Хитойнинг Ухань шаҳрида енгил атлетика бўйича давом этаётган Осиё чемпионатида Ўзбекистон байроғи яна бир сарбаланд кўтарилди.
Енгил атлетиканинг еттикураш баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Екатерина Воронина икки кунлик мусобақалар якунларига кўра 5689 очко жамғариб, Осиё чемпионидек шарафли унвонга сазовор бўлди. Бу ҳақида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мазкур мусобақаларда иккинчи ўринни Жосеф Ликси (Ҳиндистон) эгаллаган бўлса, бронза медали Хембрам Пурнима (Ҳиндистон)га насиб этди.
Шундай қилиб, Осиё чемпионатининг икки кунлик мусобақалари якунларига кўра Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобида иккита олтин медаль мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, биринчи кун бўлиб ўтган мусобақаларда Светлана Радзивил (баландликка сакраш) олтин медалга сазовор бўлган эди.
Осиё чемпионати баҳслари 7 июнга қадар давом этади.