди. Айтишича, шу ҳолат унинг Африка учун ажратилган йўлланмалар сонини ошириш ҳақида ўйлашга мажбур этибди. Блаттер жаноблари бу масалани 29 май кунидан кейин, яъни президентлик лавозимига қайта сайлангани ҳамоно ўртага ташламоқчи экан. Эътиборлиси, швейцариялик функционер кейинроқ, жума куни Панамада ўтказилган КОНКАКАФ Конгрессида ҳам шунга ўхшаш баёнот билан чиқди: «Агарда ЖЧ финал босқичи 32та жамоа форматини сақлаб қолса, унда КОНКАКАФ аъзолари 4та йўлланма олишлари керак». Айтиш жоиз, бугунги кунда Шимолий ва Марказий Америка жамоалари 3,5та жой билан чекланишмоқда. Тўғри, Бразилияга минтақадан 4та жамоа борди: АҚШ, Гондурас, Коста-Рика ва Мексика. Лекин улардан охиргиси Янги Зеландия термасига қарши «плей-офф» ўйинлари орқали 0,5та йўлланмани бутун қилди.
Кўриниб турибдики, 1998 йилдан буён ФИФАни бошқараётган 79 ёшли Блаттер қаторасига 5-муддат учун сайланиш йўлида амалий ҳаракатларни кучайтирмоқда. Унинг нега айнан кўп мамлакатларни ўз ичига олган қитъа конфедерацияларига эътибор қаратаётгани тушунарли. Зеро, бу минтақа вакиллари халқаро футбол аренасида етакчи ролда бўлмасаларда, сайлов жараёнида кўп нарсани ҳал қилишлари мумкин. Дейлик, КОНКАКАФ аъзоларининг сони 41та ва у сайловда 35та овоз ҳуқуқига эга (КОНКАКАФнинг айрим аъзолари ФИФА таркибига киришмайди). Африка футбол конфедерацияси (АФК) эса нақ 54та овоз соҳибидир. Боз устига, «қора қитъа» футболи якдил ҳолда Блаттерни қўллаб-қувватламоқда. Мана, яқинда АФК бош Ассамблеяси йиғилишида ташкилот президенти Исса Айяту сентябрь ойидаги даъватини эслатиб, миллий футбол федерацияларини айнан Блаттер учун овоз беришга чақирди. «Блаттер Африкада жуда машҳур, - дея таъкидлади ўз навбатида, Гана футбол федерацияси бошлиғи ва АФК ижроқўми аъзоси Квеси Ньянтачи. - У қитъамиз футболи ривожи йўлида кўп иш қилди. Жумладан, молиявий қўллаб-қувватлаш лойиҳасини амалга татбиқ этди, «Гол» дастури бўйича инфратузилма тараққиётини таъминлади. Европаликлар буни тушунишмайди. Оддий айтганда, Африка футболининг ривожланиши учун айнан Блаттер ўзига хос туртки берди».
Умуман олганда, Африка вакиллари овозлари Блаттерга кафолатланган, ҳисоб. Лекин шунга яраша, жавоб бўлиши ҳам керак-ку: «Сиздан угина, биздан бугина». Табиийки, қитъанинг яна бир бор жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши хусусидаги ғояни африкаликлар кўтаринки руҳда қабул қилишди. АФК раҳбари Айяту бу борада алоҳида баёнот беришга ҳам улгурди: «2026 йилги турнирни қайсидир бой мамлакатимиз бемалол қабул қилиши мумкин. Мисол учун, Миср, Марокаш, Жазоир, Нигерия ва ҳаттоки, 2010 йили танқидчилар оғзини ёпиб қўйган ЖАР ҳам». Эътиборлиси, Марокашда қандайдир аниқлик ҳам кўрина бошлади. Al Assima Post газетаси душанба куни Блаттер мамлакат номзодини қўллашга тайёр эканлиги ҳақида хабар тарқатди. Ахборот манбасини илова қилган нашр қуйидагиларни ёзди: «Ўтган жума куни ФИФА президенти Женевада Марокаш футбол федерацияси раҳбари Фузи Лекжаа билан учрашди ва мамлакат номзодини қўллашга тегишли сўз берди».
Аслида ҳам Африкага мундиал мезбонлигини топшириш масаласини жиддий ўйлаш мумкин, гарчи булар сайловолди акцияларига ўхшаб кўринаётган бўлсада. Тўғри, мезбон танлашда ФИФАнинг қитъалар ротацияси сиёсатига қарамай, Шимолий Америка 1994 йилдан буён ЖЧни қабул қилгани йўқ. Аммо шуниси борки, Африкада мамлакатлар сони анча кўп.
Айтганча...
Ҳозиргача ЖЧ-2026га мезбонлик қилиш хоҳишини 4та мамлакат билдириб улгурди. Булар - АҚШ, Канада, Мексика, Колумбия. Шунингдек, турнирга Янги Зеландия|Австралия жуфтлигининг даъвогарлик қилиши ғояси ҳам бор. Бироқ уларнинг иккинчиси эндиликда Осиё футбол уюшмаси - ОФК таркибида. Бу конфедерация вакили (Қатар) эса, ЖЧ-2022га мезбонлик қилади. Умуман, аризаларни расман илгари суриш жараёни жорий йилдаёқ бошланиши керак. Мезбон номи эса 2017 йилнинг май ойида аниқланади. Блаттернинг бўлажак сайловда яна ғолиб чиқиши эҳтимоли катта эканлигини ҳисобга олсак, Африка вакиллари бу курашда яққол фаворитга айланишлари мумкин. Ахир уларни шахсан Блаттернинг ўзи қўллашга ваъда берди. Фақат энди реал даъвогар чиқса, бас.