Кириш Регистрация
28/12 00:30 Брайтон 0-0 Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал 1-0 Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи 1-2 Женоа
28/12 19:00 Парма 2-1 Монца
28/12 22:00 Кальяри 0-3 Интер
29/12 00:45 Лацио 1-1 Аталанта
29/12 16:30 Удинезе - Торино
29/12 19:00 Наполи - Венеция
29/12 19:30 Лестер - Манчестер Сити
29/12 20:00 Тоттенхэм - Вулверхэмптон
29/12 20:00 Кристал Пэлас - Саутгемптон
29/12 20:00 Эвертон - Ноттингем Форест
29/12 20:00 Фулхэм - Борнмут
29/12 22:00 Ювентус - Фиорентина
29/12 22:15 Вест Хэм - Ливерпуль
30/12 00:45 Милан - Рома
30/12 22:30 Комо - Лечче

Рауль Гонсалес: «Реал»га қайтаманми? Албатта! Фақат...»

Баҳо:
+ | -

Мадриднинг «Реал» клуби тарихида из қолдирган футболчилар талайгина. Аммо улар орасида жамоанинг тирик рамзига айланиб улгурган собиқ футболчи, Испания терма жамоаси ва Мадрид клубининг собиқ ҳужумчиси Рауль Гонсалес алоҳида ўрин тутади. Бугунги саҳифамизда мазкур футболчининг ҳозирги ҳаёти, собиқ жамоасининг бугунги аҳволи, Икер Касильяс ва Роналдунинг ҳолати ҳамда Мадридга қайтиш ёки қайтмаслиги ҳақидаги фикрлари билан танишасиз.

— Нью-Йорк ҳаётингизни қанчалик ўзгартирди?
— Мен оилам билан бирга жуда бахтлиман. Айни дамда жуда ажойиб дамларни бошдан кечиряпман. Нью-Йорк шунчаки фантастик, ҳар томонлама қулай шаҳар. Аслида, Мадридни тарк этиш мен учун жуда оғир кечганди. Аммо энди бари ортда қолди. Аввалроқ Германияда ҳам бўлганман. Ўйлайманки, агар сизда тил билиш билан боғлиқ муаммо бўлмаса, Қатарга ҳам, Нью-Йоркка ҳам, умуман, дунёнинг исталган бурчагига боришингиз мумкин. Менинг фарзандларим инглиз тилида бемалол суҳбатлашишади, немисчани ҳам яхши билишади. Фақат араб тилида гаплашиш борасида сал нўноқроқ. Мен ва турмуш ўртоғим учун, энг муҳими, биз бу ерда исталган янгиликдан бохабар бўла оламиз, маданиятнинг ўзгача кўринишлари билан танишамиз.

— «Реал»даги вазиятларни кузатиб борасизми?
— Албатта. Биласизми, бу футбол. Баъзида ноқулайликларга дуч келасиз, баъзан ҳаммаси сиз ўйлагандек бўлади. Мен ишонаман, ҳар қандай омадсизлик, барибир, интиҳо топади.

— Ўтган мавсум ҳақида нима дея оласиз?
— Мен ҳозирданоқ тезроқ янги мавсум бошланишини ва севимли клубим ўз даражасига қайтишини истаяпман. Тўғри, бу йил «Реал» мавсумни совринсиз якунлади. Аммо менга бир нарса далда беради, яъни клуб қачонки бир мавсумни совринсиз якунласа, кейинги гал катта куч билан қайтади.

— Анчелоттининг истеъфога чиқарилиши сизни ажаблантирдими?
— Клубга натижа керак, ғалабалар керак. Анчелоттига клубда олиб борган ишлари учун раҳмат айтган ҳолда энди янги мураббийга умид боғлаш лозим. Янги мураббий ўзи билан янги жамоа ва янги ғояларни бошлаб келади. Жамоада етарлича рақобат бор, муҳими, ана шу рақобатдан унумли фойдаланиб, мавсумни кўплаб ютуқлар билан якунлаш зарур. Бунинг учун эса доим фаол бўлиш талаб қилинади. Шахсан мен шундай бўлишига ишонаман ва шундай бўлади ҳам.

— Рафа Бенитес ҳақида нима дея оласиз?
— У мен учун доим кучли мураббий ҳисобланган. Жуда қаттиққўл, тактикани яхши биладиган мураббий. Унинг назариясига кўра, ҳар бир футболчи исталган вақтда майдонга тушиб, жамоасига ёрдам беришга тайёр туриши керак. Шу билан бирга, футболчилар исталган вақтда майдонни тарк этишига ҳам кўникиши лозим. Чунки агар жамоага фойдаси тегмаса, у ким бўлишидан қатъи назар Бенитес бу футболчини алмаштиради. «Реал»ни бошқариш — Бенитеснинг орзуси. Жамоанинг аввалги ютуқлари Рафа билан бирга Мадридга қайтади. Мен Бенитес клубни ғолибга айлантиришига ишонаман. Менимча, буни барча ишқибозлар хоҳлашади.

— Касильяс билан боғлиқ вазиятга қандай изоҳ берасиз?
— Икер «Реал» ва Испания терма жамоасининг посбони. У машҳур клуб ва терма жамоа дарвозасини қўриқлайди. У ҳар бир ўйинда ғалаба қозониши шарт. Мен ишонаманки, Икер ҳали ҳам ажойиб формада. Қолаверса, унинг ўзи ҳам Мадридда қолишни истаяпти. Мен бу ҳақда кўплаб хабарлар ўқидим, эшитдим. Касильяс ҳар доим ўз профессионаллиги ва жамоанинг асосий кучи эканини исботлаб келган. У бундан кейин ҳам терма жамоадаги ўйинларини асосий таркибда бошлайди.

— Касильяснинг қисмати ҳам сизникига ўхшаб кетадими?
— Йўқ, бу умуман бошқа-бошқа вазиятлар. Мен ёрқин келажагимга ишонганман ва кетганман. Касильяс ва клуб бу ҳолатда қандай фикрга боради, бу менга қоронғи. Аммо яна такрорлайман, Икер Мадридда қолишни истайди. Ахир ўтган мавсумда у ёмон ўйин кўрсатмади-ку, нега энди фаолиятини «Реал»да давом эттирмаслиги керак? Агар жамоа яна бир дарвозабонни олса, вазият жуда мураккаблашади. Энди асосий таркиб учун уч нафар кучли дарвозабон кураш олиб боришига тўғри келади. Бутун дунё Де Хеанинг «Реал» билан шартнома имзолаши ҳақида гапирмоқда. Бунинг якуни нима билан тугашини вақт кўрсатади.

— Жеррард «Ливерпуль»ни охирги йиллардаги ҳолати сабабли тарк этди. Аслида, футболчи қачон фаолиятини якунлагани маъқул?
— Қачонки юқори савияда ўйнай олишига кўзи етмаса. Масалан, Лэмпард шу ёшида ҳам ажойиб ўйин кўрсатаётган футболчи. Унинг иқтидори, маҳорати кўплаб маҳаллий ёш футболчиларга ўрнак бўла олади.

Футболчида ўйиндан роҳатланиш ҳисси сўнадиган вақт бўлади. 15-17 ёшдаги ўйинчилар футболга чанқоқ бўлишади, майдонда борини бериб ўйнашади. Бунақа вақтда уларни тўхтатиб ҳам бўлмайди. Аммо вақт ўтиши билан ҳаммаси тескари тус ола бошлайди. Куч-қувватингни йўқотасан, олдингидек тез югура олмайсан, рақибларга имкониятни бой бериб қўяверасан, тез чарчаб қоласан. Айнан шу ҳолатда футболчи фаолиятини якунлаши керак. Чунки жамоасига фойдаси тегмаса, майдонга тушганидан фойда йўқ.

— Айни дамда тинимсиз изланаётган футболчи сифатида кимни кўрсата оласиз: Роналдуми ёки Месси?
— Ўйлашимча, бу иккала футболчини таққосламаслик керак. Улар футбол тарихидан жой олишига шубҳа йўқ. Шахсан мен Криштиану Роналдудан хавотирдаман. Чунки у ҳар мавсумда деярли 50 тадан гол уряпти. Бу кетишда рекордимни янгилаб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас (Рауль «Реал» тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади). Мен кучимни доим яқинларимга ёрдам беришга ва клубимнинг ғалаба қозониши учун сарфлаганман. Роналду ҳам шундай. Ишонаманки, у келаси мавсумда янада кўпроқ гол уради ва «Реал»нинг муҳим совринларини қўлга киритишига муносиб ҳисса қўшади.

— Сиз қачон ва қандай ҳолатда «Реал»га қайтасиз?
— Жуда қийин савол. Испанияда менга кўп нарса таниш, у ерда яна аввалгидек ишлаб кета оламан. Мадридга бош мураббий сифатида қайтишни таклиф қилишса, дарҳол рози бўламан. Чунки айни дамда шунга интиляпман. Шунингдек, спорт директори сифатида ҳам фаолият юритишим мумкин. Чунки айни дамда Нью-Йоркда бу борада тажриба орттиряпман. Қолаверса, мураббийлик лицензияси олишга ҳам ҳаракат қиляпман. Қолган озгина вақтимни эса оиламга бағишлаяпман. Ўйлашимча, «Реал»га бир кунмас-бир кун, албатта, қайтаман. Чунки Мадрид менинг уйим, мен «Реал»да фахрланса арзигулик ютуқларни қўлга киритганман. Мен Мадриддаги кўплаб ишқибозларнинг мени олқишлашидан, яхши кўришидан, қўллаб-қувватлашидан ва энг муҳими, у ерда ишлашдан роҳат оламан. Шуни ҳам таъкидлашим керакки, мен бошқа футбол ўйнамайман. Ҳар ҳолда, Европада.

— Бунинг сабаби нимада?
— Стадионда олдингидек югуролмайман. Жисмоний жиҳатдан ҳам имкониятларим аввалгидек эмас. Ҳозир футбол жуда тезлашиб кетган. Маҳоратли футболчилар жуда кўп, айниқса, Европада. Уларнинг орасида «қўлидан ҳеч нарса келмайдиган бечора» бўлиб қолишни хоҳламайман. Мухлисларнинг сендан ҳафсаласи пир бўлиб, умидсизларча тикилишини ҳис қилишдан ёмони йўқ.

Низомжон ИСЛОМОВ тайёрлади.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 16:43, 27.06.2015.
Ўқилди: 5377 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.