Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Шерзод Назаров: «Армоним – термада ўйнолмаганим»

Баҳо:
+ | -

«Ишлар қандай?» саҳифасини мухлислар талаб ва истаклари асосида олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Лойиҳамизнинг бу галги меҳмони - «Навбаҳор» ва «Қизилқум» клублари собиқ ҳужумчиси Шерзод Назаров. Форвард тўғрисида анчадан буён маълумот йўқ эди. Ишқибозларни унинг футболчилик фаолиятидан кейинги тақдири қизиқтирса, ажабмас. Биз шуларни инобатга олган ҳолда, собиқ ҳужумчи билан алоҳида ва бафуржа суҳбат уюштирдик.

- Шерзод, аксар мухлисларни аввало, ҳозир нима билан банд эканлигингиз қизиқтиради...

- Айни пайт Тошкент шаҳридаги 94-ўрта умумтаълим мактабида футбол тўгараги очиб, ўқувчиларга миллионлар ўйини сир-асрорларини ўргатяпман. Шунингдек, мураббийлик курсларида таҳсил олишга ҳаракат қиляпман. Чунки ўзимни ушбу соҳада синаб кўриш ниятим бор. Кўрамиз, мендан қандай мураббий чиқар экан? (кулади).

- Бошқа ҳамкасбларингиздан фарқ­ли ўлароқ, футболчилик фаолиятингизни эртароқ якунлагансиз. Бунинг сабаби нима?

- Қозоғистоннинг «Ордабаси» клуби таркибида тўп сураётганимда оёғим синганди. Жароҳатдан фориғ бўлгач, Ҳиндистоннинг «Васко да Гама» жамоаси сафига қўшилдим. Ҳиндистон чемпионати савияси баланд эмас. Шу боисми, у ерда ўйнаган кезларим жароҳат ўзини билдирмади. Юртимизга қайтиб, машғулотларда иштирок этарканман, оёғимда яна кучли оғриқ сездим. Оқибатда футболчилик фаолиятимни якунлашга мажбур бўлдим.

- Турли клубларда кўплаб мураббийлар қўл остида ўйнагансиз. Қизиқ, сизда қайси жамоа ва мураббий чуқурроқ таассурот қолдирган?

- Футболчилик фаолиятимнинг ёрқин даврларини «Навбаҳор» клубида ўтказганман. Наманган - футболсеварлар вилояти. «Навбаҳор» ўз майдонида ўйнаган кезлари бизни минглаб мухлислар тинмай қўллаб-қувватлаб туришарди. Бу албатта, футболчиларга ўзгача руҳ бағишларди ва биз ишонч­ни оқлаш учун майдонда бор кучимизни сарфлашга интилардик. Стадион тўла мухлислар олдида тўп суришнинг гашти барибир, ўзгача-да.

Ҳа, фаолиятим давомида кўплаб мураббийларни кўрдим. Аммо улардан бирортасини алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Асосийси, Виктор Жалилов, Леонид Остроушко, Валерий Непомняший, Сергей Шевченко сингари мутахассислардан кўп нарсаларни ўрганганман. Фурсатдан фойдаланиб, барча устозларимга алоҳида миннатдорчилик билдираман.

Кези келганида таъкидлашим жоиз, катта футболдаги илк қадамларни «Навбаҳор»да қўйганман. Илк маошим, мукофот пулларимни айнан Наманган клубидан олганман. Бундан ташқари, Наманган  Давлат университетида таҳсил  олдим. Кейинчалик фаолиятимни Қозоғистонда давом эттирганимда, ўқишимни Тошкентга кўчирганман.

Боя айтдим, Наманганда футболни жуда севишади ва ҳаттоки, ўринбосарлар баҳсига ҳам кўплаб ишқибозлар ташриф буюришарди. Албатта, уларнинг қўллаб-қувватлашлари бизга кўтаринки руҳ бағишлаб, ғалабаларимизга замин яратарди. Умуман олганда, «Навбаҳор»га меҳрим ўзгача. 

- Тўп суриб юрганингизда юртимиз ва хориждаги қайси ҳужумчиларнинг ўйинларига ҳавас қилардингиз?

- Ўша пайт мендан бироз ёши каттароқ Игорь Шквирин, Олег Шацких, Улуғбек Бақоев, Анвар Бердиев, Дилмурод Назаров, Умид Исоқов каби ҳужумчилар зўр ўйнашарди. Хорижликлардан эса бразилиялик Роналдо, колумбиялик ярим ҳимоячи Карлос Вальдерраманинг ўйин­лари ёқарди.

Кези келганида таъкидлашим жоиз, айни пайт футболимизга шундай ҳужумчилар етишмаяпти. Шу сабабли, миллий терма жамоамизнинг ҳужум чизиғида муаммолар сезилмоқда. Қаранг, сўнгги йилларда ички чемпионатимизда тўпурарлик унвони асосан ярим ҳимоячиларга насиб этмоқда. Бунинг сабаблари анча чуқур. Эҳтимол, тактикага ҳам бориб тақалар. Ҳарқалай, ҳужумчининг гол уришига унинг атрофидаги жамоадошлари, кўпроқ ярим ҳимоячилар ёрдам беришлари керак. Масалан, Лионель Мессининг голларига асосан Хави ва Иньеста ассистентлик қилишади. Миллий чемпионатимиздаги хавбеклар ҳам ҳужумчиларга аниқ узатмалар билан ёрдам беришлари шарт. Шундагина уларнинг голлари сони кўпаяди, маҳсулдорлик ошиб, футбол чирой очади. Шунингдек, форвардларимизни хориж клубларига кўпроқ жўнатиш керак. Улар чет эл жамоаларида ўз тажрибаларини оширишса, бу клубларимиз ва айниқса, терма жамоамизга халқаро ўйинларда жуда қўл келарди.

- Энди футболни танлашингиз тарихига ҳам қисқача тўхталсангиз...

- Миллионлар ўйинига болалигимдан қизиққанман. Мендаги қизиқиш жиддийлигини кўрган онам қўлимдан етаклаб, «Пахтакор» футбол мактабига олиб борганлар. Илк сабоқларни Гатаул Нежетовдан олганман. Кейин эса Юрий Госпадарчук қўл остида шуғулландим. Айнан ушбу мутахассиснинг ёрдамида республика олимпия захиралари коллежига ўқишга кириб, у ерда таҳсил олдим. Шундан сўнг Виктор Жалилов бизни «Навбаҳор»га жалб қилди. Виктор Романович ёшларга кўпроқ эътибор қаратганлиги сабабли, ўшанда наманганликлар таркибидан иқтидорли ўйинчилар етишиб чиқиши анъана тусини олганди.

- Футболда нималарга эришдингиз-у, қайси орзуларингиз армонга айланди?

- Фаолиятим давомида кумуш ва бронза медаллари, Ўзбекистон кубоги ва суперкубогини қўлга киритганман. Афсуски, Ўзбекистон чемпиони номига сазовор бўлолмадим. 1996 йили «Навбаҳор» Ўзбекистон чемпионатида ғалаба қозонганида, асосий таркиб аъзоси саналмасдим.  Шунингдек, Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари таркибида ўйнаганман, лекин миллий термада тўп суриш насиб этмади. Демак, чемпионлик унвони ва бош жамоамизда ўйнолмаганим менга армон бўлиб қолди. Шунга қарамай, футболни танлаганимдан афсусланмайман. Боиси, спортнинг шу тури ортидан кўплаб дўстлар орттирдим, ҳаттоки, хориж клубларида ўйнадим. Бу эса ҳаммага ҳам насиб этавермайди...

 

Маълумот учун

 

Шерзод Назаров

Туғилган санаси ва манзили: 1979 йил 21 ноябрь, Тош-кент шаҳри

Футбол билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган

Биринчи мураббийи: Гатаул Нежетов

Республика олимпия захиралари коллежини тамомлаган

Амплуаси: ҳужумчи

Ўйнаган жамоалари: «Нав-баҳор» (Наманган) - 1996 - 2000 йиллар; «Қизилқум» (Зарафшон) - 2001-2002, 2008 йиллар; «Ордабаси» (Шимкент, Қозоғистон) - 2003-2005 йиллар; «Пахтакор» (Тошкент) - 2006 йилнинг 1-давраси; «Сўғдиёна» (Жиззах) - 2006 йилнинг 2-давраси; «Локомотив» (Тошкент) - 2007; «Васко да Гама» (Ҳиндистон) - 2009   

Оилали, 2 фарзанднинг отаси

Мухлислик қиладиган клублари: «Барселона» ва «Ба-вария»

Ёқтирган футболчиси: Лио-нель Месси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:28, 29.07.2015.
Ўқилди: 5070 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.