АҚШлик машҳур чарм қўлқоп устаси Флойд Мэйуэзер 12 сентябрда бўлиб ўтадиган ўзининг фаолиятидаги охирги жанги учун рақибини аниқлаштириб олди. Sweet Science нашрининг маълум қилишича, Мэйуэзер ҳамюрти Андре Бертога қарши рингга тушади.
Манбанинг маълумотларига кўра, Мэйуэзер ушбу сўнгги жанги учун 30-35 млн доллар атрофида гонорар олиши мумкин. Бу жанг боксчининг “Шоутайм” телеканали билан 6 жангга тузган шартномасидаги сўнгги жанг бўлади.
Нашрнинг қайд этишича, агар Мэйуэзер жангда ютадиган бўлса, ўз фаолиятини давом эттириши ва “Шоутайм” билан янги шартнома имзолаши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Телеканал раҳбарлари ҳамда боксчиларнинг вакиллари ушбу ҳолатга изоҳ беришдан бош тортишди.
Мэйуэзер 3 майда Лас-Вегасда филиппинлик боксчи Мэнни Пакьяога қарши ўтказган ўзининг охирги жангида 66,68 кг гача вазн тоифасидаги учта камарни ўзида тўплашга муваффақ бўлди.
Бироқ боксчи 7 июль куни муайян сабабларга кўра улардан бири – ВБО унвонидан маҳрум этилди.
Мэйуэзернинг ҳисобида 48 та учрашувдан 48 та ғалаба, 31 ёшли Берто ҳисобида эса 30 та ғалаба ва 3 та мағлубият бор. Берто ўзининг сўнгги жангида ҳамюрти Хосесито Лопесни мағлубиятга учратиб, ВБА нинг “вақтинчалик” жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритди. Шунингдек, Берто 2008-2010 йилларда ВБС талқини бўйича ва 2011 йилда ИБВ талқини бўйича жаҳон чемпиони унвонларига эгалик қилган.