Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мюллер! Қайси Мюллер? Ёки яна Филиппин термаси тўғрисида

Баҳо:
+ | -

Ҳамма Яманга қарши кечадиган ўйин ҳақида бош қотираётган вақтда Филиппин ҳақида гап очиш - тушунмовчиликка олиб келиши ҳеч гап эмас. Аммо шундай бўлсада, ЖЧ-2018 саралашида энг асосий рақибларимиздан бўлиши кутилаётган жамоа ҳақида бироз мулоҳаза юритишга қарор қилдик ва буни айб­га йўймаслигингизни сўраймиз. Зеро, бунинг ҳам етарлича сабаблари бор.

Биринчидан, Филиппин билан бўладиган ўйинга ҳеч қанча фурсат қолмади. Ўзбекистон - Яман тўқнашуви тугаши ҳамоноқ Филиппин ташвиши бошланади, чунки орадан беш кун ўтгач, улар билан ҳам куч синашиш лозим. Иккинчидан эса, Яманнинг ҳурматини сақлаган ҳолда айтиш лозим, бу рақибни Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳар қандай ҳолатда ҳам ютиши шарт. Ҳатто иккинчи таркиб билан ҳам. Чунки уларни азалдан енгиб келганмиз. Боз устига, Яман терма жамоаси Тошкентга тайинли тайёргарлик кўролмаган ҳолда келмоқда. Филиппин эса... - бу энди жиддийроқ рақиб, дегани. Ҳар ҳолда бизга шундай туюлмоқда.

Авваллари Филиппин терма жа-моа­си мутлақо кучли ҳисобланмасди. Аслини олганда ҳам шундай эди-да. Бу жамоа ўз вақтида ФИФА рейтингида 195-ўринда турган ва ҳатто ЖЧ-2010 саралашида иштирок этишдан ҳам бош тортган эди. Та­йинли футболчиси бўлмаганидан, албатта. Бироқ сўнгги янгиликларга  назар ташласак, энди улар ҳам «тахт»га чиқишга чоғланаётганини кўрамиз. Бизнинг азалий рақибимиз Баҳрайнни ютган эканми, демак бу жамоада ҳам нимадир бор. Аниқроғи - кимдир. Гап шундаки, филиппинликлар кучли жамоа ташкил этишга шу қадар берилиб кетдиларки, хорижлик футболчиларни маҳаллийлаштиришда ҳаддан ошишмоқда. Вилянуэва ва Мюллер каби номлар эса кишини ваҳимага солиши турган гап. Аммо бу билан Филиппин терма жамоаси Ўзбекистонни енгар даражада кучая олдими? Келинг, ҳозир шу масалани кўриб чиқсак.

Бу саволга шундай жавоб беришни истар эдик - йўқ, Филиппин Ўзбекистонни енгар даражада кучга эга эмас. Гарчи жамоа таркиби Германия, Англия, Австрия ва Жанубий Америкадан чақирилган бир қатор легионерлар эвазига тузилсада, бу билан Филиппин фавқулодда кучайиб кетди, деб бўлмайди. Чунки ўзини ҳурмат қилган ҳеч бир кучли футболчи ватани қолиб, Филиппин даражасидаги терма жамоа шарафини ҳимоя қилмайди. Мабодо ҳимоя қилган тақдирда ҳам, бундай жамоанинг қисмати олдиндан маълум - биринчи муваффақиятсизликдан сўнг сочилиб кетиши турган гап. Ўз вақтида бундай қисматни бошимиздан ўтказганмиз. Бизда ҳам бор эди Маминов ва Пашининлар. Аммо...

Майли, мавзудан чалғимайлик. Гап Филиппиннинг европалик ва америкалик футболчилари ҳақида кетаётган эди. Бундай ўйинчиларни ўта кучли деб биладиганлар учун айтар гапимиз бор - фамилияси Патиньо ёки Вильянуэва бўлгани билан ҳеч ким кучайиб қолмайди. Худди болалигимизда ҳар бир хитойликни суперкаратечи деб ўйлаганимиздек, Бразилия ёки Уругвайдаги ҳар бир футболчи ҳам юлдуз бўлиб чиқавермайди. Шундай экан, Филиппин терма жамоаси биз ҳайиқадиган даражада кучайиб кетмаган. Ваҳима қилмайлик. Уларнинг шунчаки номи бор, холос...

Кейин, Филиппин терма жамоаси таркибига назар ташласангиз, Англия ва Германиядан чақирилган футболчиларнинг ҳам нари борса учинчи ёки тўртинчи дивизионда иштирок этадиган клубда ўйнашини кўрасиз. Масалан, дарвозабон Нил Итриж Англиянинг «Уолсол»ида тўп сурар экан. Бу клуб эса Англиядаги учинчи даражали мусобақада иштирок этади. Ёки бўлмаса, Германиянинг «Дрохтерзен» клуби ярим ҳимоячиси Кевин Ингресони олайлик. Унинг жамоаси Германия оберлигасининг шимолий худудида қатнашади. Бу эса бешинчи лига (!) деганидир. Шундай экан, наҳотки улардан чўчисак? Ахир биз истасак, Италиянинг қуйи дивизионларида тўп сурган Илёс Зейтуллаевни олиб келиб қўя олмаймизми? Йўқ. Чунки биргина Италия деган ном учун терма жамоани иккинчи даражали футболчилар билан тўлдириш мумкин эмас. Бизда шундоқ ҳам кучли футболчилар етарли.

Филиппин терма жамоаси таркиби эса ваҳима қиладиган даражада кучли эмас. Тўғри, улар Баҳрайнни мағлубиятга учратдилар (2:1). Аммо ким айтади Баҳрайнни ҳам ўта кучли деб? Осиё даражасидаги ўрта­миё­на жамоа, холос. Албатта, вақти келганда Ўзбекистон тугул, ҳатто Японияни ҳам юта олган. Аммо бу билан Баҳрайн дунё даражасига чиқиб қолмайди-ку. Худди шунингдек, уни мағлуб этган Филиппин ҳам ортиқча ваҳимага арзимайди. Шунчаки, яхши жамоа бўлиши мумкин, аммо ундан ортиқ эмас. Бундай «яхши» жамоаларни эса Ўзбекистон ҳар қандай ҳолатда ҳам ютиши шарт. Чунки биз жаҳон чемпионатига чиқмоқчимиз, маҳаллалар ўртасидаги мусобақага эмас. Ҳали ўша Баҳрайн билан бўладиган ўйинларда ҳам буни исботлаш керак. Ахир қачонгача бу жамоадан қўрқиб яшаймиз?

Филиппинга қарши кечадиган ўйин­га эса, ҳар қандай ваҳимани йиғиштириб, шунчаки тайёргарлик кўриш талаб этилади. Албатта, менсимаслик ёмон оқибатга олиб келиши муқаррар. Афтидан, Баҳрайн ҳам айнан менсимагани учун Филиппиндан мағлубиятга учраган бўлса керак. Аммо рақиб кучига юқори баҳо бериб юбориш ҳам тўғри келмайди. Ахир бизда Одил Аҳмедов ва Виталий Денисов каби футболчилар бор. Наҳотки шундай ўйинчиларимиз бўла туриб, қаердаги мюллерлардан қўрқсак. Ахир ўша Мюллернинг исми Томас эмасдир?!

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:42, 07.09.2015.
Ўқилди: 5499 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.