"Реал" жамоасининг матбуот хизмати "МЮ"дан дарвозабон Давид Де Хеанинг трансфер қилиниши бўйича муваффақиятсизликка учралганига изоҳ сифатида баёнот билан чиқди.
10та банддан иборат бу баёнотда трансфер жараёни баён этилган ва трансфернинг амалга ошмай қолганида мадридликларнинг айби йўқлиги келтириб ўтилган. Қуйида ушбу баёнотнинг сабаблар ёзилган асосий 8та банди билан танишиш мумкин.
1. "Манчестер Юнайтед" 31 август кунигача музокараларни бошламаган.
2. Де Хеани Навас билан алмаштириш бўйича келишувга тез вақт ичида келинган, 31 август куни соат 13:39да (Мадрид вақти) "Реал" "МЮ"га биринчи шартнома матнини юборган.
3. "МЮ" бунга жавобини 8 соат ўтганидан сўнг қайтарган, кечки соат 21:43да (Мадрид вақти) қайтарилган жавобда инглизлар шартномада бир неча ўзгартиришларни киритишган, испанлар бу ўзгартиришларни қабул қилган.
4. Бу ҳужжат Де Хеа ва Кейлор Навас томонидан имзоланган. Шундан сўнг шартнома Мадрид вақти билан соат 23:32да "МЮ" офисига жўнатилган. Энди "МЮ" раҳбариятининг имзоси қўйилиши қолганди.
5. "МЮ" Наваснинг агенти билан соат 23:53да шахсий шартнома бўйича келишувга эришади.
6. "МЮ" Мадрид вақти билан соат 00:00да Де Хеа ҳақидаги маълумотларни ФИФА TMS тизимига киритади ва ҳужжатни "Реал" офисига жўнатади. "Реал" бу ҳужжатни соат 00:02да қабул қилиб олади ва ФИФА TMS тизимига уланишга ҳаракат қилади, лекин тизим ўчириб бўлинганди.
7. Соат 00:26да "Реал" тизимга уланишга муваффақ бўлади ва шартнома ҳужжатларини Ла Лигага жўнатади, лекин Ла Лига вақт тугаганини маълум қилади.
8. "Реал" бу трансфер бўйича барча ишларни ўз вақтида бажарган.
Эслатиб ўтамиз, Давид Де Хеанинг трансфери бўйича бир неча ойлардан бери муҳокама ва музокаралар ўтказилди ва якунда муваффақиятсиз якунланди. Аввалига "МЮ" дарвозабонни 25 млн евро эвазига сотгани ҳақида хабар қилинганди.
Аммо Испанияда ёзги трансферлар даричаси ёпилиб қолди ва "Реал" Де Хеани Ла Лига учун қайдномадан ўтказишга улгурмади.
"МЮ" бош мураббийи Луи ван Гаал эса уни янги мавсум учун асосий дарвозабон сифатида кўрмаяпти ва Ромерони асосий таркибда туширмоқда.
As нашрида ёзилишича, «Реал» бу трансфер амалга ошмай қолгани учун Де Хеага 10 миллион евро миқдоридаги товон пули тўлашни ваъда қилмоқда.