Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Ли Нельсон: "Бу пуллар 2026 йилги мундиалга КХДР мезбонлик қилиши учун"

Баҳо:
+ | -

20 июль куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ўтказилган ФИФАнинг Ижроия қўмитаси йиғилиши доирасидаги матбуот анжумани вақтида ташкилотнинг амалдаги раҳбари Йозеф Блаттер устида британиялик комик актёр Ли Нельсон томонидан пул сочилгани ҳақида хабар берилганди.

Ушбу ҳолат тасвирланган лавҳада Блаттер ўтирган столга кулранг костюм кийган киши яқинлашишини, унинг кийимида Шимолий Корея байроғи ўрнатилганини, унинг бейжигида ҳам Шимолий Корея вакили эканини билдириб турувчи белги мавжудлигини кўриш мумкин. Бу одам комик актёр Ли Нельсон (асл исми Саймон Бродкин) бўлиб, қўлида бир даста сохта пулларни кўтариб олган эди.

"Бу 2026 йилги жаҳон чемпионати мезбонлигини Шимолий Кореяга берганинингиз учун", дея Блаттерга қўлидаги 1 ва 10 долларлик қоғоз пулларни таклиф қилади Нельсон.

"Сизга катта раҳмат. Мен Шимолий Корея футболи вакили сифатида ФИФА билан 2026 йилги мундиал бўйича келишувга эришилганидан тўла қониқиш билдираман", деб мутлақо хотиржамлик билан давом этади у.

Шу заҳоти қўриқчилар етиб келишиб, актёрни олиб чиқа бошлашганида эса, у қўлидаги пулларни Блаттернинг боши узра сочади ва ёз фаслининг энг шов-шувли воқеаларидан бири юз беради.

Қўриқчилар томонидан судраб олиб чиқилаётган Нельсон "Яна бир бор раҳмат, Зепп. Барчаси келишганимиздек бўлди. Ишни яхши бажардинг", дейишга ҳам улгуради.

Бу вақтда эса Йозеф Блаттер "Қани менинг қўриқчиларим", иборасини такрорлашдан ўзга илож топа олмайди.

Безорини олиб чиқиб кетишгач ҳам, унинг ўзини қўярга жой топа олмасдан талмовсирашини кўриш мумкин.

 

"Биринчи навбатда бу ерни йиғиштириш керак", дейди у ерда сочилган қоғоз пулларни кўрсатиб.

Ходимлар ерни тозалашгач эса, Блаттер қайтиб келади ва вазиятга муносабатини билдиради.

"Мен ҳали тирикман. Ҳеч қандай тўфон мени учириб юбора олмайди. Ҳозирги ҳолат футболга алоқадор эмас. Бу ўринда марҳума онамнинг сўзларини эслайман.

"Эътибор берма, бу шунчаки таълимсизлик ва тарбиясизликнинг оқибатидир", дерди онам".

Воқеа қаҳрамони Ли Нельсон айни вақтда ҳибсда сақланмоқда.

Қайд этиш керакки, Ли Нельсон футбол билан боғлиқ бундай қилиқларини тез-тез такрорлаб туради.

У 2013 йилнинг мартида "Эвертон" ва "Манчестер Сити" учрашуви ўтказиладиган "Гудисон Парк" ўйингоҳига меҳмонлар футболчиси сифатида киришга уринган, бунинг учун у "Манчестер Сити" жамоаси либосини кийган ҳолда саф бўлиб кетаётган жамоа футболчилари қаторига, Жо Харт ва Коло Туре орасига жойлашиб олганди. Лекин уни стадион ходимлари пайқаб қолишган ва тўхтатишганди.

У 2014 йилда Англия терма жамоаси билан ЖЧ-2014 олдидан ўтказилган Флорида йиғинига бирга учмоқчи бўлган, терма жамоа аъзолари билан бир хил кийинган ҳолда самолёт эшигигача бирга келганди. Бу ўринда ҳам уни ҳибсга олишган.

Нельсон ўз вақтида Англиянинг турли жамоаларида тўп тепган, мураббийларни ўзига мос услуб яратишга мажбурлай олган ва мексикалик наркобаронларга ўхшаш Жейсон Бентнинг ҳам жиғига текканди.

Маълумот учун, Саймон Бродкин 2001 йилда Манчестердаги университетни битириб, тиббиёт бўйича диплом олган.

У билан юз берган охирги шов-шувли воқеа ўтган ойда, июнда рўй берган, бу сафар у Канье Уэстнинг Glastonbury фестивалидаги ижроси вақтида саҳнага чиқиб кетганди.

Манба: Xabardor.uz интернет нашри. 

Киритилди: 20:06, 21.07.2015.
Ўқилди: 6050 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.