Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Миржалол Қосимов фикрича термамизда муаммолар бўлмайди

Баҳо:
+ | -

ЖЧ-2018 ва ОК-2019нинг қўшма саралаш баҳслари учун қуръа ташланганидан хабарингиз бор. Унинг натижасига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси нисбатан жиддий рақибларга қарши баҳс олиб борадиган бўлди. «Н» гуруҳидан Миржалол Қосимов жамоаси билан бир қаторда Баҳрайн, КХДР, Яман ва Филиппин термалари ўрин олишди. Шундай экан, саралаш мусобақасида кураш анча кескин тус олиш турган гап. Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов билан навбатдаги эксклюзив суҳбатимиз айнан қуръа натижаларига бағишланди, лекин бошқа масалаларни ҳам қамраб олди.

- Миржалол ака, навбатдаги ЖЧ ва Осиё кубоги учун ўтказиладиган саралаш мусобақаси ғоят кескин кечиши кутилмоқда. Айтиш мумкинки, рақиблар жиддий ва Ўзбекистон терма жамоаси «ўлим гуруҳи»дан жой олди. Бу фикрга қўшиласизми?

- Йўқ, мен бундай демаган бўлардим. Ҳарқалай, гуруҳимизни «ўлим» қўшимчаси билан тилга олиш фикридан йироқман. Тўғри, рақиблар анча кучли, аммо «ўлим гуруҳи», деб атайдиган даражада эмас. Ишончим комил, бу гуруҳда 1-ўринни бемалол банд эта оламиз.

- Рақиблар ҳақида алоҳида фикр билдирсангиз. Айтайлик, уларнинг қай бири нисбатан кучлироқ?

- Гуруҳдаги жамоаларни тоифаларга бўлишни истамасдим. Зеро, ҳар бир рақибга қарши кучли тайёргарлик олиб боришимиз лозим. Демоқчиманки, рақиб номига қараб, кучсиз кўринганларини менсимаслик каби ҳолатларга йўл қўймаймиз. Улар ҳақида шуни айтишим мумкинки, Баҳрайн термаси ҳар доим ўзига яраша кучли жамоа бўлиб келган. У ўз вақтида Осиё етакчиларини ҳам қийин аҳволга солиб қўйганди. Биласиз, бизнинг бу жамоа билан алоҳида ҳисоб-китобимиз бор. Баҳрайнликлар билан ўтган йили ўртоқлик ўйини ўтказганмиз ва у дуранг натижа билан якунланган (0:0 ҳисоби қайд этилган - таҳририят изоҳи). Сўнгги вақт­ларда Баҳрайн терма жамоаси ўйинида бироз пасайиш кўзга ташлангандек, аммо бунга эътибор қаратмаймиз ва жиддий тайёргарлик кўрамиз. Чунки ҳар бир учрашув ўзига хос тарзда бошқача кечиши турган гап. Умуман, Баҳрайн билан ўйинларда нохуш анъана юзага келган. Энди бу анъанани бузишимиз шарт.

КХДР терма жамоасига келсак,  у жуда интизомли. Футболчилари ўзларини худди аскардек тутадилар ва ҳар бир ўйинда сўнгги кучлари қолгунича курашадилар. Бундай жамоаларга қарши ўйнаш ҳар доим оғир. Осиё кубогида корейсларни мағлуб этганмиз (1:0 ҳисоби қайд этилган - таҳририят изоҳи). Бироқ бу натижага ёпишиб олишдан маъно йўқ. Саралашдаги янги учрашувлар янги синов бўлишини яхши биламиз. Бунинг устига, гуруҳдаги илк учрашувимиз 16 июнь куни айнан сафарда Шимолий Кореяга қарши кечади.

Гуруҳдаги қолган рақиблар ҳақида нима дейиш мумкин? Филиппин билан илгари ҳеч ўйнамаганмиз, Яманни эса 2 марта мағлуб этганмиз (1:0 ва 5:1, ЖЧ-98 саралаши - таҳририят изоҳи). Нима бўлганда ҳам, ҳали бу жамоалар ҳақида етарлича маълумот тўплаймиз ва уларга қарши жиддий тайёргарлик кўрамиз. Гап жаҳон чемпионатига чиқиш хусусида кетар экан, бундай учрашувларда керакли натижаларга эришиш шарт.

- Терма жамоанинг сўнгги 2та ўртоқлик ўйини бир-бирига мутлақо тескари бўлди. Жанубий Корея билан баҳс мухлисларни хурсанд қилди, аммо Япониядагиси... Токиодаги ўйинда иккинчи ва балки учинчи таркибга ишонч билдириш керакмиди?

- Бу ҳақда энди истаганча танқидий фикр билдириш мумкин. Аммо биз ўша учрашувда энг яқин захира вакилларини синовдан ўтказиб олишни истадик. Асосий таркиб футболчилари ҳар доим ҳам соғлом ва майдонга тушишга шай бўлолмасликлари мумкин. Масалан, Игнатий Нестеров жароҳатлангач, бироз шошилиб қолган эдик. Шунинг учун ҳам терма жамоага номзод футболчиларни кучли рақибга қарши кечадиган ўйинларда текшириб олишни лозим топдик. Япония термасининг жуда кучли рақиб эканини яхши биламан. Нафақат биз, балки Европанинг анча-мунча жамоаси ҳам японларга қарши ўйинда қийналиб қолишлари турган гап. Биз мана шундай кучли рақиб билан баҳсда футболчиларни синовдан ўтказдик. Ваҳоланки, кучсизроқ рақиб танлаб, яхшироқ натижага эришишимиз ва танқидлардан қутулиб қолишимиз мумкин эди. Аммо бундай қилишни истамадик. Чунки кучли рақиб жамоадаги барча муаммоларни яққол кўрсатиб беради. Заифроқ рақиб билан бўладиган ўйин эса яхши натижа келтириши эҳтимоли катта, аммо камчиликларни тўла очиб беролмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам, айнан Японияни танлаган эдик. Мана, бу ўйин ким қандай эканини кўрсатиб берди. Мен бир гапни футболчиларга ҳар доим айтаман: «Терма жамоа таркибида майдонга тушдингми, у хоҳ ўртоқлик ўйини бўлсин, хоҳ расмий - бор куч билан ҳаракат қилишинг шарт». Ўша учрашувда эса ҳамма футболчилар ҳам биз истагандек ўйин кўрсатишмади. Буни инобатга олганмиз ва тегишли чораларни кўрамиз. Ҳа, Японияга қарши кечган учрашувдаги натижа ҳаммани хафа қилгани турган гап. Аммо келажак учун шундай ўйинлар ҳам керак. Асосийси, қайси чизиқда қандай муаммо борлигини кўриб олдик ва уларни бартараф этиш бўйича иш олиб боряпмиз. Бу келгуси ўйинларда қўл келишига умид қиламан.

- Демак, Японияга қарши кечган баҳсда ишончни оқлолмаган футболчилар навбатдаги йиғинга чақирилмасликлари мумкин. Шундай футболчилар номини айта оласизми?

- Йўқ, ундай эмас. Терма жамоага ҳар доим энг яхши тайёргарликка эга футболчиларни чақирамиз. Қисқаси, келгуси йиғин вақти қайси футболчилар яхши ҳолатда бўлишса, ўшаларни жалб этамиз.

- ЖЧ саралаши гуруҳ баҳслари11 июнда бошланади. Аммо Ўзбекистон терма жамоаси ўша куни ўйнамайди. Шундан фойдаланиб, бирорта ўртоқлик ўйини ўтказиладими?

- Албатта. Аммо ҳозирча рақиб номи маълум эмас. Бизда Хитой футбол федерациясидан тушган таклиф бор, аммо хитойликлар ўртоқлик ўйинини ўз майдонларида ўтказишни истамоқдалар. Бу таклиф бизга маъқул келмаяпти. Ўзимга қолса, Тошкентда бирор жамоа билан ўйнаганимиз маъқул. Зеро, ўзи шундоқ ҳам КХДРга сафар қилишнинг ўзи бўлмайди, йўл узоқ. Агар шу ҳолатда Хитойга ҳам борсак, футболчилар чарчаб қолишлари турган гап. Шунинг учун Терма жамоалар марказидан ўз майдонимизда ўртоқлик ўйини ташкил этишни сўрадим. Шундай ҳолатда мухлисларда ҳам терма жамоа ўйинини томоша қилиш имконияти туғилади. Ахир шу билан сентябрга қадар расмий ўйинларимиз йўқ. Ўртоқлик учрашувининг юртимизда ташкил этилиши мухлисларга ҳам маъқул тушади, менимча. Ахир улар анчадан буён жамоамиз ўйинини бевосита кузатишмади. Биз ҳам ўз навбатида, мухлисларимиз қаршисида ўйнашни соғиниб қолганмиз. Аммо ҳозирча бу борада ҳеч нарса аниқ эмас. Музокаралар давом этмоқда. Яқин вақтлар ичида ҳаммасига ойдинлик киритилиши лозим.

- КХДР сафари ортиқча муаммо туғдирмаслиги учун чартер рейс ташкил қилиш мумкин эмасми?

- Мумкин, албатта. Менимча, шундай бўлса ҳам керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ЎФФ бизга етарли шароитларни яратиб бермоқда. Насиб қилса, саралаш баҳсларига яхши тайёргарлик кўрамиз ва керакли натижага эришамиз.

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 19:41, 26.04.2015.
Ўқилди: 8757 марта.
Фикрлар: 44 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.