7 май филиппинлик машҳур боксчи Мэнни Пакьяо операция қилинди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди.
Бу амалиётни ўз вақтида худди шундай операцияни Коби Брайант, Том Брэйди, Виталий Кличко ва Андре Бертода ҳам ўтказган машҳур жарроҳ Нил Эльатраше олиб борди.
Жарроҳлик амалиёти АҚШнинг Калифорния штати, Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтди.
Эльатрашенинг маълум қилишича, Пакьяонинг жароҳати бутунлай тузалиши учун 4 ойдан 6 ойгача вақт талаб қилинади. Аввалроқ ушбу муддат 9-12 ойгача чўзилиши мумкинлиги хабар қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, Мэнни Пакьяо 2 май куни Флойд Мейвезерга қарши ўтказилган жангга тайёрланиш вақтида жароҳат олган, лекин буни бошқалардан сир тутган ҳолда жангга тушиб, мағлуб бўлганди.