Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Ниҳоят, «деҳқонлар» «кетмони учди»

Баҳо:
+ | -

ПСВ яна чемпионликни қўлга киритди. Голландия лигаси янги юлдузларни кашф этди. Қуйида жорий мавсум ПСВ учун қандай кечганлиги тафсилотларини баён қиламиз.

Чемпион

ПСВнинг Эйндховендаги бу ғалабаси орзиқиб кутилганди. Ахир «деҳқонлар» чемпион деган мақомга сўнгги бор 2008 йилда эришгандилар. Ўшанда Иброҳим Афеллайнинг «кетмони учганди». Ундан бери кўп сувлар оқиб ўтди, кўп нарса ўзгарди. Ҳаттоки ПСВга Дик Адвокат ҳам мураббий бўлиб кўрди. Аммо натижа нолга тенглашаверди. Ниҳоят, бу мавсум омад кулиб боқди. 

Оқ-қизил ранглиларнинг эредивизиондаги ғалабалари бош омили албатта жамоанинг маҳоратли ўйинчиларида. Чунки кўпгина футболчиларнинг маҳорати сўнгги пайт чиндан-да юксалди. Голландия чемпионатида Мемфис Депай ёрқин юлдуз сифатида чарақлади. Жоржиньо Вейналдум ҳам маҳорат бобида анчайин улғайди. Даст­лаб бундеслигага мослаша олмаётганидан азият чекиб юрган Люк де Йонг ҳам энди ўзини кўрсата бошлади.

Шу ўринда «деҳқонлар»ни чемпион бўлишларига кўмаклашган яна бир шахс ҳақида гапириб ўтмасак бўлмас. Яъни, яқиндагина ван Марвейк ҳамда Адвокатнинг иш юритиш услубларини кузатиш орқали тажриба тўплаётган Филипп Коку энди ўзи ҳақиқий устоз даражасига чиқди. У ПСВнинг ҳужумдаги гуруҳига эркинлик берди ва натижада йигитлар қо­йилмақом ўйин кўрсатдилар. Депай билан Де Йонг ижросидаги ажойиб лаҳзаларни кўпчилик ҳалигача Эйндховенда кузатмаганди.  Шунингдек, Коку янги ўйинчиларни таклиф қилишдан ҳам асло чўчимади.

ҒАЛАТИ КЕТМА-КЕТЛИКЛАР

Эредивизионда тўрт мавсумда ғалаба қозонган «Аякс» учун кумуш медал ҳам бўлаверади. Ёмон натижа эмас. Аммо жамоанинг ўзига хос муаммолари клуб раҳбариятини ташвишлантирмай қолмайди, албатта. Бундай олиб қарасангиз, Франк де Бур худди «Аякс»ни сиқиб сувини чиқариб қўйгандек тасаввур пайдо бўлади. У ҳатто янги йилдан кейин жамоага ҳужумкорлик руҳини бахш этишни ҳам билмади чоғи.  ПСВ жадвалда тузукроқ жой олишга уринмади ҳам шекилли. Эҳтимол, де Бурнинг Европага жўнайдиган пайти келдимикин-а?

Жорий мавсумнинг хурсанд бўладиган томони, янги юлдузлар пайдо бўлди. Анвар ал Ғози 9та тўп киритиб, яхшигина натижага эришди. Рикардо Кишна худди сеҳрли таёқча сингари оғир дамларда жамоага қўл келди. Афсус, мавсум якунлангач, клуб у билан хайрлашади. Янги мавсумда жамоага Рихедли Базур ҳамда Рихайро Живкович қўшилиши кутилмоқда. Шунингдек, жамоа Яспер Силлессендан ҳам миннатдор бўлиши керак. Чунки, биринчи рақамли ўйинчининг мўъжизаси юз бермаганида «Аякс» иккинчи қатордан ҳам пастга тушиб кетиши аниқ эди.

Баҳорда 5та ўйиннинг атиги биттасидагина муваффақиятга эришган «А3 Алк­мар»нинг учинчи ўринни эгаллаши ҳечам кутилмаганди. Аммо «Фейеноорд»нинг мавсум охирида тўрт бора хатога йўл қўйганлиги Жон ван ден Бром шогирдларига медалларга эришиш учун замин яратди. «А3» муваффақиятининг омили сифатида хавбек Неманья Гуделни кўрсатиш мумкин. Уэсли Снейдер билан қиёсланаётган бу ҳужумчи чиндан-да мақтовга лойиқ. Бежизга у келгуси мавсум «Аякс»да ўз фаолиятини бошламайди.

ОМАДСИЗЛАР

Мартнинг охирида ҳам «Фейеноорд» бутунлай мағлуб бўлади деб ҳеч ким ўйламаганди. Ахир жорий мавсум жамоа учун ёмон келмагандек эди: Европа лигасида ўзларини кўрсатиб, эредивизияда иккинчи ўрин учун улар «Аякс» билан курашдилар ва ПСВ устидан ғолибликка эришдилар. Аммо Фред Руттен йигитлари чемпионатнинг сўнгги ҳафталарида синдилар-қолдилар. Мавсумнинг охирги 5та ўйинида «Фейеноорд» атиги 2 очко олишга эришди, холос. Ҳаттоки, жамоа аутсайдер ҳисобланган «Гоу Эхед Иглз»га ҳам ютқазиб қўйди. Аммо бу ҳам ҳали ҳолваси эди.  Чунки, агар «Витесс» ва «Зволла»ни доғда қолдирганларида тақдирлари  у қадар аянчли кечмасди. 

Икки ўйинда ҳам «Фейе»  мағлуб бўлди. Энди роттердамликлар «плей-оф» орқали Европа Лигасига йўл олишлари керак бўлади. Бироқ энди Руттен уларга ҳамроҳлик қилмайди. Бош мураббий чўкаётган қайиқни биринчи бўлиб ташлаб кетди.

«Твенте» нафақат ўйин бобида, балки молиявий жиҳатдан ҳам муаммоларга дуч келди. Клуб қарзга тобора ботиб бормоқда. Голландия футбол федерацияси бир неча ўйинчиларни сотиш юзасидан таклиф киритди. Лекин савдо фақат ёзда ўтказиладиган бўлди. Молиявий алғов-далғовлар жамоани шу қадар қийнаб қўйдики, у мавсумни кутилмаган даражада паст натижа билан - 9-ўринда якунлади. Бундай ҳолатдан ҳаттоки, жамоа сардори Андреас Бьелланд жазавага тушди. «Раҳбарият ўзини шунақанги тутаяптики, ҳаммасига қўл силтаб кетиб юборгинг келади!», деди у бир куни аччиқланиб.    

Мавсумнинг энг яхши футболчиси

Голландия чемпионатида ўзига хос маҳоратга эга ҳужумчи пайдо бўлди. Аслида Мемфис Депай 2014 йилги жаҳон чемпионатида апельсин рангли футболка кийиб ўйнаганида футбол ишқибозлари эътиборига тушганди. Эредивизиянинг жорий мавсумида эса у янада ёрқинроқ «нур сочди». Депай чемпионат давомида 22та гол муаллифига айланиб, энг яхши тўпурар сифатида эътироф этилди. Шунингдек, етакчилик қобилиятини ҳам намоён қилди. Айниқса, «Фейеноорд» билан бўлган уй ўйинларида у қанчалар юксак маҳоратга эга эканлиги кўринди-қолди.

Бугун таътилга йўл олган Депай тақдири эртага қандай кечади, албатта, у қадар аниқ эмас. Аммо «Манчестер Юнайтед» таркибига қўшилиб, ван Галь билан ҳамкорликка киришиши бор гап. Эҳтимол, Мемфис келгусида «Олд Траффорд»нинг Криштиану Роналдусига айланар.Тағин билмадик...

Мавсумнинг «фэйр-плей»и

«Гоу Эхед Иглз» мавсум давомида турнир жадвалининг охирида жон сақлашдан нарига ўтмади. «Бургутлар» «Зволла» ҳамда «Фейеноорд» устидан ғолибликка эришганлари билан барибир қандайдир ожизона кўринавердилар. Аммо охиридан иккинчи ўринни эгаллаган «Гоу Эхед Иглз» УЕФАдан келгуси мавсум Европа Лигасида иштирок этиш учун йўлланма олди.

«Бургутлар» «фейр-плей» рейтингида «Твенте»дан кейин иккинчи ўринни эгалладилар. Шунингдек, клуб раҳбарияти Девентерадаги стадионни реконструкция қилиш учун ҳаракатни бошлагани ҳам қувончли ҳол, албатта. Хуллас, «бургутлар»нинг бугунги асосий вазифаси эредивизиядаги жойини маҳкам тутишдан иборат.

ГОЛЛАНДИЯ ЧЕМПИОНАТИНИНГ «ЮЛДУЗЧА»ЛАРИ

Михил Крамер («Ден Хааг»). 26 ёшли ҳужумчига жорий мавсум юлдузлик онларини туҳфа этди.  «Лайлаклар» устози Хенк Фрезер асосий таркибни унга ишониб, ўйинда Михилни ҳал қилувчи фигура сифатида кўрсатди. У эса ишончни оқлади.   «Ден Хааг» мавсумда 13-ўринни эгаллади, аммо Крамер 17та гол муаллифига айланиб, эредивизиондаги энг зўр 3 нафар тўпурарининг бири бўлди.    Михил бу йил ёзда Голландияни тарк этса керак. Унинг ўзи «Фейеноорд» таркибида ўйнашни истаганди, аммо Роттердамдан ҳозирча таклифлар тушганича йўқ.

Ҳаким Зиеш («Херенвен»|­«Твенте»). Келиб-чиқиши Марокашга бориб тақаладиган 22 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсумда ўзининг ажойиб голлари билан ҳаммани ҳайратлантирганди.  Жорий мавсумда эса Люк Кастайнов билан биргаликда «Твенте»ни «елкасида кўтариб юрди» ҳисоб. «Гол}пас» кўрсаткичи бўйича юқори натижага эришган Ҳаким 13та гол ва 16та тўп узатишларини амалга оширди. Энсхеддаги молиявий муаммолар туфайли Зиеш ҳам бу йил ёзда бошқа клуб қидирса керак.

Марк Ут («Херенвен»). Фрисландияда энг зўр ҳужумчилар тарбиялашда бой тажриба мавжуд. Яъни айни шу ердан Руд ван Нистелрой, Бас Дост ҳамда Альфред Финнбогассонлар етишиб чиққан. «Херенвен»нинг яна бир «сифатли маҳсулоти» немис миллатига мансуб Марк Утдир. Дастлаб ўз ватанидаги «Кёльн» жамоасида тўп сурган Марк 15та гол муаллифи сифатида «иккинчи қават»нинг қиролига айланди. Энди эса бундеслига «овчилари» унинг изига астойдил тушишган. Айниқса, «Вердер» Утни алоҳида нишонга олиб турибди.

Сам Ларссон («Херенвен»). Мазкур жамоа мураббийлар штабининг яна бир «маҳсулоти» ҳисобланган Сам ўтган йили ёзда «Гётеборг»дан Голандияга келди ва «Херенвен» мухлислари меҳрини ўзининг журъати, тезкорлиги ва техникаси билан қозона олди. Голланд клублари таркибида у ўзини бегоналардек ҳис қилгани йўқ. Аксинча, аллақачон жамоага киришиб кетган. 8}5дан иборат Ларссон статистикаси  жамоа ўйинига у қадар улкан ҳисса қўшмаётганлигини кўрсатади, албатта. Аммо Сам келгуси мавсум ПСВда Депайнинг ўрнини эгаллаши мумкин.

Уэсли Худт («АЗ Алкмар»). Ҳозирги мавсумгача Худт захирада ўтириб, атиги учта ўйинда иштирок этди, холос. Аммо рақобатдоши Яннинг жорий мавсумда сустлашгани унга қўл келди ва у асосий таркибдан жой олди. Шундай қилиб, Худт  «АЗ»да мустаҳкам ўрин эгаллади. Худт - ишончли ва ҳаракатчан ҳимоячи. Шунингдек, у ҳужумда ҳам юқори маҳорат соҳиби эканлигини кўрсатди. Узоқдан туриб пас беришда устаси фаранг бу ўйинчи келгуси мавсумда «Лацио» футболкасини кияди. 

ҲАТТОКИ, ТРАКТОРЛАРДА ТОМОШАГА КЕЛИШДИ

«Гронинген»нинг 44 йиллик тарихи мобайнида ўзига хос шахслар кўп бўлган. Масалан, «фермерлар» манфаати учун курашган ака-ука Куманлар, Арьен Роббен, Луис Суареслар кейинчалик жаҳонга машҳур футболчиларга айланганликларини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо улкан муваффақиятлар қайд қилинмаган. Жорий мавсум эса кўк-оқ ранглилар тарихда биринчи марта Голландия кубогини қўлга киритдилар. «Зволле» билан бўлган ҳал қилувчи ўйин ниҳоятда қизғин тус олди. «Гронинген» мухлислари Роттердамга футбол кўриш учун олис қишлоқлардан ҳаттоки, тракторларда келишди. Учрашув олдидан эса жамоанинг собиқ футболчилари Арьен Роббен ҳамда Филипп Костичлар уларга омадлар тилади. Ғалаба қозонилгач,  шаҳарнинг бош майдони 20 мингдан ортиқ мухлислар билан тўлиб кетди. Гронингда   бунақаси ҳали бўлмаганди...

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 20:05, 25.06.2015.
Ўқилди: 6060 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.