Немис фанатларининг ўзига хос хусусиятларидан бири шундаки, улар ўз клубларининг ташкил топган йили билан қувонадилар, фахрланадилар. Бу жиҳатдан олиб қаралса, табиийки, клуб қанчалар қадимий бўлса, обрўси шунчалар юксакликка бўй чўзади. Ахир тушунинг, узоқ йиллик тарихга эга клубнинг бундеслигадаги иштироки, мухлисларнинг ёдида қолдира оладиган даражадаги ёрқин ўйинлари ҳам шунга яраша бўлади-да!
Германияда спорт клубининг ташкил топган йили шу қадар муҳимки, аксарият ҳолларда, ҳатто бу сана унинг расмий номида ҳам акс этади. Мисол учун, шунчаки «Гладбах» сифатида танилган «Боруссия М» клуби аслида расмий тарзда «ВФЛ Боруссия-1900 Мьюнхенгладбах» деб юритилади. Шундай клублар ҳам борки, улар қисқартма усулда, асосан ташкил этилган йилини кўрсатган ҳолда аталади. Масалан, «Шальке-04», «БВБ-09», «Ганновер-96», «1860-Мьюнхен», «Байер-04», «Майнц-05» сингари. Айримлар эса ташкил топган йилларини ҳеч бўлмаганда ўз гербларида акс эттиришга интиладилар.
«Хоффенхайм» 1899 йилда ташкил этилган. Буни бизга клубнинг гербида акс этган йил ва расмий номи ҳам доим эслатиб туради. 1901 ва 1907 йилларда жорий қилинган иккита клубнинг бирлашиши натижасида - 1948 йили эса «Кёльн» юзага келган.
Жорий мавсумда бундеслига ва Европа лигасида шов-шув кўтарган «Вольфсбург» эса оддийгина қилиб, «ВФЛ Вольфсбург» дея номланади, холос. Бунинг ўзига хос тарихи бор, албатта. Авввало, «ВФЛ» қисқартмасига тўхталсак. Бу абрревиатура немисчадан кенгайтириб таржима қилинганда, «Жисмоний машқлар клуби» деган маънони англатади. «Вольфсбург» ҳам бир пайтлар деярли ҳар бир немис клуби каби дастлаб жамоатчилик асосида, тижорий мақсадни кўзламаган ҳолда ташкил этилган. Футбол эса мазкур клубда бадминтон, баскетбол, боулинг, сузиш, дайвинг ва ҳаттоки, рақс, хитойча ушу каби жанговар санъат ҳамда спорт турлари қаторида ўсмирлар ва катталарга тавсия этилган, холос. Фақат «ВФЛ Вольфсбург»нинг бошқа клублардан фарқи шундаки, унга Иккинчи жаҳон урушидан кейин, яъни 1945 йилнинг сентябрида асос солинган. Бу даврда эса ҳали ҳукумат томонидан реклама-тижорат лойиҳаларини яратишга эътибор қаратилмаган эди.
Германияда «Учта немис бир бўлса, дарров клуб ташкил қилади», деган латифанамо гап бор. Унда «Нима учун 1945 йилга қадар Вольфсбургда бирортаям клуб бўлмаган?», деган ҳақли савол туғилиши табиий. Гап шундаки, бу давргача ҳатто шундай номдаги шаҳар ҳам бўлмаган. Вольфсбург номи «Бўрилар қалъаси» маъносини англатади. 13-асрдан 1930 йилгача мазкур ҳудудда шундай номдаги қалъа бўлган, холос. Аммо 1931 йилда автомобиллар бўйича дизайнер сифатида танилган Фердинанд Порше миясида бир янги ғоя туғилгач, ишлар бутунлай бошқача кечган. Яъни, у ўртамиёна даражада яшовчи аҳоли учун сотиб олишга қулай, аммо у қадар мукаммал ҳисобланмаган машина яратиш ғоясини илгари суради. Бошқача айтганда, Порше «халқчил автомобиль», немис тилига таржима қилсак, «фольксваген» яратишни орзу қилади. 1936 йилга келиб, ана шу ғоя асосида пайдо бўлган машиналар одамларга шу қадар маъқул келадики, натижада уларни оммавий ишлаб чиқаришга рухсат берилади. 1938 йилда «Бўрилар қалъаси»дан сал нарироқдаги Фаллерслебен деб номланган посёлкада улкан автомобиль заводи қуришга киришилади ва корхона қуриб битказилгач, унга «Фольксваген Верк» деган ном берилади. Ваҳоланки, янги турдаги машинани «Краф дурч Фреуд» («Шодлик қудрати»), қисқартилганда, «КдФ-машина» деб аташ ғояси ҳам бўлган.
Ҳеч қанча вақт ўтмасдан мазкур завод атрофида янгидан-янги фабрикалар ва аҳоли истиқоматгоҳлари пайдо бўлади. Уларда ишлаш ва яшаш, натижада, ажойиб машинага эга бўлиш орзусидаги минглаб одамлар бошқа жойлардан кўчиб кела бошлайдилар. Бу ҳудуд 1945 йилгача шунчаки «КдФ-машина шаҳри» номи билан юритиб келинган. Уруш тугагач эса бу ном «Вольфсбург» дея ўзгартирилган. Янги шаҳар номи билан аталган спорт клуби эса тез орада элга танила бошлайди. Ҳатто унинг аъзоси 1972 йилги олимпиадада муваффақиятли иштирок этиб, олтин медални қўлга киритади. Фақат, ғолиб бўлган спортчи енгил атлетикачи эди. Бу пайтда «Вольфсбург» учун футбол жамоасини тузиш эса сув ва ҳаводек зарур эди.
1963 йилдан 1975 йилгача - бундеслигага асос солингунга қадар «бўрилар» иккинчи дивизионда ўйнар эдилар. Озгина вақт ўтгач, уларнинг даражаси кўтарилди. Бироқ бу ҳолат узоқ давом этмади. Хуллас, улар нақ 15 йил давомида «ҳаваскорона» ўйин кўрсатиб келишди ва мухлислар эътибори ҳам шунга яраша бўлди. Мисол учун, 1985|86 йилларда ўз майдонида ўтказилган 17та матчда клуб у ёқ, бу ёғи билан атиги 9000 нафар (ўртача ҳар бир ўйинга 530 нафардан тўғри келадиган) томошабин тўплай олган, холос.
1991 йилга келиб, «Фольксваген» раҳбарияти шундоққина бурни остидаги жамоа бунақанги шармандали ўйинлар намойиш этмаслиги керак, деган қарорга келгач, ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади. Концерн Петер Пандер деган ходимига Вольфсбургнинг илк жамоаси билан жиддийроқ шуғулланиш масъулиятини юклади. Немисларга хос ишбилармонлик хусусиятига эга Петер «бўрилар» учун янги ҳомийлар излашга астойдил киришиб кетди. «Фольксваген» мутасаддилари эса ўзларини бир четга олиб турдилар. Ахир кимсан, шундай обрў-эътиборга муносиб фирма аллақайдаги номи чиқмаган футболчиларни ўз шафелигига олганлиги бутун дунёга овоза қилинсинми?!
Ниҳоят, «Вольфсбург» 1992 йилда бундеслиганинг иккинчи дивизионидан жой олди. Икки йил ўтгач эса ўша пайтда Франкфуртнинг «Айнтрахт»и ҳамда «Кёльн»ни доғда қолдириб, Германия кубогида финалгача етиб борди. Шунда автомобиль концерни клубга эътибор қаратди ва ҳомийлик ёрдамини кўрсата бошлади. Ҳатто 1997 йилда «бўрилар» бундеслигада ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритгач, автомобилчиларнинг бу ютуқдаги ҳиссалари назарда тутилиб, улар хизматларига яраша тақдирландилар ҳам. Юқори дивизионда жамоа олтинчи ўринда бўлди ва УЕФА кубоги учун курашди. Эътиборли жиҳати, «Атлетико» билан бўлган баҳсда «Вольфсбург»нинг 20 минг томошабинга мўлжалланган стадионида атиги 11 минг мухлис йиғилганига қарамай, бу ўйин «бўрилар»дан умид қилса бўлишини кўрсатди.
Айни шу ўйиндан бир ой аввал мухбирларнинг саволларига жавоб берган Петер Пандер 90-йилларнинг бошидаёқ «Вольфсбург»нинг Чемпионлар Лигасидаги иштирокига кўз тикилганини айтган ва концерннинг директорлар кенгашига Мартин Винтеркорн келгунига қадар бу мақсад учун маблағлар ажратилмаганини ҳам тан олган. 2007 йилда «Винтеркорн» забт этилгач, «Вольфсбург»нинг трансферлик борасидаги молиявий ҳолати ҳам анчайин яхшиланди.
Дарвоқе, айтиб ўтиш жоиз, бунгача, яъни 2003 йилнинг 11 июлида «бўрилар» аргентиналик ёш ярим ҳимоячи Андреса Д`Алессандрони 9 миллион еврога сотиб олиб, уни ўзлариники қилишган ва натижада 2004 йилнинг 19 сентябрида бундеслиганинг турнирлар жадвалидан илк маротаба биринчи ўринни эгаллашга ҳам имконият топгандилар. Аммо, барибир, Еврокубок ўйинларида стадионларнинг атиги ярмигача тўлиши бежизга эмасди. Ахир нуфузли даражадаги Европа кубоги баҳслари одатда зерикарли ва у қадар машҳур бўлмаган ўйинчилар билан эмас, аксинча афсонавий футболчилар ва улар учун ўзларини жонфидо қилишга тайёр турадиган мухлислар иштирокида кечади-да. Аммо шуни ҳам назардан қочирмаслик керак, Германияда мухлислар «Байер» ва «Вольфсбург» сингари кучли корпоратив алоқаларга эга клубларни хуш кўрмайдилар. Қолаверса, шаҳар ҳам жозибали эмас. Демоқчимизки, бир-иккита ресторани ёки савдо марказидан бошқа эътибортортар масканларига эга бўлмаган, биргина йирик корхонаси эвазига кун кўрадиган шаҳар сайёҳларни ҳам жалб эта олмайди.
Шундай бўлса-да, 2002 йилда Штефан Эффенберг билан шартнома тузилгач, немис матбуотида «Вольфсбург» тўғрисида эътибортортар мақолалар чоп этила бошланди. Феликс Магат даврида эса ҳар куни мураббийнинг янгидан-янги, ўзига хос услублари ҳақида ёзиларди. Айниқса, мураббий «Адирдаги азоб» номини олган услубда, яъни жамоа аъзоларини чопганча тоққа кўтарилишга мажбурлаганлиги ва бунда ўйинчиларга сув ичишни мутлақ тақиқлаганлиги ҳақидаги мақолалар эълон қилинди. 2011|2012 йилги мавсум давомида эса Магатни 36 нафар ҳар хил даражадаги ўйинчилардан фойдалангани учун роса масхаралашди. Ахир у футболчиларни орқа-кетига қарамасдан ҳали ижарага, ҳали сотиб олаверарди-да. 2012 йилда бир матбуот нашри: «Ўйинчиларни бу даражада тез ўзгартиришнинг ҳеч ким билмаган бирор сири бормикан-а? Ахир Магат чемпионатда ғалаба қозонгач, ҳар олти ойда бунга алоҳида урғу бераяпти-да!», дея калака қилиб ёзганди. Шукурки, буларнинг бари ортда қолди. Сўнгги даврда юз берган ўзгаришлар туфайли ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.
2012 йилда - Рождествога бир неча ҳафта қолганида «Вольфсбург» учун янги мураббий ахтаришга киришилди. Немис матбуотида Бернд Шустер билан ҳадемай шартнома тузилиши ҳақидаги хабарлар ҳам эълон қилиб турилди. Аммо 22 декабрга келиб, клуб «Нюрнберг»га мураббийлик қилаётган ва «Алеманния»ни бундеслигага олиб чиққанлиги орқали машҳурликка эришган Дитер Хекинг билан шартнома имзолади. Дортмунддан 45 километр узоқликдаги шаҳарда туғилиб-ўсган Хекин очиғини айтиш керак, у қадар ёрқин шахс эмас. Бироқ, ўз вазифасини қатиққўллик ва ўта масъулият билан бажаришга одатланган. Уни бу лавозимга тайинлаш масъулиятини эса клуб раҳбарияти номидан Клаус Аллофс зиммасига олди. Клауснинг ўзи «Вольфсбург»га атиги бир ойча аввал, кўпларнинг севимли жамоаси ҳисобланган «Вердер»дан ўтганди. Гербидаги ва географик жойлашувидаги ўхшашлик ва яқинликларга қарамасдан бу икки клуб бир-биридан ўз анъана ҳамда тарихига кўра бутунлай фарқ қилади. Аллофс бундай фарқларни ҳам писанда қилмасдан худди «Вердер»да бўлгани сингари «Вольфсбург»ни ҳам юқори даражага кўтара олди.
Аллофс «Фольксваген»нинг шаҳрига келганида маҳаллий жамоада юқори маҳоратга эга бразилиялик Налдо фаолият кўрсатаётганди. Клаус бунга қўшимча равишда «Вердер» муваффақиятини таъминлашга ҳиссаси катта бўлган Аарон Хантни таклиф қилди. Шунингдек, 22 миллион евро сарфлаб, мазкур жамоадан белгиялик хавбек Кевин де Брайнни ҳам ўзига оғдирди.
Энг асосий гап у Хекингни мураббийликка олганида. Чунки, Аллофс ва Хекингдан ташкил топган бу ажойиб тандем «Вольфсбург»ни янги тараққиёт йўлига олиб чиқа олди. Жамоа Европа Лигасининг 1|4 финалигача борди. Албатта, жамоа энди Чемпионлар Лигасида тўп суриши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Агар «Бавария» билан ғолиблик учун курашадиган бўлса, «Вольфсбург» ўзига нисбатан бефарқ муносабатдаги томошабинларнинг ҳам эътиборини қозониши мумкин. Қолаверса, бир пайтлар зиқналиги билан танилган мазкур клуб таркибида бугун Робин Кнох ва Максимилиан Арнольдларнинг мавжудлиги жамоа етук кадрларни мустақил тайёрлаш салоҳиятига эга эканлигини намойиш этиб турибди. Хуллас, қатъиятлилик (Хекинг), профессионализм (Аллофс) ва шон-шуҳрат («Фольксваген») бир бўлгач, албатта муваффақият ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди. Секин-аста бўлса-да, улкан ғалабаларга эришиш мумкин. Қолаверса, Жуниор Маланданинг фожиали ҳалокатига клуб ва жамоа аъзоларининг муносабати ҳам уларга бўлган ҳурматни оширди.
Маълумки, бундеслигадаги жамоалар ичида энг арзон нархда сотиладиган билет «Вольфсбург»га тегишли. Унинг баҳосига ўйин бошланишидан 3 соат аввал стадионга келиш ва жамоат транспортида кетиш харажатлари ҳам киритилган. «Вольфбурсг»нинг уй ўйин-ларини томоша қилиш ҳуқуқини берадиган мавсумий абонементни харид қилган мухлислар шунингдек, автобусда ва Вольфсбург атрофидаги ҳудудларга поездда қатнаш имтиёзига ҳам эга бўладилар.
Бир сўз билан айтганда, мазкур шаҳар юқорида таъкидлаганимиздек, ҳали-ҳануз бир-иккита ресторани ҳамда савдо марказларидангина иборат камтарона шаҳарлигича қолмоқда. «Бўрилар»нинг ўйинини эса телевизор орқали бундеслигадаги бошқа жамоаларникига нисбатан 10 баравар кам томошабин кўради. Бироқ «Фольксваген» концерни клубга бўлган муносабатини мана шундай - ижобий даражада сақлаб турса, «Вольфсбург» жамоаси ҳам ғайрат-шижоат билан ҳаракат қилади ва натижада, улар шон-шуҳрат оғушига буркансалар ажаб эмас...