Кириш Регистрация
10/07 05:00 Аргентина - Канада

Лондондаги 10 киши

Баҳо:
+ | -

Хабарингиз бор, ўтган ҳафтада Лондоннинг «Челси» клуби ўз майдонида ғалаба қозониб, муддатидан олдин премьер-лига чемпионига айланди. Эътиборлиси, лига кубоги мана беш йилдирки, Манчестер шаҳридан бошқа жойга жилмаётганди. Албатта, бу муваффақият ўз-ўзидан бино бўлгани йўқ. Бунинг учун лондонликлар бутун жамоа бўлиб астойдил тер тўкишди. Лекин жамоадаги 10 нафар инсон бўлмаганида, чемпионлик орзулигича қолиши мумкин эди. Биз қуйида «Челси»ни зафарга етаклаган ана шу одамлар ҳақида ҳикоя қиламиз.

Тибо Куртуа

Албатта, рўйхатдан Куртуанинг жой олиши «Чех билан яхшироқ эди» деб ўйлайдиган мухлисларга ёқмаслиги аниқ. Чунончи, Чарли Адамнинг «катта салом»и Тибонинг қиёфасига соя солиб турибди. Аммо бельгиялик посбон ўша «Халл» ва ҳатто «ПСЖ»га қарши сафар ўйинларида ҳам хато қилса-да, бунинг эвазига бир неча ажойиб «сейв»лар кўрсатиб, айбини дарҳол ювди. Умуман, Тибо «Стэмфорд Бридж»даги биринчи мавсумни кўнгилдагидек ўтказди. Унинг ишончли ҳаракатлари туфайли ҳимоя вакиллари ҳам олдинга бориб, «Челси»нинг аутсайдерларга қарши ўйинларида тиғиз ҳимояни ёриб ўтишига замин яратди.

Жон Терри

Терри тўртинчи марта билагида сардорлик боғичи билан премьер-лига ғолибига айланди ва бу борада рекордчи саналган Рой Кинга анча яқинлашди. Ваҳоланки, бундан атиги икки йил аввал Рафаэль Бенитес унинг маҳоратини катта сўроқ остида қолдирганди. Ҳатто Моуриньонинг «камбэги» ҳам аввалига ишонч­сиздек кўринди. Бугун эса Жон - «Челси»нинг тенгсиз етакчиси ва «кўклар» таркибидаги АПЛнинг барча ўйинларида иштирок этган ягона вакил. Хуллас, 34 ёшли инглиз футболчиси рақиблар зарбасига тўғаноқ бўлиш ва уларнинг узатмасини жарима майдонида йўққа чиқариш бўйича чемпионатда тенги йўқ ҳимоячи бўлиб турибди. Агар у қолган уч турда ҳам тўлиқ ҳаракат қилса, мутлақ рекордчи «фахрий»га айланади.

Сесар Аспиликуэта

Сесарнинг ноодатий амплуага тезда мослашиши, мослашиш ҳам гапми, чап қанот ҳимоясида барча муаммоларни ҳал қилиши Филипе Луисни жуда ранжитди. Шу тариқа, 15 миллион фунтга харид қилинган бразилияликда ўйинларни захира ўриндиғида кузатишдан ўзга чора қолмади. +олаверса, Сесарнинг ўз вазифасига ўта масъулият билан ёндошиши туфайли Эден Азар ҳимояга кўмаклашишдек ёқимсиз бурчдан халос бўлди ва Азар тезда рақиблар учун жуда хавфли футболчига айланди. Гари Невиллга қулоқ соламиз: «Орқа чизиқда «тоза» ўйнаш, керакли позиция танлаш борасида Аспиликуэта премьер-лиганинг энг зўри. Ҳар сафар унинг ўйинларини кузатганимда, ҳайратга тушаман: у идеалга энг яқин футболчи».

Неманья Матич

Сербиялик ярим ҳимоячи «Челси»нинг Карло Анчелотти бошқарувидаги чемпионлик юришида майдонда атиги 41 дақиқа ҳаракат қилганди. Шундан сўнг у Португалияга йўл олди. Аммо «Челси» раҳбарлари уни ўз вақтида жамоага қайтаришди ва бунинг учун Жозе Моуриньодан бир неча бор мақтов эшитишди. Матич ҳақида кўп гапириш шартмас: ҳозиргача унинг ҳисобида нақ 114та «отбор» бор. Шунинг учун Моуриньо матбуот анжуманларининг бирида узоқ ўйланмай, уни «махлуқ» деб атади. Етарли, а?!

Сеск Фабрегас

«Мен учун футбол - шунчаки, математика эмас. Кимлардир Фабрегаснинг голли узатмалари камайса, уни спорт формасини йўқотганда айблашади. Ахир, у тўп оширган футболчилар гол уришни эплолмаса, Фабрегасда нима айб?», - Жозе шу тариқа, ўз услубида Фабрегаснинг танқидчиларига «салом» йўллади. Ҳа, у мавсумнинг иккинчи ярмида муаммоларга учради. Лекин ўша синган бурун Сескнинг ассиссентлик маҳоратига соя солмай, аксинча, уни янада сайқаллади. Умуман, каталониялик футболчи мовий футболда энг ажойиб мавсумларнинг бирини ўтказди ва Диего Коста билан сермаҳсул дуэт ҳосил қилди. Баракалла, азамат!

Эден Азар

Бельгиялик иқтидорнинг Англия­даги саргузаштларидан ҳикоя қилувчи сериалнинг учинчи қисми ўта «жонли» чиқди. Бу лавҳаларда Азар 36 нафар футболчини қўполлик учун «сариқ»қа «ҳукм қилди». 150 мартадан кўпроқ рақибларни худди ёш болалардек алдаб ўтди. Кетма-кет муҳим голлар урди ва, ниҳоят, премьер-лиганинг энг яхши футболчиси деб топилди. Жозе Моуриньо огоҳлантиради: унинг севимли футболчисини сотиб олишни кўзлаган клуб Эденнинг ҳар бир оёғи учун 100 миллион фунт тўлаши зарур.

Диего Коста

Биламиз, Диего борасида эътирозлар етарли. Аниқроғи, яқин орада ҳеч бир ҳужумчи мухлисларни бу қадар ғазаблантирмаганди. Чунки, Коста - симуляциялар ва бошқа «ҳунар»ларга бой шунақа футболчи. Аммо ҳатто шундай ҳолатда ҳам унинг гол сезиш қобилиятига тан бермай иложимиз йўқ. Бир йил муқаддам «Челси»га айнан Коста етишмаганди. У гарчи мавсумни бар­қарор ўтказа олмаган бўлса-да (жароҳатлар ва дисквалификациялар туфайли), 20 марта рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олди ва ҳамон премьер-лиганинг энг яхши тўпурари бўлишга даъво қилиб турибди.

Виллиан

Агар сен Эден Азар тўп сураётган жамоада бўлсанг-у, ортингда самарали тўп узатишлари билан танилган Фабрегасдек футболчи тўп сурса, бундай клубда ўз ўрнингни топиб олиш - шубҳасиз, машаққатли иш. Буни албатта, Англиядаги бош футбол таҳлилчиси Гари Невилл ҳам жуда яхши тушунади. Лекин шунга қарамай, Гари Виллианни Лестерда ўтган ўйинда «кўринмас қаҳрамон» деб атади ва бразилияликка муносиб баҳо берди. Хуллас, Виллиан Моуриньо қўли остида майдонда ўзининг максимал имкониятларини очиб берувчи муносиб ўринга эга бўлди. +олаверса, у баъзида «қулоқсизлик» қилиб, дарвозаларни ҳам ишғол қилиб қўяди. Худди, «Эвертон» билан бўлган ўйин­даги сингари.

Жозе Моуриньо

Очиғини айтганда, ҳаммаси декабрь ойидаёқ ҳал бўлиб бўлганди. Чунончи, Моуриньонинг мураббийлик соҳасидаги 11-мавсумида унинг жамоаси янги йил байрами арафасидаги ўрнидан сира пастга тушмаган. Жозенинг янги жамоаси албатта, ёмон кўринмаяпти, аммо барибир, тажовузкорлик озгина оширилса, зарар қилмасди. Энг муҳими, «Челси» кучли тўртликдаги бирорта жамоага мағлуб бўлмай, чемпионлик унвонини қўлга киритди. Бунақаси сўнгги бор  2004|05 йиллар мавсумидаги «Челси»да ҳам кузатилганди. Умуман олганда, жамоанинг мавсум биринчи ярмида намойиш қилган чиройли футболи кейинчалик тубдан ўзгарди. Рақиблар лондонликларнинг ўйин услубларини тўла ўзлаштириб бўлганликларидан сўнг баъзи муаммолар юзага кела бошлади ва иккинчи даврадаги аксарият учрашувлар айнан Моуриньонинг ҳимояни кучайтиришга қаратилган қарорлари туфайлигина «Челси»нинг ғалабаси билан якунланди. Бунга энг ёрқин мисол - «Лестер» билан кечган ўйиннинг иккинчи бўлими. Португалиялик мутахассиснинг ўзи ҳам тан олди: танаффусда у шогирдларини «уйғотиш» учун жуда қаттиқ гапиришга, ҳатто матбуотда ёритиб бўлмайдиган сўзлардан ҳам фойдаланишига тўғри келганмиш. Аммо нимаики бўлмасин, Моуриньо чемпионликка йўл очди. Мураббийдан талаб қилинадиган вазифа ҳам аслида шу эмасми?!

Шахсий кўрсаткичлар мукофоти - Лоик Реми

Аксарият вақтини пана-панада ўтказиб, керакли лаҳзаларда ўта муҳим голларни урадиган ҳужумчи жамоангизда бўлмаса, чемпионликни фақат орзу қиласиз, холос. Ремининг ана шундай голлари «Халл» ва «Сток» клубларига қарши ўтган ўта қийин учрашувларда Моуриньо жамоасига жуда қўл келди. Бу ўйинлар шундай вақтларда бўлгандики, «Челси» жароҳатлар ва толиқишлар сабабли анча ҳолдан кетиб қолганди. Ана шунинг учун ҳам Ремининг голлари баҳоси икки баравар қимматлидек туюлади. Шуниси аниқки, Лоик агар бошқа жамоада бўлганида, шубҳасиз, ўша клубнинг асосий форварди бўла оларди («Ливерпул»­да эса французни кераксиз футболчига чиқариб қўйишганди). Лекин шунга қарамай, Реми ўзининг жамоадаги ҳозирги ҳолатидан, асосан, захирадан майдонга тушаётганидан норози бўлмаяпти. Энг муҳими, у жамоага керак. Моуриньонинг айтишича, у баъзида Ремининг қаршисида хижолат чекаркан - футболчи унчалик кўп ўйин амалиётига эга бўлмаётгани учун. «Беназир»дан бундай эътироф эшитиш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди. Эҳтимол, айнан шунинг учун ҳам Реми ҳеч қаёққа кетишни истамаётгандир?!

Интерспорт газетасидан

Исроил РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:53, 08.05.2015.
Ўқилди: 4911 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.