"Реал Мадрид" - трансфер бозорининг асосий фигураларидан бири. Флорентино Перес таркибни юлдуз ижрочилар билан кучайтиришга келганда ҳеч қандай маблағни аямайди. Бироқ, мавсум бошланиши қийин бўлганлиги сабабли, клуб йўналишни ўзгартириши мумкинлиги ҳақида гап тарқала бошлади. Аниқроғи, ўз уйида етишган испаниялик футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиш.
Relevo нашри хабарига кўра, мадридликлар миллий футбол бозори мониторингини кучайтирмоқчи ва хусусан, Испания терма жамоаси футболчиларини кучайтириш имкониятларини ўрганмоқчи.
"Реал Мадрид"нинг шарафини анъанавий тарзда кўплаб иқтидорли испанлар ҳимоя қилишди, сўнгги йилларда - Начо, Хоселу, Асенсио, Одриосола, Мигель Гутьеррес, Майораль, Серхио Рамос... Рўйхат узун. Ҳозирги таркибда испан футбол мактабини фақат Карвахаль, Валехо, Лукас Васкес, Фран Гарсия ва Малагада туғилган, бироқ Марокаш терма жамоасида ўйнайдиган Браим Диас намоён этади. Қолаверса, қишки трансфер мавсумида бу футболчиларнинг бир қисми Мадридни тарк этиши кутилмоқда.
Бу тенденция "Реал Мадрид"нинг Испания терма жамоасидаги етакчи ролини йўқотишига олиб келди. Ноябрдаги Миллатлар лигаси ўйинлари учун Луис де ла Фуэнте томонидан терма жамоага чақирилганлар орасида "Реал Мадрид"нинг бирорта футболчиси(!) кўринмади. Узоқ вақт давомида Карвахаль бир ўзи шарафли вазифани бажарди, аммо ҳимоячи тиззасидан жиддий жароҳат олиб, узоқ муддатга сафдан чиқди.
Энди Испания ўзининг Европа тахтига қайтганидан сўнг, Олимпия олтинлари ва U-19 терма жамоасидан ташқари, Вальдебебас иқтидорли испанларни қўлга киритиш амалиётига қайтмоқчи. Бироқ, кўп ўйинчилар мавжуд эмас, дея манба хулоса қилмоқда.