Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

«Бавария» муваффақиятининг 10 сирини биласизми?

Баҳо:
+ | -

Бу йилги мавсумда ҳам мақтов, ҳам тан­қидларни эшитиб келаётган «Бавария» жамоаси ўз тарихидаги  25-чемпионлик унвонига сазовор бўлди. Кутилганидан ҳам бироз аввал қўлга киритилган мазкур муваффақиятнинг 10та асосий омиллари хусусида эса «Sokker.ru» фикр юритади.

AНИҚЛИК

Ғолиблик нашидасини сураётган ва ўзи шундай ҳам фаворит ҳисобланган «Бавария» муваффақиятининг сабабларини ахтаришга аслида ҳожат йўқ. Аммо ортиқча уринишларсиз, ишонч ва қатъият билан тезда ғалаба қозонилгани барибир «Қандай қилиб?» деган  саволни кўндаланг қўяди ва жавобни немисларнинг ўзидан, уларнинг табиатидан қидирган маъқул.

Бизнингча, мазкур жамоанинг нафақат Германия, балки, мамлакат ташқарисида ҳам оммалашувининг асосий омилларидан бири, бу немисларга хос аниқлик ҳисобланади. Чунки, айнан ўйиннинг ҳар бир майда-чуйдасигача алоҳида эътибор билан қараш «Бавария»нинг обрўсини таъминлаб келган. Одатда одам ёши ўтгани сайин инжиқроқ, тартиб-интизомни хуш кўрадиган, ўз имкониятидан янада унумли фойдаланишга интиладиган бўлиб қолади. Бу хусусият немисларнинг қон-қонига синггиб кетган. Клубнинг эришилган натижани писанд қилмасдан, янада юқорига интилиши, «Бундан ҳам яхшироқ ўйнаш ва бундан ҳам кўпроқ ғалаба қозониш мумкин», деган ақидага  амал қилиши туфайли у ҳар доим энг олдингилар қаторида келган. Шу сабабли ҳаттоки Германиядан ташқарида ҳам миллионлаб мухлисларига эга.  

  

ТЕМИРДЕК МУСТАҲКАМЛИК

«Бавария»нинг асосий юлдузларидан бири Роббен Чемпионлар Лигасида тўп сураётган жамоаларнинг бош­қа етакчи футболчилари сингари ёрқин ўйин кўрсатмаётгандек туюлганди. У жароҳат олганидан кейингина, жамоа сўнгги йилларда кимга суянаётганлиги, бундеслигада Роббен нима учун бу қадар харидоргирлиги  билинди-қолди...

Эсда қоларди ўйинлар билан кечган мавсум давомида биллурдек синувчан шаҳзода мухлислар кўз ўнгида темирдек мустаҳкам қиролга айланди. Чунки, у фаолият кўрсатадиган ўнг қанотдаги ҳимояга гап бўлиши мумкин эмас. Машғулотларнинг бир қисмини умумий гуруҳда ўтказган Арьен Чемпионлар Лигасининг ҳал қилувчи баҳсларида иштирок этса, зўр бўларди.

Хуллас, биллурдек нозиклик (синувчан), бироқ темирдек мустаҳкамлик хусусиятига эга, айни пайтда эса фақат қорин мускулларини мустаҳкамлашдан чарчамаётган Роббеннинг машғулотлари самарали кечиб, у тағин майдонга қайтишидан ва голлар борасидаги натижаларини юксалтиришидан умидвормиз. Тан олиш керак, аслида 17 та гол ва 7 та тўп узатишларни уддалаган ва бу билан улкан муваффақиятга салмоқли ҳисса қўшган ўйинчига жамоадагилар ҳозир ҳам ҳавас қилсалар арзийди.

 

ОЁҚНИ ЕРДАН УЗМАСЛИК

Одатда бошқа мамлакатлардаги аксарият жамоа футболчилари чемпионликка эришсалар, ўзларини бутунлай «қўйиб юборадилар». Бурнилари кўтарилиб, унча-мунчани менсимай қолишлари бор гап.  «Бавария» аъзоларидан бу борада ҳам ибрат олса бўлади. Чунки, йигитлар ниҳоятда ўзларини камтар тутишга одатланишган. Нойердан тортиб, баъзида қовоқ осиб юрадиган, аммо аслида ниҳоятда оққкўнгил Ламгача бари камтар, камсуқум. Сизга ихлос қўйган, футболка ва билетларингизни сотиб олиб, бу билан клуб хазинасига кўмак бераётган ҳар қандай инсонни ҳурмат қилиш кераклиги жамоа раҳбарияти томонидан доим таъкидлаб турилади. Шу сабабли ҳатто Мюнхен атрофидаги кичик шаҳарларга чиқиб мухлислар билан учрашувлар ташкил қилиш, уларнинг футболчилардан дастхатлар олишлари, суратга тушишлари учун шароитлар яратишга алоҳида эътибор билан ёндошилади. Демак, оёғини ердан узмасдан, халққа яқинроқ туриш ҳам муваффақиятлар омилларидан саналади.

 

МУХЛИСЛАРНИНГ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШИ

«Бавария» Германиянинг  ҳар қандай шаҳрида ўйнамасин, стадион барибир лиқ тўлган бўлади. Ҳақиқатан, мазкур жамоа аъзолари ўз мухлисларининг садоқати ва эътиборига одатланишган. Шу сабабли, улар Чемпионлар Лигасини дастлабки босқичлардаёқ тарк этмайдилар, ҳаттоки ёзнинг жазирамасида ҳам миллий жамоалари формасида майдонга тушиб, ўз мамлакатлари шаънини ҳимоя қиладилар. «Бавария» мухлисларининг ўйин пайтида жон кўйдириб, жамоаларини қўллаб-қувватлашлари ва ҳамиша унга нисбатан садоқат ва ҳурматда бўлишлари албатта, фақат мазкур клуб манфаати учун хизмат қилади. Шунингдек, мухлисларнинг ўйинчиларга нисбатан ўта талабчанлигини ҳам тушуниш мумкин. Чунки, улар шахтёр кон қазиётганда, жарроҳ эса беморни операция қилаётганда ўз ишига қанчалар масъулият билан ёндошса, футболчи ҳам рақиб жамоа билан курашга киришган пайтда бутун вужудини ўйинга бахшида этишини хоҳлайдилар. 

 

Дарвозабон масъулияти

Футболда энг аввало, дарвозани қўриқлайдиган шахс юксак маҳоратга эга бўлмаса, яъни шалвираганча дарвоза ичидан тўп олиб чиқаверса, ғолибликка эришиб бўлармиди? Шуни назарда тутган ҳолда Мануэль Нойер «Бавария»нинг энг ишонган одами, десак муболаға эмас. Қолаверса, у ўзини ниҳоятда хотиржам тутади. Керак пайтда бутун куч-ғайратини, бор маҳоратини ҳимояга бағишлай олади. Шунингдек, зарур пайтда тўп тепишни ҳам унча-мунча ўйинчилардан яхши уддалайди. Албатта, Нойер ҳамма нарсага қодир деб бўлмайди, аммо кўп жиҳатдан ишончли, деб баралла айтиш мумкин. Ахир бежизга дунёнинг энг яхши дарвозабони мақомига эга бўлмаган.

 

МАРКАЗИЙ ҲИМОЯНИНГ ИШОНЧЛИЛИГИ

Мазкур жамоада ҳозиргача 13та гол ўтказиб юборилди. Уларнниг 9таси янги йилдан кейин, 6таси эса иккита ўйинда рўй берди. Бироқ, Лам, Бенатиа, Алаба ва Бадштуберлар билан юзага келган муаммоларга қарамасдан, «Бавария» ҳимоя масаласида бундеслигадаги бошқа жамоаларга нисбатан кучли эканлиги намоён бўлмоқда. 

Боатенг исмли марказий ҳимоячи борлиги эса жамоанинг энг катта ютуғи ҳисобланади. Чунки, у бу борада дунёнинг энг зўр футболчиси сифатида эътироф этилган. Германия терма жамоаси таркибида ўзини кўрсатган Боатенг нафақат халқаро баҳс­ларда, балки бундеслигада ҳам юксак маҳорат билан ўйнай олишини намойиш қилмоқда.

Хуллас, Жером - мазкур мавсумда «Бавария» ғалабасини таъминлаб берган энг асосий омиллардан бири саналади.

 

МУРАББИЙ МАҲОРАТИ

Хосеп ўзига берилган 6 та имкониятнинг 5 тасидан унумли фойдалана билди. Бу ажойиб натижа! Аммо ҳозирча Гвардиолани Мюнхенда у қадар хуш кўравермайдилар. Агар у «Барселона» устидан ҳам ғалабани таъминай олса, ҳолат бутунлай яхши томонга ўзгариши мумкин. Қолаверса, клуб раҳбарияти каталониялик бу мураббий ҳақида ёмон фикр билдирмаяпти.

Пеп «Бавария»нинг ўйинчилари-ю, жамоа мухлисларининг башоратларига зид равишда бутунлай  ўзгача услубда иш юритади. Бу бир  томондан - ёмон, аммо бошқа тарафдан - яхши. Мисол учун, мураббийнинг кутилмаган «манёвр»лари ҳатто рақибларни ҳам гангитиб қўяди. Хуллас, Гвардиола ҳар доим мағлубиятлар ва уларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилишга одатланган. Шу боисданми, бу йилги мавсум давомида «Бавария»да юзага келган муаммоларга қарамасдан кўпгина жамоалар устидан ғалабани таъминлашнинг уддасидан чиқа олди.

 

Профессионаллик

Берилган вазифага профессионал муносабат, интизомга қатъий бўйсуниш ва мураббийнинг буйруқларини сўзсиз бажариш - ишга немисча ёндашувнинг ўзига хос хусусиятларидан ҳисобланади. Бу эса нафақат Хосеп даврида, балки ундан олдин ҳам бўлган. Шунингдек, Пеп кетса ҳам мазкур анъана давом этаверади.

Дарвоқе, мазкур мавсумда жамоани айримлар ҳақиқатан тўғри танқид қилишди. Яъни, «Бавария»нинг биринчи таркиби ё жароҳатлар «юқумчиллиги» ёки тайёргарликнинг сустлиги туфайлими, бир неча ўйинларни одатдагидан анча­йин ёмон ўтказди. Ҳаттоки, бундеслигада мавсумни мағлубиятсиз амалга оширишга қурбилари етмади. Ваҳоланки, улар айни шу мақсад, яъни фақат ғолиблик учун ҳаракат қилгандилар.  Шунга қарамасдан, барибир, уларни ёмон ўйнайди, дея айта олмаймиз. Чунки, бу жамоа аъзолари тўп тепиш  ва ғалаба қозонишни жуда-жуда яхши кўрадилар.

 

ФАХРИЙЛАР КЎМАГИГА ТАЯНИШ

Гаудино, Вайзер, Алаба, Гетце ва Бернатларнинг йиллар давомида яратган ўзига хос услублари Алонсо, Рейни, Рибери, Роббен, Лам ва Швайн­штайгерлар ижросида ҳам акс этмоқда. Қувонарлиси, бу эзгу анъана авлодлардан авлодларга ўтиб келмоқда. Яна бир эътиборли тарафи, жамоа доимо янгиланишга юз тутган.

Масалан, Бастиан «Бавария»дан кетса, ўрнига бошқаси келади. Франк жамоани тарк этса, унинг вазифаси яна бир янги, албатта Франкка нисбатан ғалабага иштиёқи юқорироқ даражадаги ўйинчига юкланади.

«Бавария»нинг ўзига хос томони, бу ерда бой тажрибага эга ва ёшларнинг юзага чиқишларига ҳалақит бермайдиган фахрийлар фаолият кўрсатади. Шунингдек, улар жамоадаги соғ­лом муҳит учун жавобгар ҳам ҳисобланадилар. Мисол учун, Рейнини «Бавария»га қўшишдан мақсад, турли ҳазил-мутойибалари билан ном қозонган бу футболчи хўмрайганроқ Гвардиоланинг жамоадагилар билан тил топишиб кетишига кўмаклашишдир. Фахрий Алонсосиз эса тўпларнинг майдондаги ҳаракати  бу қадар маҳорат билан назоратга олинмасди. Хуллас, фақат кийим алмаштириш хонасидаги муносабатлар чоғидагина эмас, балки ўйин майдонида ҳам фахрийларнинг ўрни катта аҳамиятга эга.

 

ҚУЛАЙ ШАРОИТЛАР

Германия ҳудудида «Бавария» - ҳам подшоҳ, ҳам қирол, ҳам императордир. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш жоиз, молиявий масалада у диктатор ҳам. Ахир ўзига хос бой-бадавлат жамоа ҳисобланган «Вольфсбург»нинг мюнхенликларга ютқазиб қўйиши  обрў ва мол-давлат ҳамиша ҳамроҳи ҳисобланган «Бавария»га бас келиш қийин эканлигини яна бир бор исботлади. 

Афтидан, бу гегемон жамоа келгусида ҳам фақат ютуқларга   кўз тиккан кўринади. Ёзга бориб, янги мураббий келгани билан бу ердаги менежерларни тайёрлаш тизими барибир ўзгармайди. Шунингдек, жаҳон чемпионлари сони ҳам асло камаймайди. Янги ўйинчлар сотиб олиш эса бир маромда давом этаверади. Ахир бу билан, яъни энг зўр футболчиларни ўзига оғдириш орқали рақибларини заифлаштириш «Бавария»га хос усул.

Хуллас, «Бавария» бугун ғолиблик шоҳсупасида - у йигирма бешинчи чемпионлик унвонини қўлга киритди. Аммо у Европадаги энг яхши жамоа сифатида ўзини намойиш эта   олармикин? Насиб этса, тез орада кўрамиз...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:28, 17.05.2015.
Ўқилди: 6019 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.