Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 1-3 Япония
19/11 17:00 Индонезия 2-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-1 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин 1-1 Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон 2-3 Эрон
19/11 21:00 Уммон 0-1 Ироқ
19/11 21:00 БАА 5-0 Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия 2-2 Парагвай
20/11 04:00 Колумбия 0-1 Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Санжар Шоаҳмедов: «Абрамов - яхши руҳшунос»

Баҳо:
+ | -

Тошкентнинг «Локомотив» клуби жорий мавсумда ўз олдига жиддий мақсадлар қўйиб, миллий чемпионатимиз олтин медалини қўлга киритиш ва Ўзбекистон кубогини ўзида сақлаб қолишни ният қилган. Жамоа бу йўлда астойдил ҳаракат қиляпти. «Темирйўлчилар»нинг муваффақиятларида эса ярим ҳимоячи Санжар Шоаҳмедовнинг ҳам муносиб улуши бор. Олдинги мавсумларда «Олмалиқ» шарафини ҳимоя қилган ушуб хавбекни XXIV миллий чемпионатимиз бошланиши арафасида «Локомотив» устози Вадим Абрамов ўз клубига таклиф этганди. Маҳоратли футболчи талабчан мутахассис Вадим Карленовичнинг ишончини оқлаб, жамоанинг асосий таркиб ўйинчисига айланди ва ортда қолган 9 турда 3та гол урди.

Жумладан, 9-тур доирасидаги сафарда «Олмалиқ» клубига қарши кечган баҳсда у жамоасининг биринчи голи муаллифига айланди ва «Локомотив»нинг дуранг натижа қайд этишига (2:2) ўз ҳиссасини қўшди.

Футболчи билан уюштирган суҳбатимиз унинг Олмалиқдаги ўйин хусусидаги фикрлари билан бошланди.

 

- «Олмалиқ» ва «Локомотив» клублари жорий мавсумда ўз олдиларига юксак мақсадлар қўйишган. Шу боис, ушбу жамоалар ўртасидаги ўйинга қизиқиш кучли бўлганлиги боис, стадионга кўплаб мухлислар ташриф буюришди.

- Кўп йиллар давомида олмалиқликлар таркибида тўп сурганим учун учрашув арафасида бироз ҳаяжонландим. Аммо ўйин давомида ҳаяжонимни енгишга интилдим. Ахир, ҳар бир футболчининг ҳаёти шундай - бугун бир жамоада бўлса, эртасига бошқасида тўп суришига тўғри келади. Шунинг учун биз - ўйинчилар профессионал бўлишимиз керак. 14 май кунги баҳс анча қизиқарли, қийин ва томошабоп тарзда кечди. Икки марта ҳисобда ортда бораётиб, мувозанатни тиклашга муваффақ бўлдик. Ўйин дурангга мос эди ва якунда кучлар тенг келди. Мен эса собиқ клубим дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлдим.

- XXIV миллий чемпионатимиз баҳслари борасидаги фикрингиз?

- Бу йилги ички чемпионатимиз ўйинлари анча жанговар руҳда ўтмоқда. Олдинги мавсумларда бўлгани каби, учрашувлар натижани олдиндан башорат қилиш қийин бўляпти. Ҳар бир ўйин шиддатли ва мазмунли ўтмоқда. Бу эса албатта, келишилган учрашувларга қарши кескин кураш олиб борилаётганлиги самараси, менимча. Ўйинлар ҳалол тарзда тарзда ўтса, миллий чемпионатимизнинг савияси ошиб, терма жамоаларимизга ҳам фойдаси тегади.

- Жамоангизнинг жорий мавсумдаги иштироки хусусида нима дея оласиз?

- Клубимиз учун бу йилги мавсум баҳслари осон кечмаяпти. Боиси, ҳар бир жамоа етакчи клубларга нисбатан ўзгача ўйин намойиш этмоқда. Албатта, «Локомотив» ҳам бундан мустасно эмас. Шунинг учун жорий мавсумда кўплаб баҳсларда очко йўқотишимизга тўғри келди. Ҳаттоки, Қаршида мағлубиятга ҳам учрадик (7-тур, 0:1). Нимаям дердим, бу футбол ва у фақат ғалабалардан иборат эмас ҳамда баъзан мағлубиятлар ҳам учраб туради.

- «Локомотив»нинг Осиё Чемпионлар Лигасидаги омадсизлигини қандай изоҳлайсиз?

- Жамоамиз ушбу нуфузли мусобақада илк марта иштирок этди. Бундан таш­қари, таркибимиз анча ёшартирилган эди. Шунинг учун бизга бироз тажриба ва омад етишмади. Тўғри, клубимиз ОЧЛда ёмон иштирок этмади. Аммо миллионлар ўйинида омад ҳам муҳим роль ўйнайди ва унинг  етишмаганлиги ҳам бизга панд берди. Кейинги йили жамоамиз ОЧЛда ҳам ижобий натижани қайд этади, деган умиддаман.

- ОЧЛдаги рақиблар орасида энг кучлиси қайси жамоа экан?

- Нуфузли мусобақанинг ўтган йилги финалчиси - Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клуби. Ушбу жамоа таркибида Диого ва Самарас каби анча маҳоратли легионерлар тўп суришади. Тўғри, Эроннинг «Фулад» ва Қатарнинг «Ал-Садд» клублари ҳам кучсиз эмас. Аммо «Ал-Ҳилол» гуруҳимиздаги энг кучли жамоа эди ва кутилганидек, саудияликлар гуруҳ пешқадами сифатида 1|8 финалга йўл олишди.    

- Афсуски, мамлакатимизнинг барча 4 клуби ОЧЛда омадсиз иштирок этди. Жумладан, ажойиб имкониятга эга бўлган «Насаф» ва «Пахтакор» ҳам. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Тўғри, жамоамиз ва «Бунёдкор» ОЧЛда «плей-офф»­га чиқиш имкониятидан аллақачон мосуво бўлганди. Лекин «Насаф» ва «Пахтакор»да 1|8 финал йўлланмасини қўлга киритиш учун сўнгги тургача имконият сақланиб қолганди. Афсуски, ушбу клубларимиз ҳам омадсизликка учрашди.

Кези келганида таъкидлаш жоизки, Қаршидаги ўйин­да ҳакамларнинг  хатолари «Насаф»га қимматга тушди. На илож, энди бутун умидимиз келаси мавсумдан.

- Сиз кўп йиллар давомида юртимизнинг таниқли мутахассиси Игорь Шквириннинг қўл остида тўп сургансиз. Жорий мавсумдан бошлаб эса Вадим Абрамов бошқарувида ўйнаяпсиз. Ушбу икки мураббийнинг машғулотлари ва тактикаси бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

- Ҳар икки мутахассис ҳам машғулотларни ранг-баранг ва қизиқарли тарзда олиб боришади ҳамда биз - футболчиларни зериктиришмайди. 

Тактика борасида тўхталадиган бўлсам, «Олмалиқ» етакчи клублардан эмаслиги боис, Игорь Анатольевич асосан қарши ҳужум тактикасини қўллайди. Вадим Карленович эса ҳужумкор футбол тарафдори ва ўйин давомида бизга тўпни кўпроқ назорат қилиш борасида кўрсатма беради. Шунингдек, Вадим Абрамов яхши руҳшунос. У ҳар бир шогирдининг кўнглига йўл топиб, уларни бўлажак учрашувларга ажойиб тарзда тайёрлай олади. Бундан ташқари, Вадим Карленович мағлубиятга учрасак ҳам бизга қаттиқ танбеҳ бермайди ва камчиликларимизни тушунтириб, энди бундай хатоларга йўл қўймаслигимизни айтиб, футболда мағлубиятлар учраб туриши, энди кейинги ўйинга астойдил тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлайди.

- «Локомотив»да рақобат кучлилигига қарамай, асосий таркибдан жой олдингиз. Бунга ниманинг ҳисобига эришдингиз?

- Рақобат бор жойда ўсиш бўлади. «Локомотив» кучли клуб ва жамоанинг ҳар бир позициясида 2-3 нафар тенг кучга эга бўлган ўйинчилар бор. Шундай бўлса-да, ушбу клубдан таклиф тушганида иккиланмай қабул қилдим. Сабаби, рақобат туфайли ўз устимда кўпроқ ишлайман ва бундан чўчимайман. Машғулотлар давомида кўпроқ тер тўкаётганлигим ва ўйинлар пайтида мураббийларимизнинг кўрсатмаларини аниқ амалга оширишга интилаётганим асосий таркибдан жой олишимда ёрдам берди, менимча. Умуман олганда, устозларимизнинг ишончларини оқлашга ҳаракат қиляпман. Ўйиним ҳам Вадим Карленовичга маъқул келяпти, шекилли, ҳар сафар бошланғич таркибда майдонга тушяпман. Шундай бўлса-да ўз устимда ишлашдан тўхтамайман.  

- Майдонда қайси жамоадошларингиз билан яхши чиқишасиз?

- Кўпроқ катта Жасур Ҳасанов ва Икром Алибоев билан майдонда бир-биримизни яхши тушунамиз. Майдон ташқарисида эса барча футболчилар бир - биримиз билан аҳил-иноқ ва дўст­миз. Ахир, барчамиз бир мақсад йўлида биргаликда ҳаракат қиляпмиз.

- Футболга қай тарзда кириб келгансиз?

- Миллионлар ўйинига болалигимдан қизиқиш кучли бўлган. Олдинига кўча-кўйда тўп тепиб юрган бўлсам, 7 ёшимда дадам қўлимдан етаклаб, «Чиғатой» футбол мактабига ўқишга олиб борганлар. Футболнинг дастлабки сир-асрорларини таниқли мутахассислар Евгений Казаков ва Геннадий Денисовдан ўрганганман.

- Болалигингизда кумирингиз ким бўлган ва ҳозир қайси футболчининг ўйинларидан завқ оляпсиз?

- Болалигимда Франция терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Зайниддин Зидан кумирим бўлган. Зиданнинг ўйинларини телевизор орқали кўриб, кузатиб, унинг ижросидаги финт­ларни такрорлашга ҳаракат қилардим. Айни пайтда эса Испания терма жамоаси ва «Барселона» клуби футболчилари -  Хави ҳамда Андрес Иньестанинг ўйинларидан завқ оламан.

- Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?

- Ўзингизга яхши маълум, футболчининг бўш вақти кам бўлади. Шунинг учун бўш вақтим топилди дегунча оиламга ошиқаман. Ота-онам ва дўстларим даврасида кўпроқ бўлишга интиламан.

- Хоббийингиз нима?

- Ёз фаслида кечки пайт велосипедда Тошкент кўчаларини сайр қилиш. Бунинг соғлиққа ҳам катта фойдаси бор.

- Футболдан ташқари, яна қайси спорт турига қизиқасиз?

- Хоккей ва сузишга. Хоккей ўйинларини телевизор орқали томоша қиламан, бассейнда сузишга бориб тураман.

- Европа Чемпионлар Лигаси финалида «Ювентус» ва «Барселона» клублари куч синашишади. Сизнингча, ҳал қилувчи баҳсда қайси жамоа ғолибликни қўлга киритади?

- «Барселона»га мухлислик қилганлигим учун финалда каталония­ликлар ғалаба қозонишади, деган умиддаман.                                               

- Жорий мавсумда «Локомотив»нинг олдига қандай мақсад қўйилган?

- Ўзбекистон чемпиони бўлиш ва Ўзбекистон кубогини сақлаб қолиш. Буни амалга ошириш учун астойдил интиламиз. 

- Орзуйингиз...

- Орзуларим кўп: Ўзбекистон чемпионлиги ва кубогини қўлга киритиш, ОЧЛ турнирида зафар қучиш, миллий терма жамоамиз таркибида жаҳон чемпионатида иштирок этиш.

Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди.

Манба: "Интерспорт" газетаси

Киритилди: 18:13, 24.05.2015.
Ўқилди: 6307 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.