Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Захира ўриндиғида нима бор?

Баҳо:
+1 | -

Ўтган ҳафта бўлиб ўтган «Пахтакор» - «Қўқон-1912» ўйинини телевизор орқали томоша қилдик. Учрашув ўтказилган «Пахтакор» стадиони «Бунёдкор» сингари «омадли чипта» соҳиби ҳисобланади. Уларнинг бошқалардан устун жиҳати шундаки,  ушбу аренадаги учрашувлар «Спорт» телеканали орқали тўғридан-тўғри трансляция қилинади. Аммо эътиборимизни тортган жиҳат умуман бошқа. Очиғи, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Виктор Жалиловни «Пахтакор» клуби захира ўриндиғида кўриш ғалати туюлди. Ё биз клуб ва терма жамоалар тузилмасини яхши тушунмаймиз ёки Жалилов янгича иш тизимини ўзбек футболига олиб кирмоқда. Акс ҳолда олимпия терма жамоаси бош мураббийини олий лига клуби захира ўриндиғида кўрмасдик.

Виктор Романович Жалилов - ўзбек футболида ўзига яраша обрў-эътиборга эга мураббий. Масалан, ҳар қандай инсон ҳақида ҳам «википедия»­да (интернетдаги электрон энциклопедия - таҳририят изоҳи) алоҳида саҳифа очилавермайди. Виктор Жалилов ҳақида эса батафсил маълумот берилган. Демак, у ўзбек футболида ўз ўрнига эга мураббий. Ёки қачонлардир шундай бўлган...

Виктор Романович илгари кучли мураббий бўлганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. У учта клуб бошқарувида ишлагани ҳолда ҳар сафар Ўзбекистоннинг энг яхши мураббийи деб тан олинган ягона мутахассис ҳисобланади. Ҳали ҳеч бир мураббий бундай натижага эриша олмаган. Жалилов 1996 йилда «Навбаҳор», 2002 йилда «Пахтакор» ва 2005 йилда «Машъал»даги иши туфайли «йилнинг энг яхши мураббийи» сифатида тан олинган эди. Албатта бундай эътироф унинг ўтмишдаги савиясидан далолат беради. Аммо ҳозирги даражаси қандай?

Виктор Романовичнинг кейинги фаолияти у қадар силлиқ кечмаганини ҳам таъкидлаш лозим. У 2010 йилда «Навбаҳор»дан, 2011 йилда эса «Динамо»дан истеъфога чиқарилди. Бунга эса у бошчилик қилган жамоалар нурсиз ўйин намойиш қилгани сабаб бўлган. Жалиловнинг мураббий сифатида даври ўтгани кўриниб турганди, шу сабабли унга бошқа таклиф тушмади. Ўзи ҳам қисматига рози бўлди шекилли, «Пахтакор»да жамоа бошлиғи лавозимида ишлай бошлади. Мағлубиятлар исканжасида қолган мураббий учун шуниси тинч бўлса керак. Тўғри-да, мураббийлик ўхшамагач, бемалол мутасаддилик қилиш мумкин. Айниқса, у каби обрўли инсонлар кўчада қолишмайди. Виктор Жалиловни  «Пахтакор»га жамоа бошлиғи сифатида чақиришди. Шу тариқа биз ҳам аста-секин мураббий Жалиловни унутиб, раҳбар Жалиловга кўника бошладик. Аммо...

Бундан икки ой муқаддам кутилмаганда олимпия терма жамоаси бошқарувига Виктор Жалилов тайинланганда кўпчилик ҳайрон қолди. Ахир қандай қилиб мамлакатнинг асосий жамоаларидан бирини етарли амалиётга эга бўлмаган ва фақат ўн йил олдинги хотиралар билан яшаётган одамга ишониб топшириш мумкин? Аммо фақирнинг минг дегани, арбобнинг бир имосига тенг келмас экан. ЎФФ Виктор Жалиловни олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинлади. Қарор шу экан, биз нима ҳам қила олардик? Индамай кўнишдан ўзга илож йўқ.

ЎФФ раҳбарияти бир нимани билса керакки, Виктор Жалилов билан «Нав­баҳор»да, «Пахтакор»да ва «Машъал»да мудом ёнма-ён бўлган фарзанди Виталий Жалиловни ҳам ишсиз қўймади ва миллий терма жамоага маъмур қилиб тайинлади. Бунда бир каромат бўлса керак. Ҳар ҳолда Виктор Жалилов ўғли билан бирга ишлаб, кўп яхши натижаларга эришган:  «Навбаҳор» ва «Пахтакор»­да олий лига ҳамда кубокда ғолиб чиқиб, «олтин дубль» қайд этган бўлса, «Машъал»га бронза медалларини олиб берган. Шундай экан, Виктор Жалилов олимпия термасида ҳам бирор натижага эриша олар... Ахир энди у бор эътиборини шу жамоага қаратиши мумкин-ку. Боз устига, ЎФФ томонидан расман қабул қилинган қарорда Виктор Жалилов «Пахтакор»даги ишидан батамом бўшатилиб, бор эътиборини Ўзбекистон олимпия терма жамоасига қаратиши қайд этилган.

«Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи лавозимини «Пахтакор» футбол клубида турли лавозимларда ишлаб келган Виктор Жалилов эгаллади. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини Осиё чемпиони қилган Дилшод Нуралиев эса Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг катта мураббийи этиб тайинланди. Жалилов ва Нуралиев ЎФФ билан шартнома имзоланиши ҳамоноқ «Пахтакор» жамоасидаги вазифасидан озод этилади» - дейилади ЎФФ томонидан қабул қилинган расмий ҳужжатда. Аммо Виктор Жалилов билан ҳамон шартнома имзоланмаган шекилли, у «Пахтакор» захира ўриндиғини бўшатгиси келмаяпти! Йўқса бундай вазиятга яна қандай баҳо бериш мумкин? Биз - оддий мухлислар нимага ишонишимиз керак? - ЎФФ томонидан қабул қилинган қароргами ёки ҳамон «Пахтакор»даги ишини қўймаётган Виктор Жалиловга? Балки биз билмаган қандайдир ўзгаришлар бўлгандир...

Шундай бўлса майлику, аммо улар туфайли олимпия терма жамоаси яна қийналмасайди. Бу жамоа бошқарувида кимлар ишлаб кўрмади - Аҳмад Мусаев, Шуҳрат Мақсудов, Бахтиёр Ашурматов... Мана энди тилаб-тилаб олганимиз Виктор Жалилов ҳам «Пахтакор»даги ишидан узила олмаяпти. Бунақада Олимпиада ўйинлари яна аро йўлда сарсон қолиб кетмаса бўлди эди.

Зафар ҚОСИМОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 17:17, 19.08.2015.
Ўқилди: 8179 марта.
Фикрлар: 10 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.