Кириш Регистрация

Филипп Лам: «ТЕРМАМИЗ УСТУНЛИГИ - ҲАМЖИҲАТЛИКДА»

Баҳо:
+ | -

Бир йил муқаддам Германия терма жамоаси Бразилияда бўлиб ўтган ЖЧ-2014 турнирининг шоҳсупасига кўтарилганди. Ўшанда немислар жамоавий ўйин ҳисобига зафар қучишганди. Шундай бўлса-да, бундестим таркибида бир қатор  футболчилар майдондаги фаол ҳаракатлари билан ажралиб туришганди. Улардан бири - жамоа сардори Филипп Лам. Ҳимоячи ёзги таътилни ажойиб тарзда ўтказмоқда. У жамоадошларидан фарқли ўлароқ,  таътилни Мюнхендаги яқинлари даврасида ўтказишни маъқул кўрди.

France Football нашри Германия терма жамоаси сардори билан суҳбат уюштирди.

Албатта, мухбирлар биринчи навбатда, ЖЧ-2014 турнири таассуротларидан воқиф бўлишга интилишди.

- Ўтган йили жаҳон чемпионлигини қўлга киритган Германия термасининг кучи нимада?

- Асосийси, рақибдан чўчимаслик. Футболчилар, мураббийлар штаби ва терма жамоамизнинг барча вакиллари мундиал бошланмасидан олтин медалларни бош мақсад сифатида олдимизга қўйгандик. Мазкур муваффақиятда терма жамоадаги ҳар бир футболчининг ҳиссаси бор. Термамизда ҳукм сурган ҳамжиҳатлик чемпионлик унвонини қўлга киритишимизга ёрдам берди. 

- ЖЧ-2014 мусобақасидан олдин айрим мухлислар Германия терма жамоасининг зафар қучишига шубҳа кўзи билан қарашганди. Бу борада сиз қандай фикрда эдингиз?

- Жамоамиз барча йирик турнирлардан олдин улкан босим остида қолади. Бразилиядаги мундиал арафасида Мануэль Нойер, Бастиан Швайнштайгер ва менда соғлиқ борасида муаммолар пайдо бўлганди. Шунга қарамай, биз ўзимизни турнир фаворити деб ҳисоблардик. Маҳорат терма жамоамизга катта ёрдам берди, ҳар бир ўйинда майдонга тушганимизда, ўзимизга бўлган ишончимиз янада ортиб борди. Асосийси, ақл бовар қилмайдиган жамоа шакллантира олганимиз ва турнирда хотиржамлик билан ғолиб чиққанимиз. Айрим учрашувларда гарчи рақибларимиз кучли бўлишса-да, ортиқча қийинчиликсиз ғалаба қозондик.         

- Масалан, қайси ўйинларда?

- Бунга мисол тариқасида чорак финалда Франция терма жамоаси устидан қозонилган ғалаба (1:0)ни келтира оламан. Ўша баҳсда катта ташаббусга эга бўлганлигимиз боис, ортиқча шов-шув кўтаришга ўрин қолмади.

- Германия термасининг устунлиги тактик мослашувчанликдами?

- Шунақа деса бўлаверади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам муаммо келиб чиқиши билан уни дарҳол ҳал қиламиз. Таркибимиздаги футболчиларнинг аксарияти ўйлаб иш тутишади. Дастлаб ўйинни кучайтира олиши мумкин бўлган футболчилар чамаланади. Захирадан майдонга тушган ўйинчилар биз кутгандан ҳам аъло даражада ўйнашга интилишади. Андре Шюррле ва Марио Гётце финалда сафга қўшилгач, ўйин ўзгарди.

- Гуруҳ босқичи доирасидаги Португалия термасига қарши кечган учрашув (4:0) терма жамоангиз учун қанчалик аҳамиятли эди?

- Бизга барча ўйинларда ғалаба қозониш муҳим. Португалияликлар билан бўлган ўйиндан аввал босим кучли эди. Чунки гуруҳнинг икки фаворит жамоасининг тўқнашуви қизиқ бўлиши турган гап. Ўша ўйинда очко йўқотсак, кейинги 2та учрашувда асабийлик кузатиларди. Шу сабабли, мундиалнинг илк баҳсида зафар қучиш учун бор имкониятимизни ишга солдик ва ўз мақсадимизга эришдик.

- Гуруҳдан ҳеч қандай муаммосиз чиққан Германия терма жамоасининг ўйинида кейинчалик паса­йиш сезилди. Бунга нимчорак финал доирасидаги Жазоир термасига қарши кечган учрашувда гувоҳ бўлдик. Сизнингча, бунинг сабаби нимада, рақибни менсимасликдами ёки бошқа омиллар ҳам борми?

- Жазоирликлар устидан қийинчилик билан ғалаба қозонганимизнинг сабаби, рақибимиз жуда ёпиқ ўйин кўрсатиб, ҳимояда 7-8 нафар футболчи дарвоза дахлсизлигини таъминлашга интилди. Лекин 30 дақиқалик қўшимча бўлимларда захира кучимиз кўпроқ бўлгани сабабли ўша ўйинда зафар қучишга муваффақ бўлдик. Кези келганида таъкидлаш жоизки, Жазоир термасининг ўйини ва тактикаси менда ижобий таассурот қолдирди. Кўпчилик бизни африкаликлар устидан осонгина ғалаба қозонишимизга ишонганди. Лекин рақиб жуда яхши ҳимояланди. Мундиалда кучсиз рақиб бўлмайди. Гуруҳ баҳсида ганаликлар билан  дурангга имзо чекканимиздан сўнг (2:2), африкалик рақибимизнинг ўйинидан ҳайратга тушгандик. 

- Франция терма жамоасига қарши кечган ўйинда сиз марказдан ўнг қанот ҳимоясига ўтказилдингиз ва бу жамоа фойдасига ишлади...

- ЖЧ-2014 турнири арафасида ярим ҳимоячиларимиз - Сами Хедира ва Бастиан Швайнштайгер яхши спорт формасида эмасдилар. Тони Кроос иккимиз 2013|2014 йиллар мавсумидаги деярли барча учрашувларда иштирок этдик. Шу сабабли, мураббийимиз термамизнинг гуруҳ босқичидаги барча ўйинларида бизни асосий таркибда майдонга туширди. Қолган жамоадошларимиз ҳам жисмоний ҳолатларини тиклаганларида, жамоада бир қанча тактик ўзгаришлар рўй берди. Мен билан бўлган вазиятга  тўхталсам, доимгидек терма жамоа манфаати учун барча нуқталарда ўйнашга тайёрман. «Плей-офф» босқичида дарвозамиздан фақатгина 2та тўп олиб чиқдик. Демак, барчаси тўғри тактиканинг натижаси.

- Ярим соат вақт ичида Бразилия термаси дарвозасини 5 марта ишғол қилиш футболчида қандай таассурот уйғотади?

- Чиндан ҳам биринчи бўлим ниҳоясига етиб улгурмай, таблода 5:0 ҳисоби  порлаб турарди. Албатта, бу кўзни қувонтиради. Майдонда содир бўлаётган ҳодисаларни ақлан таҳлил қилиб, қолган дақиқаларни ўзгача завқ билан давом эттирдим. Таассуротга келсак, ўша вақт­да футболчининг миясидан ҳар хил ўй-хаёллар кечиши тайин.

- Лекин 2-бўлимда ҳар доимгидек, Германия термасининг ўйинида пасайиш сезилди. Афтидан, Бразилия термасининг шарманда бўлишини истамадинглар...

- Танаффус вақтида кийиниш хонасида тўлиқ бир қарорга келдик: прессингни давом эттириб, кучли ўйин кўрсатамиз ва учрашувни биринчи рақамли жамоа сифатида якунлаймиз. Бразилия термаси ва мухлисларини ҳурмат қиламиз. Албатта, иккинчи бўлимда яна шунча гол уриш бу амалга ошмайдиган орзулардан бири эканлигини ҳис қилдик. Лекин рақибни ҳурмат қилиб, ўз дарвозамиздан тўп ўтказиб юбориш режамиз йўқ эди. Ҳаттоки, 8:0 ҳисобида ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ учрашув 7:1 ҳисобида якунланди.

- Кийиниш хонасидаги келишувни тахмин қилиб, рақибга имконият қолдирмасликларинг кутилганди...

- Футболда рақибга имконият яратиб беришни ҳеч қайси футболчи истамайди. Шу ўринда саралаш босқичида Швеция термаси билан бўлган ўйинни эсладик. Ўшанда Берлиндаги «Олимпиштадион»да 4:0 ҳисобида ғалаба қозона туриб, кутилмаганда 4:4 ҳисобидаги дурангга имзо чекишга мажбур бўлгандик. 

- Йирик ҳисобдаги мағлубият Бразилия термасига қаттиқ таъсир ўтказди, деб ўйлайсизми?

- Жуда ҳам аянчли ҳолат, устига-устак, ўз майдонларида. Бундай йирик ҳисобда мағлубиятга учраш бразилиялик мухлисларга оғир ботгани табиий. Уларнинг ҳис-туйғуларини тасаввур қиляпман. Бизнинг жамоа ҳам бундай вазиятга дуч келган. ЖЧ-2006 турнирининг ярим финалида Италия термасига 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйган эдик. Буни ҳис қилиш жуда даҳшатли. ЖЧга мезбонлик қилаётган  мамлакат терма жамоаси мусобақа билан эрта хайрлашса, бу ҳар қайси ишқибозга салбий таъсир қилади.

- Кўпчилик футбол мутахассислари бразилияликлар билан бўлган ўша учрашув ва унда қайд этилган 7:1 ҳисобини футбол тарихидаги энг кутилмаган воқелардан бири сифатида қайд этишди. Бунга нима дейсиз?

- Ҳа, бу ёддан чиқариб бўлмайдиган воқеа. Лекин  мазкур ўйинни ҳар куни эслаш шарт эмас. Асосийси, ўтган йилги мундиалнинг барча учрашувлари, шу билан бирга, жамоадошларимиз ва мураббийлар билан ўтказган ҳар  бир кунимиз хотирага абадий муҳрланди.

- Финалда Аргентина термасини мағлубиятга учратиб, мундиал ғолиби бўлишни тахмин қилганмидингиз? Ёки бу борада шубҳалар бормиди?

- Ҳал қилувчи баҳсда зафар қучишни ўйлаш табиий. Барчамиз ғалабага ишонгандик. Ўзимизга бўлган ишончнинг юқорилиги бизга ёрдам берган. Финал ўйини бошланишидан аввал бизни олдинда қийин ўйин кутиб турганини сезиб майдонга тушдим. Жамоадошларимдан айниқса, Бастиан майдонда борини бериб ўйнади. У шунча кучни қаердан олади, билмайман.

- Учрашув якунлангач, футболкангизни ким биландир алмаштирдингизми?

- Либосим ўзимда қолди.

- Финал баҳсидаги энг эсда қоларли вазият Гётце гол урган ҳолатми?

- Йўқ, финал ҳуштагининг чалиниши ва барчаси якунига етгани. Шу тариқа олдимизга қўйилган вазифани аъло даражада бажариб, жаҳон чемпионлигини расман қўлга киритдик.

- Финалдаги ғалаба умрингизнинг энг бахтли лаҳзаларидан бири бўлиб қолгандир?

- Йўқ, ҳаётимдаги энг қувончли кунга бундан 3 йил аввал ўғил фарзанд кўрганимда дуч келганман. Мен учун футболдаги фаолиятим эмас, оила муҳимроқ. Бразилияда ўтказган олти ҳафта давомида яқинларимни жуда ҳам соғиндим. Оиламиз билан бирга бўлганимда, ер юзидаги энг бахтли инсонга айланаман.

- Терма жамоан­гизнинг зафарида мураббий Йоахим Лёвнинг тутган ўрни қандай?

- Жаҳон чемпиони бўлишимизда устозимизнинг тутган ўрни беқиёс. Лёв билан ишлаш одамга завқ улашади. Таъкидлаш жоизки, тактик режамиз ҳар бир ўйинда алмашиб туради. Рақиб майдонида прессингни амалга ошириш, қанотлардан ҳужумга ўтиш, асосийси, рақибдан чўчимай тўп суриш. Буларнинг барчасини айнан Лёвдан ўрганганмиз.

- Демак, Йоахим Лёвнинг шарт­номаси 2018 йилгача узайтирилганлигини билиб, бундан хурсанд бўлгансиз?

- Албатта, унинг терма жамоада қолиши мақсадга мувофиқ. Йоахим - ажойиб мутахассис. Жаҳонда у каби мураббийлар сони камчиликни ташкил этади. Лёв билан бирга ЕВРО-2016 турнирида ҳам ғолиб чиқишга умидворман.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:23, 24.07.2015.
Ўқилди: 3429 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.