Ҳар қандай клуб ёки терма жамоани мухлислари қандайдир ўзгача ном – тўғрироғи лақаб билан аташни хуш кўришади. “Реал Мадрид”ни “қироллик клуби” , “Манчестер Юнайтед”ни “қизил иблислар” , “Бавария”ни “Голливуд ФК” ёки “Ювентус”ни “кекса синьора” деб аталаши барчамизга яхши маълум. Буни қарангки, нафақат клублар, балки миллий терма жамоалар олган бир қатор ихтиёрий ва баъзи бир мажбурий лақаблар ҳам киши эътиборини тортар экан.
Сиз – азиз ўқувчиларни ҳам ана шундай ажойиб лақаблар кетма-кетлигидан бохабар этиш мақсадида жаҳоннинг турли қитъаларида жойлашган терма жамоаларнинг лақабларига тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Бразилия – пентакампеонлар, Селесао
Терма жамоалар лақаблари ҳақида гап кетганда биринчи галда жаҳоннинг беш карра чемпиони Бразилия терма жамоасига тўхталиб ўтмасдан илож йўқ. Зеро ушбу юрт термасига “пентакампеонлар” лақаби бежизга берилган эмас. Жанубий Америкаликлар жаҳон кубокларида 5 бора зафар қучган ягона мамлакат саналишади. Шуни инобатга олиб, Бразилия терма жамоаси “пентакампеонлар” лақабига лойиқ кўрилган. Ушбу сўз ўзбекчага таржима қилинганда, “беш карра чемпион” деган маънони англатади. Қолаверса, бразилияликларни “Селесао” деб аташ ҳам бора-бора урфга кирмоқда. Ушбу сўз “танланганлар” деган маънони билдиради. Бунинг сабаби эса – оддий. Яъни, Бразилия терма жамоаси сафидан ўрин олиш осон эмас. “Селесао” сафига жалб этилган футболчи эса, чиндан, танланган бўлади.
Испания – қизил фурия
Футбол бўйича Испания терма жамоаси “Қизил Фурия” номини 1920 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида олган. Антверпенда ўтган мазкур Олимпиаданинг кумуш медаллари Испания терма жамоасига “кутилмаганда” насиб этади. Шундан сўнг, аслида “қизиллар” дея атаб келинган испанлар, энди буёғига “қизил Фуриялар” лақабини олишади. Воқеа аслида бундай бўлганди:
Олимпиада финалида аслида мезбон – Бельгия ҳамда Чехословакия терма жамоалари ўзаро баҳс юритишади. Учрашув бошлангач ҳакам мезбонларга ён боса бошлайди. Натижада ўйиннинг 30-дақиқасидаёқ Бельгия 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олади. Бу эса меҳмонларга маъқул келмайди ва улар норозилик наъмунаси сифатида 40-дақиқадан бошлаб, мусобақада иштирок этмай туриб олишади ва кетиб қолишади. Шундан сўнг Чехословакия терма жамоаси бу иши учун жазоланади ва мусобақанинг кумуш медаллари (аслида бронза олиши керак бўлган) Испанияга насиб этади. Ярим финалда мағлуб бўлган бўлса-да кумуш медални қўлга киритган испанлар ўша воқеадан сўнг қадимги Римнинг қасоскорлик илоҳалари бўлган “Фуриялар”га қиёсланади ва “Қизил Фурия” дея атала бошланади.
Австралия – Socceroos (соккеруз)
Эндиликда Осиё миқиёсидаги мусобақаларда иштирок этаётган Австралия терма жамоасини 1967 йилга қадар шунчаки “кенгурулар” деб атаб келишган. Лекин ўша йили Тони Хорстеду исмли журналист ушбу юрт терма жамоаси учун шундай ажойиб лақаб ўйлаб топадики, унинг “ихтиро қилган” лақаби омма орасида жуда машҳур бўлиб кетади. Хорстеду Австралия терма жамоасини соккерузлар дея аташни таклиф этади. Яъни “Socceroos” – “футболчи кенгурулар” атамаси пайдо бўлади. Ушбу лақаб икки сўзнинг дастлабки ва охирги қисмларини бирлаштиришдан келиб чиққан ва жуда ажойиб янги сўзни мужассам этган. Бундай фантазияси учун австралиялик футболчилар Тони Хорстедуга “Раҳмат” айтиб қўйишса арзирди, наздимизда… Нима дедингиз…
Ўзбекистон - Оқ бўрилар
Ўзбекистон терма жамоасини футбол мухлислари “Оқ бўрилар” дея аташни хуш кўришади. Биз журналистлар ҳам ушбу лақабга аллақачон одатланиб улгурганмиз. Аммо интернетда бир неча соат давомида изланиш олиб бориб ҳам нега бош жамоамизнинг айнан “Оқ бўрилар” деб номланишининг айтарли сабабини топа олмадим. Ушбу лақабнинг миллий терма жамоамизга ким(лар) томонидан берилгани, бунинг сабабини билишга уриндим. Аммо уринишим бесамар якунланди. Сўнг ўзимча ушбу лақабни тавсифлашга ҳаракат қилиб кўрдим. “Оқ” – бу терма жамоамизнинг асосий либоси ранги саналади. ― “Бўрилар” эса балким терма жамоамизнинг кучли рақибларга нисбатан анчагина тажовузкор тарзда ўйин кўрсатиши учун танлангандир… Бўлиши мумкин. Қолаверса, оқ бўрилар табиатда анчагина хушрўй, чиройли жонивор бўлгани учун ҳам ушбу ҳайвон бизнинг терма жамоамизга тимсол сифатида танлаб олинган бўлса, не ажаб…
Англия – уч шерлар жамоаси
Ангола — қора антилопалар
Аргентина – альбиселеста, кўм-кўклар
АҚШ – янкилар жамоаси
БАА – лочинлар
Баҳрайн – қизиллар жамоаси
Бельгия – қизил иблислар
Бенин — олмахонлар
Ботсвана — зебралар
Буркина-Фасо — айғирлар
Бурунди — қалдирғочлар
Дания – дат динамитлари, Ольсеннинг 11 дўстлари
Эрон - Тим мелли (миллий жамоа), форс шерлари
Франция – учранглилар, мушкетёрлар
Германия – немис машинаси, бундесжамоа
Голландия – тўқ сариқлар, лолалар жамоаси
Греция – қароқчилар кемаси
Гана – қора юлдузлар
Габон — пантералар
Гамбия — ўргимчаклар жамоаси
Италия – мовий эскадра, макарончилар
Иордания - Рицарлар
Ироқ - Месопотамия шерлари
ЖАР – Бафана-Бафана / йигитчалар жамоаси
Жазоир — сахро тулкилари
Жанубий Корея - Тегук жангчилари, қизил иблислар
Камерун – жиловланмас шерлар
Кабо-Верде — кўк акулалар
Кения — юлдузлар жамоаси
Кот-Д’Ивуар – филлар жамоаси
Конго — қизил иблислар жамоаси
Конго ДР — леопардлар
КХДР – Чоллима
Лесото — тимсохлар жамоаси
Ливия — яшиллар
Либерия – ёлғиз юлдуз
Люксембург – банкирлар жамоаси
Малави — оловлар ва гулханлар жамоаси
Мали — бургутлар
Марокаш — атлас шерлари
Мексика – ацтеклар, учранглилар
Мозамбик — илонлар
Миср – фиравнлар
Намибия — қўрқмас жангчилар
Нигерия — супер бургутлар
Норвегия – норманлар жамоаси
Парагвай – гуаранлар жамоаси
Перу – инклар жамоаси
Пуэрто-Рико – ковбойлар
Қувайт – кўклар жамоаси
Руанда — арилар жамоаси
Саудия Арабистони - яшил лочинлар, Осиё йўлбарслари
Сан-Марино – шавкатли зодагонлар жамоаси
Сербия – оқ бургутлар
Сейшел ороллари — қароқчилар жамоаси
Сенегал — Теранга шерлари
Сьерра-Леоне — Леоне юлдузлари
Сомали —океан юлдузлари
Туркия – яничарлар
Того — қирғийлар
Тунис — Карфаген бургутлари
Уругвай - Ла Селесте, Чарруас, мовий жамоа
Уганда — турналар жамоаси
Венесуэла – чарруас
Янги Зеландия – киви жамоаси
Ямайка – рэгги бойз
Япония — кўк самурайлар
Швеция – уч тожли шохлар жамоаси, викинглар
Швейцария – пишлоқ тайёрловчилар
Хорватия – куйдирги йигитлар жамоаси
Хитой – аждаҳолар
Зимбабве — жангчилар
Тринидад ва Тобаго – футболчи жангчилар
Уэльс – валлиликлар, қизил аждаҳолар
Уммон - қизил жангчилар
Гувоҳи бўлганингиздек, турли хил терма жамоалар турлича номлар билан аталади. Хўш, бизнинг терма жамоа нега ― “оқ бўрилар” дея аталар экан. Биласизми ёки қандайдир тахминингиз борми?! Агар бўлса уни қуйида мулоҳаза сифатида қолдиришингиз мумкин..!