Кириш Регистрация
17/12 00:45 Лацио 0-6 Интер
17/12 01:00 Борнмут 1-1 Вест Хэм
19/12 01:30 Вильярреал - Райо Вальекано
19/12 01:30 Эспаньол - Валенсия

Шу, ПФЛни ҳам тушунмай қоласан киши?!

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий чемпионатининг бош ташкилоти бўлмиш ПФЛ йилдан-йилга профессионаллик сари қадам ташлашга ҳаракат қилаётган бўлса-да, лекин ҳали ҳам тушунарсиз қарорлари билан кўпчиликни ажаблантираётгани рост. Мазкур ҳафта Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал биринчи учрашувлари бўлиб ўтади. Ёдингизда бўлса, мусобақанинг 1/16 финал босқичида биринчи лиганинг тўрт жамоаси – “Цементчи”, “Оқ-тепа”, “Обод” ва “Пахтакор-2” олий лига клубларини мағлубиятга учратган ҳолда нимчорак финалга йўл олганди. Энди мазкур клублар чорак финалга чиқишга ҳаракат қилиб кўришади. 

Кичик таништирув
Нимчорак финалга йўл олган уч жамоа – «Оқ-тепа», “Обод” ва “Пахтакор-2” Ўзбекистон Биринчилиги баҳсларида учрашувларини сунъий қопламали майдонда ўтказишидан мухлисларнинг хабари бор. Даставвал шу ўйингоҳлар ҳақида қисқача маълумот берсак. “Пахтакор-2” пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги ўйингоҳда рақибларини қабул қилади. БЎСМнинг маъмурий биноси жойлашган мазкур ўйингоҳ футбол мутахассислари орасида яхшигина таниш. Чунки бу майдон азалдан кўп жамоалар учун хизмат қилган ва ҳозир ҳам хизмат қилиб келмоқда. Айниқса, қишда кўплаб клублар, жумладан қўшни юрт жамоалари ҳам Чилонзорда “тўхтаб” ўтишади. Ўйингоҳнинг атрофи махсус тўсиқлари билан ўраб чиқилган. Майдоннинг фақат бир томонида мухлислар учун бир қатордан иборат ўриндиқлар қўйиб чиқилган. Қанот ҳаками билан ишқибозлар орасида ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Оралиқ масофа ҳам узоқ эмас. Мураббийлар штаби ва захира ўйинчилари учун ажратилган жойлар ёмғирдан ҳимояланган. Тўртинчи ҳакам ва назоратчига ажратилган жой ҳам ёпиқ ҳолатда.

“Обод” жамоасининг уй стадиони ҳам “Пахтакор-2”дан жуда катта фарқ қилмайди. Майдоннинг ўлчами талабга тўлиқ жавоб беради. Майдоннинг сифати ҳам ёмон эмас. Стадион тўлиқ махсус тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Худди Чилонзорда бўлгани сингари бу ерда ҳам мухлислар учун бир қатор қилиб ўриндиқлар жойлаштириб чиқилган. Чилонзорникидан фарқли равишда ўриндиқлар бу ўйингоҳда майдоннинг тўла айлана қисмига жойлаштирилган. Жамоаларнинг захира ўриндиғи ва расмий шахслар учун усти ёпиқ махсус жойлар ажратилган. Айтганча, “Обод” стадиони ҳам сўнгги икки йилдан буён қишги тайёргарлик учун жамоаларга асосий қўнимгоҳлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу стадионлар орасида энг мухлислар боби “Оқ-тепа”ники десак муболаға бўлмаса керак. Сабаби, асли умумтаълим мактабига тегишли бўлган мазкур майдон кичик бир маҳалла ичида жойлашган. Стадионнинг икки тарафида ишқибозлар учун трибуна бор. Катта эҳтимол билан бу ўйингоҳда бемалол уч минг мухлис учрашувни кузата олади. Ўйингоҳнинг қолган икки тарафи махсус тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Ўша икки томон автомобиллар ўтадиган йўл бўлганлиги боис, ўйин давомида ҳам машиналар ҳаракатланаётганини кўриб туришингиз мумкин. Ёки ўша икки тарафда маҳаллий аҳоли истиқомат қиладиган ҳовлилар жойлашганини боис, улар керак бўлса, уйларининг иккинчи қаватидан стадионда давом этаётган ўйинларни кузата олиш имкониятига эга бўлишади. Бу худди “Суюнчи” фильмидаги бош қаҳрамон, машҳур ва севимли актёримиз Хусан ака Шариповнинг оила жамоаси тўп сурадиган стадионни эслатиб юборади. Нега буни эслаганимизни қуйида айтиб ўтамиз. Айтганча, Хусан аканинг ўзи ҳам айнан шу – «Оқ-тепа» маҳалласида истиқомат қилади. Юқоридаги икки стадиондан фарқли равишда бу ўйингоҳда мухлислар билан қанот ҳаками орасида катта тўсиқ бор. Тўғри, масофа бироз яқин ва ишқибозлар бемалол рефери ассисентларини чалғитиши мумкин, аммо асосийси тўсиқ бор. Қолаверса, ишқибозларнинг хатти-ҳаракатини кузатиб турадиган тартибни сақлаш ходимлари ҳам ўйин давомида трибунада ўтиришади. Майдоннинг ўлчами “Обод” ва “Пахтакор-2”никидан бироз кичкина бўлиши мумкин, бироқ талабларга жавоб беради. Бу борада ҳеч қандай гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Захира ўриндиғи аъзолари учун ҳам, керак бўлса, бир томонда ўтирадиган ишқибозларга ҳам ўсти ёпиқ жойлар ажратилган. Қисқаси, “Оқ-тепа” бошқалардан бироз фарқ қилади. 

Уч жамоа “уйсиз” қолди!
12-23 июнь кунлари Ўзбекистон Кубогининг 1/8 финал босқич ўйинлари бўлиб ўтади. Юқорида таъкидлаганимиздек, мусобақанинг бу босқичига 1-лиганинг тўрт жамоаси – “Цементчи”, “Пахтакор-2”, “Оқ-тепа” ва “Обод” жамоалари етиб келган. “Обод” 1/8 финалнинг биринчи учрашувида “Бунёдкор” меҳмони бўлиб, кичик ҳисобда мағлубиятга учради – 1:0. Жавоб ўйини 23 июнь куни ўтказилади.

“Оқ-тепа” ва “Пахтакор-2” клублари эса, режага кўра, 12-13 июнь кунлари мос равишда “Насаф” ҳамда “Бухоро”ни қабул қилиши керак. Олган маълумотларимизга кўра, иккала клуб ҳам уй ўйинларини ўз майдонида, яъни, сунъий қопламали майдонда ўтказишмайди. Катта эҳтимол билан “Оқ-тепа” рақибини “Жар”да қабул қилса, “Пахтакор-2” “Пахтакор” Марказий стадионида “Бухоро” билан ҳисоб-китоб қилади. 23 июнь куни бўлиб ўтадиган “Обод” – “Бунёдкор” учрашуви ҳозирча қаерда ўтказилиши номаълум.

1-лига клубларига ўз майдонида ўйнашга ПФЛ рухсат бермаган. Сабаб сифатида жамоаларнинг уй майдонлари олий лига талабларига жавоб бермайди?! Қолаверса, сунъий қопламали майдонда тўп суриш мумкин эмас экан?! Биринчидан, мазкур уч жамоа олий лига эмас, биринчи лига клубларидир. Табиийки, стадион ҳам шунга мос бўлиши аниқ. Агар стадион муаммо экан, унда Ўзбекистон Кубогини 1-лига клублари учун “ёпиб” қўйган маъқул. Ёки йил бошидаёқ Регламентга стадион борасида алоҳида банд киритиш керак. Ўзбекистон Кубоги алоҳида бир мусобақа. Биринчи лига клублари навбатдаги босқичларга йўл олишаётганинг ўзиёқ бир катта ютуқ эмасми?! Юқоридагилар Кубокка эътиборсизлигини очиқ айтаётган бир вақтда асосан ишқибозлари учун тўп сурадиган қуйидагилар мухлисларини хурсанд қилиш учун ҳам Кубокда узоқроққа боришга ҳаракат қилишяпти. Боиси, улар ҳар доим ҳам олий лига клублари билан ўйнайвермайди. Нега Хусан ака Шариповни эслаб ўтганимизни тушунтирсам. Ўтган йили “Оқ-тепа” Ўзбекистон Кубоги баҳсларида ¼ финалга етиб келди. Бунақаси ўзбек футболида охирги йилларда деярли кузатилмаганди. Шахсан мен буни эслай олмайман. Жамоа бу босқичда “Пахтакор” билан тўқнаш келиб, мағлубиятга учради. Гарчи биринчи лига вакили иккала ўйинда ҳам йирик ҳисобда ютқазган бўлса-да, имкон қадар рақибига қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилди. Асосийси, ҳимояга “ётиб” олгани йўқ. Ўз мухлисларига ёқадиган ўйин намойиш қилиб берди. Шу куни “Оқ-тепа” маҳалласидаги муҳитни кўрганингизда эди?! Шуни футбол мухлислар учун ўйналади, дейиш мумкин?! Кичик бир маҳалла стадионида Боян Миладинович, Игорь Сергеев, Шерзод Каримов, Егорь Кримец, Александр Лобанов сингари халқимиз таниган ва ҳурмат қилган футболчилар тўп тепишини фақат орзу қилиш мумкин. Ўша беллашувни бевосита стадионда кузатган расмийларимиз бу халққа қанчалик ёққанини тушунган бўлса керак, деб ўйлагандик. Шу ерда “Суюнчи” фильмидаги бир эпизодни кўз олдингизга келтиринг: Ҳусан акани фарзандлари футбол ўйнаяпти, атрофда маҳаллий халқ учрашувни кузатиб турибди. Гарчи ўйинда мезбонлар йирик ҳисобда ютқазган бўлса-да, маҳаллий мухлислар ҳеч қандай тартибсизлик келтириб чиқаргани йўқ. Чунки “Пахтакор” ростакамига кучли эди. Буни мезбон жамоа мутасаддилари ҳам тушуниб бўлишганди. Шунчаки, “Пахтакор”га қарши ўйин халқ учун эди. 

Гарчи ПФЛнинг биринчи лига клубларига қўйган талаби Регламентдан келиб чиқмаган бўлса-да, уларнинг фикрига бироз қўшиламиз. Ҳа, сунъий қопламали майдонда айниқса ёз кунлари футбол ўйнаб бўлмайди. Ҳа, икки томони кўча бўлган стадионларда футболчиларга қандайдир хавф бўлиши мумкин. Ишқибозлар исталган вақтда майдонга буюм отиб, футболчига зарар етказиш эҳтимоли юқори. Аммо тан олайлик, агар ишқибозлар бундай қинғирликлар қиламан деса, трибунада ўтириб ҳам амалга ошираверади. Бу муаммоларни бемалол бартараф қилса бўлади. Шунчаки, ПФЛ маҳаллий ишқибозларни ўйласа кифоя эди. Шунчаки, ПФЛ клубларга ўйинни ҳеч қандай муаммолар ўтказиш талабини қўйиши лозим. Бунинг учун ўша куни стадионда тартибни сақлаш ходимларининг сони кўпроқ бўлиши ва улар диққат билан ишқибозларни кузатиб бориши керак. Ўйлашимча, бу клублар учун бажариб бўлмас муаммо эмас. Боиси, жамоалар йил бошида туман ИИББ билан шартнома тузишади. 

Стадион масаласига келсак, ўз уйида ўйнашни истаган клуб ўйингоҳ ёритгичларини тўлиб талабга жавоб берадиган қилиб қўйсинда, олий лига клубларига қарши баҳсни кечки пайт ўтказаверсин. Нима муаммо?! Агар клублар талабларни бажармаса учрашувни ўз уйида ўтказмайди. Буни тушуниш учун шунчаки, ҳис қилиш керак. Ҳис қилиш учун мухлислар билан кўпроқ муомалада бўлиш лозим. 

Яна бир гап: футболчилар учун ўз майдони деган тушунча катта куч эканлигини, бугунги кунда ПФЛда фаолият кўрсатаётган собиқ футболчилар ҳам жуда яхши билишади. Ҳар қандай жамоа ижара асосида бошқа майдонда тўп сурсин, ўз уйида ўйнагандек бўлмайди. Чунки улар уйларига кўникиб улгуришган. Айтмоқчимизки, “Пахтакор-2”, “Обод” ва “Оқ-тепа” агар ўз уйида тўп сурганида олий лига клубларига осон бўлмасди. Бу аниқ. Қолаверса, олий лигага чиқишни кўзлаётган клублар учун яхшигина амалиёт вазифасини ҳам ўтаб беради, бундай ўйинлар. Сабаби, олий лига клублари, айниқса, етакчи жамоалар биринчи лига вакиллари билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушавермайди. Ғолиб аниқланиши шарт бўлган бундай баҳслар биринчи лига жамоалари учун ҳам, мухлисларга ҳам катта завқ бағишлайди. 

Аслида ҳамма айб ПФЛнинг ўзида. Чунки Регламентга шу талабларни киритганида бугун шу каби тушунмовчиликлар келиб чиқмасди. Тўғри, ПФЛни профессионаллик сари ҳаракат қилаётганини тўғри тушунамиз. Аммо вазиятни ҳам озгина бўлса-да, эътиборга олиш керак эмасми?! “Обод” биринчи учрашувда “Бунёдкор” билан сафарда ўйнаб кичик ҳисобда мағлубиятга учради. 1-лига жавоб ўйинини ўз майдонида ўтказганида “қалдирғочлар”га осон бўлмаслиги айни ҳақиқат эди. “Пахтакор-2” ҳам ўз майдонида исталган рақибини “еб” қўйиши мумкин. Академия тарбияланувчилари ўз уйида шундай ўйнайдики, хоҳлаган жиддий рақиб ўз ўйинини ёш “шерлар”га қараб ташкил қилишга мажбур бўлишади. 

Айтганча, биринчи лига жамоалари Кубок баҳсларида узоқроққа бориши, хусусан, олий лига жамоалари тўсиғидан ўтиши ишқибозлар ўртасида футболимизга бўлган ишончни ортишига хизмат қилиши ҳам табиий. Зеро, иккала лига ишқибозларининг ҳам хаёлига ўрнашиб қолган, “ҳисоб олдиндан маълумку” фикри олий ва биринчи лига жамоалари ўртасидаги учрашувларда йўққа чиқади. Боиси, иккала лига вакиллари ўйинида келишув бўлмайди. Ҳақиқий жангни кузатиш имкониятига эга бўласиз. Бошқача айтганда, мухлислар соғиниб қолган “футбол”ни кўришлари мумкин. Шундай экан, мухлисларнинг ҳурмати учун ҳам ПФЛ хафсаласини пир қилган бўлса-да, биринчи лига жамоалари томонида бўлганида мақсадга мувофиқ бўларди.

Лекин ҳамма масала ҳал. Демак, биринчи лига клубларидан бошқа майдонларда тўп сурса-да, қаҳрамонлик кутиб қоламиз! 

Cардорбек ТУРДИАЛИЕВ

Манба: arena.uz
Киритилди: 19:41, 10.06.2015.
Ўқилди: 6193 марта.
Фикрлар: 4 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.