Испаниянинг нуфузли Diario Sport нашри берган хабарга кўра, “Барселона” клуби раҳбарияти ёзги трансфер ойнасида Маркус Рэшфорд ҳамда Руни Барджи хизматларидан воз кечиши мумкин. Ҳар икки футболчи ҳам жамоанинг келаси мавсум учун мўлжалланган асосий режаларига киритилмаган.
Яқиндагина амалга оширилган Энтони Гордон трансферидан сўнг, Каталония гранди ҳужум чизиғини янада кучайтиришни мақсад қилган. Бу эса Рэшфорд ва Барджининг клубдаги келажагини сўроқ остида қолдирмоқда.
Ўтган мавсумни “кўк-анорранглилар” сафида ижарада ўтказиб, ижобий таассурот қолдирган 28 ёшли Рэшфорднинг тўлиқ трансферини сотиб олиш борасида муаммолар юзага келган. Футболчининг шартномасида кўрсатилган 30 миллион евролик товон пули ва унинг юқори маоши каталонияликлар учун молиявий қийинчилик туғдирмоқда. “Манчестер Юнайтед” раҳбарияти ушбу суммани камайтиришга рози бўлмаётгани сабабли, ҳужумчининг Англияга қайтиш эҳтимоли юқори баҳоланмоқда.
Шунингдек, ёш иқтидор эгаси Руни Барджи ҳам Ламин Ямал билан рақобат туфайли ўтган мавсумда етарли ўйин амалиётига эга бўлолмади. Шу сабабли футболчи жамоани ижара асосида ёки бутунлай тарк этишга яқин турибди.
Хабарда айтилишича, “Барселона” раҳбарияти Баргжининг ўрнини эркин агент мақомида бўлган тажрибали Бернарду Силва билан тўлдиришни режалаштирмоқда.













