Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Асрор Алиқулов: «500-ўйин муҳим, лекин ундан ҳам муҳим нарсалар бор»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ сардори, айни пайтда Ғузорнинг «Шўртан» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Асрор Алиқулов ўзининг олий лигадаги юбилей - 500-ўйинини ўтказиш арафасида турибди. Ҳозирда Алиқулов ҳисобида 497та ўйин бор. Бунга фақат олий лига учрашувлари киритилган. Терма жамоамиз сафида ўйин ўтказиш бўйича 8- ўринда турган ҳимоячи 63та учрашувда майдонга тушган. У бу ўйинларнинг 53тасида тўлиқ ўйнаган. Миллий терма жамоадаги дебют ўйини 1999 йилнинг 11 июль куни Малайзияга қарши ўртоқлик учрашувида бўлиб ўтган. Ўшанда ҳимоячи учрашув тугашига 21 дақиқа қолганида Миржалол Қосимов ўрнига майдонга тушган эди. Терма жамоа сафидаги 63та баҳсда 5 марта огоҳлантириш олган ва бирон марта ҳам майдондан четлатилмаган. 2001 йили Малайзияда ўтказилган «Мердека кубоги»да терма жамоа билан бирга бош мукофотга эга чиққан. Алиқулов Осиё кубоги-2004 саралаши ва финал босқичида иштирок этган. Бундан ташқари ЖЧ-2002, ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2010 саралашларида ҳам майдонга тушган. 2004 йили Хитойда ўтган Осиё кубогидаги барча - 4та учрашувда тўлиқ ўйнаган. Асрор Алиқулов 1999-2008 йиллар давомида терма жамоада фаолият олиб борган. У термадаги сўнгги учрашувини 2008 йил 15 октябрь куни Японияга  қарши ўтказган. ЖЧ-2010 саралашидаги ўша ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Яна бир статистик маълумот, Асрор Алиқулов ўзининг олий лигадаги илк мавсумини ўтказганига бу йил роппа-роса 20 йил тўлди. Тез орада тажрибали ҳимоячи қўшалоқ юбилейларни нишонлайди. Биз давралар оралиғидаги таътилдан унумли фойдаланиш мақсадида Тошкентга келган Асрор Алиқулов билан учрашиб, ундан интервью олдик.

 

- Асрор ака, аввало сизни 500талик довонга яқинлашиб келаётганингиз билан табриклаймиз. Қолаверса, бу йил олий лигадаги фаолиятингиз бошланганига ҳам роппа-роса 20 йил тўлди. Бу саналар сиз учун қанчалик аҳамиятли?

- Табрик учун катта раҳмат. Ҳақиқатан ҳам, бу йил олий лигадаги дебют ўйиним ўтказилганига 20 йил тўлди. 1995 йили Муборакнинг «Машъал» жамоасида фаолиятимни бошлаган эдим. Ўшанда ҳали 18га ҳам тўлмагандим. Жуда эсда қоларли ўйин бўлганди. Ўхшашликни қарангки, мен учун сўнггиси бўлиши кутилаётган мавсумда ҳам Қашқадарё вилояти клубида ўйнаяпман. Лекин бу билан жорий мавсум мен учун аниқ сўнггиси бўлади, деб ҳам айта олмайман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам юбилей ўйин ва мавсум мен учун ёқимли бўлиб қолади. Ўша пайтда дунёга келган болалар ҳозир 20 ёшга тўлибди. Футболда ўзини айни кўрсатадиган давр. Ана шу навқирон йигитлар ҳозир «Шўртан» таркибида ҳам бор. Баъзида футболчилик фаолиятимни якунлаб, ёшларга ўрнимни бўшатиб берсаммикан, деб ўйлаб қоламан. Ҳар бир нарсанинг ўз интиҳоси бўлганидек, албатта, вақти келиб мен ҳам бутсамни михга иламан.

- Ўз статистикангизга қизиқасизми? Ўйинлар сони, огоҳлантиришларни санаб борасизми?

- Ўтган йилгача бу нарсага деярли қизиқмасдим. 2014 йилги мавсум ўтиб бораётган бир пайтда газетада 500-юбилей ўйинга яқин қолганим ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Шундан сўнг статистикага қизиқишим ҳам ортди ва ўйинларим сонини санаб боришга одатландим.

- Иккинчи давра баҳсларининг 3 август куни старт олишини инобатга олсак, юбилей ўйин келаси ойнинг ўзидаёқ нишонланиши мумкин. Унга ўзига хос тарзда тайёргарлик кўряпсизми?

- Очиғини айтсам, алоҳида ҳозирлик кўрмаяпман. Лекин бу ҳақида ўйламаяпман, десам ҳам ёлғон гапирган бўламан. Бошқа томондан, мен учун жамоамнинг ғалабаси муҳимроқ. Жисмоний ҳолатим тайёр бўлмаган пйтда майдонга тушиб, кўзлари ёниб турган, ўйинга чанқоқ ёшларнинг йўлини тўсгим йўқ. Агар спорт ҳолатим ўйнаш учун, курашиш учун имконият берса, ўзимга ишонсамгина майдонга тушаман. Шу сабабли, рекорд қўяман, деб ортиқча талпинаётганим ҳам йўқ. Вақти соати келиб бу довонни ҳам забт этарман.

Шу ўринда яна 20 йиллик фаолиятга тўхталмоқчиман. Олий лигадаги ҳозирча сўнгги ўйиним Тошкентда «Бунёдкор»га қарши бўлиб ўтди. Аслида 3-турнинг бу учрашуви мавсум бошида ўтказилиши керак эди. Мана шу ўйинда рақиб жамоа таркибида Янги Зеландияда ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида майдонга тушган бир гуруҳ футболчилар ҳам бор эди. Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев, Отабек Шукуров, Достон Ҳамдамов... Мен олий лигадаги дебютимни нишонлаган пайтда уларнинг баъзилари ҳали дунёга келишмаганди ҳам. Вақтнинг ўтишини қаранг. 1995 йилги мавсум худди куни кеча ўтказилгандек таассурот уйғотяпти. Ҳозирда тенгдошларимдан Анвар Солиев, Виктор Карпенко, Хайрулла Каримов каби футболчилар ҳам ёшлар билан тенгма-тенг ўйин намойиш этишяпти. Албатта, ёшларга жой бўшатиш керак. Лекин бирданига эмас. Бу жараённи босқичма-босқич амалга ошириш керак. Тажрибали футболчилар ёшларнинг ўсиши учун жуда ҳам зарур.

- «Пахтакор» жамоаси сизнинг фаолиятингизда алоҳида аҳамиятга эга, десак асло муболаға бўлмайди. Айнан шу жамоа таркибида 5 карра Ўзбекистон чемпиони, мамлакат кубоги соҳиби бўлдингиз. Бундан ташқари, МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари чемпионлар кубогини ҳам қўлга киритдингиз...

- Албатта. Маълум муддат бу жамоанинг бир бўлаги бўлганимдан фахрланаман. «Пахтакор» либосида майдонга тушишни хоҳламайдиган футболчи бўлмаса керак. Менга ана шундай бахт насиб этганидан мамнунман. 2002 йилнинг охирида «Пахтакор»дан таклиф бўлди. Ўша пайтда жамоа ОЧЛда иштирок этарди. Дубайнинг «Ал-Аҳли» клубига қарши илк ўйинимиз бўлиб ўтган. Ўша учрашувни аниқ эслайман. Хуллас, «Насаф» жамоасидан «Пахтакор»га кўчиб ўтдим ва 2003 йилдан севимли клубим таркибида тўлақонли мавсумни ўтказдим. 2009 йилгача «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилдим. Ёдингизда бўлса, ўша пайтларда «Пахтакор» Ўзбекистоннинг тенг­сиз жамоаси эди. Беш карра мамлакат чемпиони бўлдим, мамлакат кубогида бир неча бор зафар қучдим. МДҲдаги ғалабамиз эса алоҳида мавзу. Эсласангиз, 2000-йиллар бошида «Пахтакор» миллий терма жамоамизнинг негизи, яъни базаси ҳисобланарди. Шунинг учун ҳам, таркибимизда тажрибали футболчилар билан бирга истеъдодли ёшлар жам бўлганди. Футболчилик фаолия­тимдаги энг ёрқин дамлар айнан «Пахтакор»да ўтган. Жонажон жамоам десам асло янглишмайман. Учрашувга таклиф қилган пайтингизда медалларимни жавондан олиб, бирма-бир кўриб чиқдим. Анчадан бери уларга эътибор бермаган эканман.     

- Фаолиятингиздаги эсда қоларли ўйинлар сифатида қайси учрашувларни айтган бўлардингиз?

- Мен учун ҳар бир баҳснинг аҳамияти бор. Чунки, бу менинг касбим. Шу орқали оила боқаман. Аммо сиз айтгандек, эсда қоларли, алоҳида таъкидлашга арзийдиган ўйинлар ҳам бўлган. Масалан, 2007 йили МҲСК стадионида Ўзбекистон кубогининг ҳал қилувчи финал учрашуви бўлиб ўтган. Футбол мухлисларининг хабари бор, Тошкентнинг икки жамоаси «Пахтакор» ва «Қурувчи» ўртасида ўтказилган ўша ўйин «Лой жангги» номи билан футболимиз тарихида қолди. Ўйиндан олдин ва учрашув пайтида савалаб ёққан ёмғир майдоннинг аҳволини ачинарли ҳолатга солиб қўйганди. Бундай об-ҳавода тўп тепиш у ёқда турсин, майдонда ҳаракат қилишнинг ўзи мушкул эди. Майдонда юзага келган кичик кўлмаклар тўпнинг ҳаракатланишига тўсқинлик қиларди. Дарвозага кириб кетаётган тўп бир неча бор чизиқнинг ёнидаги кўлмакда тўхтаб қолганди. Жуда ҳам драматик ва эсда қолган ўйин бўлганди. Бош ҳакам ҳар икки жамоанинг бир нафардан футболчига қизил карточка кўрсатганди. Биздан биринчи бўлим ўрталарида Ихеруоме Уче, «Қурувчи»дан Азиз Ҳайдаров майдондан четлатилган эди. Бир киши кам бўлиб қолганимизда устунлик «Қурувчи» томонида бўлган бўлса, ўйинчилар сони тенглашганидан кейин ташаббус биз томонга ўтганди. Шундай бўлсада, асосий вақтда ҳисоб очилмади. Ҳакам томонидан қўшиб берилган 15 дақиқадан иборат икки бўлимда ҳам дарвозалар дахлсиз қолди. Пенальтилар сериясида эса омад бизга кулиб боққанди. Ўшанда бош мураббийимиз ўзига хос тактика қўллаганди. Равшан Ҳайдаров пенальтилар серияси учун Темур Жўраевни майдонга туширганди. Айнан Жўраев Рашид Ғофуровнинг зарбасини қайтариб, учрашув қаҳрамонига айланган эди. Якунда 7:6 ҳисобида ғалаба қозонган «Пахтакор» Ўзбекистон кубоги соҳибига айланганди. Бу ўйинни кўп эслайман. Кейин МДҲ кубоги финалидаги ўйин, чемпион бўлган мавсумимиздаги учрашувлар, ОЧЛдаги баҳсларимизни айтган бўлардим.

- Миллий терма жамоада ўйнашни орзу қилмаган футболчи бўлмаса керак. Сиз ўз вақтида Миржалол Қосимов, Андрей Фёдоров, Максим Шацких, Евгений Сафонов каби машҳур футболчилар билан бир жамоада ўйнадингиз. Уларни ҳам ёрқин учрашувлар қаторига қўшиш керакдир?

- Бўлмасам-чи! Мен чинакамига бахтли инсонман. Раҳматли Маҳмуд ака Раҳимов мени терма жамоага таклиф қилгандилар. Статистикага эътибор қарата бошлаганимдан сўнг терма жамоадаги ўйинларимга ҳам бирма-бир назар ташладим. Терма жамоамиз сафида ўйин ўтказиш бўйича 63та учрашув билан 8-ўринда эканман. Бош жамоамиз таркибидаги илк ўйинимни жуда яхши эслайман. Миллий терма жамоадаги дебют 1999 йилнинг 11 июль куни бўлиб ўтган. Ўшанда Малайзия терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушгандим. Муҳим жиҳати шундаки, ўшанда захирадан Миржалол Қосимовнинг ўрнига майдонга туширилгандим. 2001 йили Малайзияда ўтказилган «Мердека Кубоги»да терма жамоа билан бирга бош мукофотга эга чиққанман. Бу ҳам эсда қоларли муваффақият. Терма жамоадаги фаолиятим давомида ЖЧ-2002, ЖЧ-2006 ва ЖЧ-2010 саралаш баҳсларида иштирок этдим. Афсуски, жамоадошларим билан бирга ЖЧ финал босқичига чиқиш насиб қилмади. Деярли 10 йил мобайнида терма жамоа сафида ўйнадим. Бу ҳамма футболчига ҳам насиб этавермайдиган ҳолат. Гарчи, мундиалга бора олмаган бўлсамда, терма жамоадаги фаолиятимдан хурсандман. Терма жамоадаги сўнгги ўйиним 2008 йили Японияга  қарши бўлиб ўтган. ЖЧ-2010 саралашидаги ўша учрашувда 1:1 ҳисоби қайд этилганди.

- Оилангиз, фарзандларингиз ҳақида ҳам гапирсангиз.

- Рафиқам билан бирга 2 қиз ва бир ўғилни вояга етказяпмиз. Кенжамиз ўғил. Ҳозир 9 ёшда ва у «Бун­ёдкор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади.

- Ўғлингиз ҳам ота изидан бориб, ҳимоячи бўлмоқчими?

- Ҳозирдан бир нарса дейиш қийин. Лекин ўзи билан гаплашганимда, кўпроқ ҳимояга мойиллиги сезилади. Футболчи 13-14 ёшгача аниқ бир позицияни эгаллай олмайди. Мураббийлар футболчиларни салоҳиятига қараб  чизиқларга тақсимлашади. Футболчининг фарзанди футболчи бўлиши шарт эмас. Бундай қоида ҳеч қаерда йўқ. Аммо ҳар қандай шароитда ҳам ўғлимни қўллаб-қувватлайман, ёрдам бераман. Лекин ҳеч қачон қўлидан келмаган ҳолатда «қулоғи»дан тортиб, сунъий равишда ўйнатмайман. 

- Энди қисқача биринчи давра якунлари ҳақида ҳам гаплашсак. «Шўртан» мавсумни жуда яхши бошлаган эди. Лекин давра ўрталарига келиб, ўз ўйинингларни йўқотиб қўйдинглар. Бунинг сабабларини қандай изоҳлайсиз?

- Буни бир-иккита омил билан изоҳлаш мушкул. Жамоа ўйинида пасайиш кузатилди. Кетма-кет мағлубиятлар футболчилар кайфиятини тушириб юборди. Ўтказиб юборилган голлар ҳам ҳаддан зиёд кўп. Давралар оралиғида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, хатоларни тўғрилашга ҳаракат қиламиз. Ҳозирги ҳолатимиз, турнир жадвалида эгаллаб турган ўрнимиз бизга муносиб эмас. Вазиятни ижобий томонга ўнглашимиз шарт. Ўйлайманки, биз мавсум бошидаги ўз ўйинимизни топиб оламиз.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерСПОРТ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 15:33, 30.07.2015.
Ўқилди: 3852 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.